islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Уламолар султони” Алоуддин Абу Бакр Косонийнинг устоз ва шогирдлари

Тарихда шундай олимлар яшаб ўтганки, бутун ҳаёти давомида бор-йўғи бир ёки икки асаргина ёзиб қолдирган. Шундай бўлса-да, шу биргина асарнинг ўзи, муаллифининг илм бобида савияси юқори эканидан дарак беради. Йирик ҳанафий фақиҳи, муҳаддис ва усулий олим Алоуддин Абу Бакр Косоний (в. 587/1191)нинг дунёга машҳур “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” (Шариат қонунларини тартиблашда гўзал қонунлар) асари ҳам ана шундай манбалардан бири.

Ханафий мужтаҳидларининг сўнги вакили Мухаммад Амин ибн Умар ибн Обидин (в. 1252/1836 й.): “Бадоиъ” бизнинг (ҳанафий) китобларимиз ичида тенги йўқ асар. Унинг муаллифи Имом Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косонийдир”, дея таърифлайди[1].

Ушбу мақолада “Малик ал-уламо” (Уламолар султони) дея ном олган Абу Бакр Косонийнинг устозлари ва шогирдлари ҳақидаги тўхталиб ўтмоқчимиз.

Алломанинг илмий фаолияти, асарлари, услублари ва фазилатлари ҳақидаги кейинги тадқиқотларимизда баён қиламиз.

Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний Фарғона водийсига қарашли Косон шаҳрида туғилиб, тахминан балоғат ёшига етгач Бухорога илм олиш мақсадида борди. Илм маркази бўлган Бухорода кўплаб устозларга, хусусан, Алоуддин Самарқандий (в. 539/1143 й.)га шогирд бўлиб, фиқҳ, ҳадис, ақида ва тафсир илмларида етук олим бўлиб етишди.

Олим яшаган даврда Самарқанд ва Бухоро илмий марказ бўлиб, ўзида юзлаб йирик фақиҳ, муҳаддис ва муфассирларни жамлаган эди. Аммо олимнинг таржимаи ҳоли келтирилган манбаларда энг асосий устози ва қайнотаси Алоуддин Самарқандий (в. 539/1143 й.)[2] нинг номи келтирилган. Кам сонли манбаларда Абул Юср Паздавий (421/1030-493/1099)[3], Абул Муъин Насафий (в. 508/1115 й.)[4] ва Маждул Аъимма Сурхакатий  (в. 518/1125 й.)[5] каби уламолардан ҳам дарс олганлари зикр қилинмоқда[6].

Алоуддин Косоний таваллуди ҳижрий беш юзинчи йилдан олдинроқ бўлгандагина Абул Юср Паздавий, Абул Муъин Насафийлардан дарс олганликларини эҳтимол қилиш мумкин.

Яна шунингдек, Қози Абдулазиз ибн Усмон Фазлий Насафий (в. 533/1139 й.)[7], Шайхул ислом Али ибн Муҳаммад Исбижобий Самарқандий (453/1061-535/1141)[8], Ҳисомиддин Шаҳид Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий (483/1090-536/1142)[9], Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али Насафий (462/1069-537/1143)[10], Абул Фатҳ Заҳириддин Абдуррашид ибн Аби Ҳанифа ибн Абдураззоқ Валволижий (467/1075-540/1145)[11], Алоуддин Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абу Абдуллоҳ Буҳорий (в. 467/1151 й.)[12] каби фақиҳларнинг ҳам Абу Бакр Косоний (р.ҳ.) билан бир даврда, ва бир шаҳарда фолият олиб борганликлари, ёшлари эса имом Косоний нисбатан каттароқ бўлганлигини эътиборга олиб, катта эҳтимол билан имом Косоний улардан ҳам дарс олган бўлиши мумкин.

Алломанинг шогирдлари: Абу Бакр Косоний узоқ муддат Ҳалавия мадрасасининг бош мударриси, Ҳалаб ҳанафийлари раиси сифатида сон саноқсиз талабаларга таълим берган, омма халқни ҳам мавъиза ва суҳбатлари билан баҳраманд қилганлар,улар катта қизиқиш билан дарсларда, суҳбатларда иштирок қилишгани манбаларда зикр қилинган. Косонийнинг талабалари вақти келиб Ҳалаб ўлкасининг фахрига айланган, илмий савияси эътироф қилинадиган уламоларга айланишди. Ораларидан Ҳалавия ва бошқа мадрасаларнинг бош мударрислари, катта шаҳарлар қозилари, муфтийлари етишиб чиқди. Тарихчилар ушбу шогирдларнинг таржимайи ҳолини зикр қилганда “Имом Косоний қўлида таълим олган” дея алоҳида таъкидалайдилар ва бу билан уларнинг илмий савиялари юқори бўлганига ишора қиладилар.

Аллома ва унинг шогирдлари таржимайи ҳоли ҳақида маълумотлар ўрганиб чиқганимиздан кейин Косонийдан таълим олиш бахтига муяссар бўлган кўпгина олимлар номларини аниқладик. Қуйида уларни келтирамиз:

  1. Жамолиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Саид Ғазнавий (в. 593/1197) ва ўғли Махмуд ибн Жамолиддин Ахмад Ғазнавий манбаларда зикр қилинган Косонийнинг асосий шогирдлари[13].
  2. Жамолиддин Абу Сурайё Халифа ибн Сулаймон ибн Халифа ибн Муҳаммад Қураший Хоразмий (1170-1240) Ота-боболари Хоразмлик бўлган. У Ҳалабда туғилган, таълим олган, сўнг “Жовилийя” мадрасасида бош мударрис бўлган. Абу Сурайё Қураший 638/1240 йил Ҳалабда вафот этган[14].
  3. Ифтихор ад-дин Абу Ҳошим Абдулмутталиб ибн Фазл Қураший Балхий Ҳалабий (539/1145-616/1219) насаби буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббосга бориб тақалади. У 539/1145 йил Балхда туғилган. Косонийнинг энг яқин шогирди бўлиб, устози вафот қилганидан сўнг Ҳалавийя мадрасасининг бош мударриси ва Ҳалаб ўлкаси ҳанафийларнинг раиси бўлган. Ифтихор ад-дин “Шарҳу Жомиъул-кабир” асарини ёзган. У 616/1219 йили вафот этган[15].
  4. Муқаррабуд-дин Абу Ҳафс Умар ибн Али ибн Муҳаммад ибн Форис ибн Қушом Ҳалабий (543/1149-623/1226) Ҳалабдаги “Дорул-қутн” маҳалласида туғилган. Имом Косоний ва кўплаб олимлардан дарс олган ва “Журдикийя”[16] мадрасасига биринчи бош мударрис бўлган. У 623/1226 йил вафот этган[17].
  5. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Хамийс Ҳалабий (542/1148 -622/1225) Суриянинг Мосул шаҳрида туғилган. Ҳалабга келиб Алоуддин Абу Бакр Косонийдан дарс олган. У 622/1225 йил вафот этган[18].
  6. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Саид ибн Салома ибн Рикобий Ҳалабий (561/1167-617/1220) У фақиҳ ва моҳир шоир бўлган. Алоуддин Косонийдан фиқҳ илмини ўрганган.

Тарихчи Ибн Адим айтади: “Устозимиз (Абу Абдуллоҳ Ҳалабий) Абу Ҳафс Ибн Қушомнинг қизига совчи бўлди. Кейинроқ Ибн Қушом у кишини Журдикийя мадрасасига ўзининг ўринбосари қилиб тайинлади”[19].

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Хизр ибн Абдуллоҳ Ҳалабий (522/1127-614/1217) “Ибнул Абяз” номи билан, ҳамда лашкарбоши бўлгани учун “Қози аскар” номи билан машҳур бўлган[20].

Ибнул Абязнинг биринчи отаси “Бадрул Абяз” – Юсуф ибн Хизрдан кейин Имом Косонийдан ҳам таълим олган.[21].

  1. Шамсуддин Нажо ибн Саъд ибн Нажо ибн Абул Фазл Ҳалабнинг улуғ олимларидан, Бусро[22] мадрасасига мударрис бўлган. У ўз хати билан Абу Бакр Косонийнинг шахсий “Бадоиъус-санои”идан алоҳида бир нусха кўчириб олган[23]. Ушбу нусха 7 жилддан иборат бўлиб, Шамсуддин Нажо вафотидан кейин Шиблийя мадрасасига вақф сифатида берилганини тарихчи Қураший зикр қилади[24].
  2. Мужаллид Абу Бакр Ҳанафий Косонийдан Ҳадис ўрганган ва яқин ёрдамчиси бўлган. Уни Мужаллид дея номланишига сабаб, китоб тамирлаш билан шуғуллангани, тирикчиликни ҳам шуни ортидан ўтказганидир[25].
  3. Абул Ҳасан Аҳмад ибн Ҳибатуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Жарода Ҳалабий (542/1148-613/1216) Ҳалаб тарихчиси Камолиддин Ибн Адимнинг отаси бўлиб, Қозилар қозиси (мамалакат бош қозиси) даражасигача кўтарилган. Қозиликка 575/1179 йили тайинланган[26].

