islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Исломда мусулмон киши ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзини-ўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишга яхшилик деб қаралмайди. Балки ҳақиқий мусулмон одамлар орасида ҳам ислоҳ ишларини олиб бориши зарур. Одамлар орасини ислоҳ қилиш, мусулмончилик ғояларидан биридир. Чунки икки шахс орасидаги адоват бориб-бориб икки тараф орасидаги адоватга айланиши турган гап. Кўпчилик халқлар ўзаро келишмовчилик натижасида бир неча жамоаларга бўлиниб кетади, улар орасида келишмовчилик авж олиб, ҳатто беҳуда қон тўкилишига ҳам сабаб бўлади. Одамлар орасини ислоҳ қилиш олий даражадаги инсоний сифатлардан бўлиб, бу нарса фақат пок қалблардан чиқади. Одамларнинг орасини тузатиш, ҳар бир жамиятга кўп яхшилик ва манфаатлар келтиради, унинг аъзоларини жипслаштиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ мўминлар орасини ислоҳ қилишга буюрган. «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг» («Ҳужрот» сураси, 10-оят). Қуръон, шунингдек, эр-хотин орасини ислоҳ қилишга ҳам чақирган: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради» («Нисо» сураси, 35-оят). Аллоҳ одамлар орасида ислоҳ қилиш савобини баён қилиб шундай дейди: «Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз» («Нисо» сураси, 114-оят). Манба: Islom.uz 370

ЧАҚИМЧИЛИК

Аллоҳ таоло буюк китоби бўлмиш Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (Ҳужурот, 12), – деб марҳамат қилди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Орангиздаги ахлоқи энг яхши кишиларни, оиласига нисбатан ўз вазифасини ўринлатиб адо қилувчиларни, улфат орттирган ва ўзи ҳам кўпчиликка улфат бўла олган кишиларни Аллоҳ яхши кўради. Ундан бунга гап ташувчи, одамлар орасини бузувчи ва тўғри кишиларнинг айбини қидирувчи кимсаларни эса, Аллоҳ яхши кўрмайди”. Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири – чақимчилик ҳисобланади. Чақимчилик, гап ташиш ҳеч ким хуш кўрмайдиган ва айб ҳисоблайдиган бир хусусиятдир. Ҳозири кунда бу иллат “баъзи” инсонлар орасида шу даражада кўп тарқалганидан гап ташишларини ўзлари ҳам англаб етмайди. Ва яна “чақимчилик бўлмасин-у” ёки “ғийбат бўлмасин-у” деб ҳам қўшиб қўйишади. Ҳар соҳага жуда аҳамиятли бўлган динимиз бизга бу каби иллатлардан сақланишни ўргатади. Жумладан, оятдаги: “Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи” жумласида аввал билмай гуноҳ қилиб, кейин ўз гуноҳига афсусланиб, тавба қилган кимса учун Аллоҳнинг фазли карами кенг эканлигига далолат қилади. Ҳасан Басрий, Аллоҳ улардан рози бўлсин, айтадиларки: “Ким сенга гап етказса, билгинки, сенинг гапингни бошқага ҳам етказади”. Шунингдек, агар бирор кимсани чақимчилик қилаётган ҳолатида кўрса, уни дарҳол бу ишдан қайтариш кераклиги ва бу каби ёмон ишдан қайтаришлик вожиблиги динимизда таъкидланган. Нақл қилинадики, бир одам ҳикмат аҳлидан бўлган бўлган кишининг олдига 7 