Ҳаж ва умра мавсумларида Мадинаи Мунавварага ташриф буюрган зиёратчилар ушбу 7 та масжидлар мажмуасини зиёрат қиладилар. Аслида 6 та кичик масжидлар мажмуасидан таркиб топган бўлсада, бу ном билан аталган. Айрим тарихшунослар бу мажмуа таркибидаги масжидлардан 2 км. узоқликда жойлашган “Қиблатайн” масжидини ҳам бу мажмуа таркибига киритилади. Чунки одатда кимки мазкур 6 та масжидларни зиёрат қилса, “Қиблатайн” масжидини ҳам зиёрат қилишади.
Шу билан зиёрат қилинадиган масжидлар сони еттитани ташкил қилади. Мазкур кичик масжидлар мажмуаси Салаъ тоғининг хандаққа туташган қисмидаги ғарбий тарафида жойлашган. Маълумки, ушбу хандақ Қурайш мушриклари ва унга иттифоқдош бўлган қабилаларнинг мусулмонларга қарши ҳамкорликдаги урушидан Мадинаи Мунавварани ҳимоя қилиш мақсадида саҳоба Салмон Форсий таклифи билан барпо этилган бўлиб, бу ерда рўй берган уруш “Хандақ уруши” деб номланган. Шунингдек, мазкур урушга “Фирқалар уруши” деган ном ҳам берилган.
Биз юқорида зикр қилиб ўтган еттита масжидларнинг шимолдан жанубга қараб кетма-кет жойлашуви қуйида тартибда бўлади: “Ал-Фатҳ”, “Салмон Форсий”, “Абу Бакр Сиддиқ”, “Умар ибн Хаттоб”, “Али ибн Абу Толиб” ва “Фотимаи Заҳро” масжидлари.
“Ал-Фатҳ” масжиди
Бу масжид 7 та масжидлар ичида энг каттаси саналиб, “Ал-Аҳзоб” ёки “Ал-Аъло” масжиди деб ҳам номланади. Масжиднинг “Ал-Фатҳ” деб номланишига сабаб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аҳзоб ғазоти пайтида бу масжидда намоз ўқиганлар ва бу ерда Қуръони каримдаги Фатҳ сураси нозил бўлган ёки бу ғазот мусулмонларга ғалаба келтиргани туфайлидир. Мазкур масжид ўрнида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душман устидан ғалаба қозониш учун Аллоҳга уч кун илтижо қилганлар. Ниҳоят учинчи куни у кишининг дуолари мустажоб бўлган. “Ал-Фатҳ” масжидини Умар бин Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) Мадинаи Мунавварага ҳокимлик қилганида 87-93 ҳижрий йилида тошдан бино қилдирган. Сўнгра, Сайфуддин бин Аби Ҳижо буйруғига асосан, ҳижрий 575 йилда янгиланган ва ҳижрий 1268 (милодий 1851) йилда Усмонийлар ҳукмдори Абдулмасжид I даврида масжид биноси қайтадан таъмирланган.
“Салмон Форсий” масжиди
Бу масжид “Ал-Фатҳ” масжидининг жанубида, Салаъ тоғидан 20 м. узоқликда жойлашган. Мадинаи Мунавварани душманлар ҳужумидан бартараф этиш учун хандақ қазиш фикрини олдинга сурган буюк саҳоба Салмон Форсий номи билан юритилади. Масжидда эни ва узунлиги 7 м. бўлган узун айвон мавжуд. “Салмон Форсий” масжиди Умар бин Абдулазиз даврида барпо қилинди. Вазир Сайфуддин Аби Ҳижо томонидан ҳижрий 575 йилда янгиланди. Сўнгра масжид биноси Усмонийлар ҳукмдори Абдулмасжид I даврида қайтадан таъмирланди.
“Абу Бакр Сиддиқ” масжиди
“Салмон Форсий” жоме масжидининг жанубий-ғарбий қисмида, ундан 15 м. узоқликда жойлашган бўлиб, юқоридаги собиқ икки масжидлар билан биргаликда таъмирланган. Икки ҳарами шариф ходими, собиқ подшоҳ марҳум Фаҳд бин Абдулазиз жаноби олийлари фармони билан масжидда қайта таъмирлаш ва кенгайтириш ишлари олиб борилган.
“Умар ибн Хаттоб” масжиди
“Абу Бакр Сиддиқ” масжидидан 10 м. узоқда жанубда жойлашган, ушбу масжид узун айвон ва ҳовлидан иборат бўлиб, унинг қурилиш услуби “Фатҳ” жомеи сингаридир. Масжиднинг “Фатҳ” масжиди билан бирга қурилгани ва янгилангани ҳақида маълумотлар мавжуд.
“Али ибн Абу Толиб” масжиди
“Фотимаи Заҳро” масжидининг шарқий томонида жойлашган бўлиб, унинг баландлиги 8,5 м. ва эни эса 6,5 м.ни ташкил этади. Бу масжиднинг ҳам “Фатҳ” масжиди билан бирга қурилгани ва янгилангани ҳақида маълумотлар бор. Маълум қилинишича, Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) мана шу жойда “Аҳзоб” ғазотида хандақдан ўтишга ҳаракат қилаётган душман лашкаридан Амр бин Вуд Оъмирийни ўлдирган.
“Фотимаи Заҳро” масжиди
Тарихий манбаларда ушбу масжид Саъд бин Муоз масжиди деб ҳам юритилади. У мана шу 6 та масжидлар ичида энг кичиги саналиб, 3х4 м. майдонда барпо этилган. Масжид охирги марта Усмонийлар ҳукмдори Султон Абдулмасжид I даврида ҳижрий 1268 (милодий 1851) йилда қайта таъмирланган.
Юқорида зикр қилинган 6 та масжидларнинг барчаси ўзининг тарихий ҳолатини сақлаб қолган. Ҳозирда мазкур масжидлар янги кўринишда таъмирланган. Мадинаи Мунаввара шаҳри маъмурияти бу минтақани ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширди.
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси Рустамжон домла Ҳамидов