Аллоҳ таоло инсон зотига турли-туман ва беҳисоб неъматларни ато этди. Ана шу неъматларни энг биринчиси, энг буюги ва такрорланмайдигани бу шак-шубҳасиз – ҳаёт неъматидир. Бу шундай инъомки, у бўлсагина бошқа имкониятларга эшик очилади. Уни бошқа неъматлардан биргина ва асосий фарқи инсон зотига фақатгина бир бор берилишидир. Дунёда неъматлар кўп ва уларни аксари қўлдан бой берилса вақт ўтиши, моддий бойлик, ҳаракат ва шу кабилар эвазига қайта қўлга киритиш мумкин, ҳеч бўлмаганда маълум қисмини қайтара олиш имконига эгамиз, аммо ҳаёт ундай эмас ва уни заррасини ҳам қайтариш мумкин эмас.
Парвардигори олам ана шу инъоми тартибли, фаровон ва гўзал бўлиши учун борлиқдаги барча мавжудотни одам боласига бўинсундириб қўйди. Инсон зоти мана шу инъомларга яраша айрим ишларга буюрилиб, айрим нарсалардан қайтарилди. Бу қайтариқларни жиноят-гуноҳ деб аталди.
Жиноятни қайси тури бўлмасин-каттасими, кичигими, маҳфийсими, ошкорасими, моддийсими, маънавийсими – куррайи заминда мўътадил ҳаёт тизгинини издан чиқариб, инсон шаъни ва азизлигига салбий таъсир ўтказади. Лекин жиноят турлари ичида шундайи борки, эшитиб ақлинг оғиб, хушинг учиб кетади. Бу- ўз жонига қасд қилишдир. Ҳозирги кунда турли ёшдагилар ўртасида, айниқса аёллар орасида кўп бора шу ишга қўл урилаётгани барчани бирдек ташвишга солади. Бу жиноятни хавфли томони шундан иборатки, олдиндан бу ҳолатни пайқаб қолиш жуда қийинлиги ва олдини олишни маълум тажрибадан ўтган самарали усули йўқлигидир. Кутилмаган шахсдан, (зиёли, ўқимишли кишилардан ҳам) кутилмаган вақтда содир этилиши кўпчиликни эсанкиратиб қўяди.
Сабабларини таҳлил қилганда шу нарса маълум бўладики, кўпчилик ёшларда ҳаётга енгил қараш, вертуал дунёга берилиш ва зардама-зардага бу мудҳиш ишга қўл уриши, аёлларда эса асосан ҳаёт қийинчиликлари ва синовларига бардош бера олмай ўзини ўлдириши кўп учрайди.
Муолажаси борасида тўхталадиган бўлсак, юқорида кетирилганидек, бутун дунёда яхши самара берган ва барча мамлакатлар томонидан бирдек тан олинган давоси бўлмасада, барча замон ва маконларда ҳар қандай муаммони ечими ҳисобланган илму- маърифат орқали ҳаёт инсонга ато этилган энг муқаддас ва такрорланмас нарса эканлиги, ҳар қандай қийинчилик ва бошқа нарсалар йўлида ҳаётни қурбон қилишни ҳатто тафаккури инсон зотичалик бўлмаган ҳайвонлар ҳам амалга оширмаслини англашимиз ва ҳар бир қўл остимиздагиларга англатишимиз ҳам лозимдир. Ҳидоят ва илм-маърифат асоси Қуръони каримда шундай дейилади:
“…Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг…”. (Бақара сураси, 195-оят). Бошқа ўринда эса “…Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг”. (Нисо сураси, 29-оят).
Бу жиноятга қўл урган одам биринчи навбатда ўз Парвардигорига осий бўлган, У берган ҳаёт неъматига нонкўрлик қилган ва У қайтарган ишни қилган бўлади.
Ҳадиси шарифларда ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан кўп бора огоҳ этганлар. Жундаб ибн Абдуллоҳ (р.а) ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да қўл(томири)ни кесиб ташлади. Кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим” , деди” (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар).
Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинган ҳадиси шарифни бир қисмида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “… Кимки ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади”.
Бундан ташқари диний манбаларимизда ўз ҳаётига нуқта қўйиш у ёқда турсин, киши ўз вақтини на дунёси фойдаси учун ва на охирати мафаати йўлидаги ишларга сарфламагани қаттиқ қораланиб, қиёматда биринчи бўлиб бандадан сўраладиган саволлар ҳаёти ва уни қандай ўтказгани ҳақида бўлиши уқтирилади.
Бу машъум ишдан фақатгина ўзини ўлдирган кимсагина жабр кўрмай, балки, бутун оила аъзолари, қариндош уруғлар, хусусан ота-она оғир хасратда қолади. Аввало фарзанд доғи, қолаверса қўни-қўшни ва маҳалла куй олдида нима деган одам бўлади. Маҳаллани бош имоми ўз ваколатидан келиб чиқиб ва бошқаларга ибрат бўлсин учун жаноза намозини ўзи адо этиб бериш, ёки адо этиб бермаслик борасидаги иккиланиши оила аъзолари учун дард устига чипқон бўлади.
Ҳозирги кунда бутун дунё мамлакатларида жорий этилган каратин ҳолатларидан мақсад ҳам мана шу неъматга футур етмасликдир.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ўз жонига қасд қилиш фақатгина бу фоний дунё бахтиқаролиги эмас, балки абадий ҳаёт бўлмиш охират дунёси зиёни ҳамдир. Банда ҳаётидаги айрим қийинчилик, муаммо ва бошқа қийин ҳолатлардан бу “йўл” орқали қутиламан деб ўйлайди, аслида эса ундан ёмонига тутилади.
Аллоҳ таоло жаннат макон диёримизни бундай нохуш ҳолатлардан ўзи асрасин!
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчи-стажёри, ЎзХИА магистранти С.Қурбанов