Амир Сулаймон ибн Абдулмалик ҳаждан қайтаётиб Мадинага кириб келди. Одамлардан “Бу ерда бир неча саҳобаларни кўрган инсонлардан қолдими?” деб сўради. “Ҳа, Абу Ҳозим бор” деб жавоб бердилар. Унга одам юборди, олиб келдилар.
Унга “Эй Абу Ҳозим, бу нима ётсираш?” деди.
Абу Ҳозим “Қандай ётсирашлик ҳақида гапиряпсиз, эй амирул мўминийн?” деди.
У “Ҳамма катталар келди, сиз келмадингиз” деди.
Абу Ҳозим “Олдин мени танимаган бўлсангиз, мен ҳам сизни кўрмаганман. Бу ерда қандай ётсирашни кўряпсиз?” деди. Сулаймон Зуҳрийга қараб “Шайх тўғри айтди, мен хато қилдим” деди.
Кейин Абу Ҳозимга “Биз нега ўлимни ёқтирмаймиз?” деди.
У “Дунёни обод қилдинглар, охиратни хароб қилдинглар. Обод жойдан харобага чиқишни ёқтирмайсизларда, албатта” деди.
– Тўғри айтдингиз. Яна айтинг-чи, биз эртага Аллоҳнинг ҳузуридан нима топамиз?
– Буни билиш учун амалингизни Аллоҳнинг китобига солиштиринг.
– Китобнинг қаерига?
– “Албатта яхшилар жаннатдадир. Ва албатта фожирлар жаҳаннамдадир” оятига.
– Аллоҳнинг раҳмати қаерда?
– “У яхшилик қилувчиларга яқиндир.”
– Эртага Аллоҳга қандай рўбарў бўламиз?
– Яхши банда узоқ сафардан аҳлига қайтганидек, ёмон банда қочган қул эгасига олиб келинганидек.
Буни эшитиб Сулаймон ҳўнграб йиғлашга тушди.
ТИИ ўқитувчи Ҳабибуллоҳ Жўрабоев