islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги ҳақида фатво

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى اَلِهِ وَاَصْحَابِهِ اَجْمَعِينَ. اَمَّا بَعْدُ Инсон доимо ўзига берилган барча илоҳий неъматларга шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим бўлади. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиш чин мўмин-мусулмонга хос ишдир. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилиб, унда бандаларини турли хил йўллар билан синашини маълум қилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай деган: وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ яъни: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар” (Бақара сураси, 155-оят). Инсон ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда албатта, бу мусибатдан қутулиш чораларини қидиради. Баъзан имон-эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатнинг озлиги сабабли, шайтон васвасаси ғолиб келиши оқибатида бошига тушган мусибат ёки қандайдир оғир шароитда қолган киши турли хилдаги нохуш ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шунинг учун, Аллоҳ таоло мусибатларни енгишда сабр-қаноатга суяниш, Унинг тақдирига рози бўлиш энг тўғри йўл эканлигини баён этмоқда. Афсуслар бўлсинки, кейинги вақтларда айрим кишилар, айниқса, хотин-қизлар билиб-билмай ўзларининг жонларига қасд қилиш орқали, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт сўндиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишга сабаб бўладиган оғир гуноҳга қўл урмоқдалар. Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутулишнинг энг нотўғри  йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш демакдир. Чунки, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан, берилган умр – ҳоли ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳаким зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан улкан исёндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг аянчли оқибатлари аниқ баён этилади. Собит ибн Заҳҳокдан ривот қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَاكِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنيَا عُذِّبَ بِهِ يَومَ القِيَامَةِ. яъни: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти). Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”  китобларида келтирилишича: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ تحَسَّى سَمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَسَمُّهُ فِيِ يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِيِ نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فيِهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيْدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ فِي يَدِهِ يَطْعَنُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يَتَرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَالَّذِى يَتَقَحَّمُ فِيهَا يَتَقَحَّمُ فِي النَّارِ وَالَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُهَا فِي النَّارِ яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:“Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида...

Мўмин ҳамманинг ишончли кишиси

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир. Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши ҳақиқий мусулмондир. Ёмонликларни тарк этган киши асл муҳожирдир. Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатган кирмайди” (Рамуз ал-аҳодис” ҳадислар китоби). Ҳадиснинг бош қисмида мўминнинг ишончли киши экани, ундан бошқаларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етиши гуноҳ экани уқдирилмоқда. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган юқоридаги ҳадисга биноан ўзимизни тафтиш қилсак, имонимизнинг даражаси маълум бўлади. Ҳадиснинг иккинчи қисмида айтилишича, асл муҳожир ёмонликларни тарк этган кишидир. Чунки инсоннинг яшаш жойи ўзгаргани билан ахлоқи, табиати ўзгармайди. Шунинг учун бир жойда яшаб туриб, ёмон хулқларни тарк этиш ҳақиқий муҳожирликка тенглаштирилмоқда. Ҳадиснинг сўнгги қисмида эса жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қасам билан: “Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди” деб таъкидлаётирлар. Демак, жаннатга ноил бўлмоқ шартларидан бири қўшнига бирор жиҳатдан зарар етказмасликдир. Зарар етказадиган киши эса жаннатга – Аллоҳнинг буюк эҳсонига мушарраф бўлмайди. Аллоҳ барчамизни бундай бахтсизликдан асрасин. Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг  “Мўминнинг сифатлари” китобидан Манба 733

