Иймон-нақадар таъсирли, сермаъно ва ҳаётбахш сўз. Бу сўзни эшитган заҳоти юраклар ларзага келади. Беихтиёр инсоннинг инсонийлигини эслатадиган, ҳамма илмларни мукаммали бўлган, гўзал хулқларни ўзида жамлайдиган сўздир. “Иймон” сўзи луғатда “тасдиклаш, ишониш” деган маьноларни англатади. Унинг истилоҳий маъноси “Қалб билан тасдиқлаб,тил билан иқрор бўлмоқликдир”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилганлар: “Илм исломнинг ҳаёти бўлса, иймон унинг таянчидир”. Иймон ҳар бир инсоннинг залолат ботқоғидан ислом, иймон нурига олиб чиқадиган энг буюк сўздир. Биз бу гўзал иймон ҳаловатини тотиш ва иймон нурларимизни зиёда қилиш учун ислом мутафаккирлари таъкидлаганидек зикр ва тафаккурга эътибор қаратишимиз даркор. 1. Қалбимиз ва ҳаёлимизни буюк Аллоҳнинг зикри билан банд этишимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унутиб бошқа нарсани эслайдиганларни ҳасрат ва надоматда қолишини таъкидлаган. Зикр нафсни поклайдиган ва аҳлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан биридир. Қуръон тиловатидан кейин тил учун энг афзал ибодат ихлос билан зикр қилишдир. “Зикр” сўзи луғатда “эслаш, хотирлаш, тафсифлаш” деган маьноларни англатади. Истилоҳда эса “зикр” банда роббисини тили ва дили билан эслашидир. Аллоҳ таоло “Тоҳа” сурасининг 124-оятида: “Ким менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз”, деган. Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасида: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар”, (41-42 оятлар) деган. Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда “У мени кузатиб турибди” деган доимий сергакликда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, холис амал қилишдир. Аллоҳ таоло “Анфол” сурасида: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (2-оят). Зикр қилиш ҳақида дастуруламал бўлган Қурьони карим оятларида кўп бор зикр қилинган. Зикр қилиш ҳақида кўп ҳадисларда ҳам келган. Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир қавм ўтириб, Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилсалар,албатта, уларни фаришталар қуршаб олур, раҳмат ўраб олур устиларидан сакийна нозил бўлур ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар ичида зикр қилур”,-дедилар. Шунингдек яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муфарридлар ўзиб кетдилар”, -дедилар. “Муфарридлар ким, эй, Аллоҳнинг расули?” –дейишди. Аллоҳни кўп зикр қиладиган эркак ва аёллардир”, -дедилар. Оиша розияллоҳу анҳадан шундай ҳадис ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Аллоҳни барча вақтларида зикр қилиб юрар эдилар”. Жалолиддин Румий “Ҳикматлар” номли китобида шундай деганлар: “Инсонни бошқарадиган аъзоси бу ҳаёлидир, чунки инсон нимани ҳаёл қилса ўша нарсага интилади, масалан бозорга бориш ҳаёлига келса, ўзи хоҳламаган ҳолида унга боғланиб қолади. Ҳаёлига келгани қалбига ўрнашади ва уни ўйлайди ёки тилига чиқаради. 2. Иймон ҳаловатини тотишнинг яна бир сабаби бутун коинотни тафаккур қилишдир. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида “Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: Роббимиз, буни бекорга яратгани йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин, дерлар”, деган (191-оят). Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таолонинг биру борлигини ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат, зикр ва тафаккур лозим экан. Қуръони каримда тафаккур ҳақида кўп оятлар келган. Тафаккур 70 йилги ибодатдан афзалдир дейилади. Бу бежиз емас тафаккур хар қандай оқил инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи, гўзал иймон соҳибига айлантирувчи энг муҳим омил ва енг юксак туйғудир. Ҳаётда бизни тарбиялайдиган қийинчиликлар бошимизга келганда,айрим ҳолларда “уф”, “оҳ” деган сўзларни кўп ишлатиб, қаттиқ сиқиламиз. Бу сўзларни ўрнига “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳ”, “Субҳаналлоҳ” дейишимиз даркор. Сабабики, тиббиётдан маълумки инсон агар қаттиқ сиқилиб “уф”, “оҳ” деса асаб ва нерв толалари узилар, мияда ҳар хил еллар тўпланиб, шишишлар пайдо бўлади. Агар Аллоҳ таолонинг зикрини қиладиган бўлсак ўзимизга фойда қилган бўламиз. Жаҳл келганда ҳам тез суратда Аллоҳ таолонинг исми ва сифатларини зикр ва тафаккур қилмоқлигимиз зарур ва шартдур. Шунда жаҳли келган инсоннинг жаҳли тез кетишлигини Пайғамбаримизнинг кўп ҳадисларида таъкидланганлигини кўришимиз мумкин. Доимо Аллоҳ таолонинг зикри ва тафаккурида бўлиб қалбларимиздаги иймон нурлари янада зиёда бўлишини ва иймон ҳаловатини ҳар дам тотиб юришни, Ўзининг энг севимли бандалари қаторида бўлишни меҳрибон ва бенуқсон бўлган Роббимиз Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. 525
