islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Аллоҳ таолонинг бандаларига инъом этган беҳисоб неъматлари

Оламларни йўқдан бор этиб, Ерни сокин барқарор этиб, Неъматларни индирган Аллоҳ, Шаънига ҳамд юборгум ҳар гоҳ. Бандаларига ато этган ҳисобсиз неъматлари ичида ҳидоят неъматини энг улуғ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. “Қайси бандага неъмат берилса ва у Аллоҳга ҳамд айтса, ҳамд ундан (неъматдан) афзал бўлади” дея умматга ҳамд айтишни таълим берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга неъматларнинг ададича саловоту, саломлар бўлсин. “Неъмат” сўзи луғатда ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, бойлик, неъмат, бахт, саодат, ҳадя, садақа, хайр-саховат маъноларини англатади. Бир бандадан унга берилган неъмат ҳақида сўзлашни сўралса, аввало ҳаётида ўзи учун энг қадрли бўлган нарсани эсга олади. Бироқ ҳар бир инсоннинг ҳаётда қадрли бўлган неъматлари, худди инсонларнинг дунёқараши ва фикрлаши каби турлидир. Аллоҳнинг бизга берган неъматларининг энг аввали бизни инсон қилиб яратиб, икром қилганидир. Қуръони каримда Исро сурасининг 70-оятида: “Батаҳқиқ, Биз Бани одамни азизу-мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда улов-ла кўтардик. Ҳамда уларни пок нарсалар билан ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” деб марҳамат қилган. Одам Ато хато туфайли жаннатдан туширилганларида тавба қилиб Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлишлари, тавбани қабул қилганидан сўнг, ер юзида, қуруқлигу денгизда наботот, ҳайвонотни биз учун бўйин сундурганлиги ҳисобсиз неъматдир. Коинотдаги қуёш ва юлдузларни инсон учун бўйсундириб йиллар ададини ҳисоблашимиз учун тинимсиз ҳаракатга келтириб, бизга вақт неъматини бергани ҳам улуғ неъматдир. Чексиз неъматларнинг маълум бир қисмини бўлса ҳам англашимиз учун ҳайвонлардан фарқли ўлароқ ақл бергани эса асосий неъматлардан биридир. Агар ҳайвонот, жамотот, наботот, самовот, қуруқлик ва денгиздан Аллоҳнинг неъматларидан калималар ила битсак, денгиз сиёҳ бўлса-ю ундаги мўжизавий неъматларни ниҳоясига етказмасимиздан аввал денгизлар қуриб қоларди. Буларнинг барчасини биргина “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз саноғига ета олмассиз, албатта Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмлидир” ояти ила англашга ҳаракат қиламиз. Роҳман сурасида 32 марта бир оятнинг такрор-такрор келишлиги ҳам бежиз эмасдир: “Бас, Аллоҳнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?” Юқорида айтилганидек ҳар бир инсон учун ўзининг қадрли ҳисобланадиган нарсаларининг ичида ҳам энг қадрлиси бўлади. Лекин инсоният қўлига тарози берилса, ҳар бири ўзининг палласини доим ҳақ, тўғри деб билади. Бироқ улуғ неъматларни берувчи Роҳманнинг ягоналиги каби ҳақиқат тарозиси ҳам Унинг тарозисидир. Ҳар бир ишни ҳикмат ила қилувчи Ҳаким зот инсонларни Одам Атодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача босқичма-босқич огоҳлантириб ўзининг Ўзининг Боис сифати ила пайғамбарлар юборди. Сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломнинг охирги ва мукаммал шариатини туширди ва уни охиратгача боқий қилди. Бу шариатни энг тўғри ва адолатли меъзон қилди ва унинг ажратувчисини Фурқон қилди. Бу тарози ила барча неъматлар ичида энг улуғи, энг қадрлиси ва усиз барча неъматлар инсоннинг туғёни ва куфрига сабаб бўладигани ҳидоят неъматидир. Аллоҳ ҳидояти ила ҳаётимиз дастури Қуръонни улуғлаб, унга амал қиламиз ва иншаАллоҳ бу дунё ва охиратнинг саодатига эришамиз. Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб ҳамд айтиш Карим зотнинг биздаги ҳаққидир. Қуръони каримда Намл сурасининг 40-оятида “Ким шукр қилса, ўзи учун шукр қилур, ким ношкурлик қилса, Роббим ўта беҳожат карамлидур“. Неъматга шукур қилиш учун аввало унинг қадрини англаш лозим. Кўпчилик неъматни қадрлаш деганда, агар у соғлиқ бўлса, уни сақлаб, тўғри овқатланиб, бадантарбия билан доимий шуғулланишни тушунади. Мол-мулк бўлса, уни ишончли жойда сақлаб, зарар етказмай жамғаришни, оила бўлса, ўзаро муносабатни яхшилаб, оилавий муҳаббатни зиёда қилишни тушунади. Неъматни қадрлаш деганда, уни берган Зот Аллоҳ таоло эканлигини чуқур ҳис этиб, унга ўзи амр қилгандек шукр қилишлик тушунилади. Неъматларнинг бардавом ва зиёда бўлишлиги унга доимий шукр ила бўлади....

Биродарига сўрамаса ҳам маслаҳат бериш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади: «Ибн Умар чўпон ва қўйларни қақроқ ерда кўрди. Ундан яхши жойни кўриб: «Эй шўринг қурғур, ҳой чўпон! Уларни бу томонга ўтказ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсада масъулдир», деганларини эшитганман», – деди». Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар қўй боқиб юрган бир чўпонни кўрибдилар. Қарасалар, қўй боқиб юрган жойлари серўт бўлмаган, суви ҳам кам ерлар экан. Абдуллоҳ ибн Умар бошқа бир жойда яхши яйловни кўрган эканлар, шунинг учун чўпонга қараб: «Эй шўринг қурғур, бу ёққа кел, қўйларни мана бу томонга ҳайдаб ўт. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсага масъулдир», деганларини эшитганман», – деган эканлар. Зиммасига масъулият юкланган ҳар бир одам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўша нарса учун жавоб беради. Масалан, бепарво чўпондан «Нима учун яхши яйлов бўла туриб, қўйларингни мана бу яйловда боқдинг?» деб сўралади. Ушбу ривоятда айтилганидек, чўпон келиб, Абдуллоҳ ибн Умардан «Қўйимни қаерда боқай, маслаҳат беринг», деб сўрамаган. Ҳар бир ҳадисга амал қиладиган, ҳатто қўйларга ҳам яхшиликни раво кўрадиган, оқил киши Абдуллоҳ ибн Умар чўпон сўрамаса ҳам, яхши маслаҳат берган эканлар. Шундан келиб чиқиб, баъзан тажрибасизроқ, эътиборсизроқ кишилар бир ишни нотўғри қилаётган бўлсалар, ўзлари сўрамаса ҳам, ақлли, тажрибали кишиларнинг уларга фойдалироқ бир ишни маслаҳат бериб, тавсия қилишлари савобли иш бўлар экан. Аксинча, «Сўрамади-ку, менга нима», деб кетаверишлари дуруст бўлмас экан. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Одоблар хазинаси» китобидан 326

