islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мутаассиблик ҳақни тан олмасликдир

Шариатимиз доимо мутаассибликка қарши бўлиб, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу иш қораланган. Мутаассиблик оқибатида доимий равишда динга зарар етказилди, бу ҳол ҳозирда давом этмоқда. Мутаассибликдан ёшларни ҳимоя қилиш учун унинг мазмун-моҳиятини, олимлар унга қандай таъриф берганини билишимиз лозим.

Мутаассиблик  бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги замон тили билан бу фанатизм ҳам дейилади.

Мутаассиб киши кўр-кўрона, хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзини фикрини ҳақ, бошқаларникини ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз тушунчасини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади.

“Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида: “Мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”, деб таърифланган.

Уламолардан Аллома Тафтазоний: “Мутаассиблик  ҳақ зоҳир бўлса ҳам уни тан олмасликдир”, деб айтган.

Шайх Аловуддин Бухорий: “Далил зоҳир бўлганда, ақидаси ҳақни тан олишдан тўсадиган киши мутаассиб ҳисобланади”, деган.

Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий эса: “Билингки, бидъат икки ишнинг биридан пайдо бўлади. Биринчиси мутаассибликдан, иккинчиси аҳмоқликдан. Бир инсон ақли жойида бўлган ҳолида қалбидаги ақидаси бузуқ бўлгани боис ҳақни тан олмасдан катта кетса, ана шу кимса мутаассиб бўлади”, деб айтган.

Аллоҳ таоло бундай кимсаларга таҳдид қилиб Нисо сурасининг 15-оятида: «Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!», деб айтган.

Шунингдек, мутаассиб киши жамият ичида тарафкашлик ва бўлиниш юзага чиқишига ҳам сабабчи бўлади. Бу ҳам муқаддас динимизда қораланган ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни бундай кимсалардан бўлиб қолишдан ўзи паноҳ берсин, ўзи ҳидоят йўлга йўлласин!

Манба: “Диний мутаассиблик, моҳият, мақсад ва уни олдини олиш йўллари” китоби

ТИИ талабаси Абдусаломов Ҳожимурод

435490cookie-checkМутаассиблик ҳақни тан олмасликдир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: