islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Аъзам Абу Ҳанифа ўн еттитагина ҳадисни билганмилар?!

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига қилинган таъналардан энг аҳмоқонаси ва бўҳтонлиги очиқдан-очиқ кўриниб тургани ул зоти шарифни фақатгина 17 (ўн етти) тагина ҳадисни билган, деган гапдир. Мужтаҳидлар замонида, саҳоба, тобеъин ва табъа тобеъинлар даврида, мужтаҳид бўлиб, буюк имом бўлиб танилган, бутун умри илм излашга, маърифат тарқатишга сарфланган одамни 17 (ўн етти)тагина ҳадисни эшитган, дейиш ҳақиқатдан ҳам ўта даражада кулгили ва мужтаҳидга нисбатан ҳақоратомуз туҳматдир. У даврларда оддий авом ҳам тўй ва маъракаларда олимларнинг гап-сўзларига тасодифан қулоқ тутиб 17 (ўн етти)тагина ҳадисни эшитиб олиши мумкин эди, у даврларда чўлу биёбонларда яшаб юрган оддий чўпон ҳам 40 (қирқ) йилда бир марта шаҳарга келганида, ана шу 17 (ўн етти)тагина ҳадисни эшитиб кетиши мумкин эди. Мана шу ҳақиқатни тушунмаслик учун ё ўта даражада қайсар аҳмоқ ёки ақлсиз жинни бўлиш керак!

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилганлари 17 (ўн етти)тагина ҳадисга етади, деган бўҳтон илк бор Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳнинг ҳамма мақтайдиган, инсоният тарихида жамиятшунослик фанига асос солган “Тарих” асарининг “Муқаддима”сида келтирилган (Абдурраҳмон ибн Халдун. Муқаддимату Тарих. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 561).

Энг ажабланарлиси шундаки, Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ китобида келган юқоридаги айбловни баъзи аҳли илмлар ҳам нақл қилиб юришади, гапириб қўйишади. Ҳолбуки, дунё тан олган бир олимга нисбатан ҳақорат бўлган бундай гапни гапириш ҳаромлигига шак-шубҳа йўқ! Фақат уни рад қилиш учунгина гапириш мумкин, холос.

Биринчидан, Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ китобида келтирган юқоридаги гапни ўзи гапирмаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, унинг ўзи шу жойда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини ҳадис илмида ҳам мужтаҳидлигини алоҳида қайд қилган. Демак, бу дин душманларининг, ислом фиқҳи душманларининг Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ асари нашрига киритган иғволари бўлиб чиқади. Зотан, Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ асарининг дастхат нусхаси топилган эмас, ушбу асарнинг барча энг қадимий қўлёзма нусхалари синчковлик билан илмий-танқидий кўриб чиқилиш керак бўлади. Манбашуносларга маълумки, одатда, битта асарнинг қўлёзма нусхаларида бир-биридан фарқли, бир-бирига тамоман қарама-қарши фикрлар ҳам учраб туради. Жумладан, Шамсиддин ас-Саховий раҳимаҳуллоҳ Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ таржимаи ҳолида унинг тарихида Ҳазрати Ҳусайн разийаллоҳу анҳуни ўз бобоси, яъни Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қиличларидан ўлдирилган, деган фикр борлигини муаллифнинг устози “Мажмаъ аз-завоид” соҳиби Ҳофиз ал-Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ гапириб, бу бўҳтонни ёзгани учун Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳга лаънат айтиб, йиғлаганлигини келтиради. Сўнг муаллифнинг ўзи унинг нусхаларидан ушбу фикрни топа олмагани, умуман, бошқа нусхаларида бўлиши мумкинлигини қайд қилади (Шамсиддин ас-Саховий. аз-Завъ ал-ломиъ ли-аҳли ал-қарн ат-тосиъ. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-Жийл, 1992. – Б. 147). Ҳақиқатдан ҳам, мазкур тарихий асарнинг ҳозирда бизга маълум қўлёзма ва нашрларида ушбу фикр учрамайди. Демак, бундан шундай хулоса чиқадики, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига қилинган туҳмат ҳам аслида муаллиф қаламида ёзилмаган бўлса керак.

Агар юқоридаги гапни Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ айтган бўлган тақдирда ҳам, унинг қаламининг саҳви, китобий хато сифатида кўриш даркор. Чунки, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳадис ривоятлари кўплигини бошқа ишончли уламолар тасдиқлаганлар.

Иккинчидан, Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ тарих, шеърият соҳаларида моҳир бўлса-да, аммо шаръий илмларда маҳорати етарли бўлмаган. Шамсиддин ас-Саховий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “аз-Завъ ал-ломиъ” асарида Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ таржимаи ҳолида шунга ишора қилиб ўтган (Шамсиддин ас-Саховий. аз-Завъ ал-ломиъ ли-аҳли ал-қарн ат-тосиъ. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-Жийл, 1992. – Б. 146-147). Шунга асосланиб, Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ: “Бу ўринда шаръий илмларга маҳорати етишмас экан, нақлий ишларга тааллуғи бор шариат имомларининг ҳолидан қандай хабардор бўлади?! Айниқса, унинг фикри бошқаларнинг гапига хилоф бўлиб турганидан кейин, унинг фикри қабул қилинмайди”, деган (Абдулҳай ал-Лакнавий. “Муқаддимату “Умдат ар-риоя фий ҳалли “Шарҳ ал-Виқоя”. – Лакнау: Юсуфий, 1327. – Б. 35).

Учинчидан, Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ ўша гапни “йуқолу”, яъни “айтилади” лафзи билан келтирган. Айтувчиси номаълум ҳолда зикр қилинадиган бу сўз билан келтирилган гапларнинг заифлигини жумла илмдонлар эътироф этадилар. Шу билан бирга муаллифнинг ўзи ҳам жазм ва қатъий қилиб айтмаган нарсага биз қандай ишонамиз?!

Тўртинчидан, тарих, таржимаи ҳол ва маноқиб китобларидаги тарихий воқеалар, нақл қилинган ҳикоялар, келтирилган маълумотларни ақл тарозусига солиб кўриш лозимлигини, қайта-қайта текшириб кўриш, аниқлигини бир қанча далиллар орқали тасдиқлаш кераклигини барча билади. Улар агар ақлга тўғри келса, қатъий нақл билан далиллансагина ҳисобга олинади. Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳнинг юқоридаги таънасини эса барча ақл эгалари ва илм соҳиблари рад қилганлар.

Энди, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қанча ҳадис билганлари ёки ривоят қилганлари ҳақида тўхталамиз:

1) Тобеъинлар замонининг охирида, табъа тобеъинлар даврининг аввалида, диний илму ирфон ва имону тақво энг юқори чўққига кўтарилган даврда яшаганлиги боис, айниқса, унинг ўзини бир неча саҳобаларни кўрган тобеъий сифатида зикр қилингани Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг устозлари жуда кўп бўлган. Юртдошимиз Васлий Самарқандий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи маноқибида унинг невара шогирди, юртдошимиз Абу Ҳафси кабир раҳимаҳуллоҳдан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг тўрт минг нафар устодлари бўлганлигини нақл қилган. Васлий Самарқандий раҳимаҳуллоҳ яна: “Фақат тобеъиндан тўрт минг устодлари бордур, бошқалардан жуда кўпдур”, дейди (Қаранг: Васлий Самарқандий. Ал-Калому-л-афҳам фий маноқиби-л-Имоми-л-аъзам // Нашрга тайёрловчилар: Маҳмуд Умар, Маҳмуд Ҳасаний. – Тошкент, 1991. – Б. 15).

Таниқли шофиъий олими Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг маноқибига бағишланган “ал-Хайрот ал-ҳисон” асарида унинг устозлари 4000 (тўрт минг) нафар бўлганлиги ҳақидаги нақлларни келтириб, устозларининг ҳаддан ташқари кўплиги боис уларни бирма-бир зикр қилмаслигини айтишга мажбур бўлган (Ибн Ҳжар ал-Ҳайтамий. Ал-Хайрот ал-ҳисон. – Миср: Матбаат ас-Саодат, 1324. – Б. 26).

“Тафсири Жалолайн” муаллифларидан бири Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг маноқибига бағишланган “Табйиз ас-саҳифа” асарида унинг саҳобалардан 6 (олти) нафар, тобеъинлардан 74 (етмиш тўрт) нафар, ул зотдан ривоят қилган шогирдларидан 96 (тўқсон олти) нафарининг номларини бирма-бир келтириб ўтади (Жалолиддин ас-Суютий. Табйиз ас-саҳифа би-маноқиби Аби Ҳанифа. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1990. – Б. 33 ва 39-100).

Ҳанафий олими Камолиддин ал-Баёзий раҳимаҳуллоҳ эса Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг асарлари шарҳига бағишланган “Ишорот ал-маром” китобида ул зотнинг саҳобалардан 7 (етти) нафаридан ва тобеъинлардан 93 (тўқсон уч) нафаридан илм олганлигини қайд қилинган, бевосита асҳобларининг сони эса 560 (беш юз олтмиш) нафарга етишини ҳам зикр қилган (Камолиддин ал-Баёзий. Ишорот ал-маром мин иборот ал-Имом. – Карочи: Замзам, 2004. – Б. 20-21).

