Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Бир киши бор эди, ҳеч қандай савоб иш қилган эмасди. Аммо у одамларга қарз берар ва ўз элчисини ҳақларни талаб қилиб келиш учун юборар экан “Имкони бор одамдан ол, имкони йўқни қўйиб тур, кечиб юбор, шояд Аллоҳ ҳам бизларнинг гуноҳларимиздан ўтса”, дер эди. Вафот этган пайт Аллоҳ таоло ундан “Бирор яхшилик қилганмисан?” деб сўради. “Йўқ, фақат менинг бир хизматчим бор эди, одамларга қарз берар эдим. Хизматчимни қарзларни ундириб келиш учун юборар эканман, унга “Имкони бордан ол, қийналганни қўйиб тур, кечиб юбор. Шояд Аллоҳ бизнинг гуноҳларимизни ўтса”, дер эдим. Шунда Аллоҳ таоло унга “Гуноҳларингдан ўтдим”, деди. Имом Насаий ривоят қилган. Албатта инсоннинг ҳаёти доимо бир текис давом этмайди. Инсонлар бир-бирларига нисбатан ўзаро ёрдам ва кўмакка муҳтож бўладилар. Одам борки ҳаққи бор ёки қарзи бор. Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай вазиятда мусулмон киши қандай ҳаракат қилиши кераклигини умматларга таълим берганлар. Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Саҳийлик, енгиллик ва бир оз ўтиб бериш Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракага сабаб бўлади. Молиявий муомалаларда қийин ҳолга тушиб қолган одамга енгиллик яратиш қанчалик савобли иш экани ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. Қиёматда ҳеч яхшилиги бўлмай, фақат ҳаққини ундиришда ночор одамдан қарзини кечиб юбориш билан ҳам енгилликка эришиш мумкинлиги ушбу ҳадисда баён қилинмоқда. Ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1) Ўзаро муомалада юмшоқ ва ҳалим бўлиш Аллоҳнинг раҳматига олиб боради. Мулойим ва раҳмдил бўлиш заифлик эмас, балки Аллоҳ ва унинг расули ҳамда мусулмонларнинг сифатларидан биридир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) айтадилар: “Расулулоҳ (с.а.в.): “Сизларга дўзахга ҳаром ва дўзах унга ҳаром бўлган кишини айтайми? Ҳар бир ишида юмшоқ ва ҳалим бўлган киши”, дедилар. Имом Термизий ривояти. 2) Аллоҳ қиёмат кунида бандасига савол бериши эса ҳамма нарсани билиб турса ҳам унга ўз фазлини кўрсатиш учун бўлар экан. 3) Қиёмат кунида инсонлар ошиқча гапира олмайдилар, фақат Аллоҳ изн берганларгина сўзлай оладилар. Шунда ҳам фақат рост гапирадилар. 4) Қарз ва ҳақни кечиб юбориш Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлар экан. Ҳар қандай муомалада юмшоқ, ҳалим ва раҳмдил бўлишимизни Аллоҳ ҳаммамизга насиб қилсин. Шояд, Аллоҳ ҳам бизларга қиёмат кунида раҳм қилса. Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Абдуллаев Алишер тайёрлади Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг! 385
т ўта нозик ва хассос бўлгани туфайли ота-боболаримиз қадимдан бу илмни олишда “Устоз-шогирд” анъанасига қатъий амал қилиб келганлар. Биз яшаб турган ахборот асрида интернет соҳасида улкан ютуқларга эришилмоқда. Иқтисодий ва ижтимоий муносабатларнинг қарийб барча тури виртуал дунё орқали ўз фаолиятини олиб бораётганига ҳам кўп йиллар бўлиб қолди. Интернет тармоғида фолият юритаётган сайтлардан ҳар қандай саволга истаганча жавобни олиш мумкин бўлиб қолди. Лекин бу жавобларнинг қай бири биз берган саволга тўғри жавоб ҳисобланадию қайси бирини олмаслик зарурлиги эса фойдаланувчининг билим савиясига, малакасига боғлиқ бўлади. Айниқса, эътиқод билан боғлиқ мавзуларда ўта эҳтиёткорлик зарур бўлиб, фақат аниқ ва ишончли манбага таяниш талаб этилади. Тўғри, виртуал исломий таълимотни йўлга қўйиш, аҳолининг диний соҳадаги барча қизиқтирган саволларига ўз вақтида ишончли жавобларни бериб бориш энг долзарб вазифалардан бирига айланиб бормоқда. Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан интернет тармоғи фойдаланувчиларига тўғри диний билимларни етказиш мақсадида савобли ишга қўл урилди. Идоранинг “Muslim.uz” портали орқали онлайн дарслар лойиҳаси жорий йилнинг июль ойидан бошлаб йўлга қўйилди. ЎМИ томонидан йўлга қўйилган онлайн дарслар аҳолининг ислом дини борасидаги билим ва савияларини ошириш, соғлом эътиқодни шакллантириш, бир сўз билан айтганда ислом зиёсини тарқатишни мақсад қилган. Ушбу дарслар ҳар ҳафта душанба, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари халқимизга соф ислом маърифатини улашиш, ҳар бир мусулмон учун керакли