Давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси том маънода барча соҳадаги ислоҳотлар жараёнларини чуқурлаштиришнинг ўзига хос “Йўл харитаси” бўлди. Шавкат Мирзиёев асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини, Асосий Қонун деб аталадиган бундай ҳужжат башарият ҳаётида озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ва эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарганини таъкидлар экан, Амир Темур “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деганини қайд этди. Яъни лўнда қилиб айтганда, ҳар қандай Конституция ва унинг асосида таъминланадиган қонун устуворлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади. Мана шу тамойил маросим иштирокчилари ва бутун халқимизга қарата сўзланган маърузанинг ўзаги бўлди. Масаланинг амалий жиҳатига тўхталган Президентимиз Ўзбекистонда қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш, айниқса, долзарб эканини таъкидлаб, жорий йилнинг ўзида етмишдан ортиқ қонунлар, 350 дан зиёд Фармон ҳамда қарорлар қабул қилингани ва улардан кўзланган мақсадлар ҳақида сўз юритди. Айтиб ўтилганидек, вазир ёки ҳоким қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунмаса, ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмаса, ислоҳотларнинг илдамлаши, одамларда ташаббус уйғотиш қийин бўлади. Шу боис кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказиш, қонунларни билиш ва қўллаш бўйича мутасадди раҳбарлар фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишга биринчи даражали эътибор қаратиш лозим. Мамлакатимизда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори билан иш тутиш борасидаги янгиланишлар ҳам муқаррарлик тусини олганини, давлатимиз раҳбарининг ички ва ташқи сиёсатдаги долзарб масалалар қатори айни шу йўналишдаги муҳим ташаббуслари халқаро майдонда очиқ эътирофга сазовор бўлаётганини қайд этиш лозим бўлади. Хусусан, мамлакатимизда ислом дини, мовароуннаҳрлик улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон — кўп миллатли, кўп конфессияли мамлакат. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий, Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг бунёдкор моҳиятини очиб берди. Янги очилган масканлар беихтиёр Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан янграган ушбу сўзларини ёдга солади: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони Каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган”. Ундан олдинроқ рўй берган воқеаларни хотиримизга келтирайлик. Юртбошимиз 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илгари сурди ва барча қатнашчилар буни бир овоздан қўллаб-қувватлади. Хайрли ишнинг барори ҳам ўзини узоқ куттирмас экан — 2017 йилда марказ очилиши тўғрисида Президент қарори чиқди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўз фаолиятини бошлади. Унинг лойиҳаси, қурилиши, жиҳозланиши билан муҳтарам Президентимиз шахсан бир неча бор бевосита танишганини айтиб ўтиш жоиз. Марказ ўз фаолиятини бошлаганидан кейин Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима...