Агар ҳар бир устозидан биттадан ҳадис ўрганганида ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг билган ва эшитган ҳадислари 17 (ўн етти) тадан ошиб кетади!

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳадисдан қилган ривоятлари бошқа муҳаддисларга нисбатан оз бўлса-да, аммо жоҳиллар ўйлагандек, гарчи буни ҳасадгўйлар ёқтирмаса ҳам, қатъий айтишимиз мумкинки, асло ўн еттитагина эмас, балки ундан анча кўпдир.

2) Имом аз-Зарқоний раҳимаҳуллоҳ айтишига қараганда, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳадис ривоятлари сони-адади борасида бир қанча фикрлар айтилган. Баъзилар 500 (беш юз) та деса, баъзилар, 700 (етти юз) та, учинчилари 1000 (минг) дан зиёд, тўртинчилари 1700 (бир минг етти юз) та, бешинчилари эса 666 (олти юз олтмиш олти) та ҳадисни ривоят қилганликларини қайд қилишган (Иқтибос бундан: Абдулҳай ал-Лакнавий. “Умдат ар-риоя” муқаддимаси. – Лакҳнав: Юсуфий, 1327. – Б. 35).

Хуллас, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ривоят қилган ҳадислари асосида “Муснад” номли китоблар тузилган. Тадқиқотчилар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинган “Муснад”лар сонини 15 (ўн беш) та эканини аниқлаганлар. Улардан айримлари топилиб ҳозирда нашр қилинган; баъзилари эса дунё қўлёзма жамғармаларида чанг босиб ётибди; қолганлари эса ҳалигача топилган эмас. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг “Муснад”ининг илк ривоят қилувчилари унинг шогирдларидир.

Таниқли муҳаддис, “Ҳилйат ал-авлиё” асари муаллифи Абу Нуайм ал-Исбаҳоний раҳимаҳуллоҳнинг “Муснад ал-Имом Аби Ҳанифа” асарининг ўзида келтирилган ҳадисларнинг сони такрорлари билан бирга 300 (уч юз) дан ортиб кетган (Абу Нуайм ал-Исбаҳоний. Муснад ал-Имом Аби Ҳанифа. – Риёз: Мактабат ал-Кавсар, 1994. – 305 б.).

Ўзбек тилида нашр этилган “Муснад”да эса Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадислар сони 524 тани ташкил қилган (Имом Аъзам Абу Ҳанифа. Муснад // Мутаржим Абдуллоҳ Мурод Холмурод ўғли. –Т.: Мовароуннаҳр, 2005. –386 б.).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг устозларидан бўлмиш Яҳё ибн Муин (126-203/743-818) раҳматуллоҳи алайҳи уни ҳадис илмида ишончли зотлардан бири деб билган ва “Абу Ҳанифа ҳадислардан ҳифз қилганини гапирар, ҳифз қилмаганини эса айтмас эди”, деган эди. Шунинг учун ҳам Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтганидек, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан муҳаддислар Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ ҳадис ривоят қилишган!

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдларининг китобларини ўқиган ҳар бир кимса уларда ўз устозларига иснод қилинган ривоятларни Пайғамбаримиз алайҳиссаломгача етказилганининг гувоҳи бўлади. Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг “Муватто”сини, “Китоб ал-Ҳужаж”ини, “Китоб ал-Осор”ини, “ас-Сийар ал-кабийр”ини ўқинг, Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Китоб ал-Хирож”ини ва бошқа асарларни ўқисангиз, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ривоят қилган ҳадисларини юзлаб топасиз. Ўн еттита ривоят дейишдан нима маъни бор?!

Шунингдек, Муҳаддислардан Ибн Аби Шайба раҳимаҳуллоҳ ва Имом Абдурраззоқ раҳимаҳуллоҳнинг “Мусаннаф” асарларини, ад-Дорақутний раҳимаҳуллоҳ, ал-Ҳоким раҳимаҳуллоҳ, ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ каби таниқли муҳаддисларнинг таснифотларини, Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳи Маъоний ал-осор” ва “Мушкил ал-осор” асарларини ўқиган ҳар қандай аҳли илм Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан қилинган санадлари мутлақо саҳиҳ кўплаб ҳадис ривоятларни кўради. Фақат ўн еттита ҳадис билган дейишга қандай чидаш мумкин?!

Шунингдек, ҳар бир кимса Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг замони саҳобаи киромлар замонининг охирлари, тобиъийни изомлар замонининг авваллари эканлигини яхши билади. Бу аср нубувват илмининг нур сочган замони, илмлар шойиъ бўлган давр эди. Бу даврнинг салгина илмга қизиққан энг ёш вакилига ҳам кўплаб ҳадислар етиши аниқ эди. Шундай экан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратларига фақатгина ўн еттита ҳадис етган, дейишни ақл қабул қила оладими?! Агар Кўфага бирорта муҳаддис ташриф буюрса, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдларига: “Бориб қаранглар, унда бизнинг Кўфада топилмайдиган ҳадис бўлса, эшитиб келинглар”, дерди (Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий. Маноқиб ал-Имом ал-аъзам Абу Ҳанифа. 1-жилд. – Ҳайдаробод: Матбаату Мажлис доират ал-маориф ан-низомия, 1321. – Б. 83). Демак, Кўфада яшаган ва у ерга ташриф буюрган жами муҳаддисларнинг ривоят қилган ҳадислари Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг дарс ҳалқаларида айтилган, лафзлари ва маънолари бирма-бир таҳлил қилингандир.

Шунингдек, барча замонлардаги фақиҳлар, муҳаддислар, муаррихлар, балки жами аҳли илмларнинг сўзлари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мужтаҳид эканлигига иттифоқ бўлган. Уларнинг ижмоъсига кўра, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўплаб ҳадислар етиб келган ва ўзи ҳам кўплаб ҳадислар ривоят қилган. Зоҳирки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фақатгина ўн еттита ҳадиси етиб келса, қандай қилиб ижтиҳод қила олади, қандай қилиб ҳукмлар истинбот қилади?!

Агар сен: “Биз бу кимсанинг мужтаҳидлигини тан олмаймиз” десанг, айтамизки, жумлаи жаҳон унинг мужтаҳидлигини тан олиб турганда, улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини мадҳ қилиб, мазҳабини эътироф қилиб турганда, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қавл ва фатволари энг сара мусулмонларнинг орасида тарқалиб, қабул қилиниб турганда, сенинг бу гапинг нима бўларди?! Аниқки, жоҳилларнинг жоҳилининг гапи бўлади-да!

Шунингдек, жумлаи жаҳон Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини фақиҳлардан бири эканлигини якдиллик билан эътироф қилган. Ҳатто буюк фақиҳ ва муҳаддис, шофиъий мазҳабининг муассиси Имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳи: “Шак йўқки, одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг оиласидадирлар, унга боқимандадирлар!”, деганлар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини зикр қилган ҳар бир тарихчи, муҳаддис уни Ироқ аҳлининг фақиҳи сифатида кўрсатган. Маълумки, бу сифат ижтиҳод қувватисиз топилмайди. Зотан, фиқҳнинг ҳосил бўлишида истинбот ва ижтиҳод малакаси шартдир. Муқаллид эса ҳақиқий фақиҳ эмас, балки нақл қилувчи бўлиб қолаверади. Шундай экан, қандай қилиб мутлақ ижтиҳод қила олувчи фақиҳ бўлган одамга ўн еттита ҳадиснигина билади, дейиш мумкин?!

Шунингдек, Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг олтита китоби – “ал-Мабсут”, “Жомиъ ал-кабийр”, “Жомиъ ас-сағир”, “Сийар ал-кабийр”, “Сийар ас-сағийр”, “аз-Зиёдот” китоблари, яна “Китоб ал-Осор” ва “Китоб ал-ҳужаж” асарлари, Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг “Китоб ал-хирож” ва “ал-Амолий”си, Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳининг “ал-Мужаррад” китобларида ҳадсиз-ҳисобсиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан нақл қилинган ибодат ва муомалот бобидаги фиқҳий масалалар келганки, уларнинг айримлари Қуръондан далилланган бўлса, озгинагина қисми фақат қиёс ва раъйга суянган бўлса, жуда кўпчилиги Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан ҳужжат олингандир. Агар ҳадислар етиб келмаган бўлса, агар фақат ўн еттита ҳадис ривоят қилган бўлсалар, қандай қилиб шунча фаръий масалалар, аҳкоми шаръиййани нақл қила олардилар?!

Агар сен: “У фақат иснодли ўн еттита ҳадиснигина эшитган бўлиши, қолганларини эса китоблардан ўқиб олган бўлиши мумкин-ку!”, десанг, жавоб шуки, у даврларда ҳали ҳадислар тасниф ва тадвин қилиниши йўлга қўйилмаган эди. Шариат ходимларидан эшитибгина ҳадислардан хабардор бўлиш мумкин эди, холос.