Хулоса қилганда, Имом Косоний Мовароуннаҳрда таълим олиб, илмнинг илмнинг турли соҳаларида етук олим бўлиб етишдилар ва айрим сабабларга кўра Шом диёрига Ҳалабга кетиб қолдилар ва вафотларигача қирқ йилдан зиёд мусулмонлар хизматида бўлдилар. Олимнинг беқиёс хизматларини ўлкадаги ақидавий, фиқҳий ихтилофларга барҳам берилиши, мазҳаблар орасидаги бир-бирига бўлган бирдамлик, ҳурмат ошиши, Ҳанафийларнинг мавқейи тикланиши ва илм-маърифат ва барқарорлик таъминланиши, мўътазила ва бидъатчи тоифаларнинг томири қирқилишида кўриш мумкин. Олимнинг шогирдлари орасидан ўлканинг фахрига айланган кўплаб забардаст олимлар етишиб чиқди. Шунинг учун алломага замондош уламолар олимни ҳаётлик чоғларида бениҳоят қадрлаган, вафотларидан сўнг яхшиликларини кўп хотирлаб, ҳақларига кўп дуолар қилиб қолишган

[1] Муҳммад Амин ибн Умар ибн Обидин. Ҳошияту Раддул-Мухтор ала дуррил-мухтор. – Байрут, Дорул-фикр, 2000 (бундан кейин: Ибн Обидин. Ҳошияту Раддул-Мухтор.). – Ж. 1. – Б. 101.

[2] Намуна сифатида қарашингиз мумкин. Косоний. Бадоиъ. Ж: II. Б. 594, 607; Ж: IV. Б. 304; Ж: VII. Б. 320.

[3] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: III. Б. 527; Ибн Қутлубуғо. Тожут-тарожим. Б. 78; Ҳожи Халифа. Кашф аз-Зунун. Ж: I. Б. 252; Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 216.

[4] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: IV. Б. 98; Ибн Қутлубуғо. Тожут-тарожим. Б. 65, 90; Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 125, 188.

[5] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: III. Б. 191; Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 179.

[6] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: IV. Б. 24; Лакнавий. Фавоид ал-баҳийя. Ж: I. Б. 54.

[7] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: II. 431-433 б; Ибн Қутлубуғо. Тожут-тарожим. 35-36 б; Ҳожи Халифа. Кашф аз-Зунун. Ж: 2. Б. 424. Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 98.

[8] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: II. Б. 591; Ибн Қутлубуғо. Тожут-тарожим. Б. 44; Ҳожи Халифа. Кашф аз-Зунун. Ж: 1. Б. 1627. Абдулҳай Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 124.

[9] Қураший. Ал-Жавоҳир ал-музийя. Ж: II. Б. 649; Ибн Қутлубуғо. Тожут-тарожим. Б. 46; Ҳожи Халифа. Кашф аз-Зунун. Ж: 1. Б. 11. Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 149.

[10] Насафий. Китобул-қанд. 1999. – Б. 21.

[11] Қураший. Ал-Жавоҳир ал-музийя. Ж: II. 257-260 б; Ибн Қутлубуғо. Тожут-тарожум. Б. 36; Абдулҳай Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 149; Ҳ.Аминов, С.Примов. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. Тошкент, Мовароуннаҳр – 2017. Б. 332.

[12] Қураший. Ал-Жавоҳир ал-музийя. Ж: III. B. 214; Ибн Қутлубуғо. Тожут-тарожум. Б. 56; Абдулҳай Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 175.

[13] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: I. Б. 315. Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 40. Ҳ.Аминов, С.Примов. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. Тошкент, Мовароуннаҳр, 2017. Б. 328.

[14] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: II. Б. 176. Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 71. Ҳ.Аминов, С.Примов. Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари. Тошкент, Мовароуннаҳр, 2017. Б. 328.

[15] Ибн Қутлубуғо. Тожут-тарожум. Б. 36; Лакнавий. Таълиқотус-санийя. Б. 188.

[16]  Журдекийя мадрасасни Амир Иззуддин Журдек барпо қилиб, Муқаррабуддин бош мударрис қилибб тайинлайди.

[17] Ибн Шаддод. Аълақул-хатира. Ж: 1. Б. 115; Заҳабий. Тарихул-ислом. Ж: 45. Б. 162.

[18] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: III. Б. 59. Тамимий. Табақотус-санийя. 1741 рақамли таржимаи ҳол.

[19] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: III. Б. 159. Тамимий. Табақотус-санийя. 2010 рақамли таржимаи ҳол

[20] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: III. Б. 407.

[21] Қураший. Жавоҳир ал-музийя. Ж: III. Б. 407. Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 203.

[22] Бусро – Сурия Пойтахти Дамашқда жойлашган қадимий мадрасалардан  бири. Ёқут Хамавий. Мўъжам ал-булдон. Ж: I. Б. 441.

[23] Қураший. Жавоҳирул музийя. Ж: III. Б. 531.

[24] Қураший. Жавоҳир ал-музия. Ж: III. Б. 531.

[25] Ибн ал-Адим. Буғятут талаб. Ж: X. Б. 65.

[26] Қураший. Жавоҳир ал-музия. Ж: V. Б. 327; Лакнавий. Фаваид ал-баҳийя. Б. 147.

65230cookie-check“Уламолар султони” Алоуддин Абу Бакр Косонийнинг устоз ва шогирдлари
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: