Бухорода ўтказилган Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум ўз ишини якунлади. Мазкур форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатнинг халқаро майдондаги зиёрат туризми бўйича мавқеини ошириш мақсадида ўтказилди. Тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, «Вақф» хайрия жамғармаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, ISESCO (Таълим, илм-фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти) ва UNWTO (Бутунжаҳон туристик ташкилоти) ҳамкорлигида ташкил этилди. Халқаро форум доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризм марказларидан бири сифатида тан олинишига доир Бухоро декларациясини имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар, халқаро тоифадаги меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари, шу билан бирга, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди. Таъкидлаш жоизки, Бухоро декларациясининг имзоланиши Ўзбекистон тарихидаги муҳим ҳодисадир. Экспертларнинг фикрича, бу ҳужжатнинг имзоланиши республикада сайёҳлик инфратузилмасининг ривожланишига ва умуман туристик оқимнинг янада кўпайишига кучли туртки беради. 1 007
Ғарб дунёси гравитация (тортишиш кучи) ҳақидаги тушунча ёхуд қонун илк бора XVII асрда инглиз олими Исаак Ньютон (1642-1727) томонидан кашф этилган деб билади. Бу қонунни кашф этишга туртки бўлган воқеа сифатида эса боғда олма дарахти остида дўсти билан суҳбатлашиб ўтирганда устига олма тушиб кетганлиги ҳақидаги ўша машҳур ҳикоя эсга олинади. Лекин, “аслида ҳам шундай бўлганми?! Ньютондан аввал тортишиш кучи ёки оғирлик кучи ҳақидаги физик ҳодисаларга ҳеч ким эътибор бермаганмиди?!”, каби саволлар пайдо бўлиши табиий. Негаки, дунёвий илм бу секин-асталик билан йиғилиб, замонлар ўтиши натижасида бирин-кетин келувчи ўнлаб ва юзлаб олимлар томонидан оз-оздан ҳисса қўшилиши натижасида сайқалланиб, шаклланадиган табиатга эга бўлиб, бирор илмий ҳақиқат тўлақонли тарзда вужудга келиб, мукаммал сурат касб этиши ва аксиомага айланиши учун кўплаб олимларнинг тафаккур ва тажрибаларига муҳтож бўлади. Шу маънода, Ньютон илгари сурган дунё гравитация қонуни ҳам ўз-ўзидан битта олманинг тушиши орқали кашф қилинган бўлиши мумкин эмас эди. Балки, у ҳам ўзининг бу кашфиётида ўзидан аввалгиларнинг илмий қарашлари ва тажрибаларидан фойдаланган ва уларга таянган. Зеро, бундай буюк физик қонуниятни Ньютондан аввал ҳеч ким пайқамаслиги, мулоҳаза қилмаслиги ақлга сиғмайди. Агар шундай деб ўйласак, Ньютондан илгари яшаган ҳамма олимларни қандайдир эътиборсиз, тафаккурсиз, мулоҳазасиз инсонларга чиқариб қўйган бўламиз ёки эса бу ҳодиса яъни тортишиш кучи ва гравитация ҳодисаси гўёки бениҳоя сирли ва англаб бўлмайдиган ва фақатгина қандайдир ғайри табиий илҳом орқалигина билинадиган ғайбий нарсага айлантириб қўйган бўламиз. Ва мазкур ғайб олимлар ичидан фақат Ньютонгагина очилган деган фикрни билмаган ҳолда илгари сурган бўламиз. Бу эса мантиқан ўйлаб қараганда ҳам амримаҳолдир. Боз устига, ғарб олимларининг ўзлари ҳам гравитацион таъсир масаласига илк бора Аристотель тўхталганлигини кўп бора тилга оладилар. Унинг физика ва механикага оид сўзларида “жисмнинг қулаш тезлиги унинг вазнига мутаносибдир” деган фикри тилга олинади. Яъни, Аристотельга кўра жисм қанчалик оғир бўлса, унинг қулаш тезлиги ҳам шунчалик кучли бўлади. Гарчи, кейинчалик италян олими Галилей (1564-1642) жисмларнинг эркин қулашдаги тезлиги уларнинг оғирлигига боғлиқ эмаслигини исботлаган бўлсада аммо, барча физиклар иттифоқ қиладиган нарса шуки, жисм