islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қиш мўминнинг баҳори

Ҳар бир фаслнинг ўзига хос жиҳатлари бўлгани каби қишнинг ҳам инсон ҳаётида ўз ўрни бор. Қишда ақл эгалари учун ибратлар кўп. Бу фасл хайр-барака ва яхшиликлар мавсумидир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ундан унумли ва оқилона фойдаланиши керак.

Қуръони каримда “қиш” сўзи бир марта келган: «Яъни уларга қишда ва ёзда сафар қилишни қулай қилиб қўйгани учун мана шу Уй, яъни Каъбанинг Парвардигорига ибодат қилсинлар!» – Қурайш сураси, 2-3 оятлар.

Ўтган улуғлар йилни иккига бўлиб, ярмини ёз, ярмини қиш билан ўлчашарди. Қиш фаслида осмондан қору ёмғирлар ёғиб, одамларнинг ризқи кенг бўлишига сабаб бўлади. Мусулмоннинг ҳаётида қиш ҳам баҳорга айланади. Деҳқон  баҳорда ерга уруғ қадагани сингари, мўминлар ҳам қишда охирати учун захира жамғаради.

Бу фаслнинг ўзига яраша фазилатлари бор.  Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фаслнинг мўминлар учун алоҳида фазли борлигини айтганлар.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган:

عن أبي سعيد الخدري قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: « الشتاء ربيع المؤمن قصر نهاره فصام وطال ليله فقام». رواه البيهقي.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузи қисқа бўлади, рўза тутиб олади, кечаси узун бўлади, таҳажжудга туради”, дедилар” – Байҳақий ривояти.

Аскарий роҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай деган:

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қиш мўминнинг баҳоридир”, дейишлари баҳор фасли арабларда энг яхши фасл ҳисоблангани учундир. Чунки бу фаслда сувлар ва ўт-ўланлар мўл бўлиши сабабли серобчилик бўлади. Араблар етимларга хайр-эҳсон қиладиган серсаховат кишини ҳам “етимларнинг баҳори”, дейишади”.

Демак, қиш фасли унда нафл ибодатлар кўп бўлгани эътиборидан ўт-ўланлари сероб бўлган баҳорга ўхшатилган. Шу маънода қиш фасли мўмин киши учун энг яхши фасл ҳисобланади. Чунки бу фаслда бошқа фаслларга қараганда турли нафл ибодатларни кўплаб адо этиш осонлашади. Кечалари узун бўлгани сабабли ҳам уйқуга тўйиш, ҳам енгиллик билан ибодат қилиб олиш имкони туғилади. Кундузлари қисқа бўлгани сабабли рўза тутиб олиш ҳам ниҳоятда енгил бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фаслни ғанимат билишга ундаб бундай деганлар:

Омир ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қишдаги рўза салқингина ўлжадир”, дедилар” – Имом Термизий ривояти.

Яъни, одатда ўлжани қўлга киритиш учун тер тўкиб ҳаракат қилинади. Аммо баъзи вақтларда уни тер тўкмасдан, қийинчиликсиз қўлга киритиш ҳам мумкин бўлади. Қиш фасли ана шундай қийинчилик ва машаққатларсиз кўплаб ажр-мукофотларни қўлга киритиш фурсатидир.

Бу фасл, айниқса талабалар учун ниҳоятда аҳамиятлидир.

Шу маънода баҳор фаслини деҳқонлар учун уруғ қадаш мавсуми бўлганидек, қиш фаслини толиби илмлар учун илм эгаллаш мавсумидир, дейиш мумкин.

Тобеъинлардан Убайд ибн Умайр қиш фасли келса:

“Эй Қуръон аҳли! Намоз ўқишингиз учун тун узайди, кундузи рўза тутишингиз учун кун қисқарди. Шундай экан, ғанимат билинглар”, деб айтардилар.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ дедилар: “Бизга етиб келишича, албатта фаришталар мўмин учун қиш келганда, унинг туни узун бўлиб қоим бўлиши ва кундузи қисқа бўлиб рўза тутишидан хурсанд бўлиб шодланишар экан”.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қиш – обидларнинг ўлжасидир» – Абу Нуайм ривояти. Демак, бу мавсум бошқа фаслларга нисбатан савобли амалларни кўп қилиб олишга имкон яратиши билан бирга, синов ичра синов фасли ҳамдир.  Синов бу имтиҳонки, инсон энг қимматли умрини ижтимоий тармоқларда ва гап-гаштакларда беш-олти соатлаб на дунё ва охират учун фойдасиз мавзулар бўйича сўзлар билан банд бўлиб Аллоҳ берган умрни сароб қилиш ўрнига оилавий тарбия ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ақлли инсоннинг бош мақсади бўлиши керак. Қиш мавсумида унумли фойдаланиб, имтиҳондан ўтиш учун кўпроқ захира тўплайлик.

ТИИ Модуль таълим талабаси,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди

имом-хатиби Жаъфархон Суфиев

435450cookie-checkҚиш мўминнинг баҳори

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: