НУБУВВАТ (“Хабар бериш”)-Сўфийлар нубувватни фарқли тарзда шарҳлаганлар. Ҳаким Термизий, парданинг кўтарилиши ва ғайб сирларидан воқиф бўлиб Аллоҳни билиш, Аллоҳ нури билан ўралган ашёнинг моҳиятига басират кўзи билан разм солиш, дея шарҳлаган. Кейинги давр мутасаввифлари бу масалага фалсафий жиҳатдан муносабат билдирганлар. Масалан, Фарғонийга кўра, набий – Аллоҳнинг зотидан, сифатларидан, исмларидан, ҳукмларидан ва муродларидан хабар берувчи кишидир. Сўфийлар назарида, нубувват – Муҳаммад алайҳиссаломнинг бир ҳақиқати, зоҳирий борлиғи. Фарғоний “Руҳул аъзам” деган нарсага Ибн Арабий “Ҳақиқати Муҳаммадия”, “Нури Муҳаммадия” деган. ВАЛОЯТ – “Дўст” маъносини билдирувчи валий (кўплиги “авлиё”), Қуръони каримда икки хил маънода келган: 1. “Ишларини Аллоҳ таоло кўриб турадиган ва уни нафси билан ёлғиз қолдирмайдиган киши” сифатида; 2. “Аллоҳга ибодат ва тоатини ўрнига қўйган киши” маъносида. Набийлар “маъсум”, валийлар эса “маҳфуз”дирлар. Воситийнинг айтишича, валийнинг тўрт сифати-аломати бор: 1. Ўзи билан Парвардигори орасидаги сирларни сақлайди. 2. Кароматини яширади, риёга йўл қўймайди. 3. Аллоҳнинг яратганлари томонидан етказилган азият ва зулмга сабрбардош қилади ва уларга юк бўлмайди. 4. Аллоҳнинг бандаларини уларнинг табиати ва феъл-атворларига кўра бошқаради. ХОТАМУЛ АВЛИЁ масаласи. Бу масалани илк бор ўртага қўйган, сўфийларнинг долзарб мавзусига айлантирган Ҳаким Термизий бўлиб, бу мавзуда “Хатмул авлиё” номли кўзга кўринган асар ёзган. Пайғамбарларнинг бир-биридан устунликлари бўлганидек, валийлар орасида ҳам даражалар бор дейди. Валийларнинг энг устуни хотамул авлиёдир. Термизийнинг фикрича “валоят байроғини қўлида тутган хотамул авлиё, Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошқа пайғамбарларни шафоат қилиши каби, бошка авлиёларни ҳам шафоат қилиш ҳуқуқига эга. Ўша пайт валийлар унинг орқасида, набийлар эса олдида бўладилар”. Термизий бошлаган бу тушунча тобора кенг ёйилди ва Ибн Арабий томонидан янада тартиблироқ ҳолга келтирилди. Ибн Арабий хатми валоят масаласини изоҳлар экан, набийлик ниҳоясига етган, валийлик эса давом этмоқда, дейди. Чунки Аллоҳнинг исмларидан бири – Валий. Шунингдек, “валий набийдан устундир” деган фикрни ҳам ўртага ташлайди. Хотамул авлиё тушунчасини энг қаттиқ қоралаганлардан бири Ибн Таймиядир. У Ибн Арабийни шу фикрлари учун “кофир” деб эълон қилган. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Тўхтаев Насрулло 901
2018 йил 10 июндан бошлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида “Қуръони карим ва тажвид” фани бўйича пуллик ўқув курси ўз фаолиятини бошлади. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам ташкил этиладиган мазкур ўқув курси учун ҳужжатлар 2018 йилнинг 1-3 июнь кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача қабул қилинади. Ўқув курсларига Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига мувофиқ 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида қабул қилинади. Ўқув курсида ўқиш учун тингловчилардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади: — ректор номига ариза; — соғлиги ҳақида тиббий маълумотнома (У-086-шакл); — паспорт нусхаси (асли кўрсатилади); — 4 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги); — яшаш жойидан маълумотнома; Ўқув машғулоти тўлови 1 нафар тингловчи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида белгиланди. Ўқув курси бўйича ўзингизни қизиқтирган саволлар юзасидан институтнинг қуйидаги +99871 227-42-37, +99871 240-03-58 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин. Ахборот-ресурс маркази мудири Камолиддин Маҳкамов 395
Ўз пайғамбарини каломи шарифида: “(Эй мўминлар,) албатта, сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбари (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқ-атворида) гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21-оят) дея мадҳ этган буюк ва ғафур зот Аллоҳ таолога туганмас ҳамду санолар бўлсин. Шайх Ҳасан ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳу алайҳ тарихни ўрганишга тарғиб қилиб шундай дейди: “Тарих барча ўтган аждодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих бир уммат ўзининг ўтмишига бориб келадиган ва ҳозири билан ўтмиши ўртасидан жой олган кўприкдир”. Мана шу тарихни энг гўзали, энг роҳатбаҳши ва қалбга сурур берувчиси албатта, шафоат тилаган мусулмон аҳлининг шафоатчиси тарихи Сийрати Муҳаммадиядир. Бу илм шунчалар муҳим ва зарурлигидан уламолар у илмни ўрганишга алоҳида тарғиблар билан ҳикматли сўзларини ёзиб қолдириб, биз авлодларга насиҳат ўлароқ илм бериб кетишган. Жумладан кўплаб олимлар бу илмга турлича таъриф ва мақтовлар келтиришганки, қуйида улардан баъзиларини келтириб ўтамиз. “Биз болаларимизга Қуръон сураларини қандай ўргатсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ҳам шундай ўргатар эдик”. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг сийрати шарифларини ўрганиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини, суннати мутаҳҳараларини ўрганмасдан туриб, Ислом динининг моҳиятини, Қуръони каримнинг ма’нольарини тушуниб етиш маҳол. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини саҳиҳ манбалар асосида ўрганиш жуда ҳам аҳамиятли, зарур ва долзарб. “Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлмаганларида, дунёни ёритишга бу қуёшнинг нури етмасди”. Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари зим-зимистон ичимизни ёритмаса, муз қалбларимизни эритмаса, осмондаги қуёш ҳеч нарса қилолмас эди. Шунинг учун ҳам бу Нур сари талпинишимиз чексиздир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким менинг суннатимга амал қилса, қиёмат кунида шафоатимга мушарраф бўлади”, деган ҳадиси шарифларига асосан, суннатга амал қилиш аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ихлос билан ўқишдан бошланади. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким мени яхши кўрса, Аллоҳ таоло ҳам уни яхши кўради”, деган ҳадислари маълум ва машҳурдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини чуқур мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом оламининг ҳаёт булоқлари ва инсоний жамиятнинг саодати қайнаб чиқадиган ягона манба экани ойдинлашади. Чунки у иймон ва ҳаёт илмидир. Иймон илми экани қуйидаги ҳадисда кўринади: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топибди: ким Аллоҳ ва расулини бошқа ҳамма нарсадан ҳам яхши кўрса; ким бир бандани Аллоҳ учунгина яхши кўрса; ким Аллоҳ уни қутқаргач, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўрса” дедилар. Бу иймон ва эътиқодга тегишли шариатнинг мезони бўлсада, Аллоҳни яхши кўрмоқ учун уни яхши танимоқ лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмоқ учун сийратлари ва шаклу шамоилларини яхши билмоқ ва танимоқ керакдир. Муҳаббат яқиндан танилганда кучаяди. Ҳаёт илми шариат илмидир. Чунки мусулмон киши шариатни билмас экан ҳаёти мураккаблашади ва ҳатто ибодатларда ҳам лаззат топа олмайди. Масалан, инсонлар энг кўп мурожаат қиладиган ҳаётий заруратлардан бири савдодир. Савдо ҳақидаги бир ҳадисда оддий бир ҳолат тушунилади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким егулик сотиб олса, тўлиқ қўлга киритмагунича уни сотмасин”, дедилар. Бундан ташқари яна фиқҳда жорий бўлган закот ҳақида, гувоҳлик ва биз фиқҳда ўрганадиган барча муомалотларни ҳам сийратга боғлаб ўрганиш ҳақида истаганча мисол келтириш мумкин. Шундай экан, сийратни ўрганиш ҳар-бир мусулмоннинг илми, ҳаёт йўлидаги маслаги ва йўл кўрсатувчи илм йўлидир. Манбалар асосида Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Юнусхўжа Орифахон 516