“Ҳашар – элга ярашар” деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади.
Жорий йилнинг 26 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида экологик хайрия ҳашари ташкил этилди. Ҳашарда институт раҳбарияти, ўқитувчи ва ишчи ходимлар ҳамда талабалар фаол иштирок этди. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди. Ҳашар кунлари институтнинг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ҳудудида ҳам тозалик ишлари юқори кайфиятда олиб борилди. Унда ўқув хоналари, талабалар турар жойи, ошхона, жисмоний маданият ва спорт мажмуаси, кафедранинг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди.
Хулоса ўрнида Тошкент ислом институтида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари орасида кўтаринки кайфият билан ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳашар ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик рамзи сифатида шаклланган меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими