Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ваҳб ибн Кайсондан ривоят қилинади:
«Ибн Умар чўпон ва қўйларни қақроқ ерда кўрди. Ундан яхши жойни кўриб:
«Эй шўринг қурғур, ҳой чўпон! Уларни бу томонга ўтказ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсада масъулдир», деганларини эшитганман», – деди».
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар қўй боқиб юрган бир чўпонни кўрибдилар. Қарасалар, қўй боқиб юрган жойлари серўт бўлмаган, суви ҳам кам ерлар экан. Абдуллоҳ ибн Умар бошқа бир жойда яхши яйловни кўрган эканлар, шунинг учун чўпонга қараб:
«Эй шўринг қурғур, бу ёққа кел, қўйларни мана бу томонга ҳайдаб ўт. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир мутасадди ўз қарамоғидаги нарсага масъулдир», деганларини эшитганман», – деган эканлар.
Зиммасига масъулият юкланган ҳар бир одам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўша нарса учун жавоб беради.
Масалан, бепарво чўпондан «Нима учун яхши яйлов бўла туриб, қўйларингни мана бу яйловда боқдинг?» деб сўралади.
Ушбу ривоятда айтилганидек, чўпон келиб, Абдуллоҳ ибн Умардан «Қўйимни қаерда боқай, маслаҳат беринг», деб сўрамаган. Ҳар бир ҳадисга амал қиладиган, ҳатто қўйларга ҳам яхшиликни раво кўрадиган, оқил киши Абдуллоҳ ибн Умар чўпон сўрамаса ҳам, яхши маслаҳат берган эканлар.
Шундан келиб чиқиб, баъзан тажрибасизроқ, эътиборсизроқ кишилар бир ишни нотўғри қилаётган бўлсалар, ўзлари сўрамаса ҳам, ақлли, тажрибали кишиларнинг уларга фойдалироқ бир ишни маслаҳат бериб, тавсия қилишлари савобли иш бўлар экан. Аксинча, «Сўрамади-ку, менга нима», деб кетаверишлари дуруст бўлмас экан.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг
«Одоблар хазинаси» китобидан