бўлган диний билимларни етказиш ҳамда турли ёд ғояларга қарши курашиш мақсадида ташкил этиб келинмоқда. Дарслар Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадисшунослик, Тажвид, Ислом тарихи, сийрат ва Араб тили фанларидан юртимизнинг атоқли уламолари, Тошкент ислом институтининг маҳоратли устозлари томонидан олиб борилмоқда. Онлайн дарсларни тўғридан тўғри кузатиш, билимларни бойитиб бориш имконияти яратилган. Шу кунга қадар ижтимоий тармоқлардаги саҳифамиз орқали юздан ортиқ онлайн дарслар ташкил этилди. Онлайн дарсларни қуйидаги ижтимоий тармоқ саҳифаларида тўғридан-тўғри кузатишингиз мумкин: Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal/ Дарслар HD форматида Youtube даги каналимизга жойлаштирилган. https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ muslim.uz 405
Бугун, 8 ноябрь куни Самарқанд вилоятидаги “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактабларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этишди. Тадбирда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, шундай дедилар: – Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан ўтган муборак Рамазон ойида диний соҳа ходимлари анжуманида юртимизда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмий мактабларини ташкил этиш ҳамда ушбу мактабларда имом-хатибларнинг махсус фанлар бўйича билимларини мунтазам ошириш масаласи қўйилган эди. Мана бугун Аллоҳ таолонинг инояти билан биринчи бўлиб, Самарқанд вилоятида Калом ва Ҳадис илмий мактаблари очилди. Мана шу икки мактабдан келажакда исломий илмлар бўйича фан докторлари етишиб чиқиб, буюк аждодларимизнинг калом ва ҳадис фанида ёзилган бебаҳо илмий меросларини ўрганиб бутун халқимиз, хусусан, ёшларимизга етказади. Ушбу мактабларга имом-хатибларни тингловчи сифатида қабул қилиб, кучли билим ва тафаккурга эга бўлган уламоларни етиштириб чиқаришимиз лозим. Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида давом этиб, ушбу янги мактабга буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-Муфрад” асарини тақдим этиб, ушбу китобдаги 1322 та ҳадисни тингловчилар ёд олишларини асосий вазифа қилиб қўйдилар. Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз бугунги кун имом-хатибларини янада кучли билим ва салоҳиятли инсонлар бўлишини бу борада диний таълим тизимида барча керакли ишларни амалга оширишга давлатимиз тайёр эканини айтиб ўтди. О.Юсупов ўз сўзида давом этиб, муҳтарам Юртбошимиз БМТ бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам бугун дунёда ислом номи остида турли ёвуз кучлар ўз мақсадларига эришмоқчи бўлишаётгани, бундай гуруҳ ва оқимларнинг ботил ғояларига қарши туриш, муқаддас ислом динимизни доимо ҳимоя қилиш тўғрисидаги алоҳида тўхталганларини билдирди. Сўзга чиққан нотиқлар мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилиши, уларда юртимизда шаклланган устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб боришини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларини олиб бориши, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши, тингловчилар (илмий изланувчи) учун тегишли асарларни давра дарслари шаклида ташкил этилиши, жамиятдаги турли диний масалаларни чуқур ўрганган ҳолда матбуотда материаллар эълон қилиниши тўғрисида сўз борди. Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади. Тингловчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмайди, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилади. Мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилади. Тадбир сўнгида муфтий ҳазратлари икки мактабнинг устоз ва тингловчилари ҳақига ҳамда юртимизда олиб борилаётган диний соҳадаги барча ишларга ривож сўраб дуойи хайрлар қилдилар. Аввалроқ, 8 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Йил имоми-2017” кўрик танлови ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик. Унда Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Аҳроров биринчи, Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов иккинчи, Навоий вилояти Нурота тумани “Чил Устун” жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин Мубинов учинчи ўринларни қўлга киритгани айтиб ўтилган эди. Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, бош имом-хатиб 771