қанчалик улкан ва оғир бўлса, унинг гравитацион таъсири ва майдони ҳам шунчалик катта бўлади. Эҳтимол, Аристотельнинг юқоридаги сўзларидан мақсади ҳам жисмларнинг ўзаро тортишиш кучига эътиборни қаратишдан иборат бўлган бўлиши мумкин. Дунёвий билимлар ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган, илм-фан соҳасида инқилобий ўзгаришлар ясаган мусулмон олимлари ҳам табиийки, бу мавзудан четда қолмаганлар. Жумладан, Абу Муҳаммад Ҳамадоний, Ҳибатуллоҳ ибн Малко ал-Бағдодий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Хозиний, Идрисий ва бошқалар каби бир вақтда ҳам файласуф, ҳам физик, ҳам кимёгар, ҳам астроном, риёзиётчи, ҳам шоир, ҳам психолог, географ ва тиббиётда моҳир бўлган қомусий олимларимиз Галилею Ньютондан анча олдинроқ ўз асар ва ёзилмаларида гравитация масаласига улардан дақиқроқ шаклда тўхталиб ўтган эдилар. Дарвоқе, юқорида Галилей жисмларнинг эркин қулашдаги тезлигига уларнинг оғирликлари таъсир қилмаслигини ўрганиб, Аристотельнинг бу борадаги машҳур назариясининг нотўғрилиги исбот қилганлигини айтиб ўтгандик. Ваҳоланки, Аристотель тушиб қолган ўша хатони Ҳибатуллоҳ Ибн Малко (1080-1165м) Галилейдан қарийб беш юз йил олдин ўзининг “ал-муътабар фил ҳикма” номли асарида қуйидагича тўғрилаган эди: “шунингдек, жисмлар бўшлиқда пастга қараб, ҳаракатланадиган бўлса, уларнинг ичида оғир бўлганининг ҳам, енгил бўлганининг ҳам, жисми каттасининг ҳам, кичигининг ҳам, ўткир бош тарафи билан қулайдиган конуссимон шаклдагисининг ҳам шунингдек, кенг тарафи билан қулайдиган конус шаклидаги жисмнинг...
2018/2019 ўқув йилида институт раҳбар ва ходимларининг талабалар билан очиқ мулоқот қилиш жадвалига асосан, 2019 йилнинг 26 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 1-4-курс талаба қизлари учун “Мулоқот-тараққиёт омили“ мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда ректор У.Ғофуров, “Ақоид ва фиқҳий фанлар“ кафедраси ўқитувчиси Ф.Жўраев, Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, мураббиялар У.Ҳафизова, Н.Усмонова, Ҳ.Зоирова, С.Валиева, Н.Арипова иштирок этди. Ташкил этилган очиқ мулоқот савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан талабалар томонидан таклифлар берилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 759
Кавсар сураси Қуръони карим сураларининг ҳажм жиҳатдан энг кичиги ҳисобланади. Лекин шу мўъжаз сурада олам-олам мўжизалар жамлангандир. Бизга Аллоҳ билдирганларини қуйида келтирамиз, бизга маълум бўлмаганларини билдиришини ўзидан сўраб қоламиз. 1 Кавсар сурасидаги калималар сони 10 тадир. 2 Биринчи ояти 10 та ҳижоийя ҳарфларидан таркиб топган. 3 Иккинчи ояти ҳам 10 та ҳижоийя ҳарфларидан таркиб топган. 4 Учинчи ояти ҳам худди шундай 10 та ҳижоийя ҳарфларидан таркиб топган. 5 Мазкур сурада бир мартадан зикр қилинган ҳарфлар сони 10 тадир. 6 Бу сурада энг кўп такрорланган ҳарф «ا» алифдир. 10 маротаба зикр қилинган. 7 Ҳар бир оятнинг охири «ر» ҳарфи билан якун топган. «ر» ҳарфи алифбо тартибида 10 ўринда. 8 Қуръонда «ر» ҳарфи билан тугалланган суралар сони 10 тадир. 9 «ر» ҳарфи билан тугалланган сураларнинг 10-чиси «Кавсар» сурасидир. 10 Суранинг 2-оятида وانحر (жонлиқ сўй) деган буйруқ келади. Мазкур буйруққа амал қачон бўлади? дейилса! Зулҳижжа ойининг 10 куни НАҲР кунидир. Ҳурматли ўқувчи 10чи мўъжизага этибор беринг! Шунча 10 сони билан боғлиқ мўъжизаларнинг ҳикмати وانحر деган буйруққа яширинган. Бизни ноқис ҳисобимиз бўйича мазкур сурадаги 10 сони билан боғлиқ мўъжизалар сони ҳам 10 тани ташкил қилди. Албатта бу сурада бундан бошқа биз билмаган мўъжизалар бисёрдир. Аллоҳ Қуръон эъжозларидан таъсирланиб, унинг оятларига амал қилишга муваффақ қилсин! 2-курс талабаси Аҳадхон Ҳамидхонов 2 813
Али Тантовий роҳматуллоҳ Дамашқ масжидидаги маърузаларидан бирида айтади: Бу масжиднинг номи “Тавба” бўлиб, эндиликда жуда файзли маскан ҳисобланади. Масжиднинг номи нега “Тавба”? Сабаби шундаки, илгари бу ер турли хил гуноҳ ишлар қилинадиган жой бўлган. Ҳижрий еттинчи асрда бир подшоҳ уни сотиб олади. Сўнг бинони бузиб ташлаб, ўрнига шу масжидни қурдирган. Бу масжидда етмиш йил Шайх Салим Суютий исмли олим имомлик қилдилар. Қишлоқ аҳли имомга қаттиқ ишонишар, диний ва дунёвий ишларида кўп мурожаат қилишарди. Масжидда фақирлик ва нафсини сақлашда зарбулмасал бўлган бир талаба яшар эди. Талаба икки кун туз тотмади: егулиги тамом бўлган, сотиб олишга пули йўқ… Очлик забтига олавергач, талаба чидамабди: “Жон сақлаш учун ўлимтик ейишим ёки бирон егулик ўғирлашим мумкин”, деган хаёлга бориб, иккинчи фикрида тўхталибди… Масжид жойлашган кўчадаги уйларнинг томи бир бирига туташиб кетганди. Кўчанинг бу бошидаги уй томига чиққан одам нариги бошигача худди ерда юргандек юриши мумкин. Талаба ҳам масжид томига чиқиб, ундан қўшни ҳовлига ўтди. Қўшни ҳовлида аёллар бор экан, уларга назари тушмаслиги учун кўзини юмди-да, наригисига ўтди. Кейинги ҳовлида ҳеч кимса йўқ, боз устига пишаётган таом ҳиди келарди. Талаба бир сакраб айвонга тушди. Ошхонага кириб кўрдики, қозонда бақлажон пишмоқда! Шартта биттасини олиб, қайноқ эканига ҳам қарамасдан тишлади. Тишлаганини ютиб улгурмасдан ақли жойига келди: “Толиби илм бўла туриб, ўғирликка қўл уряпманми-а?. Аллоҳдан паноҳ сўрайман… Ўзин кечир…”. Қилиб қўйган ишидан надомат чекиб, истиғфор айтди. Қўлидаги бақлажонни қозонга ташлаб орқасига қайтди. Масжидга келиб Шайхнинг илм ҳалқасига қўшилди. Қорни очлигидан сабоқлар қулоғига кирмасди. Дарс тугаб, ҳамма тарқалгач, бир мастура аёл Шайх ҳузурига кириб, биров эшитмайдиган даражада нималардир деди. Аёлни гапини эшитгач, Шайх ён-атрофига қаради. Талабадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шунда Шайх талабани ёнига чорлади ва: “Уйланганмисан?” деди. Талаба: “Йўқ”, деб жавоб берди. Шайх: “Уйланишни хоҳлайсанми?”, деди. Талаба сукут сақлади. Шайх яна сўради: “Уйланишни хоҳлайсанми?”. Талаба: “Эй хожам, менда пул йўқ, нимани эвазига уйланаман?”. Шайх айтди: “Бу аёлнинг эри вафот этибди. Қари амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Эрининг уйи ва мол-у давлати аёлга мерос қолибди. Аллоҳ ва Расулининг суннатига мувофиқ, турмушга чиқмоқ ниятида келибди. Ёлғизликдан ўзига зарар етиши эҳтимолидан қаттиқ хавотирда экан… Хўш, унга уйланасанми?”. Талаба: “Ҳа”, деб жавоб берди. Шайх аёлга юзланди: “Сен-чи, шу йигитга турмушга чиқасанми?”. Аёл ҳам розилигини билдирди. Шайх аёлнинг амакисини чақирди ва икки инсон гувоҳлигида никоҳ ўқиди. Никоҳдан сўнг талаба аёл билан унинг уйига кетди. Уйга киргач, аёл юзини очди. Талаба олдида жуда гўзал ёш қизни кўрди. Аёлнинг чиройига маҳлиё бўлган йигитнинг кўнглига бирдан хавотир оралади. Негаки, бу уй боя ўзи ўғирликка кирган хонадон эди-да. Аёл: “Овқатланасизми?” деди. Йигит: “Ҳа”, деди. Қозонни очган аёл ҳайратдан донг қотди: “Ажаб, кимдир кириб, бақлажонни тишлаб кетибди!”. Йигит йиғлаб юборди ва бўлган воқеани айтиб берди. Йигит иқрорини тинглаган аёл шундай деди: Бу омонатдорлик меваси. Сиз ҳаромдан ўзингизни тийдингиз. Эвазига Аллоҳ таоло мана шу уйни ҳам, эгасини ҳам сизга ато етди. 2-курс талабаси М.Раҳмонова 891