масала юзасидан 700 фарсах йўл юриб бориб, у кишига дедики: “Менга айтинг-чи: – Осмонлардан каттароқ ва оғирроқ нарса борми, бўлса нима у? – Ердан кенгроқ нарса борми, бўлса у нима? – Тошда қаттиқроқ нарса борми, бўлса у нима? – Оловдан қизғинроқ нарса борми, бўлса у нима? – Қаҳратон қишдан совуқроқ нарса борми, бўлса у нима? – Денгиздан ҳам бойроқ нарса борми, бўлса у нима? – Етимдан ҳам хорроқ зот борми, бўлса у ким? деб сўраса, донишманд шундай жавоб берди: -Ор-номусли кишига туҳмат қилмоқ осмондан ҳам катта ва оғирроқ; – Ҳақиқат ердан ҳам кенгроқ; – Иймонсизнинг қалби тошдан ҳам қаттиқроқ; – Ҳирс ила ҳасад оловдан ҳам қизғинроқ; – Ночор қолиб, қариндошга бош уриб бормоқ қаҳратон қишдан ҳам совуқроқ; – Қаноатли қалб денгиздан ҳам бойроқ; – Чақимчи, туҳматчилар фош бўлганда етимдан ҳам хорроқ бўладилар”. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон иллатлардан узоқ қилсин! 2-курс талабаси Ғофурова Омина 639

Ҳақиқий мукофот

Инсон бу ҳаёти дунёда яшар экан фарз амаллардан ташқари тўлдирувчи амалларга ҳам қалби интилиб боради. Чунки ҳисоб кунида фарзлари етмай қолса Аллоҳ таоло нафлларига қараб ҳисоб қилишидан ҳам умди қилади. Аллоҳнинг дўстлари бўлмиш олимлар ҳам, авлиёлар ҳам албатта фарз амалларни ўз ўрнида адо этиб, сўнгра нафлларини кўпайтириш ила неъматларга эришганлари ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Ислом шариатидаги фарзларнинг руҳияти ва солиҳ амалларга чорловчи даража ёки илм бу тасаввуф илмидир. Банданинг Аллоҳ ҳузуридаги даражотини юқорилашига ёрдам берувчи амалларнинг руҳи бўлишини ўргатувчи илмдир. Биз тасаввуф ҳақида эмас балки унда тарғиб этиладиган солиҳ амаллар ҳақида Қуръони Каримдаги баъзи оятларни келтиришни ният қилдик. Аллоҳ таоло иймон келтириб солиҳ амалларни қилганларга охират саодатини, битмас туганмас неъматлар, мағфират ва кенгликни ваъда қилди. Қуръони каримда ушбу неъматлар ваъда қилинган инсонларнинг сифатларини ўрганиб чиқсангиз, уларни иймон ва солиҳ амалдан иборат эканини кўрасиз. Каҳф сураси 107-оятда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: “Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур“. Ҳа инсон аввало иймон келтирмоғи лозим экан. Чунки унга фирдавс бўлиши учун албатта иймон ва сўнгра солиҳ амаллар қилмоғи лозим экан. Иймонсиз кишининг хайрли иш қилиб молидан одамларга ҳар қанча тарқатмасин унинг нияти дунёдир. У ўзини одамлар энг сахий дейишларини истайди, албатта ниятига бу дунёда эришади. Аммо охиратда унга даража йўқ. Чунки у Аллоҳ таолони бир-у бор дея тан олмади. Иймон калимасидан бебаҳра қолиб ўлиб кетди. Шундай экан оятдаги Фирдавси жаннат албатта аввал иймон, сўнгра солиҳ амал деб таъкидланмоқда. Яна кўплаб оятларда Аллоҳ таоло иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган зотларга бериладиган мукофотларни турли услублар билан зикр қилди. Жумладан, Каҳф сураси 30-оятда бундай деб марҳамат қилинади: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз“. Бу ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло иймон келтириб солиҳ амалларни қилганларни мадҳ этмоқда. Мусулмон кишининг ҳоли шундай, яхшилик етса Алҳамдулиллаҳ дея қувнайди. Бирор мушкилоти бўлса ҳам Аллоҳга дуода туриб гўзал сабр этиб ҳам ажр олаверади. Наҳл сураси 97-оятда:“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга пок ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларининг чиройлиги баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз.” Ояти карималарда зикр қилинган “иймон”дан ақл Аллоҳ таолога иймон келтиришнинг барча ҳақиқатларини қабул қилиши ирода этилган. Солиҳ амал эса иймон ҳақиқатларидан келиб чиқадиган йўл бўлиб, у ислом арконларини ва шу билан бирга инсоннинг ҳам ўзига, ҳам жамиятга фойдали бўлган, шариат мезонларига лойиқ келадиган бошқа яхши амалларни ҳам ўз ичига олади.Бу яхши амал бировнинг ҳожатини раво қилиш, муҳтожга ёрдам бериш, беморнинг кўнглини кўтариш, ёки бир оғиз ширин сўз бўлиши ҳам мумкин. Нафл рўзалар, нафл ибодатлар, эркакларнинг аҳли учун ишлаб ҳалол пул топиши, аёлларнинг уйида Аллоҳнинг ибодатида, аҳлининг хизматида, болаларинг тарбиясида бўлиши ҳам солиҳ амалдир. Энди шу аёл илм олиб боаларига Қуръон ёдлатиб аҳли илм тарбия қилса қандай ҳам гўзал солиҳ амал қилган бўлади. Оила ислоҳ бўлса жамият ҳам ислоҳ бўлади. Ҳар бир мўмин киши ўз оиласини илмга жалб қилса Аллоҳни севувчи қилиб тарбия қилса албатта жамиятда ҳалоллик ҳукм суради. Натижада эса бу жамият кучли давлатнинг асоси ҳисобланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Одам боласининг уч юз олтмишта бўғини бор. Уларнинг ҳар бири учун ҳар куни садақа бор. Ҳар бир ширин сўз садақадир. Кишининг биродарига ёрдами садақадир. Бир ҳўплам сув тутиш ҳам садақадир. Йўлдаги озорни олиб ташлаш...

Ньютондан аввал яшаб ўтган мусулмон олимларининг гравитацияга оид қарашлари

Ғарб дунёси гравитация (тортишиш кучи) ҳақидаги тушунча ёхуд қонун илк бора XVII асрда инглиз олими Исаак Ньютон (1642-1727) томонидан кашф этилган деб билади. Бу қонунни кашф этишга туртки бўлган воқеа сифатида эса боғда олма дарахти остида дўсти билан суҳбатлашиб ўтирганда устига олма тушиб кетганлиги ҳақидаги ўша машҳур ҳикоя эсга олинади. Лекин, “аслида ҳам шундай бўлганми?! Ньютондан аввал тортишиш кучи ёки оғирлик кучи ҳақидаги физик ҳодисаларга ҳеч ким эътибор бермаганмиди?!”, каби саволлар пайдо бўлиши табиий. Негаки, дунёвий илм бу секин-асталик билан йиғилиб, замонлар ўтиши натижасида бирин-кетин келувчи ўнлаб ва юзлаб олимлар томонидан оз-оздан ҳисса қўшилиши натижасида сайқалланиб, шаклланадиган табиатга эга бўлиб, бирор илмий ҳақиқат тўлақонли тарзда вужудга келиб, мукаммал сурат касб этиши ва аксиомага айланиши учун кўплаб олимларнинг тафаккур ва тажрибаларига муҳтож бўлади. Шу маънода, Ньютон илгари сурган дунё гравитация қонуни ҳам ўз-ўзидан битта олманинг тушиши орқали кашф қилинган бўлиши мумкин эмас эди. Балки, у ҳам ўзининг бу кашфиётида ўзидан аввалгиларнинг илмий қарашлари ва тажрибаларидан фойдаланган ва уларга таянган. Зеро, бундай буюк физик қонуниятни Ньютондан аввал ҳеч ким пайқамаслиги, мулоҳаза қилмаслиги ақлга сиғмайди. Агар шундай деб ўйласак, Ньютондан илгари яшаган ҳамма олимларни қандайдир эътиборсиз, тафаккурсиз, мулоҳазасиз инсонларга чиқариб қўйган бўламиз ёки эса бу ҳодиса яъни тортишиш кучи ва гравитация ҳодисаси гўёки бениҳоя сирли ва англаб бўлмайдиган ва фақатгина қандайдир ғайри табиий илҳом орқалигина билинадиган ғайбий нарсага айлантириб қўйган бўламиз. Ва мазкур ғайб олимлар ичидан фақат Ньютонгагина очилган деган фикрни билмаган ҳолда илгари сурган бўламиз. Бу эса мантиқан ўйлаб қараганда ҳам амримаҳолдир. Боз устига, ғарб олимларининг ўзлари ҳам гравитацион таъсир масаласига илк бора Аристотель тўхталганлигини кўп бора тилга оладилар. Унинг физика ва механикага оид сўзларида “жисмнинг қулаш тезлиги унинг вазнига мутаносибдир” деган фикри тилга олинади. Яъни, Аристотельга кўра жисм қанчалик оғир бўлса, унинг қулаш тезлиги ҳам шунчалик кучли бўлади. Гарчи, кейинчалик италян олими Галилей (1564-1642) жисмларнинг эркин қулашдаги тезлиги уларнинг оғирлигига боғлиқ эмаслигини исботлаган бўлсада аммо, барча физиклар иттифоқ қиладиган нарса шуки, жисм қанчалик улкан ва оғир бўлса, унинг гравитацион таъсири ва майдони ҳам шунчалик катта бўлади. Эҳтимол, Аристотельнинг юқоридаги сўзларидан мақсади ҳам жисмларнинг ўзаро тортишиш кучига эътиборни қаратишдан иборат бўлган бўлиши мумкин. Дунёвий билимлар ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган, илм-фан соҳасида инқилобий ўзгаришлар ясаган мусулмон олимлари ҳам табиийки, бу мавзудан четда қолмаганлар. Жумладан, Абу Муҳаммад Ҳамадоний, Ҳибатуллоҳ ибн Малко ал-Бағдодий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Хозиний, Идрисий ва бошқалар каби бир вақтда ҳам файласуф, ҳам физик, ҳам кимёгар, ҳам астроном, риёзиётчи, ҳам шоир, ҳам психолог, географ ва тиббиётда моҳир бўлган қомусий олимларимиз Галилею Ньютондан анча олдинроқ ўз асар ва ёзилмаларида гравитация масаласига улардан дақиқроқ шаклда тўхталиб ўтган эдилар. Дарвоқе, юқорида Галилей жисмларнинг эркин қулашдаги тезлигига уларнинг оғирликлари таъсир қилмаслигини ўрганиб, Аристотельнинг бу борадаги машҳур назариясининг нотўғрилиги исбот қилганлигини айтиб ўтгандик. Ваҳоланки, Аристотель тушиб қолган ўша хатони Ҳибатуллоҳ Ибн Малко (1080-1165м) Галилейдан қарийб беш юз йил олдин ўзининг “ал-муътабар фил ҳикма” номли асарида қуйидагича тўғрилаган эди: “шунингдек, жисмлар бўшлиқда пастга қараб, ҳаракатланадиган бўлса, уларнинг ичида оғир бўлганининг ҳам, енгил бўлганининг ҳам, жисми каттасининг ҳам, кичигининг ҳам, ўткир бош тарафи билан қулайдиган конуссимон шаклдагисининг ҳам шунингдек, кенг тарафи билан қулайдиган конус шаклидаги жисмнинг...

Бу омонатдорлик меваси

Али Тантовий роҳматуллоҳ Дамашқ масжидидаги маърузаларидан бирида айтади: Бу масжиднинг номи “Тавба” бўлиб, эндиликда жуда файзли маскан ҳисобланади. Масжиднинг номи нега “Тавба”? Сабаби шундаки, илгари бу ер турли хил гуноҳ ишлар қилинадиган жой бўлган. Ҳижрий еттинчи асрда бир подшоҳ уни сотиб олади. Сўнг бинони бузиб ташлаб, ўрнига шу масжидни қурдирган. Бу масжидда етмиш йил Шайх Салим Суютий исмли олим имомлик қилдилар. Қишлоқ аҳли имомга қаттиқ ишонишар, диний ва дунёвий ишларида  кўп мурожаат қилишарди. Масжидда фақирлик ва нафсини сақлашда зарбулмасал бўлган бир талаба яшар эди. Талаба икки кун туз тотмади: егулиги тамом бўлган, сотиб олишга пули йўқ… Очлик забтига олавергач, талаба чидамабди: “Жон сақлаш учун ўлимтик ейишим ёки бирон егулик ўғирлашим мумкин”, деган хаёлга бориб, иккинчи фикрида тўхталибди… Масжид жойлашган кўчадаги уйларнинг томи бир бирига туташиб кетганди. Кўчанинг бу бошидаги уй томига чиққан одам нариги бошигача худди ерда юргандек юриши мумкин. Талаба ҳам масжид томига чиқиб, ундан қўшни ҳовлига ўтди. Қўшни ҳовлида аёллар бор экан, уларга назари тушмаслиги учун кўзини юмди-да, наригисига ўтди. Кейинги ҳовлида ҳеч кимса йўқ, боз устига пишаётган таом ҳиди келарди. Талаба бир сакраб айвонга тушди. Ошхонага кириб кўрдики, қозонда бақлажон пишмоқда! Шартта биттасини олиб, қайноқ эканига ҳам қарамасдан тишлади. Тишлаганини ютиб улгурмасдан ақли жойига келди: “Толиби илм бўла туриб, ўғирликка қўл уряпманми-а?. Аллоҳдан паноҳ сўрайман… Ўзин кечир…”. Қилиб қўйган ишидан надомат чекиб, истиғфор айтди. Қўлидаги бақлажонни қозонга ташлаб орқасига қайтди. Масжидга келиб Шайхнинг илм ҳалқасига қўшилди. Қорни очлигидан сабоқлар қулоғига кирмасди. Дарс тугаб, ҳамма тарқалгач, бир мастура аёл Шайх ҳузурига кириб, биров эшитмайдиган даражада нималардир деди. Аёлни гапини эшитгач, Шайх ён-атрофига қаради. Талабадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шунда Шайх талабани ёнига чорлади ва: “Уйланганмисан?” деди. Талаба: “Йўқ”, деб жавоб берди. Шайх: “Уйланишни хоҳлайсанми?”, деди. Талаба сукут сақлади. Шайх яна сўради: “Уйланишни хоҳлайсанми?”. Талаба: “Эй хожам, менда пул йўқ, нимани эвазига уйланаман?”. Шайх айтди: “Бу аёлнинг эри вафот этибди. Қари амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Эрининг уйи ва мол-у давлати аёлга мерос қолибди. Аллоҳ ва Расулининг суннатига мувофиқ, турмушга чиқмоқ ниятида келибди. Ёлғизликдан ўзига зарар етиши эҳтимолидан қаттиқ хавотирда экан… Хўш, унга уйланасанми?”. Талаба: “Ҳа”, деб жавоб берди. Шайх аёлга юзланди: “Сен-чи, шу йигитга турмушга чиқасанми?”. Аёл ҳам розилигини билдирди. Шайх аёлнинг амакисини чақирди ва икки инсон гувоҳлигида никоҳ ўқиди. Никоҳдан сўнг талаба аёл билан унинг уйига кетди. Уйга киргач, аёл юзини очди. Талаба олдида жуда гўзал ёш қизни кўрди. Аёлнинг чиройига маҳлиё бўлган йигитнинг кўнглига бирдан хавотир оралади. Негаки, бу уй боя ўзи ўғирликка кирган хонадон эди-да. Аёл: “Овқатланасизми?” деди. Йигит: “Ҳа”, деди. Қозонни очган аёл ҳайратдан донг қотди: “Ажаб, кимдир кириб, бақлажонни тишлаб кетибди!”. Йигит йиғлаб юборди ва бўлган воқеани айтиб берди. Йигит иқрорини тинглаган аёл шундай деди: Бу омонатдорлик меваси. Сиз ҳаромдан ўзингизни тийдингиз. Эвазига Аллоҳ таоло мана шу уйни ҳам, эгасини ҳам сизга ато етди. 2-курс талабаси М.Раҳмонова 402
1 166 167 168 169 170 230