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилган ҳолатлар

Бадавий билан суҳбат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбаи муаззамани тавоф қилаётиб, бир саҳройи кишининг “Ё Карим!” деганини эшитдилар ва унинг сўзини такрорладилар. Саҳройи киши Мезоб томонга ўтиб яна: “Ё Карим!” – деган эди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам “Ё Карим!” – дедилар. Шунда саҳройи киши у зотга қараб: Эй гўзал юз, кўркам қомат соҳиби! Мени масхара қилмоқчимисан? Аллоҳга қасам, бир мўмин банда бўлмаганингда эди, сен тўғрингда Муҳаммадга (алайҳиссалом) шикоят қилардим. У зот табассум қилдилар ва: Пайғамбарингни танийсанми? – дедилар. Саҳройи киши: – Йўқ, – деб жавоб берди. – Унда қандай қилиб имон келтиргансан? – Уни кўрмаган бўлсам­да, пайғамбарлигига имон келтирдим ва етказганларини тасдиқладим. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини таништирдилар. Саҳройи киши ҳаяжонини яширолмади. Хижолат чекиб, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини ўпмоқчи бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошма, эй мўмин банда, ажамлар ўз подшоҳларига шундай муомала қилишади. Мутакаббирлик менга хос эмас. Аллоҳ мени башорат бергувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган”, дедилар. Барчага табассум қилардилар Жарир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ишончларини қозонган, у зотнинг ҳузурларига тўсиқсиз кира олар эди. Набий алайҳиссалом Жарир розияллоҳу анҳуни ҳар кўрганларида табассум қилардилар. Бу ҳақда Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар” (Имом Бухорий ривояти). Сўнгги табассум… Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Токи, душанба куни келиб, улар намоз сафида турганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турган ҳолларида бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра табассум ила кулимсирадилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Даврон НУРМУҲАММАД Манба 816

Йўлларнинг ҳаққи

Мукаммал ва гўзал хулқларни ўзида жамлаган мусаффо Ислом динимиз ўзгаларга озор беришдан, дилозорликдан қаттиқ қайтаради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисда шундай дейдилар: “Мусулмон – тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир” (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон одамга қисқа ва лўнда таъриф бермоқдалар. Яъни, ким Исломни дин деб рози бўлса ва ўзини мусулмонман деб даъво қилса, мана шу даъвосининг ҳужжати ва исботи сифатида битта хунук сифатдан сақланади. Бу сифат эса – ўзгаларга озор беришликдир. Озор бериш эса икки хил кўринишда бўлади: 1) Тил орқали. Яъни, кишиларга қўпол ва дағал гапириш, уларни камситиш, мазах қилиш, хақорат қилиш, алдаш ва ғийбат қилиш, шаъни ва обрўсига нолойиқ сўзларни гапириш ёки шундай ишларга далолат қилиш сабабли озор бериш. 2) Қўл орқали. Яъни, гарчи инсонларга қўпол муомалада бўлмаса-да, лекин қилаётган қайсидир амали билан уларга машаққат туғдириш орқали озор беришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида ушбу: “Эй инсонлар! Албатта, молларингиз, жонларингиз, шаънингиз ва обрўларингиз бир-бирингиз учун ҳаромдир”, деган муборак васиятлари ила юқоридаги ҳадисни тасдиғини кучайтириб, мусулмонга озор етказадиган барча моддий ва маънавий зарарларни мутлақ ҳаром қилдилар. Юқоридагилардан маълум бўладики, инсон ўзгаларга озор берадиган сўз ёки амаллардан барчасидан эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки, озор сабабли банда билан банда ўртасидаги ҳақ суистеъмол бўлади. Айниқса, бу ҳолат кўпчиликнинг мулки ҳисобланган, ҳамма инсонларнинг фойдаланиши мумкин бўлган жамоат йўллари билан боғлиқ бўлган озорларда кўп учрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлнинг ҳаққи тўғрисида ниҳоятда эҳтиёткор эдилар. У зот бу эҳтиёткорликни ўз саҳобалари ва келажак умматларига ҳам қаттиқ тайинлар эдилар. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!” дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўтирмасликка иложимиз йўқ, чунки у ерда гаплашиб ўтирамиз”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳаққини беринглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳаққи нима?” дейишди. У зот: “Кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш”, дедилар (Муттафақун алайҳ). Шунга кўра, киши аввало беҳуда ва бесабаб жамоат жойларида, хусусан йўл бўйларида ўтиришдан сақланмоғи керак. Агар зарурат юзасидан шундай вазиятга тушиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мувофиқ кишиларга озор берадиган барча амаллардан сақланиши шарт қилинди. Демак, инсонларга озор бериш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, энди бу озорни четлатиш эса аксинча, жуда ҳам савоби ва ажри улуғ амаллар сарасидандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда ҳузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ривоятда: “Бир киши йўлдан ўтаётиб, ўртадаги дарахт шохини (кўриб), “Аллоҳга қасамки, мен буни мусулмонларга азият бермаслиги учун четлатираман”, деганида, у жаннатга киритилди”, дейилган. Икковларининг бошқа бир ривоятларида: “Бир киши кета туриб, йўлда тиканли шохни кўриб, уни четга олиб қўйди. Аллоҳ ундан мамнун бўлиб, гуноҳини кечирди”, дейилган. Бугун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилмаслик натижасида кўча-кўйда, хусусан, қатнов йўлларимизда бир қанча дилхираликлар содир бўляпти. Бунинг натижасида эса, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаққи поймол бўлмоқда. Яна қанча одамлар эса озор кўрмоқда. Илмсизлик ва эътиборсизлик сабабли ўз чегарасидан ташқари ҳисобланган йўл бўйларига дарахтлар экиб, панжаралар қилиб, ёки тўхташ мумкин бўлмаган жойларга транспорт қўйиш орқали кишиларнинг ҳаракатини қийинлашишига сабаб бўлаётган, қурилиш баҳонасида кўча тарафга бир неча ойлаб қурилиш материалларини тахлаб қўйганча бемалол юрган кишилар шубҳасиз кишиларга озор бермоқдалар. Бу озорлар эса албатта, кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қиладиган сабаблардандир. Аллоҳ таоло барчамизни ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан ва инсонларга озор бериб қўйишдан сақласин. Тошкент ислом институти сиртқи бўлим 1-курс талабаси, “Мевазор” масжиди имом-хатиби Раҳимжон Марҳумов 923

