Аллома Ибн Абдулбарр ўз санади билан Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳнинг бир воқеасини ҳикоя қилиб беради. Бундан уларнинг қанчалик илмга муҳаббатлик ва илм талабида кўплаб машаққат чеккани, сабр қилганини, қолаверса ҳар бир ҳадис ва масала нақадар қийинчилик билан бизгача етиб келганини билсак бўлади. Ғолиби Қаттон роҳматуллоҳи алайҳ пахта савдоси билан шуғулланар эди. Бир бор тажорат юзасидан Кўфага сафар қилди. Бу сафардан мақсад фақатгина тижорат эди. Лекин Кўфага етиб келганида у ердаги ҳадис уламоларини кўриб, ҳазина топгандек ҳурсанд бўлиб кетди ва дарҳол улардан ҳадис эшитиб, илм олишга киришди. Ўша пайтларда машҳур муҳаддис Сулаймон Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ ҳадисдан дарс айтар эди. Ғолиби Қаттон унинг дарсларига қатнай бошлади ва тез орада кўплаб ҳадисларни ёдлаб олди. Тижорат ишлари ниҳоясига етгач, ўз юрти Басрага қайтиш олдидан устози Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ ҳузурига келди ва шу кеча устозникида қолиб, унинг тунги ибодатларини гувоҳи бўлмоқчи бўлди. Тун охирлаб қолганида Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ таҳажжудга турди. Намозида شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ “Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир” оятини тиловат қилди. Ғолиби Қаттон раҳматуллоҳи алайҳ устози бу оятни тиловат қилишидан, бу оят борасида бирор ҳадисни ҳам билса керак, деб ўйлаб қолди. Хайрлашиш чоғида: “Кечаси сиз мана бу оятни такрор-такрор тиловат қилдингиз, бу оят ҳақида бирор бир ҳадисни биласизми? Мен бир йил шу ерда турган бўлсам ҳам, сиздан бу ҳақида ҳадис эшитмадим”, деди. Унга жавобан Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ “Аллоҳга қасамки, бир йилгача бу ҳадисни сенга айтмайман”, деди. Ғолиби Қаттон савдогар одам бўлиб, савдо ишлари билан Кўфага келган эди. Бир йил мобайнида тижоратини битириш асносида кўплаб ҳадисларни ёд олиб, илм ҳосил қилганди. Энди бир ҳадис, у ҳам бўлса оятнинг фазилати ҳақидагисини, ҳукмлар, яъни ҳалол ва ҳаромга тааллуқли бўлмаганини деб бир йил кутадими?… Лекин Ғолиби Қаттоннинг илмга бўлган иштиёқини қарангки, устозидан бу гапни эшитган заҳоти сафарини бекор қилди. Яна бир йил Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурида истиқомат қиладиган бўлди. Ғолиби Қаттон бу ҳақда: “Мен у ерда қолдим ва имом Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ дарвозасига ўша кун санасини белгилаб қўйдим. Бир йил тўлгач, “Устоз, Абу Муҳаммад бир йил тўлди, энди ўша ҳадисни менга айтиб беринг”, дедим. Имом Аъмаш роҳматуллоҳи алайҳ: حَدَّثَنِي أَبُو وَائِلٍ، عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:يُجَاءُ بِصَاحِبِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَيَقُولُ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: عَبْدِي عَهِدَ إِلَيَّ، وَأَنَا أَحَقُّ مَنْ وَفَّى بِالْعَهْدِ، أَدْخِلُوا عَبْدِي الْجَنَّةَ “Абу Воил менга Абдуллоҳдан ҳадис сўзлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни бўлганда شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ оятини ўқиб юрувчи кишини келтирилади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам Мен билан аҳдлашди ва Мен аҳдга вафо қилишга энг ҳақли Зотман. Бандамни жаннатга киргизинглар”, дейди”, дедилар”. (Ибн Абдулбарр «Жамиъу баянил-илми ва фазлиҳи» китобидан) Аллоҳ таолодан барчамизга ўз ҳузуридан комил илм ва ўрганганимизга амал қилишни, илм ва илм аҳлига муҳаббатли бўлишни сўраймиз. «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқулов Манба 813
Киши ўзи учун фойдали ва аҳамиятли бўлган бирор ишга қўл урмоқчи бўлса, то мақсади ҳосил бўлмагунча одамларга ошкор қилмай туриши кўп жиҳатдан маъқулдир. Айниқса, мазкур иш ҳаммага ҳам насиб бўлавермайдиган неъматлардан бўлса, масалан, обрўли бир жойга ўқишга кириш, кўпчилик орзу қиладиган қайсидир мамлакатга сафар қилиш ёхуд бирорта-бир катта тижоратни йулга куйиш, уй сотиб олиш ва ҳоказолар каби одамлар ҳавас ёхуд ҳасад қиладиган ишлардан бўлса, то мазкур иш амалга ошмагунча уни сир сақлаш фойдадан холи эмас. Зеро, ҳадиси шарифларда келганидек, ҳар бир неъмат соҳиби ҳасадга нишондир. Киши ҳар қанча яхши бўлмасин, ҳамма билан