Хизмат юзасидан кўпгина ишчи телеграм гуруҳларидаги ёзишмаларни кузатишга тўғри келади. Уларга асосан ушбу алоқа воситаларига мутасадди бўлган идораларнинг топшириқлари, хабарномалари қўйилади. Ва бир вақтларда бўлганидек, қўнғироқбозликка ҳожат қолмайди ва қоғоз кўтариб ташкилотма ташкилот юрадиган хабарчи(куреьер)нинг иши саноқли дақиқаларда бажарилади. Яъни гуруҳ аъзолари (деярли барчаси зиёлилар) бирин-кетин узатилган хабарни олганликларини тасдиқловчи сўзларни битишади. Бу яхши, албатта. Аммо ўша битикларнинг аксарияти “ОК”дан иборат эканлиги кишини аввал ҳайрон қолдирса, сўнгра кўнгилда “Ҳозирча ёзмадаги бу сўз вақт ўтиб оғзакига ҳам кўчмасмикан?” деган савол туғилади. Ҳолбуки, ўзбек тилида “ОК” маъносини ифода этувчи кўплаб синонимлар бор. Дейлик, “тушунарли”, “яхши”, “хўп”, агар эътироф маъносида бўлса “Офарин”, “Балли”, “Баракалла” “Қоил”… Қаранг қандай чиройли, бу сўзларимиз! Энг муҳими, уларнинг ҳар бирида ўзбекона одоб бор. Авваллари бирон гапга қўшилиш ёки уни тасдиқлашда “хорошо” дейиш урф бўлган эди. Яна айрим ҳолатларда рус тилида гаплашолмаса-да, яхши тушунмасада, гўёки бошқаларда уни мукаммал билувчи сифатида таассурот уйғотиш учун гапи орасига ана шу сўзни қўшиб қўядиганлар ҳам бўлар эди… Энди эса “Окей”. Яна акаларга “Брат”, укаларга “Братишка” дейиларди. “Бобой” каломи ҳам шу тарзда пайдо бўлган. Ҳадик шуки, набираларимиз ҳам ҳадемай, “Хўп бўлади, бобожон!” дейиш ўрнига “Окей, грандфатхер!” ёки “Окей, грандфазр!” демасинда, ишқилиб… Тилимизнинг софлигини асрайлик, азизлар! Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи” 295
Абул Ос Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига нубувват юборилишидан олдин келди ва: “Катта қизингиз Зайнабга уйланмоқчиман“, деди. (Одоб) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У изн берсагина никоҳинга бераман“, дедилар. (Шариат) Ва Зайнаб розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб: “Холангни ўғли ёнимга келиб, исмингни айтди… Сен унга жуфт бўлишга розимисан?“, дедилар. Зайнаб юзларини тўсиб табассум қилди. Зайнаб розияллоҳу анҳо Абул Осга кучли муҳаббат қиссасини бошлашлик учун турмушга чиқди. Ва у кишидан Али ва Умома исмли фарзанд кўрди. Сўнг нубувват юборилгандан кейин катта мушкуллик юзага келди. (Ақийда). Абул Ос сафарда эди, қайтиб келса аёли Исломни қабул қилибди. Зайнаб розияллоҳу анҳо унга: “Менда сизга буюк хабар бор“, деди. Эри бироз туриб, сўнг Зайнабни ёнидан кетди.(Эҳтиром) Зайнаб розияллоҳу анҳо бундан даҳшатга тушди ва эрига: “Отам Набий бўлиб юборилдилар. Мен эса Исломга кирдим“, деганча уни ортидан борди. Эри: “Мени аввал огоҳлантирдингми?“, деди. Зайнаб розияллоҳу анҳо: “Мен отамни ёлғончига чиқара олмасдим. Ва отам ҳам ҳеч қачон ёлғончи бўлмаганлар. Улар Содиқ ва Амин бўлган зотлар. Исломга кирган ёлғиз мен эмас, онам ва сингилларим ҳам Исломга кирган. Амакимнинг ўғли Али ибн Абу Толиб, амакингиз ўғли Усмон ибн Аффон, дўстингиз Абу Бакр Сиддиқлар ҳам Исломга кирган“, деди. Эри: “Лекин мен одамлар АбулОс қавмидан бош тортди, ота-бобосининг динига куфр келдириб хотинини рози қилишга кетди дейишларини хоҳламайман. Ва отанг ҳам муттаҳам инсон эмас“. Сен узр сўраб, Исломга кириш учун бироз ўйлаб кўрмайсанми? (Аниқ сўзлашув) Зайнаб розияллоҳу анҳо: “Мен узр сўрамасам ким мени узримни қабул қиларди? Лекин мен сизнинг аёлингизман, кучим етканча ҳаққа бошловчингизман“. Зайнаб розияллоҳу анҳо ушбу гапига 20 йил вафо қилиб яшади. Абул Ос ўзини куфрида давом этди. Сўнг Зайнаб онамиз ҳижрат қилиб кетди. Отаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бориб: “Эй Аллоҳнинг Росули, менга эрим билан қолишга изн берасизми?“, деди. (Муҳаббат) Оталари соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга изн бердилар. (Раҳмат) Улар Бадр ғазотигача Маккада яшадилар. Сўнг Абул Ос Қурайш қўшини сафида урушга чиқишга қарор қилди. Аёли эса отасига қарши урушиши керак эди. Зайнаб онамиз йиғлаганча: “Аллоҳим мен қуёш чиқиб ўша кунда болаларим етим қолишидан ёки ўзим отамни йўқотишдан қўрқаман“, деди. (Ҳайрат ва умид) Абул Ос ибн Робия бориб, Бадр ғазотида иштирок этди. Уруш тугади Абул Ос эса асирга олинди. Буни хабари Маккага етиб келди. Зайнаб онамиз: “Отамга нима қилди“, деди. Унга: “Мусулмонлар ғалаба қозондилар“, дейишди. Аллоҳга шукр айтиб саждага йиқилди. Сўнг: “Эримга нима қилди“, деди. Уни қайнотаси асирга олдилар. Зайнаб онамиз: “Мени эримни озод қилишга бораман“, деди. (Ақл ва эҳтиёткорлик) Лекин Зайнаб онамизда эрини озод қилиш учун берадиган ҳеч нарса йўқ эди. Бўйнидаги онасини туморини ечди ва Абу Ос ибн Робиянинг укасига бериб уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам фидяларни олиб, асирларни қўйиб юбориб ўтирган эдилар. Туморни кўриб: “Бу кимнинг фидяси?“, дедилар. “Бу Абул Ос ибн Робиянинг фидяси“, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғладилар. Сўнг: “Бу Хадичанинг тумори“, дедилар. (Вафо) Сўнг ўринларидан туриб: “ Эй инсонлар, бу кишини асир олгандик, уни озод қиламизми? (Адолат). Агар унга туморни қайтариб берилса, (рози бўласизми)қабул қиласизларми? (Раҳбарнинг тавозеъси) Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг Росули“, дедилар. ( Қўшиннинг одоби) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туморни қайтариб бердилар ва:...
Бугун юртимизда эътиқод эркинлиги, ҳақиқий миллий қадриятлар, улардаги динийлик ва дунёвийлик нисбати қандай бўлиши лозимлиги тўғрисида турли-туман фикрлар билдирилмоқда. Ўзбекистонни ислом республикасига айлантириш, турмуш тарзини, ижтимоий муносабатларини шариат талабларига мослаштириш тарафдорлари ҳам йўқ эмас. Ўз турмушини онгли ташкил этиш, турли режалар тузиш, орзу-ҳавасларига кўнгли ва тафаккурига мос яшашга, комилликка интилиш инсоннинг хос белгиси. Унинг нафақат моддий-иқтисодий, шунингдек, маънавий эҳтиёжлари ҳам бор. Инсон маънавиятининг ўзагини эса эътиқод ташкил қилади. Маънавият эътиқод теварагида шаклланади. Маънавиятнинг мазмунини энг муҳим хусусиятларини эътиқод белгилайди. Инсоннинг барча туйғулари, кечинмалари ёки барча амал қиладиган ғоялари, меъёрлари, қарашлари маънавият бўлиб қолавермайди. Туйғулар орасида нафс ва ҳирс, жаҳл ва қизиққонлик туфайли юзага келганлари, тушунчалар, ғоялар, баҳолар, фикр, мулоҳазалар, хулосалар орасида илмсизлик, адашиш, хато, нотўғри ахборот сабабли вужудга келганлари бўлиши мумкин. Хом сут эмган бандаси адашишлардан, хатолардан кафолатланмаган. Ботил туйғулар ва фикрлар эса маънавият ҳисобланмайди. Жаҳолат, золимлик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаслик, нафс ва ҳирс қутқусига берилиш, зўравонлик орқали ҳаммани бир хил ўйлашга, бир хил яшашга мажбурлаш маънавиятсизликдир. Ҳар қандай адолатпеша жамият, у дунёвий бўладими ёки диний, қатъий назар, ўз аъзоларини ҳалол, тўғрисўз, одоб-ахлоқли, имон-эътиқодли этиб тарбиялашни хоҳлайди. Бунга қанчалик эриша олади — бу бошқа гап! Эътиқод эркинлиги икки хил намоён бўлади. Биринчиси инсоннинг ички эркинлиги, тафаккур ва ижод эркинлиги, яъни позитив (ижобий) саъй-ҳаракат ва фаолият эркинлиги сифатида юзага чиқади. Иккинчиси ташқи эркинлик, яъни эътиқод эркинлигини амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқий асослар, қонунларнинг давлат томонидан қабул қилиниши ва кафолатланиши, жамиятда қарор топган хайрихоҳлик муҳити каби эркинликлар. Эътиқод эркинлиги учун зарур шарт-шароит яратиш, уни ҳимоя қилиш адолатли жамиятнинг талабларидан биридир. Зеро, у инсон имкониятлари ва эркинлигини юзага чиқаришнинг ахлоқий, ҳуқуқий, ижтимоий ва интеллектуал негизини ташкил қилади. Шу сабабли демократик дунёвий давлатларда эътиқод (виждон) эркинлиги, сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллиги конституция ва тегишли қонунлар орқали мустаҳкамлаб қўйилади. Фақат дунёвий давлатгина эътиқод эркинлигини тўла таъминлашга қодир. Чунки у, аввало, сиёсий партияларда ва диний жамоалар ички ишига аралашмайди, шунингдек, бирор партия ёки дин манфаатларини кўзлаб, бошқа сиёсий ва диний жамоалар фаолиятини бевосита ёки билвосита чекламайди. Собиқ СССР давлатида коммунистик принципларга мос келмайдиган мафкуралар тақиқланган ёки чекланган эди. Яккаҳоким мафкура мавжуд бўлган давлат ҳеч қачон эътиқод эркинлигини таъминлай олмайди. Мафкуранинг яккаҳокимлиги, одатда тоталитаризмга, жамият аъзолари фикр-ўйлари, сўзларию ҳаракатлари устидан ёппасига назорат ўрнатишга интилади. Диний принципларга қурилган давлат ҳам эътиқод эркинлигини тўла таъминлай олмайди, ҳаттоки, бутун аҳолиси бир мазҳабга оид бўлганда ҳам. Чунки унда ҳукмрон диний мафкура ўрнатилади. Диний аҳкомларни, меъёрларни ҳамма бир хил тушуниши, чалғимаслиги, адашиб кетмаслиги талаб этилади. Бу эса диний догматизм кучайишига, бир дин доирасида ҳам ўзгача фикрларга тоқатсизлик вужудга келишига сабаб бўлади. Диний аҳкомлар жамиятнинг объектив талабларига мос ривожланмай, унинг тараққиёти йўлида тўсиқ ҳосил қилади. XII аср охирида «ижтиҳод эшикларининг ёпилиши», кейинчалик эътиқодий оқимлар (шиавийлар ва суннийлар) ўртасидаги келишмовчиликлар ислом доирасида эътиқод эркинлигига катта зиён етказди. Бу аста-секин ислом мамлакатларининг тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Хўш, эътиқоднинг ўзи нима? Эътиқод, луғавий мазмунига кўра, қатъий ишонч демак. Бироқ эътиқоднинг луғавий эмас, атамавий (истилоҳий) мазмунини олсак, у жуда мураккаб тузилмага эга, кўпмазмунли тушунча эканига амин бўламиз. Эътиқод фақат диний мазмунга эмас, дунёвий, яъни нодиний мазмунга ҳам эга. Диний мазмунда у асосан имонни, имон талабларига, дин фарзлари...