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК: ЯНГИ ДАВР ОДИМЛАРИ ВА ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФ

Ўзбекистон Конституцияси ва миллий қонунчиликда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги барча фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитларни яратди. Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир. Шунга асосан, ҳар йили 16 ноябрда Халқаро бағрикенглик кунини нишонлаш анъанага айланган. Тошкент ислом институти жамоаси ҳам ушбу анъанани давом эттирган ҳолда, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этди. Мазкур маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими” мудири С.Шерхонов, ЎМИ етакчи мутахассиси К.Бурҳонов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров иштирок этдилар. Тадбирни Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров олиб бориб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамкорлигида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар институт профессор-ўқитувчи ва талабаларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг тадбирнинг юқори савияда ва мазмунли ўтиши учун сўзни республикамизда виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва диний бағрикенглик тамойилларини тарғиб этишда нафақат мамлакатимизда, балки, дунё миқёсида юксак малакали ва катта тажрибага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, академик Акмал Саидовга берди. Тадбирда академик А.Саидов ўзининг “Ўзбекистонда диний бағрикенглик: янги давр одимлари ва халқаро эътироф” мавзусида маъруза қилди. Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида кейинги даврда мамлакат Президенти бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббусларнинг замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда – дейди академик Акмал Саидов. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббус кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланганини алоҳида қайд этиш даркор. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсадларидан бири бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймасликка ёрдам бериш ҳисобланади. Академик А.Саидов ўз маърузасида халқаро майдонда Ўзбекистоннинг дин ва эътиқод эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларининг самаралари эътироф этилгани, шубҳасиз, бу борада бизга янада катта рағбат бағишлашини таъкидлаб ўтди. Тадбир давомида талабалар томонидан мавзуга оид саволлар берилиб, А.Саидов томонидан мазмунли жавоблар олдилар. Суҳбат сўнгида, институт ректори мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Тошкент ислом институти жамоаси номидан академик А.Саидовнинг 60 ёши билан чин кўнгилдан ва самимий муборакбод этиб, эсдалик совғалари билан тақдирлади. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 917
1 1 365 1 366 1 367 1 368 1 369 1 547