Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ижодкорлари кўпчилик хорижда юрган ҳамюртларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда “Хориждаги юртдошим” деб номланган янги лойиҳани ишга туширди. Ушбу лойиҳани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – тирикчилик, хизмат сафари ёки таълим олиш учун чет элларда юрган юртдошларимизнинг диний масалалар бўйича барча саволларига жавоб бериш, уларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечимини кўрсатиш, шунингдек, хориждаги юртдошларимизнинг дарду ташвишлари, кечинмалари ва муаммолари акс этган виртул мактубларни ўрганиб, муаммони бартараф этиш чораларини кўришдан иборат. Шунингдек, ушбу рукнда, турли мамлакатларда, ибодат қилиш билан боғлиқ фарқли жиҳатлар, истеъмол қилинадиган ёки қилинмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари, иштирок этиш мумкин ёки мумкин бўлмаган маърака-маросимлар ва ҳоказо масалалар бўйича туркум мақолалар ҳам эълон қилиб борилади. Ҳурматли мухлислар! Бизни кузатишда давом этинг. Ҳали олдинда, Сиз учун яна-да фойдали ва қизиқарли мега лойиҳалар тайёрлаб қўйганмиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 234
Қутбиддин Муҳаммад ибн Султон ҳазратлари ҳанафий фиқҳининг кўзга кўринган олимларидан биридирлар. Ҳижрий 870 йил (милодий 1465 йил) да Шомда таваллуд топганлар. Мадраса таҳсилидан сўнг, “Зоҳирийя” мадрасаси ва “Умавийя Жоме”сида мударрислик қилдилар. Ҳижрий 950 йил (милодий 1544 йил) да Шомда вафот этдилар. Улардан бизга улкан меърос қолган. Бир дарсларида шундай дейдилар: “Имоннинг тўртинчи шарти, Пайғамбарларга имон келтиришдир. “Аманту” (имон калимаси) даги “ва русулиҳи” калимаси, “Аллоҳ Таолонинг жамийки Пайғамбарларига имон келтиришни билдиради”. Пайғамбарларнинг аввали Одам алайҳиссалом ва сўнггиси, бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Иккалаларининг ораларида жуда кўп пайғамбарлар ўтдилар. Ададлари аниқ эмас. Бир юз йигирма тўрт мингдан ортиқликлари машҳурдир. Пайғамбарларга имон келтириш, ораларини ҳеч ажратмаган ҳолда, барчалари Аллоҳ Таоло тарафидан танлаб олинган содиқ,тўғри сўзли эканликларига ишониш демакдир. Улардан бирига ишонмаган кимса, ҳеч бирига ишонмаган кабидир. Пайғамбарликка узоқ риёзат чекиш, кўп ибодат қилиш, очлик ва ҳузн чекиш билан эришилмайди. Фақатгина, Аллоҳ Таолонинг эҳсони, танлови билан берилади. Аллоҳ Таоло ер юзидаги илк инсон ва илк пайғамбар бўлмиш Одам алайҳиссаломдан бери ҳар минг йилда янги пайғамбар юбориш воситаси ила давр инсонларига дин ва унинг аҳкомларини баён қилди. Бундан мақсад, инсонларнинг дунёда роҳат ва ҳузур ичида яшамоқлари ва охиратда ҳам абадий саодатга эришиш йўлини кўрсатиш эди. Ўзлари билан янги дин олиб келган пайғамбарлар “Расул” дир. Расулларнинг буюклари эса “Улул Азм” дейилади. Булар, Одам (алайҳиссалом), Нуҳ (алайҳиссалом), Иброҳим (алайҳиссалом), Мусо (алайҳиссалом), Исо (алайҳиссалом) ва севикли пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломдирлар. Машҳур бўлган пайғамбарлар адади ўттиз учтадир. Улар: Одам (алайҳиссалом) Идрис (алайҳиссалом) Шис (алайҳиссалом) Нуҳ (алайҳиссалом) Ҳуд (алайҳиссалом) Солиҳ (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом) Лут (алайҳиссалом) Исмоил (алайҳиссалом) Исҳоқ (алайҳиссалом) Яъқуб (алайҳиссалом) Юсуф (алайҳиссалом) Айюб (алайҳиссалом) Шуайб (алайҳиссалом) Мусо (алайҳиссалом) Ҳорун (алайҳиссалом) Ҳизр (алайҳиссалом) Юша ибн Нуҳ (алайҳиссалом) Илёс (алайҳиссалом) Ал Ясаъ (алайҳиссалом) Зулкифл (алайҳиссалом) Шамъун (алайҳиссалом) Исмоил (алайҳиссалом) Юнус ибн Мато (алайҳиссалом) Довуд (алайҳиссалом) Сулаймон (алайҳиссалом) Луқмон (алайҳиссалом) Закариё (алайҳиссалом) Яҳё (алайҳиссалом) Узайр (алайҳиссалом) Исо ибн Марям (алайҳиссалом) Зулқарнайн (алайҳиссалом) Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Булардан йигирма саккизтасининг исми Қуръони Каримда келган бўлиб, Зулқарнайн, Луқмон, Узайр ва Ҳизр (алайҳиссалом) ларнинг пайғамбар ёки пайғамбар эмасликлари ҳақида ихтилоф бор. Одам алайҳиссаломдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган жамийки пайғамбарлар Аллоҳдан айни имонни олиб келганлар ва умматларидан ушаларга ишонишни талаб этганлар. Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломга ишониб,Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонмайдилар. Християнлар эса, Исо алайҳиссаломга имон келтириб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни рад этадилар. Мусулмонлар эса, бутун пайғамбарларга имон келтирадилар”. Тошкент Ислом институти битирувчиси Сайдаҳмедова Барнохон 504