Масжиддагиларни йиғлатган ҳикоя

Шайҳ Софват Ҳижозий жума хутбаларидан бирида инсонларга бир воқеа айтиб бердиларки, у воқеа масжидда ўтирган барча инсонларни кўзларини ёшлади. Шайх бир йигитни яхши танир эди. У йигит жуда ҳам тақводор, Қуръонни тўлиқ ёд олган эди. У ҳеч қачон тунги намозларни канда қилмас, беш вақт намозини масжиднинг олдинги сафида адо этарди. У бир куни шайхини ёнига келиб ғаройиб савол берди. У айтдики: “Мени кўп ишларимни биласиз. Мен Қуръони каримни ёд олганман, намоз вақти бўлиши билан масжидда ҳозир бўламан, тунги намозларни асло канда қилмайман, ҳар кеча Роббим ҳузурида қоим бўламан. Айтингчи, мени Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан фарқим нима?”, деди. Шайх унинг саволидан, ўзида кўраётган бу ҳолатдан ва бу йигитни ушбу ҳадисни билишидан жуда ажабланди. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Холид ибн Валид билан Абдурраҳмон ибн Авфнинг ўртасида бир гап ўтган эди. Бас, Холид уни сўкди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг саҳобаларимдан бирортасини ҳам сўкманглар! Сизлардан бирингиз Уҳуд мислича олтин нафақа қилса ҳам, улардан бирининг муддича ёки ярим муддичасини топа олмас”, дедилар”. Шайх унга эртага жавоб беришини айтди. Йигит уйига кетди ва ухлади. Эрталаб уйғонса бомдод намози вақти кириб бўлган, у эса тунги намозга ухлаб қолган эди. Бундан жуда қаттиқ таъсирланди, маҳзун бўлиб қаттиқ йиғлади. Чунки у илк бор тунги намозни зоеъ қилган эди. Масжидга борди ва шайхини кўриши билан йиғлаб юборди. Шайх ундан буни сабабини сўради. У: “Кеча сизнинг ёнингиздан уйимга бордим, ухладим ва бомдод вақтида уйғондим, илк бор тунги намозга тура олмадим. Тушимда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Улар бир қўллари билан менинг қўлимни ва бир қўллари билан саҳобаларини қўлини ушлаб олиб, ўзлари ўртада турардилар. Шу пайт бир машина жуда катта тезлик билан улар томонга келарди. Улар менга қараб, шу азиятни улардан даф қилишимни сўрадилар. Мен ўша машинани олдини тўсиш учун каттароқ тош ёки шунга ўхшаш нарса қидирдим, лекин топа олмадим. Тезда уларни ёнларига бордим ва топа олмаганимни айтдим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ўша азиятни даф қилишини сўрадилар. Саҳоба эса ҳеч қандай нарса қидиришга шошмади, ўзини машинанинг йўлига отди, машина саҳобани босиб ўтиб тўхтади. Йиғлаб уйғондим. Шайх унга: “Кечаги саволингни жавобини билдингми?”, деди. Йигит: “Билдим, лекин нима учун тунги намозга тура олмадим?”, деди. Шайх: “Бу сенга ўзингни саҳобалардан улуғ санаганинг учун Аллоҳнинг уқубати”, деди. У саҳоба Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий муҳаббат ила севган, тил билан эмас. Энди сен уларнинг муҳаббатига етиштирадиган бир нарса ушлагин, у нарса эса “суннатга эргашиш”, деди. Чунки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга икки нарсани қолдиряпман, ким уларни маҳкам ушласа асло адашмайди. Улар Китоб ва Суннатдир”, деганлар. 1-курс талабаси Р.Маннобжонова 425

Ёши улуғ олимнинг ёш олим йигит ҳақидаги эътирофи

Салафи солиҳларимиз ҳикматни қаерда ё кимда кўрса, уни ғанимат билиб оладиган, илмнинг қадрига етадиган ҳимматлик зотлар бўлган экан. Улар ўзларидан ёши кичик олимларга нисбатан адолатсизлик қилишмаган. “Менинг ёшим катта, кеча тухумдан чиққан бу жўжахўроз уч-тўртта китоб ўқиб олиб, ўзича ақлмирзалик қиляпти. Сенда илм бўлса менда тажриба бор”-деб ҳасадгўйлик қилишмаган. Илм кимда бўлса у ёшми ё қарими бунисига аҳамият бермасдан ундан фойдаланиб қолиш пайида бўлганлар. Аслида ҳақиқий мўмин шундай бўлиши керак. Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: الكلمة الحكمة ضالة المؤمن فحيث وجدها فهو أحق بها Ҳикматли сўз мўминнинг йўқотиб қўйган нарсасидир. Қаерда кўрса уни олишга ҳақдордир. (Термизий, Ибн Можа ривояти). Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (164-241) раҳимаҳуллоҳни ҳаммамиз кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Шу зот 300 000 (уч юз минг)дан зиёд ҳадисни ёддан билган ҳофиз шу билан бирга ўз даврининг кўзга кўринган олими эдилар. Тўрт фиқҳий мазҳабдан Ҳанбалийлик мазҳабига асос солганлар. Шунга қарамасдан у киши ўз даврида ўзидан анчагина кичик 25 ёшли (ҳанафий мазҳаби олими имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (131-189) бўлиши мумкин) олимдан ҳам сабоқ олган эканлар ва устозининг уйларида хизматларини қилиб юрар эканлар. Бир куни Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг баъзи яқинлари у кишига эътироз билдирди: “Ҳазрат, сиз ёшингиз ҳам улуғ, илмингиз ҳам кўп катта олимсиз. Нега ўзингиздан ёши кичик 25 ёшли одамга шогирд бўлиб юрасиз?Унинг олдида қуллуқ қилиб турасиз?”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал жавоб бердилар: “Тўғри, мен у кишидан кўра кўпроқ ҳадис ёд олганман. Аммо у зот ҳадисларнинг маъносини, фиқҳини мендан яхши тушунади. Агар шу йигит бўлмаганда биз илм-маърифат уйининг ичига кира олмай, эшик олдида қолиб кетган бўлардик. Аллоҳ унга ўзгача иқтидор ато қилган. Ҳадис ва хабарларнинг асл мағзини жуда яхши фаҳмлайди. Шу устозим илм дунёсининг қуёшидир!”. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби Авазбек Мўминов 285

Ваъдага вафо қилиш одоби

Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири аҳдга вафодорликдир. Ваъдага вафодорлик инсон қадрини оширади, жамиятда обрў эътиборга эга қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: …وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا  …Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни)сўраладиган ишдир. (Исро сураси, 34-оят) Яна, Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 91-оятида “Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг” дея марҳамат қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлмасларидан илгари ва пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ваъдаларига содиқ турганликлари учун “Содиқул ваъда” деб ном олганлар. Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамсо розияллоҳу анҳудан: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлмасларидан аввал у зотдан бир нарса сотиб олдим. У кишининг бир оз пуллари менда қолди. Эртага шу ерга келиб қолганини бераман деб ваъда бердим. Эртасига келишим лозимлгини унитиб, уч кундан кейин келсам, пайғамбаримиз мени ўша ваъдалашилган жойда кутиб турган эканлар. Эй, бола! Уч кундан бери мени машаққатга қўйдинг. Мен сени уч кундан бери интизор бўлиб пойлаб турибман дедилар.” (Абу Довуд ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча аҳдларига риоя қилиб,  бу вожибни ўзларига лозим тутдилар. У зотнинг ўзлари Мадинага борган вақтларида яҳудийлар билан тузган келишувларига, шунингдек Ҳудайбиядаги сулҳга амал қилганлар.  Аҳдни бузиш ҳаром ишлардан саналади. Бирор бир мўмин юқоридаги оятдан ва қуйида келадиган ҳадисдан хулоса қилган ҳолда ваъдасини бузмаслиги лозим. Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қарата “Агар Баҳрайннинг моллари келса сенга шунча, шунча, шунча бераман дедилар. Баҳрайн моллари Абу Бакр халифалик даврида келди. Шунда Абу Бакр “Кимга Расулуллоҳ ваъда берган бўлса ёки Расулуллоҳнинг қарзлари бўлса келсин” деди. Шунда мен бордим ва Расулуллоҳ менга Баҳрайн моллари келса шунча бераман деган эдилар дедим. Абу Бакр уни ол, дедилар. Мен олдим. Санасам беш юз дирҳам экан шунда Абу Бакр “икки баробар ол” дедилар ”. Аллоҳ таоло ваъадага вафодорликни аввалги туширган динларида ҳам буюргандир. Бунга Қуръони каримда бир неча оятлар бор. Марям сурасининг 54-оятида: وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِسْمَاعِيلَ إِنَّهُ كَانَ صَادِقَ الْوَعْدِ وَكَانَ رَسُولًا نَبِيًّا  (Эй, Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи набий ва расул эди. Ибн Жарир Табарий шундай ривоят қилади: “Исмоил алайҳиссалом бир киши билан маълум бир жойда учрашишга ваъдалашдилар. Исмоил алайҳиссалом айтилган пайтда ваъдалашилган жойга келдилар. Бироқ ваъда берган киши келишни унутиб қўйган эди. Исмоил алайҳиссалом кеч бўлгунча ўша жойда кутиб ўтирдилар ва кечаси тунаб қолдилар. Эртасига у киши келиб: “Мени кечиринг! келиш ёдимдан кўтарилибди. Сиз кечадан бери шу ердамисиз? Кечаси шу ерда тунаб қолдингизми?” деб сўради. Исмоил алайҳиссалом ваъдалари вафо қилиб, шу ердан кетмасдан ўтирганликларини айтдилар. Шу сабабдан Аллоҳ у зотга “Содиқул ваъда” даражотини берган. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Тўрт хислат борки кимда бу хислатлар бўлса у чин мунофиқ бўлади. Агар унда бу хислатларнинг бири бўлса, тоинки уни тарк қилмагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади. Агар омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, аҳдлашса хоинлик қилади, агар баҳслашса бузуқлик қилади”, дедилар. (Муттафақун алайҳ) Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам аҳдига вафодор бўлишга ундаб, аҳдни бузишдан вафосизликдан қайтарганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аҳди йўқ кишининг дини йўқдир”-дедилар. (Имом Аҳмад ривояти). Демак, ҳар бир инсон жамиятда чиройли ўрнини топмоқчи бўлса, сўзига эътиборли, ваъдасига вафодор бўлмоқлиги лозим экан. Ваъда фақатгина олди-берди...
1 168 169 170 171 172 230