Араб тилида гуноҳни кечириш маъносида қўлланиладиган “аъфу” ва “мағфират” сўзлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қанча ўринларда келган. Бу икки сўз ўзбек тилида бир сўз билан “кечириш” маъносини англатсада, араб тилининг ўзида икки ҳил фарқли мазмунни ифода қилади. Мағфират сўзи араб тилида “غَفَرَ” феъли маъносида бўлиб, “кечириш”, “яшириш” ва “беркитиш” маъноларини билдиради. “Аъфу” эса, “عَفا” феъли маъносида бўлиб, бу ҳам “кечириш” ҳамда “жазони бекор қилиш” маъноларини англатади. Қўлланишида бир-бирига яқин бўлсада, “аъфу” “мағфират”дан кўра кучлироқ мазмунни ифода этади. Мағфират гуноҳни кечириш бўлса, афу уни кечириш билан бирга банданинг гуноҳ амаллари қаторидан ҳам ўчириб, йўқ қилиш ва бошқаларнинг эсидан ҳам чиқаришдир. Яни, Аллоҳ таоло банданинг гуноҳларини афу қилиши Қиёмат кунида бандага бу гуноҳ эслатилмаслиги ва амаллар рўйхатидан ҳам олиб ташланишини англатади. Мағфират эса ундай эмас. Яни, ҳисоб кунида ўша гуноҳ банданинг ёдида бўлади, унга эслатилади, маломат қилинади, аммо бошқалардан беркитилади ва унга ўша иши учун жазо берилмайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдам қадрни топсам нима айтишим керак деганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳим, сен афу ва карим (сифатига эга зот)сан, афуни яхши кўрасан, мени афу этгин”. Ушбу ҳадоси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолар қабул бўладиган Қадр кечасида афуни сўрашни тавсия қиляптилар. Шундан ҳам афунинг қанчалик биз гуноҳкор бандалар учун зарурлигини билишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг бандаларини афу этиши бизга бўлган Ўзининг катта неъматларидандир. Рамазон ойида, хусусан Қадр кечаси топиладиган ушбу охирги ўн кунликда Аллоҳ таоло Ўзининг Афу сифати билан барчаларимизнинг гуноҳларимизни афу этишини сўраймиз. Ш.Чўлпонов ТИИ ўқитувчиси Манба: Muslim.uz 517
Ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа илмлар унинг шохларидир. Бошқача қилиб айтганда, ақида илми иморатнинг пойдевори кабидир. Асос бўлмаса ёки у бўш бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар қабул қилинмайди. Сўфи Оллоёр ҳазратлари: Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдир! деб ақидага аниқ ва тўғри баҳо берганлар. Шу сабабли ҳам жанобимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг аввалги ўн уч йилини ақидани тўғрилашга бағишладилар. Чунки ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари, тавхид, дунё ва охират тўғрисидаги исломий ғоялар, тақдир масаласи, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах,фаришталар,илоҳий китоблар ва пайғамбарларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоидалари, одоблари ўрнашгачгина пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинган. Аллоҳ таоло ўз каломида шундай деб марҳамат қилади: “Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан ҳақиқий қўрқув билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!” Пайғамбаримизга замондош бўлиш шарафига муяссар бўлган саҳоба икромлар илоҳий қонун ҳисобланган Қуръони каримнинг йўл-йўриқларига оғишмай амал қилиб икки дунё саодатига, Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Ўтмишдан маълумки, ислом дини Шарқ ўлкаларида тарқалиб Ўрта Осиё халқларининг асосий динига айланганидан кейин, Мовароуннаҳр ҳудуди ислом таълимоти тарқалиши ва шариат илмлари, айниқса, фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, шунингдек, араб тили ва унга тегишли фанлар ривожининг марказига айланди. Лекин, халқимиз собиқ тузим пайтида диний таъзиққа учради ва ҳатто, ғарбона ҳаёт тарзи ёшлар онгини бир мунча заҳарлаб ҳам қўйди. Аммо, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг мана сал кам 26 йил мобайнида умуман дин, хусусан ислом динини асл манбалари асосида илмий ўрганиш, кенг ёритиб бериш учун имконият яратилди. Шу маънода ҳозирги пайтда барча илмлар қатори ақоид масалаларига ҳам катта эътибор қаратилиб, бир қатор ақоид илми борасида ёзилган асарлар устида тадқиқотлар, илмий баҳслар олиб борилмоқда ва илмий мақолалар, рисолалар чоп этилмоқда. Албатта, бундай иш-иложлар ўз самарасини бермай қўймайди. Муқаддас динимиз руҳияти, баракаси яна қайтмоқда. Зеро, биз Имом Бухорий, Термизий, Матуридий ва Насафийларни тарбиялаган халқ фарзандларимиз. Тошкент ислом институти битирувчиси Низаматдинов Есенгелди 370
Қутбиддин Муҳаммад ибн Султон ҳазратлари ҳанафий фиқҳининг кўзга кўринган олимларидан биридирлар. Ҳижрий 870 йил (милодий 1465 йил) да Шомда таваллуд топганлар. Мадраса таҳсилидан сўнг, “Зоҳирийя” мадрасаси ва “Умавийя Жоме”сида мударрислик қилдилар. Ҳижрий 950 йил (милодий 1544 йил) да Шомда вафот этдилар. Улардан бизга улкан меърос қолган. Бир дарсларида шундай дейдилар: “Имоннинг тўртинчи шарти, Пайғамбарларга имон келтиришдир. “Аманту” (имон калимаси) даги “ва русулиҳи” калимаси, “Аллоҳ Таолонинг жамийки Пайғамбарларига имон келтиришни билдиради”. Пайғамбарларнинг аввали Одам алайҳиссалом ва сўнггиси, бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Иккалаларининг ораларида жуда кўп пайғамбарлар ўтдилар. Ададлари аниқ эмас. Бир юз йигирма тўрт мингдан ортиқликлари машҳурдир. Пайғамбарларга имон келтириш, ораларини ҳеч ажратмаган ҳолда, барчалари Аллоҳ Таоло тарафидан танлаб олинган содиқ,тўғри сўзли эканликларига ишониш демакдир. Улардан бирига ишонмаган кимса, ҳеч бирига ишонмаган кабидир. Пайғамбарликка узоқ риёзат чекиш, кўп ибодат қилиш, очлик ва ҳузн чекиш билан эришилмайди. Фақатгина, Аллоҳ Таолонинг эҳсони, танлови билан берилади. Аллоҳ Таоло ер юзидаги илк инсон ва илк пайғамбар бўлмиш Одам алайҳиссаломдан бери ҳар минг йилда янги пайғамбар юбориш воситаси ила давр инсонларига дин ва унинг аҳкомларини баён қилди. Бундан мақсад, инсонларнинг дунёда роҳат ва ҳузур ичида яшамоқлари ва охиратда ҳам абадий саодатга эришиш йўлини кўрсатиш эди. Ўзлари билан янги дин олиб келган пайғамбарлар “Расул” дир. Расулларнинг буюклари эса “Улул Азм” дейилади. Булар, Одам (алайҳиссалом), Нуҳ (алайҳиссалом), Иброҳим (алайҳиссалом), Мусо (алайҳиссалом), Исо (алайҳиссалом) ва севикли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломдирлар. Машҳур бўлган пайғамбарлар адади ўттиз учтадир. Улар: Одам (алайҳиссалом) Идрис (алайҳиссалом) Шис (алайҳиссалом) Нуҳ (алайҳиссалом) Ҳуд (алайҳиссалом) Солиҳ (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом) Лут (алайҳиссалом) Исмоил (алайҳиссалом) Исҳоқ (алайҳиссалом) Яъқуб (алайҳиссалом) Юсуф (алайҳиссалом) Айюб (алайҳиссалом) Шуайб (алайҳиссалом) Мусо (алайҳиссалом) Ҳорун (алайҳиссалом) Ҳизр (алайҳиссалом) Юша ибн Нуҳ (алайҳиссалом) Илёс (алайҳиссалом) Ал Ясаъ (алайҳиссалом) Зулкифл (алайҳиссалом) Шамъун (алайҳиссалом) Исмоил (алайҳиссалом) Юнус ибн Мато (алайҳиссалом) Довуд (алайҳиссалом) Сулаймон (алайҳиссалом) Луқмон (алайҳиссалом) Закариё (алайҳиссалом) Яҳё (алайҳиссалом) Узайр (алайҳиссалом) Исо ибн Марям (алайҳиссалом) Зулқарнайн (алайҳиссалом) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Булардан йигирма саккизтасининг исми Қуръони Каримда келган бўлиб, Зулқарнайн, Луқмон, Узайр ва Ҳизр (алайҳиссалом) ларнинг пайғамбар ёки пайғамбар эмасликлари ҳақида ихтилоф бор. Одам алайҳиссаломдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган жамийки пайғамбарлар Аллоҳдан айни имонни олиб келганлар ва умматларидан ушаларга ишонишни талаб этганлар. Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломга ишониб,Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонмайдилар. Християнлар эса, Исо алайҳиссаломга имон келтириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни рад этадилар. Мусулмонлар эса, бутун пайғамбарларга имон келтирадилар”. Тошкент Ислом институти битирувчиси Сайдаҳмедова Барнохон 504