бирдек хуш муомалада бўлмасин, барибир, уни бесабаб ёмон кўрадиган, ундаги неъмат завол топиб, кулфатга юз тутишини ич-ичидан хоҳлайдиган разил инсонлар қуршовидан омондаман деб айтолмайди. Баъзан бегона эмас энг яқин одамингиз, ҳатто туғишган жигарингиз сизга бегона ва душманингиз келтирмаган моддий ва маънавий зарар келтиради. Баъзилар бўладики, бирор неъматга эришиш арафасида турганингизни билиб қолса, бирдан оёғингиздан чалиб ё туҳматлар қилиб, ўша яхшиликка эришишингизга тўғаноқ бўлгиси келади. Шундай бўлмаслиги учун келажакда амалга ошириш режалаштирилган яхши мақсадларни ҳаммага ҳам гапириб юрмаслик мақсадга мувофиқдир. Муоз ибн Жабал, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Абу Бурда (розияллоҳу анҳум)лардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади (маъноси): “ҳожатларингизни муваффақиятли амалга оширишда сир сақлашдан фойдаланинг, зеро, ҳар бир неъмат соҳиби ҳасадга нишондир“. Ҳадисни Табароний, Байҳақий, Абу Нуайм (“ҳиля“), Ибн Адий, Уқайлий ва бошқалар ривоят қилганлар. Тўғри, мазкур ҳадиснинг санади борасида турли гап-сўзлар мавжуд. Уни баъзилар заиф десалар, бошқалар саҳиҳ санаганлар. Нима бўлганда ҳам ҳадиснинг маъноси тўғри. Шунга кура, амалга ошириш режалаштирилган яхши ишларни то амалга ошмагунча ёки аниқ бўлмагунча ошкор қилмаслик мақсадга мувофиқдир. Машҳур муфассир Имодуддин ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Юсуф сурасининг тафсирида Яъқуб алайҳиссаломнинг ўз ўғли Юсуф алайҳиссаломга хитобан (мазмуни): “тушингни акаларингга айтиб қўймагин, тағин, сенга бир ёмон макр қилиб қўйишмасин!“, деган сўзини очиқлар экан: “ушбу ояти каримадан, неъмат то пайдо бўлиб, зоҳир бўлмагунча уни яшириш кераклиги келиб чиқади“, дейди ва бунга қўшимча далил сифатида юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифни ҳам келтиради. Режадаги каттароқ ишларни, ҳасадга сабаб бўлиши мумкин бўлган нарсаларни вақтинча яшириб туришнинг яна бир фойдаси шундан иборатки, мабодо ўша иш амалга ошмай қолса ҳам одам ҳеч кимдан уялиб, ич-этини еб юрмайди. Бу яшириш ва сабр қилишнинг руҳий фойдаси бўлади. Шуни айтиш ҳам керакки, ҳадиси шариф ўз ичига олган маъно Зуҳо сурасидаги “Раббингнинг неъматини эса ҳар қанча гапирсанг ҳам майли!“, деган мазмундаги ояти каримага зид келмайди. Чунки, ояти каримада аллақачон ҳосил бўлган мавжуд неъмат ирода қилинган. Ҳадиси шарифда эса ҳали амалга ошмаган яхшилик назарда тутилган. Боз устига, ояти кариманинг турли тафсирларда келган маъносидан англашиладиган нарса шуки, Аллоҳнинг неъматини гапириш деганда ўзгаларга мақтаниш ва риё учун эмас балки, Аллоҳнинг неъматини изҳор қилиш орқали одамларга Унинг нақадар буюк фазл ва марҳамат соҳиби эканлигини эслатиш, ва бунга тил шукрини бажо қилиш, ундан сўнг эса эҳтиёж соҳибларига ёрдам қўлини чўзиш, уларни ўзи томонга йўналтириш ва шу тариқа неъмат валийси бўлмиш Парвардигорга амалий шукрона қилиш ирода қилиниши лозим. «Тиллар» кафедраси ўқитувчиси Алишер Султонхўжаев Манба 978
Кувайтда чоп этиладиган нуфузли нашр — “Ас-сияса” газетаси Ўзбекистонда кейинги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида мақола эълон қилди. Унда мамлакатимизда диний бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш, ислом илм-фани ва маданиятининг бебаҳо дурдоналари бўлмиш бой маънавий меросимизни сақлаш, ўрганиш, инсониятга эзгу ғоя ҳамда таълимотларини етказишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланган. Ўзбекистонда 16 та конфессияга мансуб 2200 дан зиёд диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият кўрсатаётгани, малакали диний ходимлар тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралаётгани, ушбу мақсадда ўндан ортиқ диний таълим муассасалари иш юритаётгани мамлакатда ижтимоий барқарорликнинг муҳим омили сифатида баҳоланган. Айни вақтда Ўзбекистонда ислом дунёсининг маълум ва машҳур сиймолари — Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Муин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд каби аллома ва азиз-авлиёларнинг илмий меросини ўрганиш, улар хоки мангу қўним топган манзилларни обод этиш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида таъкидланган. “Сурхондарё вилоятида Имом Термизий мақбараси таъмирланди. Унинг ёнгинасида янги масжид ва кутубхона барпо қилинди. Бу ерда ҳадис ва бошқа ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган мусулмон уламоларининг илмий меросини чуқур ўрганиш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Шу вақтга қадар буюк алломанинг 14 номдаги асари таржима қилиниб, ўзбек тилида нашр этилди”, дейилади мақолада. Газетада ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил октябрь ойида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ғояси илгари сурилган эди. Бу ташаббус Имом Бухорийдек буюк алломанинг илмий меросини чуқур ўрганиш, дунёга тараннум этиш, ҳадис илмлари ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилади. Шунингдек, “Ас-сияса” газетаси ўз саҳифасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилганини ислом маданияти ва илмий меросини ўрганиш йўлидаги муҳим қадамлар сифатида ёритган. Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда диний таълим, тадқиқот йўналишларида ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар мусулмон дунёсининг қизиқишига сабаб бўлаётир. Бинобарин, юртимиз тарихан ислом илмлари, фан ва маданият кенг ривожланган диёр бўлиб, ҳеч шубҳасиз, бугунги мусулмон маданияти тараққиётини алломаларимиз, уларнинг беназир илмий меросисиз тасаввур этиб бўлмайди. Манба 761
رَوَى عَبْدُ اللَّهِ بْنُ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ » يأتي في آخر الزمان أناس من أمتي يأتون المساجد يقعدون فيها حلقاً ذكرهم الدنيا وحب الدنيا لا تجالسوهم ، فليس لله بهم حاجة » . Абдуллоҳ ибн Масуьд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Охир замонда шундай умматимдан бўлган бир қавм келадики, масжидларда халқа қилиб ўтиришади. Дунё сўзларини гапирадилар, чунки улар дунёни яхши кўрадилар. Улар билан ўтирманглар! Чунки Аллоҳ улардан беҳожатдир” дедилар. عن ابن عباس قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« الكلام في المسجد يأكل الحسنات كما تأكل النار الحطب ». Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидда гапирилган дунёвий гап (қадам босиб келган) савоб амалларини барчасини ейди, олов ўтинни егани каби” дедилар. عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِنَّ لِلْمُنَافِقِينَ عَلاَمَاتٍ يُعْرَفُونَ بِهَا تَحِيَّتُهُمْ لَعْنَةٌ وَطَعَامُهُمْ نُهْبَةٌ وَغَنِيمَتُهُمْ غُلُولٌ وَلاَ يَقْرَبُونَ الْمَسَاجِدَ إِلاَّ هَجْراً وَلاَ يَأْتُونَ الصَّلاَةَ إِلاَّ دَبْراً مُسْتَكْبِرِينَ لاَ يَأْلَفُونَ وَلاَ يُؤْلَفُونَ خُشُبٌ بِاللَّيْلِ صُخُبٌ بِالنَّهَارِ ». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларнинг бир нечта белгилари борки ўшалар билан таниладилар: саломлари лаънатга хос, таомлари бировни норози қилиб тортиб олинган, тўдалаб қўйган ғаниматлари ҳаромдан, масжидга келсаларда фақат бир намозхонни ғийбат қилиш учун ёки масжидагиларни сўкиш учун ва беҳаё сўзларни айтишлик учун келадилар. Намозни кечиктириб кибрланиб ўқийдилар. Уларнинг дўсти ҳам йўқ, биров билан дўстлашмайдилар ҳам. Хуфтонда тахтадай қотиб ухлаб қоладилар, бомдодда эса бақир-чақир қилиб баҳслашиб турадилар” дедилар. عن ابن مسعود قال: قال رسول اللّه صلى الله عليه وسلم: » قال الله عز وجل في بعض الكتب: إن بيوتي في أرضي المساجد وإن زواري فيها عمارها فطوبى لعبد تطهر في بيته ثم زارني في بيتي فحق على المزور أن يكرم زائره « Абдуллоҳ ибн Масуьд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло баъзи (нозил қилган)китобларида шундай сўзларни деди: “Масжидлар ердаги менинг уйларимдир. Ундаги мени зиёратчиларим эса, масжидга 5 вақт намоз учун келувчиларидир. Бахт бўлсин шундай бандагаки, уйидан чиройли хушбўйланиб чиқади-да, менинг уйимга Мени зиёрат қилиш учун келади. Энди мезбоннинг бўйнидаги ҳақ шуки, ўз меҳмонини икром қилишлигидир” Мавлоно Жалолиддин Румий дейдилар: Агар Хожа шавад аз банда розий, Ба у ёр ҳаст истиқболи мозий. Шавад ай банда гар мавло баозор, Ҳамма дар ҳар ду олам аз ту безор. Агар Ҳудо бандадан рози бўлса, Келажакда унга дўст бўлгай. Гар Ҳудо бандадан бўлса норози, Икки оламда ҳамма сендан безор. Аллоҳ таоло бизларни масжидга савоб умидида бориб гуноҳлар орттириб қайтишимиздан ўзи асрасин. Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов Манба 956