“Дунё” сўзи луғатда “бойлик”, “давлат” деган маъноларни англатади. Биз дунёга келганимиздан то вояга етгунимизча унинг гўзаллигини кўрамиз, катта бўлган сари дунёнинг ташвишларга, адолатсизликарига, ғам-ташвишларига гувоҳ бўламиз ва аста-секин бунга кўникамиз. Яқинларимиз ва дўстларимиз билан мулоқот қиламиз, ўз юмушларимиз билан банд бўламиз, оила-аъзоларимиз билан шоду ҳуррамликда вақт ўтказамиз. Кундалик режалар ва мақсадлар билан кунимиз қандай ўтканини ҳам сезмай қоламиз. Дунёга, унинг зийнатларига шунчалик берилиб кетганимиздан, бир-биримизнинг ўртмиздаги меҳр-оқибатни, ота-онага яхшилик қилишни, қариндошлик ришталарини унутганмиз, ҳатто, намозимиздаги хушуъни ҳам ёқотиб қўйганмиз. Бунга сабаб нима? Аллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир сониямиз учун жавоб беришимизни ўйламаймизми? Бу дунёни Аллоҳ таоло нима учун гўзал ва ундаги нарсаларни зийнатли қилиб яратди? Бунга Аллоҳ таолонинг Ўзи “Каҳф” сурасининг 7- оятида шундай марҳамат қилади: “Биз ер юзидаги нарсаларни, уларнинг қайсилари гўзалроқ амал қилишини синаш учун, зебу зийнат қилиб қўйганмиз”. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Дунё осмон билан Ер ўртасида қамалган бўлиб, Аллоҳ таоло яратгандан бери унга қарамайди. Дунё қиёмат куни келганда: “Эй Роббим, бугун мени энг паст мақомдаги дўстларингга бўлса ҳам насиба қилиб бергин”, деб илтижо қилади. Аллоҳ таоло унга: “Эй ҳақир ва тубан нарса, жим бўл, мен сени уларга дунёда раво кўрмаган бўлсам, қандай қилиб энди раво кўрайин, дейди. Мана, кўриниб турибдики, “дунё”ни ва ундаги зеб-зийнатларни синов учун, қай биримиз бу синовдан ўтолсак, унинг гўзаллигига алданмасак, Аллоҳ таолонинг Ўзи гўзал ажру-мукофот билан мукофотлайди. Дунёни яхши кўриш узун орзу-ҳаваслар қилиш билан янада мустаҳкамланади. Агар Холиқ Зот дунё ҳақида хабар бериб, мисолини келтирмаганда, албатта, дунё ухлаганни уйғотиб, ғофилни ҳушёр қиларди. Аллоҳ таоло наздида дунёнинг мисқолча қадри йўқ. Пашша қанотича камайтирилмай дунё хазиналари калитлари билан Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кўрсатилганда, уни олишдан бош тортдилар. Аллоҳ таоло синов-имтиҳон учун солиҳ бандаларидан дунёни пинҳон тутди, алдаш учун душманларига дунёни кенг ва бемалол қилиб қўйди. Аъло ибн Зиёд: “Тушимда дунёни ўзига оро бериб, афт-башараси буришган кампир қиёфасида кўрдим. Одамлар унга топиниб, ҳар томондан ҳайратланиб қарарди. Кампир олдига бориб, унга бунчалик ажабланиб қараётганларидан ҳайрон бўлдим. Шунда кампирга: “Сен кимсан?”, дедим. У: “Мени танимаяпсанми?”, деди. Мен: “Йўқ”, дедим. “Сен кимсан?”, деб сўрадим. “Мен дунёман”, деди. “Аллоҳдан сенинг ёмонлигингдан паноҳ сўрайман”, дедим. У: “Агар ёмонлигимдан паноҳ топишни истасанг, дирҳамни ёмон кўр!”, деди. Исо алайҳиссалом: “Дунё – кўприк, унда машғул бўлмасдан ўтинглар”, дедилар. Ҳақиқатан, бу дунё ҳаёти охиратга олиб боришга очиқ ва ёрқин мисолдир. Бешик – ана шу кўприк бошидаги дастлабки масофа бўлса, лаҳад охирги масофадир. Шу иккови орасида қисқа бир масофа мавжуд. Одамлардан қанчаси шу кўприкнинг ярмига етиб борса, қанчаси учдан бирини ва қанчаси учдан бирининг бирини босиб ўтадилар. Қанчасига бир қадамдан ортиқ юриш насиб қилмади. Ҳар қанақасига кўприкдан ўтилиши шарт. Аммо шу кўприкдан ўтиб олиш ҳақида ўйламай, унинг устида иморат қуриб, турли зийнатларга чалғиб яшаш ғоят жоҳиллик ва ютқизишдир. Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) шундай дедилар: “Билингларки, сизлар ўликсизлар, ўлгандан сўнг тириласизлар. Амалларингиз олдида турғизилиб, у туфайли жазо (мукофот)ланасизлар. Сизларни дунё ҳаёти алдаб қўймасин. Албатта, у бало-офатлар билан ўраб қўйилган, фонийлиги билан танилган ва алдамчилги билан васф қилинган. Дунёдаги ҳар бир нарсани завол тутади. Дунё ўз аҳли ўртасида гоҳ буёқ, гоҳ буёққа айланади. Дунё ҳеч қачон бир хил турган эмас, унинг ёмонлигидан низо, кураш тўхтаган эмас....