islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ДИН -ОДОБДИР

     Бизнинг тилимизда “одоб” тарзда талаффуз қилинишига одатланиб қолинган арабча “أدب” сўзи аслида “ مأدبة” ўзагидан олингандир. “مأدبة” эса, одамларни даъват қилинган зиёфатни англатади.Одоб ҳам одамларни доимо даъват қилинадиган маънавий маъдаба-зиёфат бўлгани учун шу номни олган.[1]

Абу Муҳаммад ўзларини “كتاب الواعي” номли асарларида: “Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақиргани учун “одоб” деб номланган”, дейди.[2]

 Ибн Торийф раҳмаҳуллоҳи алайҳ  эса “الافعال” китобида:”Кишининг одоби хулқда ёки илмда одобли бўлиши” дегани, деган.[3]

Имом Жавҳарий раҳимаҳуллоҳи алайҳ “Одоб-бу нафс ва дарс олишдаги одоби”,деган.

Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган: “Мақтовга сазовор сўз ва амални истеъмол қилиш одобдир”.

 “Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир”.

 “Одоб қовлий ва феълий мақталган ишларга ишлатилади”, “Барча эзгулик хулқдир”.[4]

“Ўзингдан каттани улуғлашинг, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир”.[5]

Барча таърифларни бир жойга тўплаганда Исломда кўзланган “Одоб” таърифи юзага келади.

Ҳозирги ғарб маданиятига тобеълик таъсирида “одоб”ни “маданият” дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига “овқатланиш маданияти”, дейилади.[6]

       Одоб масаласи Исломда ўта муҳим ўрин тутади. Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим.

   Яхши одоб аслида нафснинг камолатга етгани, унинг интизомлилиги, жиловлангани ва яхшиликда эканининг аломатидир. Аксинча, беодоблик нафснинг ҳали покланмагани, жиловланмагани ва интизомда эмаслиги аломатидир.

       Одоб иккига: назарий ва амалий жиҳатларга бўлинади. Одоб олдин назарий жиҳатидан ўрганилади ва кейин унга амал қилинади. Фикр юритадиган бўлсак, одобнинг доираси шу даражада кенгки, оддий нарсаларга нисбатан бўлган одобдан бошлаб, то барча нарсаларнинг Роббига нисбатан бўладиган одобгача бор. Исломда одобнинг яхшиликка чақириш маъноси инсонга боғланган барча нарсаларда намоён бўлади, яъни мусулмон инсоннинг ўзи билан боғлиқ барча нарсага одоб билан – яхшилик юзасидан муомала қилиши йўлга қўйилган. Бу муомалалар жамодат-жонсиз нарсалардан бошланади.Кейин наботот оламига, сўнгра ҳайвонат оламига ўтади,сўнгра эса инсоният олами, фаришталар олами ва ҳакозо оламларни қамраб олади. Исломдаги одоблар мусулмон инсоннинг ўз Набийси Роббига кўрсатадиган одоби ила тож кияди, камолга етади.

         Одоб масаласини инсоният тарихида илк бор Исломгина тўлақонли равишда бошлаган, унга катта аҳамият берган. Исломда инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор.

      Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарада ҳамма нарсанинг муомаласидаги одоблар кенг баён қилинган. Ислом таълимотининг асосини ҳам одоб ташкил қилади.

   Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

 وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا

  “Роббинг фақат унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва  ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “Уфф”, дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!”[7] (23-оят).

          Бу ояти каримада ягона маъбудга –Аллоҳ таолога Ўзигагина ибодат қилишга амр қилинганидан сўнг, бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда. Аллоҳга тоат, ибодатдан кейин келадиган яна бир муҳим иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амридир.

     Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб ҳақидаги ҳадислардан баъзи намуналар:

عن جابر بن سمرة رضى ألله عنه أنّ النبي صلى ألله عليه وسلم قال: لأنْ يؤدب الرجل ولده أو أحدكم ولده خيرٌ له من أن يتصدق كل يوم بنصف صاع. رواه الترمذي و أحمد[8].

   Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши фарзанди ёки бирингиз фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир”,дедилар”.

Исломда инсон одоби ҳақида сўз кетар экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб қўйган ва уни қуруқлигу денгизда кўтарган ҳамда уни пок нарсалар ила ризқлантирган ва уни Ўзи яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйган зот ҳақида сўз кетади. Аллоҳ таоло томонидан азизу мукаррам қилиб қўйилган ўша одам боласини зийнатлаб турадиган одоб ҳақида сўз кетади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифлари бор.

عن سعيد بن العاص رضي ألله عنه : أن رسول الله صلي الله عليه وسلم قال: ما نحل والدٌ ولداً من نحل أفضل من أدب حسنٍ. رواه الترمذي.

     Саъид ибн Осс разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Ҳеч бир) ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал ато бера олмайди”, дедилар”.[9]

   Бундан одоб фарзанд учун дунёнинг барча мол-мулкидан афзалдир, деган хулоса чиқариш мумкин.

     Исломий одоблар ҳаётнинг барча жабҳалари ила чамбарчас боғлиқдир. Инсон ҳаётининг бирор жабҳаси тўла-тўкис исломий одобдан ҳоли эмас.

    Исломда одоб инсоннинг зийнати даражасига кўтарилган. Шунинг учун ҳам ота-оналарга, ишбошчиларга фарзандлари ва қўл остидагиларга одобдан таълим бериш вазифа қилиб юклатилган.

   Барча замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олийжаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган. Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбар алаҳиссаломга эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмларига бўйсиниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилишган.

        Яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этади, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади.

      Анас ибн Молик бундай деганлар: “ Албатта, инсон чиройли хулқи билан жаннатда олий даражага эришади- гарчи у ибодатгўй бўлмаса ҳам. Ва ёмон хулқи билан жаҳаннамнинг энг тубига етиб қолади, гарчи у ибодатгўй бўлса ҳам”.

    Али ибн Абу Толиб: “Ҳусни хулқ уч ҳислатда бўлади: харомлардан сақланишда, ҳалолни исташда, оилани фаровон қилиб қўйишда”, деганлар.[10]

   Аллоҳ таоло ватанимиз замини Ўзининг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Ислом нури билан мунаввар қилганидан буён халқимиз исломий одобларни ўзига сингдириб, уларга ихлос билан амал қила бошлади ва шундан буён улардан баҳраманд бўлиб келмоқда.

4-курс талабаси
Нуриддинова Робия 

[1] Шайҳ имом аллома Бадриддин Абу Муҳаммад Маҳмуд “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳул Бухорий” китоби, “Одоб китоби” 15 жузъи, Б139.Байрут.2005

[2] Шайхул ислом Аҳмад  ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқолоний . “Фатҳул Борий”китоби,1-жузъи.Байрут 1988.

[3] Шайҳ имом аллома Бадриддин Абу Муҳаммад Маҳмуд “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳул Бухорий” китоби, “Одоб китоби” 15 жузъи, 139-бет.Байрут.2005

[4] Шайх Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ал-Адаб-ал-Муфрад”китоби, 1жузъи.Шарқ нашриёти 2008

[5] Бадриддин Абу Муҳаммад Махмуд ибн Аҳмад ал-Айний  “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳул Бухорий” китоби,15-жилд, 78-одоб боби,139-бет.Байрут.2005

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Одоблар хазинаси” китоби.48-бет.Шарқ нашриёти 2008

[7] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири ҳилол” китоби. Шарқ нашриёти 2008

7.Муҳаммад ибн Исо Термизий. “Сунани Термизий” китоби

[9] Муҳаммад ибн Исо Термизий. “Сунани Термизий”китоби

[10] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ижтимоий одоблар” китоби.Б19. “Ҳилол нашр” 2012

83810cookie-checkДИН -ОДОБДИР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: