Ибодатдан малолланиб, дунё машғулотидан чарчамаслик — хавфли аломат. Баъзи инсонлар илм суҳбати бўлса, мавъиза қилинса ёки намозда қироат бироз узоқроқ ўқилса тезда зерикиб, малолланиб қоладилар. Масжидда ўтириш, Қуръон тинглаш ёки илм аҳли билан суҳбат қуриш уларга оғир туюлади. Аммо ажабланарлиси шундаки, айни инсонлар дунёвий машғулотларда соатлаб чарчамасдан вақт ўтказадилар.
Масалан, умра сафарига борган айрим кишилар Масжидул ҳаром атрофида ибодат қилишдан кўра кўпроқ сайр-томоша, суратга тушиш, чойхоналарда ўтириш ёки беҳуда гап-сўзлар билан вақт ўтказишга мойил бўлиб қоладилар. Ҳатто Қизил денгиз бўйлаб саёҳат қилиш, соатлаб селфи қилиш, турли дунёвий томошалар билан машғул бўлиш ёки “Рожиҳий” каби машҳур жойларда ошхўрлик қилиб вақт ўтказишдан чарчамайдилар. Лекин икки ракат намозни хушуъ билан адо этиш ёки қисқа бир илм мажлисида ўтириш уларга оғир туюлади.
Айримлар тўй, валима ёки эҳсон дастурхони атрофида ўтириб, имомнинг суҳбатини “чўзиб юборди” деб ғийбат ва иғво қиладилар. Лекин ўша инсоннинг ўзи кўчада дўстлари билан узоқ гаплашиб туришдан, музқаймоқ еб вақт ўтказишдан ёки такбири иқомагача ташқарида бекор юришдан малолланмайди. Ҳатто баъзилари буни фахр билан гапириб: “Мен намозга охирида кириб оламан”, дегандек муомала қилади.
Энг ачинарлиси шундаки, бундай кишилар дунёвий илм олиш, жамиятга фойда келтириш ёки инсонларга манфаат етказиш билан ҳам машғул эмаслар. Балки кўп ҳолларда нафс хоҳишларига эргашиб, вақтларини беҳуда машғулотлар, ғийбат, кулги ва дунё лаззатлари билан ўтказадилар. Шунинг учун ҳам тоат ва ибодат уларга оғир, маъсият ва беҳуда ишлар эса енгил кўринади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Айтинг-чи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган, Аллоҳ уни билиб туриб залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади?! Эсламайсизларми?!” (Жосия сураси, 23-оят). Бу оятнинг маъносини ҳар бир мўмин инсон ҳаётда кузатади ва нақадар ҳақ эканлигини англайди. Чунки инсон нафсининг ортидан кетаверса, аста-секин ҳақиқатдан узоқлашади. Кейин эса ибодат оғир, гуноҳ ва беҳуда ишлар эса енгил бўлиб қолади. Қалб Аллоҳнинг қўлидадир.
Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади: “Бас, кимни Аллоҳ ҳидоят қилишни истаса, унинг қалбини Ислом учун кенг қилиб қўяди.” (Анъом сураси, 125-оят)
Яна бир оятда: “Огоҳ бўлингизким, қалблар фақат Аллоҳнинг зикри билан ором топади.” (Раъд сураси, 28-оят)
Демак, қалбнинг ибодатга мойил бўлиши ҳам, илмдан лаззат олиши ҳам Аллоҳ таолонинг тавфиқи биландир. Агар қалб дунёга қаттиқ боғланиб қолса, тоат ва ибодат инсонга оғир кўрина бошлайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбнинг ўзгарувчан эканини яхши билганлари учун доимо Аллоҳдан собитлик сўраганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча шундай дер эдилар: “Я Муқаллибал қулуб, саббит қалбий аъла дийник.”
Маъноси: “Эй қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин” (Имом Термизий ривояти). Бу ҳадис инсон қанчалик ибодатли бўлмасин, қалби учун хавфсираб яшаши лозимлигини кўрсатади. Чунки қалб бир зумда ўзгариши мумкин.
Уламолар айтганларидек, инсон нимани яхши кўрса, ўша нарсага вақт ва кучини сарфлашдан чарчамайди. Агар қалбда ибодат муҳаббати бўлса, намоз, илм ва зикр унга роҳат бағишлайди. Аммо қалбни дунё муҳаббати эгаллаб олса, инсон тоатдан қочади, беҳуда машғулотлардан эса завқ олади. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Қалбингизни Қуръон ва зикр билан даволанглар. Чунки дунё муҳаббати қалбни ўлдиради.”
Мўмин киши ўз қалбини тез-тез тафтиш қилиб туриши лозим. Илмдан, намоздан ва зикрдан малолланиш — қалбдаги хасталик аломатларидан бири бўлиши мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолодан қалбимизга ҳидоят, ибодатга муҳаббат ва динимизда собитлик сўраб яшайлик.
Зеро, ҳақиқий саодат — дунё сайрларида эмас, балки Аллоҳга яқинлаштирадиган амаллардадир.
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ






