Ғарб дунёси гравитация (тортишиш кучи) ҳақидаги тушунча ёхуд қонун илк бора XVII асрда инглиз олими Исаак Ньютон (1642-1727) томонидан кашф этилган деб билади. Бу қонунни кашф этишга туртки бўлган воқеа сифатида эса боғда олма дарахти остида дўсти билан суҳбатлашиб ўтирганда устига олма тушиб кетганлиги ҳақидаги ўша машҳур ҳикоя эсга олинади.
Лекин, “аслида ҳам шундай бўлганми?! Ньютондан аввал тортишиш кучи ёки оғирлик кучи ҳақидаги физик ҳодисаларга ҳеч ким эътибор бермаганмиди?!”, каби саволлар пайдо бўлиши табиий. Негаки, дунёвий илм бу секин-асталик билан йиғилиб, замонлар ўтиши натижасида бирин-кетин келувчи ўнлаб ва юзлаб олимлар томонидан оз-оздан ҳисса қўшилиши натижасида сайқалланиб, шаклланадиган табиатга эга бўлиб, бирор илмий ҳақиқат тўлақонли тарзда вужудга келиб, мукаммал сурат касб этиши ва аксиомага айланиши учун кўплаб олимларнинг тафаккур ва тажрибаларига муҳтож бўлади.
Шу маънода, Ньютон илгари сурган дунё гравитация қонуни ҳам ўз-ўзидан битта олманинг тушиши орқали кашф қилинган бўлиши мумкин эмас эди. Балки, у ҳам ўзининг бу кашфиётида ўзидан аввалгиларнинг илмий қарашлари ва тажрибаларидан фойдаланган ва уларга таянган. Зеро, бундай буюк физик қонуниятни Ньютондан аввал ҳеч ким пайқамаслиги, мулоҳаза қилмаслиги ақлга сиғмайди.
Агар шундай деб ўйласак, Ньютондан илгари яшаган ҳамма олимларни қандайдир эътиборсиз, тафаккурсиз, мулоҳазасиз инсонларга чиқариб қўйган бўламиз ёки эса бу ҳодиса яъни тортишиш кучи ва гравитация ҳодисаси гўёки бениҳоя сирли ва англаб бўлмайдиган ва фақатгина қандайдир ғайри табиий илҳом орқалигина билинадиган ғайбий нарсага айлантириб қўйган бўламиз. Ва мазкур ғайб олимлар ичидан фақат Ньютонгагина очилган деган фикрни билмаган ҳолда илгари сурган бўламиз. Бу эса мантиқан ўйлаб қараганда ҳам амримаҳолдир.
Боз устига, ғарб олимларининг ўзлари ҳам гравитацион таъсир масаласига илк бора Аристотель тўхталганлигини кўп бора тилга оладилар. Унинг физика ва механикага оид сўзларида “жисмнинг қулаш тезлиги унинг вазнига мутаносибдир” деган фикри тилга олинади. Яъни, Аристотельга кўра жисм қанчалик оғир бўлса, унинг қулаш тезлиги ҳам шунчалик кучли бўлади. Гарчи, кейинчалик италян олими Галилей (1564-1642) жисмларнинг эркин қулашдаги тезлиги уларнинг оғирлигига боғлиқ эмаслигини исботлаган бўлсада аммо, барча физиклар иттифоқ қиладиган нарса шуки, жисм қанчалик улкан ва оғир бўлса, унинг гравитацион таъсири ва майдони ҳам шунчалик катта бўлади. Эҳтимол, Аристотельнинг юқоридаги сўзларидан мақсади ҳам жисмларнинг ўзаро тортишиш кучига эътиборни қаратишдан иборат бўлган бўлиши мумкин.
Дунёвий билимлар ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган, илм-фан соҳасида инқилобий ўзгаришлар ясаган мусулмон олимлари ҳам табиийки, бу мавзудан четда қолмаганлар.
Жумладан, Абу Муҳаммад Ҳамадоний, Ҳибатуллоҳ ибн Малко ал-Бағдодий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Хозиний, Идрисий ва бошқалар каби бир вақтда ҳам файласуф, ҳам физик, ҳам кимёгар, ҳам астроном, риёзиётчи, ҳам шоир, ҳам психолог, географ ва тиббиётда моҳир бўлган қомусий олимларимиз Галилею Ньютондан анча олдинроқ ўз асар ва ёзилмаларида гравитация масаласига улардан дақиқроқ шаклда тўхталиб ўтган эдилар.
Дарвоқе, юқорида Галилей жисмларнинг эркин қулашдаги тезлигига уларнинг оғирликлари таъсир қилмаслигини ўрганиб, Аристотельнинг бу борадаги машҳур назариясининг нотўғрилиги исбот қилганлигини айтиб ўтгандик. Ваҳоланки, Аристотель тушиб қолган ўша хатони Ҳибатуллоҳ Ибн Малко (1080-1165м) Галилейдан қарийб беш юз йил олдин ўзининг “ал-муътабар фил ҳикма” номли асарида қуйидагича тўғрилаган эди: “шунингдек, жисмлар бўшлиқда пастга қараб, ҳаракатланадиган бўлса, уларнинг ичида оғир бўлганининг ҳам, енгил бўлганининг ҳам, жисми каттасининг ҳам, кичигининг ҳам, ўткир бош тарафи билан қулайдиган конуссимон шаклдагисининг ҳам шунингдек, кенг тарафи билан қулайдиган конус шаклидаги жисмнинг ҳам ҳаракат тезлиги бир хил бўлади” (Аҳмад Фуод Пошо: “ат-турос ал-ъилмий ал-исломий шайъун минал мозий ам зодун лил-отий”, 90-бет).
Абу Муҳаммад Ҳамадоний (893-945м/280-336ҳ) ҳам “ал-жавҳаратайн ал-ъатийқатайн” номли асарида гравитация ва нарсаларнинг ўзаро тортишиш масаласига тўхталган: “ким Ернинг остки тарафида (яъни нариги ярим шарида) бўлса, ўз қоматида собит тура олишида худди устки тарафидаги кабидир. Унинг нариги тарафдаги сатҳига ўрнашиши ва қадамининг собитлиги бамисоли Ернинг бу тарафидаги сатҳига ўрнашиши ва қадам қўйиши каби собитдир. Зеро, Ер худди ўзига ҳар тарафдан темирни тортиб турадиган магнит тоши кабидир”.
Ҳамадоний ўзининг мазкур сўзлари билан гравитация ва жисмларнинг ўзаро тортишиши шунингдек, потенциал энергия, электростатик потенциал каби масалаларга гўёки тамал тошини қўйган эди гарчи, бундай атамалар унинг фикрида очиқ баён қилинмаган бўлса ҳам. Айни чоғда Ҳамадонийнинг сўзлари унинг Ерни доирасимон шаклда деб билганлигига ҳам далолат қилади.
Ибн Сино (980-1037м/370-427ҳ) ўзининг “ал-ишорот ват-танбийҳот” асарида шундай ёзади: “дейликки, катта жисмдаги қувват кичик жисмдаги қувватга ўхшаш бўлса ва катта жисмдаги қувватдан кичик жисмдаги қувват миқдорича олиб ташланган тақдирда ҳам уларнинг қуввати тенг бўлиб қолади. Зеро, катта жисмдаги қувват каттароқ ва кўпроқдир”.
Буюк ватандошимиз Ибн Сино бу сўзи билан жисм қанчалик катта бўлса, унинг гравитация кучи ва майдони шунчалик катта бўлишига ишора қилган. Балки, Ибн Сино ўзининг мазкур асарида Ньютоннинг ҳаракат ҳақидаги биринчи қонуни (механиканинг биринчи қонуни)да сўз юритган масалага ҳам тўхталган. Келинг, аввал бу ҳақдаги Ньютоннинг таъбирини эсга оламиз. “агар ташқи тарафдан бирор куч билан таъсир этилмаса, жисм ўзининг тинч ҳолатида ёхуд тўғри чизиқдаги тизимли ҳаракатида давом этади”. Ибн Сино эса худди шу масалани қуйидагича англатади: “агар жисм ўз ҳоли ва табиатига ташлаб қўйилса ва у ташқаридан келувчи бегона таъсирга учрамаса, у албатта, ўзининг муайян ўрни ва шаклида қолади. Бу эса унинг моҳиятидаги ўз ҳолида қолиш маъноси туфайлидир”.
Яна бир машҳур ва буюк ватандошимиз Абу Райҳон Беруний (973-1048м/362-440ҳ) ўзининг “ал-қонун ал-масъудий” номли асарида Ҳамадоний каби Ернинг тортишиш кучига тўхталиб, уни қуйидагича ифода этади: “одамлар Ер юзида худди коптокнинг ҳар тарафи бир хилда собит ва мустақим бўлгани каби қоматлари собит ва мустақимдир. Жисмлар ва вазмин нарсалар пастга қараб (яъни Ер марказига қараб) ҳаракатланади”.
Ўрта Осиёлик тўғрироғи ҳозирги Туркманистон ҳудудига кирувчи Марв шаҳрилик яна бир физик, механик, астроном, математик ва файласуф ватандошимиз Абдураҳмон Хозиний (1155 милодий йилда вафот этган) ўзининг “меъзонул ҳикма” номли асарида оғирлик ва тортишиш кучи ҳақида шундай ёзади: “оғир нарса доимо ўзидаги зотий қувват билан оламнинг марказига қараб ҳаракатланади. Яъни, айтмоқчиманки, оғирликда марказ нуқтасига қараб ҳаракатланиш қуввати мавжуддир”.
Яна бир мусулмон олими, Идрисий (1099-1160м) Сицилия қироли Рожер II нинг талаби билан ёзган “нузҳатул муштоқ фий ихтироқил офоқ“ (яна бир номи “китобу Рўжер“) номли асарида Ернинг тортиш кучини магнитнинг тортиш кучига менгзатиб, шундай дейди: “Ер ўз устидаги оғирликларни бамисоли магнит тоши темирни тортгани каби ўзига тортиб туради“.
Кўриб турганимиздек, мусулмон олимлари ҳам ўз тажриба ва билимлари, тафаккур ва изланишлари асосида ўз вақтида тортишиш кучи, оғирлик кучи, механика қонунлари ва бошқа нарсаларга эътибор қаратганлар, уларни пайқаганлар ва ўз асарларида бу мавзуларга ишоралар қилиб кетганлар.
Ҳа, Ньютон ўзининг нисбийлик назариясида мазкур ҳодисани сўнгги қолипда шакллантирган деб айтиш мумкин, аммо унга довур бу нарсадан бутун дунё ғафлатда бўлган дея ишониш бу бироз соддалик бўларди.
Исаак Ньютон ва бошқа барча ғарб олимларининг илмий изланишлари, кашфиётлари ва соҳадаги улкан ютуқ ва муваффақиятларини эътироф этган ҳолда айтиш жоизки, илм-фан соҳасида дунё эришган кўплаб ютуқ ва муваффақиятлар заминида Исломнинг олтин асрида яшаб, ижод қилган мусулмон олимларининг ҳам ўзига хос меҳнат ва ҳиссалари мавжуддир. Мазкур олимларнинг энг кўзга кўринган вакиллари айнан бизнинг ватанимиз, бизнинг тупроғимизда туғилган инсонлар эканликлари ҳам кишида ўзгача фахру ифтихор ҳиссини уйғотади.
“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев