Дунё неъматларини бизларга беҳисоб даражада бериб, ундан ҳам зиёд неъмат бўлмиш Ўз раҳматини ҳам берган, икки дунё унинг аҳли бўлганларни азиз қилган ва илмларнинг асоси, қалбларнинг покловчи Қуръон бериб биз мусулмонларни икром этган Аллоҳга ҳамд-у сано. Аллоҳнинг аҳли Қуръон аҳли, илмнинг манбаи Қуръон дея бизларга ўрнак бўлиб ҳаёти муборакларини биз умматларининг саодатига сарф этган, сўнгги кунларида ҳам умматим дея яшаб ўтган Саййидимиз муаллимимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломлар бўлсин.
Аллоҳ таолонинг Каломини ёдлаш улуғ неъмат ва фазилатдир. Бу ҳақида Қуръон карим оятлари ва ҳадиси шарифларда кўплаб хушхабарлар ворид бўлган. Бунга Юнус сураси 58-оятини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:
Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойликлари)дан яхшироқдир”.
Бу оятда Аллоҳнинг икки улуғ неъмати зикр қилинаётир. Бири фазли, яъни Ислом дини. Иккинчиси раҳмати, яъни, Қуръони карим. Ҳадиси шарифда айтиладики, “Кимгаки Аллоҳ таоло Ислом дини ва Қуръон илмини насиб этган бўлса-ю, у камбағалман деб койинса, Аллоҳ то қиёмат кунигача унинг икки кўзи ўртасига (пешонасига) фақирлик тамғасини босиб қўяр”. Ояти карима тафсири ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу айтадилар: “Аллоҳнинг фазли –Ислом, раҳмати – сизларни Қуръон аҳлидан қилганидир”.
Насоий, Ибн Можа ва Ҳоким Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. “Улар кимлар?” деб сўрадилар. У зот: “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар. Мунавий: “Қуръон аҳли” Қуръонни тадаббур қилиб, унга амал қилишни лозим тутганлардир”, деган. Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадислардан Қуръон ҳомилларига берилган бу неъматнинг қанчалик улуғ эканини англаб олишимиз мумкин. Имом Аҳмад ва Имом Ҳокимнинг “Муснад”ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ким еттита узун сурани ёдласа, у олимдир”. Демак, инсон Қуръони каримни ёдлаш сабабидан олимлик даражасига кўтарилар экан.
Анкабут сурасининг 49-оятида Аллоҳ таоло:
“Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир”
дея марҳамат қилади. Бундан Қуръон ҳофизлари аҳли илмлардан экани маълум бўлади. Чунки илмнинг аввали Аллоҳ таолонинг Китобини ёд олиш ва уни тушунишдир. Ўтган кўплаб уламоларнинг ҳаётига назар ташласак, уларни ёшликларидан Аллоҳ таолонинг Каломини ёд олганликларини кўрамиз. Буюк бобокалонларимиздан Ибн Сино ва Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Фарғоний, Хоразмийлар ҳам бунга яққол мисол бўлади. Шунингдек, бизнинг диёр олимлари болага аввал Қуръон ёдлатишган ва илм олиш учун баъзи олимлар олдига илм талабида келганларни Қуръони каримдан қанча ёдлаганига қараб уларни қабул қилган ёки қайтарган.
ИбнҲузайма: “Мен отамдан Қутайба ҳузурига боришга изн сўраган эдим, у менга: “Аввал Қуръонни ўқи, кейин изн бераман”, деди. Мен Қуръонни ёдлаганимда, у: “Энди уни намоз (Рамазон)да хатм қил”, деди. Мен бу ишни ҳам қилдим. Биз ҳайит байрамини нишонлаётганимизда отам менга изн берди”, деган.
Қуръон ёдлаш билан олимлик даражасига етилади.Илм сабабидан эса ҳақлар адо этилади, сила-и раҳм қилинади ва даражалар кўтарилади. Ҳар бир ота-она фарзандига қилган дуоси ижобатига иймони комил бўлмоғи ва шу ишонч билан фарзанди ҳаққига аҳли Қуръон, аҳли илм ва Аллоҳнинг хос бандаларидан бўлсин деб дуо қилса иншаАллоҳ у фарзанд қори, ҳофиз, аҳли илм бўлиб шарафланади.
Мужодала сураси 11-оятда Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”.
Шунингдек, банда илм сабабидан Раббисини танийди. Раббисини таниган фарзанд эса ҳеч қачон харом ишга қўл урмайди, жамиятда харом ишлар бўлмас экан, бировнинг ҳаққига риоя этилар экан, у жамият, албатта, гуллаб яшнайди. Фотир сураси 28-оятда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтдики:
“Аллоҳдан бандалари орасида уламоларгина қўрқурлар”.
Ҳа илми билангина инсон ўзлигини билади, бандалигини ҳис этади. Қуръон ўқиган киши эса Аллоҳдан доимо ҳисоб кунини унуттирмасдан илмига амал қилиб яшашни дуо қилади. Аллоҳ таоло барчамизни илмига амал қилувчи олим бандаларидан қилсин.
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Зафар Маҳмудов