1993 йилдан бошлаб 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифати нишонлаб келинмоқда. Шу кундан бошлаб ҳар йили республикамизда “Ватан ҳимоячилари куни” эътибор билан кутилади. Мазкур санани муносиб нишонлаш мақсадида жорий йилнинг 13 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1-курс талабалари курс курсатори Ў.Собиров ва мураббий Ф.Хомидов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Давлат музейига ташриф буюрдилар. Ташриф давомида талабалар музейдаги ҳарбий экспонатлар билан яқиндан танишиб, Давлатимизнинг ҳарбий салоҳияти ва унинг жанговар қудрати ҳамда юртимиз поспонлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Талабаларнинг эътироф этишларича, бу ташриф кишида Ватан ҳимоячиларининг хизматлари нечоғлик хатарли бўлиши билан бир қаторда ўз вақтида масъулият ҳамда юксак шарафли эканини ҳис қилишга ёрдам беради. Шунингдек, уларда Давлатимизнинг қудратига нисбатан ишонч ҳиссини ҳамда юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги каби неъматларни чуқур англаб етишга ундайди. Экскурция сўнгида талабалар музей ёнида эсталик учун суратга тушдилар. Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида жонини ҳам аямайдиган мард ўғлонларимиз ҳамиша омон бўлишсин! Байрамингиз муборак бўлсин, мард ва жасур Ватан ҳимоячилари! ТИИ Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир Собиров 543
بسم الله الرحمن الرحيم الحمد لله الذي انزل القرآن هدى للناس و البينات من الهدى والفرقان والصلاة والسلام على اشرف الانبياء والمرسلين وعلى آله و أصحابه أجمعين أمّا بعد: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу. Ҳурматли ҳайъат аъзолари, қадрли мусобақа иштирокчилари ва муҳтарам меҳмонлар! Бугун барчамиз учун ниҳоятда улуғ кун, катта хурсандчилик айёми. Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақасининг илк босқичи бошланган кундир. Бугун барчамиз Аллоҳнинг буюк неъмати – Ўз Каломини ёд олиш шарафига эга бўлган ўғил-қизларимизнинг чиройли савтлари ва Қуръон ўқишдаги маҳоратларидан баҳраманд бўлиб, иншааллоҳ, завқланамиз. Дарҳақиқат, мусулмон киши учун Раббисининг каломини ўқиш ёки уни тинглашданда роҳатбахш нарса бўлмайди. Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб ўқилса, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткир бўлиб бораверади. Аллоҳ таоло Қуръон ўқувчиларни мақтаб, бундай марҳамат қилади: «Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30). Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуръони каримни ўқиган, ёд олган кишиларни инсонларнинг энг яхшиси деб таърифлайдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга ҳам) ўргатувчилардир” (Имом Бухорий). Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори улуғ фаришталар билан бир мақомдадир, тили қийналиб тиловат қилувчи эса икки баробар кўп ажр олади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Юқорида келтирилган ҳадисда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган одамларни улуғ фаришталар билан тенглаштирганлар. Машаққат билан ҳижжалаб ўқийдиганларнинг савоби эса икки баробар кўп бўлишини ҳам таъкидлаб ўтганлар. Қуръон муайян услуб ва қоидалар асосида ўқилади. Аллоҳ таоло: «Қуръонни тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг», деб марҳамат қилган (Муззаммил, 4). Қуръон мусулмонлар учун муқаддас китоб, ўхшаши йўқ, тенгсиз бир илоҳий мўъжиза ҳамдир. Бу буюк китобнинг калималари остидаги ўта теран маъно-мазмун борлиги, шунингдек, ҳар қандай инсон Қуръон каримнинг ўта таъсирли оятларини эшитган пайтда, беихтиёр унга қулоқ тутиб қолиши, бутун вужуди билан берилиб тинглаши – буларнинг барчаси ушбу улуғ китоб бутун оламларнинг яратувчиси бўлмиш буюк Аллоҳнинг илоҳий сўзи эканига яна бир бор амин бўлади. Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига қилган ташрифи чоғида Қуръон мусобақасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Шунга мувофиқ бу йилги мусобақа ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда, оммавий тарзда ўтказилмоқда. Бу бежизга эмас, албатта, Қуръони каримни ёдлаш, тинглаш ва англашда ҳикмат жуда кўп. Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”. Мана шундай файзу баракотли кунлардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз қўлларини дуога кўтариб, унинг шукронаси учун яратган Парвардигоримизга ҳамду санолар айтишмоқда, бу ишга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, ташкилий ишларга бош бўлиб барча мутасаддилар ва муҳтарам...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасаррруфидаги муассасалар ўртасида “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан навбатдаги футбол турнири ўтказилди. 12 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳазрати Имом” жамоаси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг “Бухорий авлодлари” жамоаси ўрасида финал ўйини бўлиб ўтди. Муросасиз кечган финал ўйини голларга бой бўлди. Ўйин бошиданоқ устунликни қўлга олган “Бухорий авлодлари” жамоаси дастлабки дақиқаларда бир неча бор “рақиб” дарвозасини ишғол этиб олдинга чиқиб олди. “Ҳазрати Имом” жамоаси ҳам финалгача бекорга етиб келмаганини кўрсатиб бирин-кетин голлар ўришга эришди. 4:3 бўлиб турган ҳисоб 2 карра чемпион ҳисобланган институтимиз жамоасини қаноатлантирмас эди. 1-бўлимдаёқ ғалабага яқинлашиш учун жамоа аъзолари янада тезкорлик ва ҳамжиҳатлик билан ўйин кўрсата бошлади. Мана шу фидоийлик сабабли 1-бўлим 8:3 ҳисоби билан якунланди. Қишнинг қаҳратон совуқлигига қарамасдан финал ўйинини катта қизиқиш билан кузатаётган томошабинлар 2-бўлимда яна 2 та голга гувоҳи бўлишди. Натижада “Бухорий авлодлари” жамоаси “Ҳазрат Имом” жамоасини 10:3 ҳисобида мағлуб этиб, 1-ўринни эгаллади. 3-ўрин учун кечган ўйин Тошкент шаҳар вакиллигининг “Минор” ва “Мовароуннаҳр” нашриётининг “Мовароуннаҳр” жамаолари ўртасидаги 11 январь куни ўтказилган эди. Ўйин 12:9 ҳисобида “Мовароуннаҳр” жамоасининг ғалабаси билан якунланди ва “Мовароуннаҳр” жамоаси 3-ўринни қўлга киритди. Финал ўйини якунига кўра, турнирда иштирок этган жамоалар ўртасида номинациялар бўйича “Энг яхшилар” аниқланди. Турнирнинг энг яхши ҳужумчиси – Элёржон Ахматқулов “Бухорий авлодлари”; Турнирнинг энг яхши дарвозабони – Аҳмаджон Сагдиев “Бухорий авлодлари”; Турнирнинг энг яхши мураббийи – Уйғун Ғафуров “Бухорий авлодлари”; Турнирнинг энг яхши ҳимоячиси – Ҳасан Тошпўлатов “Бухорий авлодлари”; Турнирнинг энг яхши ярим ҳимоячиси – Козимхон Асроров “Бухорий авлодлари”; Турнирнинг энг яхши тўпурари – Ҳусниддин Ғуломов “Ҳазрати Имом” Турнирнинг энг чиройли гол соҳиби – Уйғун Ғафуров “Бухорий авлодлари”; Турнирнинг энг яхши мухлиси – Жасур Акрамов “Бухорий авлодлари”. Муҳим саналарга бағишлаб ўтказиладиган анъанавий футбол турнирининг кейинги мусобақасига “Мовароуннаҳр” нашриёти мезбонлик қилади. Институт жамоаси футбол турнирларида 3-маротаба чемпионликни қўлга киритган “Бухорий авлодлари” футбол жамоасини қизғин табриклаб, кейинги мусобақаларда ҳам ғалабалар тилайди ва турнирда муваффақият билан иштирок этган барча совриндорларни муборакбод этади. Эслатиб ўтамиз, институтнинг “Бухорий авлодлари” футбол жамоаси олдинги футбол турнирларида 2 марта 1-ўринни, 1 мартадан 2 ва 3-ўринларни қўлга киритган эди. Т.Азимов, “Бухорий авлодлари” жамоаси аъзоси 412
Шу кунларда Интернет тармоғида АҚШ Давлат департаменти эълон қилган баёнотда дунёнинг 10 мамлакати, шу жумладан Ўзбекистон ҳам «виждон эркинлиги ва диний эркинликлар соҳасида бузилишлар алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган давлатлар» рўйхатига киритилгани ҳақида маълумот берилди. Таъкидлаш лозимки, мазкур рўйхатни шакллантиришга масъул мутасаддилар томонидан Ўзбекистонда фаолият юритаётган 16 та диний конфессияга мансуб ташкилотларга, шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби диний соҳада фаолият юритаётган ташкилотларга маълумот учун мурожааат қилинмаган. Америкалик мутахассислар ҳисобот тайёрлашда мавҳум манбаларга таяниши сабабли Ўзбекистондаги диний вазиятга нисбатан асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ хулосага келингани ачинарли ҳолдир. Шу билан бирга АҚШнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини эътироф этиш билан бир қаторда Давлат департаментининг муайян масала юзасидан эълон қиладиган баёнотини «баҳслашиб бўлмайдиган мутлақ ҳақиқат» эмас, балки ушбу ташкилотнинг турли давлатларнинг ижтимоий кўрсаткичларини ўз имкониятлари ва қарашлари доирасида ўрганиш орқали ҳосил қилинган субъектив хулосаси сифатида қабул қилиш лозим. Бинобарин, жаҳон бўйлаб шу каби ижтимоий кўрсаткичларни ўрганувчи сиёсий институтлар ёки тадқиқот марказларининг фаолиятини таҳлил қилсак, улар ўз тадқиқотларида эътибор қаратадиган кўрсаткичлар ва фойдаланиладиган ахборот манбалари турли-туман эканига гувоҳ бўламиз. Бирор бир мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ёки диний соҳадаги вазиятга баҳо беришда мазкур жараённи ушбу жамиятнинг ичида ўз бошидан кечирмай туриб, ҳудудда тарихан шаклланиб келган қадрият, урф-одат ва ўзига хосликни ҳисобга олмай туриб, масаланинг барча жиҳатларини тўлиқ қамраб олиш ва мукаммалликка эришиш мумкин эмас. Бир сўз билан айтганда, муайян давлатда кечаётган жараёнларга, уларнинг мазмун-моҳиятига, қандай соҳага тааллуқли бўлишидан қатъий назар, ушбу мамлакатнинг ўз халқидан ўзга одил, холис ва ҳар томонлама тўлиқ баҳо берувчи томон бўлмайди. Тарихдан маълумки, Ўзбекистоннинг тарихий ҳудуди турли дин ва миллат вакиллари тинч-тотув, аҳил ва бир оила бўлиб яшаб келган замин ҳисобланади. Асрлар оша ушбу ҳудудда тарқалган турфа динга мансуб инсонлар эмин-эркин эътиқодий амалларини бажариб келган. Дунё тарихида Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги замонларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган. Мустақилликнинг илк давридан Ватанимиздаги умуминсоний, миллий ва диний қадриятлар ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Диний соҳа ўзбек халқи миллий маънавиятининг муҳим қисми сифатида эътироф этилиб, унинг ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятида тутган ўрни ва мавқеи аниқ белгиланди. Диний соҳада мустаҳкам қонунчилик пойдевори яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 61-моддасида «Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар» деган демократик тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлангани таъкидланган. Бугунги кунда республикамизда 16 диний конфессияга мансуб 2243 та диний ташкилотлар эмин-эркин фаолият олиб бориб, диний расм-русум ва маросимларни мукаммал амалга ошириб келмоқдалар. Сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ғояларини чуқур сингдириш, диний ва миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Жумладан, 2017 йилда диний-маърифий соҳани янада ривожлантириш, миллий-маънавий меросимиз ва қадриятларимизни янада юксалтиришга, юртимиздан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлар ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш...
АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонни яна “виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида бузилишлар туфайли алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” мамлакатлар рўйхатига киритгани мўмин-мусулмонларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. 2018 йил 4 январь куни Департамент томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, бу рўйхатдан Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Мьянма, Эритрея, Судан ва Саудия Арабистони ҳам жой олган. Бугунги Ўзбекистонни ушбу рўйхатга киритилишини янглиш иш, деб ҳисоблаймиз. Чунки ўтган бир йил давомида диний соҳада энг кўп ўзгариш ва енгилликлар бўлди. Эзгулик ва хушхабарларга лиммо-лим бўлди. Шукрки, ҳаётимиз бутунлай жонланиб кетди. Ҳар куни бир янгилик, ажойиб туҳфа бўлмоқдаки, халқимиз бундан жуда ҳам мамнун. Улуғ неъматлар кетма-кетлиги тўхтовсиз давом этмоқда. Ҳақиқатан, эътиқод борасида тўпланиб қолган масалалар ечимини топиш, ушалмас орзу бўлиб турган истакларнинг рўёби борасида жуда ҳам катта ишлар қилинди. Шахсан Президентимизнинг саъй-ҳаракати билан Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, диний саводхонликни ошириш ва динимизнинг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш мақсадида, улкан ишлар қилинди. Буни аниқ мисолларда баён қиладиган бўлсак, жумладан: Ислом цивилизацияси маркази ва 2 та халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослашган 5 та илмий мактаб иш бошлади. Исломий таълим муассасалари сони 11 тага етказилди. Бухорода Олий мадраса ташкил этилди. Тошкент ислом институтида 3 йиллик махсус сиртқи бўлим очилди, диний ўқув юртлари қошида ўқув курслари юритилди, Қуръони карим қироати бўйича “Таҳфизул Қуръон” гуруҳлари фаолият бошлади, қабул квоталари 150 фоизга оширилди. Мамлакатимиз бўйича 15 та масжид қайтадан барпо этилди, 55 та масжид капитал таъмирланди. Биргина Сурхондарё вилоятининг олис ҳудудларида 4 та янги масжид иш бошлади, яна 4 тасини очиш режага киритилди. Интернет сайтларида диний фанлардан онлайн дарслар ташкил этилди, тўғридан-тўғри саволлар-жавоблар рукни мунтазам ишлаб турибди, сайтлар ва ижтимоий тармоқларда диний-маърифий тарғибот жадал олиб борилмоқда. Президентимизнинг юксак ташаббуси ва оталарча раҳнамоликларида ўлкамизнинг туман-шаҳарларида Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қори ва қориялар мусобақалари кенг миқёсда бўлиб ўтмоқда. Ўтган йил охирида Президентимиз “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Унга кўра, академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланади. Мана шундай кенг имконият ва қулайликлар бўлган юртни, бугунги дунёда топиш кийин бўлса керак? Аксинча шундай мамлакатни “виждон эркинлиги ва диний эркинлик соҳасида бузилишлар туфайли алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган” давлатлар рўйхатига киритиш адолатдан бўлмайди. Яна шуни қайд этиш керакки, оммавий ахборот воситаларида диний ходимлар чиқишлари кескин кўпайтирилди. “Ҳидоят сари” ва “Зиё” кўрсатувлари эфир сони икки бараварга оширилди. “Ўзбекистон-24” телеканалида имом-хатиблар иштирокида давра суҳбати қилинмоқда. “Маданият ва маърифат” телеканалида уламолар иштирокида кўрсатувлар эфирга узатилмоқда. Шунингдек, “Зиё чашмаси” номли радио эшиттириш ва 50 га яқин диний маърифий веб-сайтлар иш олиб бормоқда. “Ҳидоят” журнали жами 1 миллион 145 минг нусхада, “Ислом нури” газетаси жами 820 минг нусхада нашр этилди. Шунингдек, 200 га яқин номдаги диний адабиётлар бир неча юз минг ададда чоп этилди. Қуръони карим маънолари таржимаси, ҳадислар тўплами, буюк муҳаддис, олим ва фиқҳ илми пешволарининг асарлари таржима қилиниб, халқимизга туҳфа қилинди. Яна фахр билан айтиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлиги остида Мисрдаги “Дорус-салом” нашриёти ва Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия билан Қуръони каримни чоп этиш бўйича келишувга эришилиб, ўзимизда...