islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қиёматга қадар сўнмас нур

Нур ва зулмат иккиси бир-бирига зид ва ҳеч қачон бир жойда жам бўлмайди. Инсон бирор хато қилса худдики қалбини зулмат қоплагандай бўлади. Нур эса хатоларни тузатиш, ёмонликларни кетказиш йўлини кўрсатади. Ислом рисолати ҳам ҳаётни ислоҳ қилиш учун порлоқ нурдир. Улуғлик ва буюклик воситаси бу Аллоҳ таолонинг муқаддас китоби Қуръони каримдир. Унинг ёритиш воситаси оламларга раҳмат пайғамбар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло ўз набийсини “Улуғ нур”, “Зиё сочувчи” қуёш дея тавсифлаган. Бу зоти муборакнинг ақлию-қалби кўзларни қамаштирувчи сўнмас ва абадий нур билан равшан қилган. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбини ўзининг дини ислом билан кенг қилди. Номларини мангулик ва абадият дафтарига қайд этиш, рисолатини қўллаб қувватлаш, бутун инсониятни ҳидоятга бошлашини ирода қилгандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният тарихида ўтган буюк ва энг машҳур шахсларнинг олдинги ўрнидадирлар.Умматларига хос шафоатлари билан раҳматдирлар. Бу шафоатни Аллоҳ таоло У зотни рози қилиш учун “Ва тезда Роббингиз сизга ато қилур ва сиз рози бўласиз” деган сўзида баён этиб қўйган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш билан фахрланиш, У зотга Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан кейинги ўринда турадиган чин муҳаббат қўйишга, У зотни ўзимиз, ота-онамиз, болаларимиздан-да афзал кўришга ундайди. Биз Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўқир эканмиз қалбимиздаги муҳаббат яна-да зиёда бўлаверади, шафоатларидан умидворлик ҳисси вужудимизни чулғаб олади.

Шу тоб таскин берар ўксик қалбимга,
Шууримда ярқ этган ажиб бир орзу.
Энтикиб кетаман шунчалар шошиб,
Қўлларимни чўзиб Парвардигорга,
Насиб этгин дея дийдор бахтини,
Расулуллоҳнинг буюк шафоатини!

2-курс талабаси
М.Парпиева

69120cookie-checkҚиёматга қадар сўнмас нур

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: