Ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа илмлар унинг шохларидир. Бошқача қилиб айтганда, ақида илми иморатнинг пойдевори кабидир. Асос бўлмаса ёки у бўш бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар қабул қилинмайди. Сўфи Оллоёр ҳазратлари: Ақида билмаган шайтона элдур, Агар минг йил амал деб қилса, елдир! деб ақидага аниқ ва тўғри баҳо берганлар. Шу сабабли ҳам жанобимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг аввалги ўн уч йилини ақидани тўғрилашга бағишладилар. Чунки ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари, тавхид, дунё ва охират тўғрисидаги исломий ғоялар, тақдир масаласи, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах,фаришталар,илоҳий китоблар ва пайғамбарларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш қоидалари, одоблари ўрнашгачгина пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинган. Аллоҳ таоло ўз каломида шундай деб марҳамат қилади: “Эй иймон келтирган зотлар, Аллоҳдан ҳақиқий қўрқув билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!” Пайғамбаримизга замондош бўлиш шарафига муяссар бўлган саҳоба икромлар илоҳий қонун ҳисобланган Қуръони каримнинг йўл-йўриқларига оғишмай амал қилиб икки дунё саодатига, Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Ўтмишдан маълумки, ислом дини Шарқ ўлкаларида тарқалиб Ўрта Осиё халқларининг асосий динига айланганидан кейин, Мовароуннаҳр ҳудуди ислом таълимоти тарқалиши ва шариат илмлари, айниқса, фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, шунингдек, араб тили ва унга тегишли фанлар ривожининг марказига айланди. Лекин, халқимиз собиқ тузим пайтида диний таъзиққа учради ва ҳатто, ғарбона ҳаёт тарзи ёшлар онгини бир мунча заҳарлаб ҳам қўйди. Аммо, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг мана сал кам 26 йил мобайнида умуман дин, хусусан ислом динини асл манбалари асосида илмий ўрганиш, кенг ёритиб бериш учун имконият яратилди. Шу маънода ҳозирги пайтда барча илмлар қатори ақоид масалаларига ҳам катта эътибор қаратилиб, бир қатор ақоид илми борасида ёзилган асарлар устида тадқиқотлар, илмий баҳслар олиб борилмоқда ва илмий мақолалар, рисолалар чоп этилмоқда. Албатта, бундай иш-иложлар ўз самарасини бермай қўймайди. Муқаддас динимиз руҳияти, баракаси яна қайтмоқда. Зеро, биз Имом Бухорий, Термизий, Матуридий ва Насафийларни тарбиялаган халқ фарзандларимиз. Тошкент ислом институти битирувчиси Низаматдинов Есенгелди 370
Кишилик жамиятида инсон психологияси, унинг руҳий камолоти ҳақида қадимдан турли қарашлар мавжуд. Бу мавзу бугунги кунда ҳам катта аҳамиятга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Муқаддас динимиз Исломда бу соҳага ҳам алоҳида эътибор берилган ва энг тўғри қарашлар кўрсатилган. Бу борада айниқса нақшбандия тариқатининг тутган ўрни беқиёс. Уларни ўрганиб, халқимиз эътиборига ҳавола қилиш, ўсиб келаётган авлодни шу таълимотлар асосида тарбиялаш бугунги куннинг долзарб масалаларидандир. Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт, кучли ҳуқуқий-демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эзгу мақсад замирида инсон ва унинг манфаатлари мужассам бўлиб, унинг самарадорлиги халқимиз маънавий-руҳий қарашларидаги янгиланиш, жамиятимиз онгу тафаккуридаги юксалиш билан узвий боғлиқ. Истиқлол миллий ва диний қадриятларимиз тикланишига кенг имкониятлар яратди. Дин миллий маънавиятни шакллантиришга бевосита таъсир қилувчи мезонлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу диний ва дунёвий илмлар ўртасидаги нозик муносабатларнинг моҳиятини ҳар томонлама тўғри тушунтириб бериш, динлар ҳақидаги мантиқий асосланган билимларни шакллантириш ва дунёвийлик тушунчасини чуқурлаштириб боришни тақозо этади. Тасаввуф илмини назарий ва амалий жиҳатдан бойитган буюк мутафаккирларнинг фикрлари, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашган етук тарихий шахслар сифатидаги диний, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий қарашларининг асл моҳияти ва аҳамиятини ёритиб бериш, албатта, ҳозирги давр учун ҳам ниҳоятда муҳимдир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “… дунёвий ва диний қадриятлар бир-бирини тўлдирмас экан, бугунги куннинг оғир ва мураккаб саволларига тўлақонли жавоб бериш осон бўлмайди”. Тарихдан маълумки, эзгуликка хизмат қилувчи аксарият таълимотларда комил инсон масаласи, айниқса ёшлар тарбияси муҳим ҳисобланиб келинган. Жамият, юрт келажагини таъминловчи ушбу омилга ҳар бир соҳада, жабҳада зарурат ҳисси сезилиб келинган. Шунинг учун ҳам турли қарашларда тарбия ва маънавий камолотнинг турлича мазмун ва усуллари турли омилларга кўра ҳар хил ишлаб чиқилган. Шундай бўлса-да, комил инсон, комил шахс ғояси ҳар бир таълимот ёки тафаккур тарзининг асосий муаммолари қаторидан четда қолиб кетмаган. Қадимги динлар, ижтимоий-фалсафий таълимотлар, мутафаккирлар, жумладан Ҳаким ат-Термизий ҳам бу хусусида ўзига хос, маънавий-ахлоқий, руҳий ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратиб фикрларни ўртага ташлаганлар. У киши Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар асосида комил инсон тарбиясининг ўзига хос методларини ишлаб чиқдилар. Ҳар бир мадраса ёки бошқа таълим давралари бўлсин, уларда таълим жараёни билан бирга мусулмон одоби ва хулқи, руҳий тарбия фарзандларга ўргатиб келинган. Ҳар бир мусулмон жамиятида, махсус тасаввуф ҳалқаларида шогирдлар, фарзандлар тарбиясига қаттиқ эътибор берилиб, буни муршид, ота-она ўз олдидаги вазифаси деб ҳисоблаган ва бу анъанага айланиб қолган. Ислом ахлоқи, тасаввуф тарбияси бутун мусулмон уламолари қаторида юртимизда этишиб чиққан Ҳамадоний, Ғиждувоний, Яссавий, Боҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий, Навоий ва шу каби юзлаб уламолар асарларида ҳам кўрсатиб, шарҳлаб берди. Уларнинг тарбиявий йўли шарқона мусулмон тарбиясининг ўзагини ташкил қилиб, халқимиз ҳаёти ва турмуш тарзининг маънавий асоси бўлиб хизмат қилди. Уламолар илм хусусида айтган ислом ёмғири гарчи илк бор Арабистон тупроғида ёққан бўлсада шаррос ва қисқа бўлди, аммо бизнинг тупроғимизга майдалаб ва узоқ вақт ёғди деган ташбеҳларини руҳий тарбия, ахлоқий амалиёт хусусида ҳам қўллаш айни ҳақиқат бўлади. Негаки, ҳақиқий исломий тарбия, ҳатто оддийгина элементар одоблар ҳам биз туронликлар ҳаётида сақланиб қолди. Оддийгина ўрнидан туриб ўзидан каттага жой бермаган ўспирин бизнинг наздимизда қандай ҳам сурбетлик билан тарбиясизликнинг хунук кўринишини намоён қилади. Агар сиз ўша ўспиринни койиб дашном берсангиз, бу ҳолат тарбиянинг нуқсонлигидан эканлигини айтсангиз, сизга атрофдагилар раҳмат айтишади. Узоқ минг йиллар мобайнида тасаввуф тарбияси, одоблари шунчалик қон-қонимизга сингиб...
Руҳий озуқага олиб борувчи омиллардан бири рўзадир. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан ҳисобланади. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир. Рўза тақвонинг асосий омилларида ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида: “Эй, иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз”, деган. Бу оятдан келиб чиқадики, рўза ҳам тақво йўлларидан бири эканлиги. Рўза тутган шахснинг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво руҳи уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани “тақво” деб номланувчи, икки дунё саодатига эриштирувчи бахтга муяссар қилади. “Тақво” руҳий озуқаланишнинг муҳим омилларидандир. Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу рўзанинг Аллоҳ таолонинг ўзига боғлашлигидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бунинг баёнини қилгандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло деди: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти. Рўзанинг бу сифатга эга бўлишининг икки маъноси бордир: Рўза ички амал ҳисобланади Рўза тутмоқ шайтонга қаҳр қилишдир. Шаҳват емоқ ичмоқ ила қувватланади. Шаҳвати кучли бўлган инсонга шайтон ўз амрини ўтказиши осон бўлади. Рўза тутган одамга эса, шайтон яқинлаша олмайди. Уламолар наздида рўзанинг даражаси учтадир: Биринчи даража – омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржни шаҳватдан тийишдан иборат. Иккинчи даража – хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдан иборат. Учинчи даража – хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда қалбни ёмон нарсалардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳдан бошқа нарсалардан тийишдан иборат. Тошкент Ислом институти талабаси Мамадазизов Жалолиддин 386
Жорий йилнинг 29 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига “BBC” телерадиокомпаниясига қарашли “Heart and Soul” компанияси мухбирлари Рустам Қобил ва Наталья Голышева ташриф буюришди. Мухбирлар “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” Республика босқичи ғолиб ва совриндорлари бўлган ТИИ талабалари Й.Нуриддинов (олий ўрин соҳиби, ҳифз йўналиши), М.Сайдалиев (2-ўрин, ҳифз йўналиши), Ҳ.Нажмиддинов (3-ўрин, тиловат йўналиши) ва талаба қизлар Р.Нажмиддинова (олий ўрин, ҳифз йўналиши), М.Сайдалиева (1-ўрин, тиловат йўналиши) билан учрашиб, улардан интервью олдилар. Интервью олиш жараёнида мухбирлар Р.Қобил ва Н.Голышева томонидан талабаларга Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида қилинаётган ишлар, мамлакатимизнинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда сўнгги йилларда дин соҳасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқлар ҳақида саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўз ўрнида талабалар мазкур саволларга талаба ёшлар нуқтаи назаридан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Интервью сўнгида мухбирлар олиб борилган суҳбат ва яратилган шарт-шароит ҳамда имконият учун ТИИ раҳбарияти ва интервью берган талабалардан миннатдор эканликларини изҳор этдилар. 310