Хотин-қизларнинг касб-ҳунар билан шуғулланишлари шариатда на ҳаром қилинган ва на ман этилган, балки ижозат берилган марғуб амаллардан бўлиб, динимизда аёлларга бўлган юксак ҳурмат–эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Ислом динигина аёлларнинг ҳаққини ўз ўрнига қўйди, поймол этилган ҳурматини тиклади, жамиятда муносиб ўрин ажратди, уларга нисбатан хушмуомала ва мулойим муносабатда бўлишга чақирди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қатор ҳадисларида аёлларни қадрлаш борасида умматга қимматли кўрсатмалар берилган. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Зубайр менга уйланганида унинг моли ҳам, қули ҳам ёки бирор нарсаси ҳам йўқ эди. Фақатгина минадиган оти бор эди холос. Мен унинг отини боқардим, ем-хашак, сув берардим. Унга керакли бошқа ишларни ҳам қилардим. Шу билан бирга, тери ошлаб тикардим, хамир қорардим, нон ёпардим. Уч фарсахлик масофадан бошимда шох-шабба кўтариб келардим…» (Бухорий ривояти). Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг қўли узунингиз (вафотимдан кейин) менга тез етишадиганингиздир», – дедилар. Биз аёллар қўлларимизни ўлчай бошладик. (Кейин билсак,) у Зайнаб бинти Жаҳш экан (Чунки у ҳаммамиздан олдин вафот этди). У қўли билан меҳнат қилиб, хайр-эҳсон тарқатарди» (Муслим ривояти). Бу ерда қўлнинг узунлиги мажозий бўлиб, аслида кўп садақа ва хайр-эҳсон қилиш маъносидадир. Ҳаммамизга маълумки, Зайнаб онамиз тери ошлаб сотар ва ишлаб топган маблағидан маълум қисмини фақиру мискинларга, бева-бечораларга ва етим-есирларга улашиб чиқардилар. Фотима онамиз ёрғучоқда ун чиқаришда ҳазрати Алига ёрдам берганлар. Рисолат мактаби таълимини олган аёллар эркаклар қатори меҳнат қилиб, рўзғор ишларида уларга ёрдам беришган ва шу билан Аллоҳнинг розилигига ҳам эришишган. Улардан андоза олган момоларимиз ҳам урчуқ йигирган, гилам тўқиган, кийим-кечак тикиб сотган, доялик қилган. Уруш даврида фронт ортида хизмат этган, ярадорларни даволаган, мева-сабзавот етиштирган, завод ва фабрикаларда ишлаган, трактор ҳайдаган, ер чопган, мол боққан… Демоқчимизки, аёл зоти таълим олишга, меҳнат қилишга ҳақли. Баъзилар ўйлаганидек аёл киши чўри эмас, балки жамиятнинг барча жабҳасида эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлган она, жуфти ҳалол, опа-сингил, амма-ю хола ҳамда меҳрибон қизларимиздир. Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлим талабаси Эркин Қудратов 869
Ислом динида аёлларнинг тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, Ислом шариати аёлни инсоният жамиятида ўз ўрнига эга инсон эканини исботлади, унга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берди. Чунки Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Жоҳилият даврида араблар аёлларни олиб-сотиш мумкин бўлган мато деб қарар эди. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмас эди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланишган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар берган: “Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (“Наҳл” сураси, 58, 59-оятлар). Ислом шариати келгач, бутун инсоният орасида урчиган бундай адолатсизликни бирма-бир муолажа қила бошлади. Хусусан, жоҳилият арабларининг аёл кишига нисбатан бўлган эътиқодларини рад этди ва аёлларнинг мартабасини кўтарди. Тарихчиларнинг айтишларича, баъзи замонларда аёлнинг эркак киши каби жони ва руҳи бор инсонми ёки йўқми, деган масалада ихтилофлар мавжуд бўлган. Аллоҳ таоло аёлни ҳам инсонийлик жиҳатидан эркаклар мартабасида эканини билдирди. “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (“Наҳл” сураси, 97-оят). Инсоннинг қадри унга бирор нарсани ишониб топшириш, уни бирор муҳим вазифага масъул қилиш билан бўлади. Бу оддий ҳаётий ҳақиқатдир. Аҳли илмнинг ёки мансабдор шахсларнинг обрў ва мартабага эришишларининг замирида ҳам мана шу ҳақиқат ётади. Аллоҳ таолонинг ўзига ибодат қилишдек муҳим бурчни аёлларга ҳам эркаклар билан бир хилда буюриши аёлнинг мартабасини юксакларга кўтарадиган энг асосий далилдир. “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (“Тавба” сураси, 71-оят). Ушбу оятда мўминлар ва мўминаларнинг бир-бирларини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтара оладиган тенг инсонлар экани таъкидланмоқда. Аҳли китобларнинг баъзиларида аёл кишига маъсиятларнинг ўчоғи, ёмонликларнинг асоси деб қаралган. Айни пайтда ислом шариати жаннатнинг оналар оёғи остида эканини, отага бир марта яхшилик қилинганида онага уч марта яхшилик қилиниши лозимлигини таъкидлади. Ислом шариати ҳукмлари бирма-бир нозил бўлиш асносида аёлнинг мартабасини кўтарди, шаънини улуғлади. Жумладан, уларни инсон сифатида эътироф этган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан алоҳида байъат қилдилар. Улар ҳақида алоҳида сура ва оятлар нозил бўлди. Шунингдек, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир. Ичингизда ўз аҳли аёлига энг яхшингиз менман”, – дедилар. Ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг онаси мушрик бўлса ҳам унга яхшилик қилишга буюрдилар. Асмо розияллоҳу анҳо айтади: “Онам менинг олдимга келди. Бироқ у ҳамон мусулмон бўлмаган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, у зотга: “Ҳузуримга онам келибди, унга яхшилик қилаверайми?” – дедим. У Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, онангга силаи раҳм қилгин”, – дедилар. Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислар асосида аёлнинг барча инсоний ҳуқуқлар борасида эркаклар билан тенг эканини билиш мумкин. Бироқ оилада аёл кишининг эркак кишига нисбатан бир поғона паст бўлиши лозимлигини таъкидланган. Бу халқимизнинг кўп асрлик тажрибасидир. Қолаверса, ислом шариатининг мақсадларидан келиб чиққан десак, хато...
Эсимни танибманки, негадир акаларим орасида катта бўлганим учунми, доим ўғил болаларга ўхшашга интилаверардим. Тегмаганга тош отар, кимнидир хафа қилиб юрар эдим. Қизларга ўхшаб қўғирчоқ ўйнашни эса умуман ёқтирмасдим. Уларни ўйинчоқларини ҳам олиб қўяр, роса ялинтириб мириқиб кулардим. Ўзим эса акаларимнинг ўйинларини мазза қилиб ўйнардим. Буни оқибатида болаларнинг ота-оналари уйимизга шикоят қилиб келаверишарди, келаверишарди. Бувижоним эса гоҳ койиб, гоҳ куйиниб: “Боламгинам, бу ишинг яхши бўлмабди, қиз бола дегани ҳадеб шўхлик қилавериши ярашмайди. Ахир акаларинг ўғил бола бўлса. Сен одоб-ахлоқда, юриш-туришда улардан ажралиб туришинг, ҳаёли, иболи бўлишинг керак. Дуч келган гапни гапиравериш, тўғри келган ишни қилавериш, хўш қизларга ярашармиди?!”, сингари гапларни айтиб насиҳат қилардилар. Ёш бўлганим учунми бу гаплар бир қулоғимдан кирса, бирисидан чиқар, яна шўхлик қилиб чарчамасдим. Лекин ҳамма нарса ҳам вақтинча экан. Инсон улғая бошлагач оқу қорани, эгри билан тўғрини фарқлай бошларкан. Ёшликдаги шўхликлар ўз-ўзидан босилиб, уларнинг ўрнини ҳаё, камтарлик, вазминлик эгаллай бошларкан. Мен ҳам ёшимга ёш қўшилиб, улғайганим сайин ақлимни таний бошладим. Энди кўчада менсиз ўйналмайдиган ўйинлар қизиқтирмасди. Бувимнинг ёнларидан эса сира кетгим келмас, дилтортар суҳбатларини эшитиб тўймасдим. Уй-рўзғор ишларини эринмай кўрсатиб берар, ҳаётда қиз боланинг вазифаларини, аввало у содиқ рафиқа, меҳрибон она бўлишини уқтириб борардилар. Илгарилари бу қулоғимдан кириб, у ёғидан чиққан сўзлар энди бутунлай қалбимга муҳрланиб борарди. Бир куни сўрида кўрпа қавиб ўтирар эканлар, ёнларига чақирдилар. Қарасам кўзлари ёшланибди. Бирор оғиз сўз айтишга ботинолмай туриб қолдим. Кейин ўзлари гап бошладилар: “Болажоним, қарагин, манави кўрпаларни сенга атаб тикяпман. Қиз бола палахмон тоши, қаерга отса шу ерга тушади, дейишади. Бир қиз бола учун керак бўладиган сепларни йиғиб қўйдик аянг билан. Лекин она қизим, шуни яхшилаб билиб олишинг керак. Қизлар сепининг кўп-камлиги, анжомларининг қимматбаҳолиги, тақинчоқларининг асллиги билан қадрланмайдилар. Аксинча, одоб-ахлоқи, чиройли тарбияси, ширинсуханлиги, сабрли-тоқатли, итоатли бўлиши ила ҳурматланади, эъзозланади. Келинлик катта бир маъсулият ҳам шарафдир. Шу билан бирга унинг одоблари ҳам бор. Аёл киши аввало қаноатли ва хушфеъл бўлади. Хожаси нима олиб келса мамнуният билан қабул қилади. Айтилган ишларда итоатли бўлади. Ҳаттоки сўзларига диққат билан қулоқ тутади. Рўзғорнинг тинч бўлишида озодалик энг муҳим иш бўлгани учун, яхши аёллар ҳамма ерни саранжом-саришта қилиб қўядилар. Ҳам ўзларининг, ҳам хожаларининг либосларини тоза тутадилар. Ёмон ҳидлар димоғни эмас, балки дилни ҳам хира қилади. Уддабурон бекаларнинг лаззатли овқатлари доим бир вақтда пишади, дастурхонлари ёзиғлик туради. Сабаби, очлик ва толиқиш инсонни ғазабини тез келтиради. Рўзғор ашёлари, уйдаги маҳсулотларни ишлатишда тежамкор ва эҳтиёткор бўлади. Эрнинг мол-дунёсини исроф қилмаслик ишни кўзини билиш ва уни қадрлашнинг белгиси демакдир. Бундан ташқари аёл киши эрининг яқинлари, қариндош-уруғларига чиройли ҳурмат кўрсатади. Уларни асло ёмонламайди. Аёллар орасида эшитган ҳар қандай сўзни айтиб дилини ғаш қилмайди. Шу билан бирга эрининг сир-асрорларини ҳеч кимга фош қилмайди. Уйнинг гапини кўчага олиб чиқмайди. Бу билан унинг ишончини йўқотасан. У хафа бўлса, хурсанд бўлиб, хурсандлигида хафа бўлиб юриш фаҳмсиз ва тарбияси бузуқ одамларнинг ишидир. Унга ёқмайдиган не иш борки, уларни тарк қилади.” Бувим гапларини тугатар эканлар, “уқиб олдингми?” дегандай бир қараб қўйдилар. Мен эса кўзларимни ердан ололмас, индамай ўтирардим… Мана орадан неча йиллар ўтди, бугун бувим ҳаётда йўқлар, аммо ўзларининг насиҳатлари билан ҳамон мен билан яшаётгандай бўлаверадилар. Бувимнинг ўгитлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб туради. 1 101
Тарихдан бизга маълумки, онамиз Момо Ҳаво яратилиши билан биз аёлларнинг бурчи сифатида елкамизга бажаришимиз шарт бўлган бир қанча масъулият юклатилди ва бу йўлда собит бўлганларга Аллоҳнинг муқаддас каломи Қуръони каримда, жаннат ваъдаси берилгани ҳақида оятлар нозил бўлди. Бизга юклатилган вазифаларнинг энг улуғи солиҳаликдан бошланади. Қуръони каримда: “(Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳга сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” деб марҳамат қилинган (Нисо сураси, 34-оят). Қуйидаги оятнинг тафсирида аёл кишининг эрига нисбатан итоатли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши диёнат жиҳатидан талаб этилгани батафсил тушунтирилган. Солиҳаликнинг шарти эса иффатли, диёнатли ва шарм-ҳаёли бўлишдир. Шундай экан, ҳаддан зиёд чайқалиб турган бугунги замонда, оммавий маданиятнинг авж пардасида, елкамиздаги бу масъулиятни анча унутиб қўймадикмикан, деган хавотирда бурчимизга садоқат билан ёндашсак, улуғ мукофотларга муяссар бўлмоғимиз шартларини яна бир эслатиб ўтишни жоиз топдик. Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёлларнинг энг яхшиси – назар солганингда сени хурсанд қиладиган, буюрганингда сенга итоат қиладиган ва сен йўғингда ҳам ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёлдир”, деганлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир”. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир” айтади (Нисо сураси, 34-оят). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёл беш маҳал намозини ўқиса, (Рамазон ойи) рўзасини тутса, фаржини (зино ва фаҳшдан) асраса, эрига итоат қилса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти). Яна бир ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассаллам): “Аёлга эри борлигида унинг изнисиз (нафл ва қазо) рўза тутиши, унинг изнисиз уйига (бировни киришига) изн бериши ҳалол бўлмайди”, дедилар (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти). Яна бир ривоятда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Аёл эрининг уйидаги нарсалардан садақа қиладими?” деб сўрашди. У киши шундай деди: “Йўқ, фақат (эри олиб келган) озиқ-овқатидан садақа қилса майли. Савоби ўрталарида бўлади. У эрининг молидан унинг изнисиз садақа қилиши ҳалол эмас” (Абу Довуд ривояти). Юқоридаги ояти карима ва ҳадислардан англанадики, бизга юклатилган нозик ва ўта муҳим бурч: ибо-ҳаё ва муомила одоби, ростгуйлик, вафога садоқат билан эргашишимиз қаътий таъкидланмоқда. Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи вассалам) шундай дедилар: “Аёлларингизнинг энг яхшиси Аллоҳга тақво қиладиган, кўп туғадиган, (эрига) муҳаббатли, кўнгил оладиган, буйсунадиганидир. Аёлларингизнинг ёмони очиқ-сочиқ, кибрлиларидир. Улар мунофиқадирлар Улардан кам учрайдиган қаноти оқ қарғалар каби жуда озчилиги жаннатга киради” (Табароний ва Дорақутний ривояти). Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи вассалам): “Уч киши ҳеч қачон жаннатга кирмайди: даюс, эркакшода аёл, ароқхўр”, дедилар” (Табароний ривояти).Шу ҳадисга чуқур ёндашадиган бўлсак “эркакшода” сўзининг ўзидаёқ аёл учун аёллик назокати қанчалик муҳимлигини гувоҳи бўламиз. Булардан ташқари аёллардаги ширин сўз ва очиқ қўллик, ҳокисорлик ҳам жаннатга элтиши ҳақида қуйидагича ҳадиси шариф келтирилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Саҳобалар сўрашди: “Фалончи аёл фарз намозларини ўқийди, садақа сифатида ёғи олинган пишлоқ тарқатади, ҳеч кимга азият бермайди. Бу аёл тўғрисида нима дейсиз?”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) жавоб бердилар: “Бу аёл жаннатийдир!” (Ҳоким ривояти). Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан: “Фалончи аёл кечани ибодатда, кундузларни рўзадор кечиради, меҳнат қилади, садақа ҳам тарқатади, аммо тили билан қўшниларга озор етказади” дейилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи вассалам) марҳамат этдилар: “У аёлда яхшилик йўқ жаҳаннамийдир!” (Бухорий “Ал-адабул муфрад”да ривоят қилинган). Демак, фан-техниканинг ривожланиши, мамлакатларнинг ўзаро ижтимоий-сиёсий алоқаларидаги глобаллашувнинг кўланкалари бошимизда қора булут каби турган замонда биз бу каби оят ва ҳадисларга эътибор ва масъулият билан амал қилсак, ўсиб келаётган ёш авлодга...
Бугун замонамизда камчиликларни акс эттирадиган кўзгулар анча хиралашиб қолган. Одамлар орасидаги меҳр-оқибат, самимият ва ҳокисорлик йўқолиб кетмоқда. Одамзод яратилгандан бери нафс билан кураш макон ва замонлар ўтса ҳам тўхтамайди. Ўз орзу мақсадлари йўлида жон куйдиради. Нафснинг палаклари ҳакалак отмоқда. Руҳиятимизни ўзимизники бўлмаган нарсалар учун эзиб, асабларимизни таранглаштириб қўямиз. Фақат бир тарафлама ўйлаб фикри ожизлик қилиб, шайтоннинг хийлалари ва тузоғига тушиб қоламиз. Аллоҳ таоло: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад сураси, 4-оят). Яъни, инсон бекорга яратилгани йўқ, унинг масъулияти, вазифаси, мажбурият бор ва уларни бажариш осонлик билан бўлмайди. Аллоҳ таоло дунё ва инсонларни яратиб, имтиҳон қилиш билан бениҳоя Қодир Зот экани зоҳир бўлади. Синовлар орқали бандалар Аллоҳнинг ниҳоятда меҳрибон, беминнат ризқ берувчи, гуноҳларни кечирувчи, ризқни хоҳласа танг ва тор қилувчи, комил илм соҳиби ва бошқа сифатларни кашф қилишади. Маъданлар юқори ҳароратда қиздирилиб, тобланиб, соф олтин ҳолига келтирилганидек, инсонлар ҳам шу каби синов оташларида тобланиб, покланиб юксалади. Бутун йиғиб-терганинг кулга айланса ёки ўзгалар қўлига ноҳақ ўтса, чидаш мушкул. Лекин дунёни уни Яратган Зотнинг Ўзи беришига, Ўзи олишига ишониш, қалбни хотиржам қилади. ҳар бир катта кичик синовларга сабр ва розилик ила қараш ва дуони кўпайтириш нажот йўлидир. Қалбимизда имон зиёси ҳаётимиздаги синовлар орқали ортади ундан норозилик вужудимизда касаллик пайдо қилади. сабр ва розилик танамиз ва руҳимизни поклайди. Турмуш синов ва машаққатларга тўла. Жуссамиз ва руҳиятимиз юз бераётган кутилмаган зарбалар остида анча заифлашиб қолган бўлмасин, барча қарама-қаршиликларга ижобий жавоб қайтаришга бартараф этилганга ўхшайди. Англатилаётган барча илмлар амали фақат бир маънога хизмат қилади. қораликка нисбатан оқликни, ёмонликка нисбатан яхшиликни кўпайтириш! Унинг синовлари, берган дарди-ю ташвишлари сени Ундан шикоят этишга жазм эттиролмагани каби ёнингдаги ҳамроҳингга ҳам Унга бўлган итоатингнинг айни бўлмаса-да сийрати назаринда итоатда бўлиш яхшироқдир. Ҳамроҳингдан келган озорлар сени бош кўтаришга бошламасин, худдики Ундан келган синовларга, синов эгасидан розилигинг он қадар кучли бўлса, ҳамроҳингнинг муомаласига ҳам шу каби муносабатда бўл. Кўпчилик аёлларимизни турмушнинг оғир юки енгиб қўйган. Тирикчилик қиламан деб жони халак. Унга уни таъмин этадиган эр эмас, “таъминла мени” дейдиган эр синов қилиб берилган. Бир ёқда бир этак бола. Моддият орқасидан кунда уйда жанжал. Бундай ҳаёт кечираётган аёл қалбида итоатдан кўра алам ва нолишни топишингиз мумкин. Яшаб ўтган йиллар йўлидан қайта юришга имкон бўлмайди. Ҳамроҳингиздан келган нохушликлар ҳам Унинг хоҳиши билан келур. У ҳеч бир ишдан бехабар эмас. Итоатда эса инкорга ўрин йўқ. Зилола Суярова Тошкент Ислом институти услубчи-мураббийси Манба: Muslim.uz 1 007