Шунингдек, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳадисшунос Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар айтганидек, тўрт минг машойихи, устози бўлган. Ҳадис илмидаги ровий одамларни текширадиган китобларда, жумладан, “ат-Таҳзиб”да келганидек, ул зот етмишта шайхидан жуда кўп сабоқ олганлар. Уларнинг ҳар биридан биттадан ҳадис эшитганда ҳам эшитган ва ривоят қилган ҳадислари етмишта ёки тўрт мингта бўлади. Ўн еттита ҳадис билган дейишнинг маъноси нима?!

Шунингдек, қадимда ҳадисларни жуда кўп ёд билган зотларни ҳофиз дейишган. Агар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўн еттита ҳадис билган бўлса, ҳофизлар қаторида саналмаган бўлардилар! Ҳолбуки, “Тазкират ул-ҳуффоз”ни ўқиган ҳар бир одам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини ҳофизлар жумласидан зикр этилганини кўради. Жумладан, Имом Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ “Табақот ал-ҳуффоз” асарида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини ҳадис ҳофизлари қаторида зикр қилиб, Яҳё ибн Муин раҳимаҳуллоҳнинг “Абу Ҳанифа ҳадислардан ҳифз қилганини гапирар, ҳифз қилмаганини эса айтмас эди” деган гапларини келтиради.

Шунингдек, юқорида айтилганидек, Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг 17 (ўн етти)та ҳадис билгани ва ривоят қилгани ҳақидаги гапни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳадис илмида ҳам мужтаҳид эканлигини айтилган ўринда келтирган. Демак, бу гап муаллифдан эмаслигини ёки муаллиф томонидан адашиш рўй берганини билдиради. Зеро, 17 (ўн етти)та ҳадис билган одам ҳадис илмида мужтаҳид бўлармиди?!

Баъзи бировлар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва унинг асҳобларини булар аҳли райъ, қиёсга амал қилишади, ўзларининг қиёсларини хабар ва ҳадислардан устун қўйишади, деб, туҳмат қилганлар. Бундай фикр ва таъналар, аслида, фиқҳ илмини билмаган, унинг ҳидидан баҳраманд бўлмаган кимсалардан чиқиши шубҳасиздир. Ҳолбуки, инсоф билан айтганда, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳазратлари хабарларга энг амал қилгувчи, суннат ва асорларга энг тобиъ бўлувчидирлар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари бу ҳақда: “Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни ҳадисдан устун қўяди деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Ҳадис бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!” дейдилар.

Ҳатто, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам, у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳнинг асосчиси дейишади ва ҳадисни кўб ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Худди бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришган-у, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса ўз фикрларидан чиқарганга ўхшаб қолади. Бунга Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак. Мисол учун, Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадинаи Мунавварада – ҳадис илмининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми, ҳар бир фиқҳий масала айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам айтганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг “Муватто” китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол, яна бошқа омиллар бўгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлар-у, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутолаа қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади.

Кимки Мавлоно Алий ал-қори раҳимаҳуллоҳнинг “Мухтасар ал-Виқоя” китобига ёзган шарҳини инсоф ва сабр-тоқат билан ўқиб чиқса, ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади. Шунингдек, Мавлоно Абдулҳайй ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳнинг “Умдат ур-риоя” ҳамда “ас-Сиъоя” китобларини ўқиган одам ҳам бунга тан беради. Покистонлик уламолардан Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг устози Шайх Ашраф Али ат-Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг кўрсатмалари билан “Эъло ус-сунан” номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатганлар. Бу китобда улкан меҳнат самараси ўлароқ, ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилиб берилган.

Демак, китоб ўқиган одам, инсоф билан илм ўрганган кимса Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи 17 (ўн етти)та ҳадисни билганлар, деган гапнинг бўҳтонлигини англаб етади. Бунга эса, оддийгина, ул зотнинг ҳадислар тўплами бўлмиш “ал-Муснад”лари яққол далил бўлиб қолаверади.

Аллоҳ таоло уламоларга, айниқса, бутун дунё тан олган мужтаҳид, фақиҳ, ҳофиз бўлмиш зотларга таъна қилишдан, ул зотлардан айб излашдан ўзи асрасин. Аллоҳ таоло бизни ушбу мужтаҳид зотлар тузган мазҳабларига, фиқҳий қарашларига, чиқарган фатволарига ихлос билан, самимий амал қилиб боришимизни муяссар айласин!

1-курс талабаси 
Алимардон Мираҳмадов

68170cookie-checkИмом Аъзам Абу Ҳанифа ўн еттитагина ҳадисни билганмилар?!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: