Бугун юртимизда эътиқод эркинлиги, ҳақиқий миллий қадриятлар, улардаги динийлик ва дунёвийлик нисбати қандай бўлиши лозимлиги тўғрисида турли-туман фикрлар билдирилмоқда. Ўзбекистонни ислом республикасига айлантириш, турмуш тарзини, ижтимоий муносабатларини шариат талабларига мослаштириш тарафдорлари ҳам йўқ эмас. Ўз турмушини онгли ташкил этиш, турли режалар тузиш, орзу-ҳавасларига кўнгли ва тафаккурига мос яшашга, комилликка интилиш инсоннинг хос белгиси. Унинг нафақат моддий-иқтисодий, шунингдек, маънавий эҳтиёжлари ҳам бор. Инсон маънавиятининг ўзагини эса эътиқод ташкил қилади. Маънавият эътиқод теварагида шаклланади. Маънавиятнинг мазмунини энг муҳим хусусиятларини эътиқод белгилайди. Инсоннинг барча туйғулари, кечинмалари ёки барча амал қиладиган ғоялари, меъёрлари, қарашлари маънавият бўлиб қолавермайди. Туйғулар орасида нафс ва ҳирс, жаҳл ва қизиққонлик туфайли юзага келганлари, тушунчалар, ғоялар, баҳолар, фикр, мулоҳазалар, хулосалар орасида илмсизлик, адашиш, хато, нотўғри ахборот сабабли вужудга келганлари бўлиши мумкин. Хом сут эмган бандаси адашишлардан, хатолардан кафолатланмаган. Ботил туйғулар ва фикрлар эса маънавият ҳисобланмайди. Жаҳолат, золимлик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаслик, нафс ва ҳирс қутқусига берилиш, зўравонлик орқали ҳаммани бир хил ўйлашга, бир хил яшашга мажбурлаш маънавиятсизликдир. Ҳар қандай адолатпеша жамият, у дунёвий бўладими ёки диний, қатъий назар, ўз аъзоларини ҳалол, тўғрисўз, одоб-ахлоқли, имон-эътиқодли этиб тарбиялашни хоҳлайди. Бунга қанчалик эриша олади — бу бошқа гап! Эътиқод эркинлиги икки хил намоён бўлади. Биринчиси инсоннинг ички эркинлиги, тафаккур ва ижод эркинлиги, яъни позитив (ижобий) саъй-ҳаракат ва фаолият эркинлиги сифатида юзага чиқади. Иккинчиси ташқи эркинлик, яъни эътиқод эркинлигини амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқий асослар, қонунларнинг давлат томонидан қабул қилиниши ва кафолатланиши, жамиятда қарор топган хайрихоҳлик муҳити каби эркинликлар. Эътиқод эркинлиги учун зарур шарт-шароит яратиш, уни ҳимоя қилиш адолатли жамиятнинг талабларидан биридир. Зеро, у инсон имкониятлари ва эркинлигини юзага чиқаришнинг ахлоқий, ҳуқуқий, ижтимоий ва интеллектуал негизини ташкил қилади. Шу сабабли демократик дунёвий давлатларда эътиқод (виждон) эркинлиги, сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллиги конституция ва тегишли қонунлар орқали мустаҳкамлаб қўйилади. Фақат дунёвий давлатгина эътиқод эркинлигини тўла таъминлашга қодир. Чунки у, аввало, сиёсий партияларда ва диний жамоалар ички ишига аралашмайди, шунингдек, бирор партия ёки дин манфаатларини кўзлаб, бошқа сиёсий ва диний жамоалар фаолиятини бевосита ёки билвосита чекламайди. Собиқ СССР давлатида коммунистик принципларга мос келмайдиган мафкуралар тақиқланган ёки чекланган эди. Яккаҳоким мафкура мавжуд бўлган давлат ҳеч қачон эътиқод эркинлигини таъминлай олмайди. Мафкуранинг яккаҳокимлиги, одатда тоталитаризмга, жамият аъзолари фикр-ўйлари, сўзларию ҳаракатлари устидан ёппасига назорат ўрнатишга интилади. Диний принципларга қурилган давлат ҳам эътиқод эркинлигини тўла таъминлай олмайди, ҳаттоки, бутун аҳолиси бир мазҳабга оид бўлганда ҳам. Чунки унда ҳукмрон диний мафкура ўрнатилади. Диний аҳкомларни, меъёрларни ҳамма бир хил тушуниши, чалғимаслиги, адашиб кетмаслиги талаб этилади. Бу эса диний догматизм кучайишига, бир дин доирасида ҳам ўзгача фикрларга тоқатсизлик вужудга келишига сабаб бўлади. Диний аҳкомлар жамиятнинг объектив талабларига мос ривожланмай, унинг тараққиёти йўлида тўсиқ ҳосил қилади. XII аср охирида «ижтиҳод эшикларининг ёпилиши», кейинчалик эътиқодий оқимлар (шиавийлар ва суннийлар) ўртасидаги келишмовчиликлар ислом доирасида эътиқод эркинлигига катта зиён етказди. Бу аста-секин ислом мамлакатларининг тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Хўш, эътиқоднинг ўзи нима? Эътиқод, луғавий мазмунига кўра, қатъий ишонч демак. Бироқ эътиқоднинг луғавий эмас, атамавий (истилоҳий) мазмунини олсак, у жуда мураккаб тузилмага эга, кўпмазмунли тушунча эканига амин бўламиз. Эътиқод фақат диний мазмунга эмас, дунёвий, яъни нодиний мазмунга ҳам эга. Диний мазмунда у асосан имонни, имон талабларига, дин фарзлари...