Диний маърифат азалдан жамиятимизда маънавий-ахлоқий тарбиянинг муҳим қисми бўлиб келган. Бугунги глобаллашув даврида аҳоли, айниқса, ёшларни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавиятимизни юксалтириш, айни пайтда жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, халқимизни маърифатга бошлаган буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарғона вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 15 июнь куни Тошкентда “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида ўтказилган анжуманда сўзлаган маърузасида бу масалага устувор аҳамият қаратдилар. Ислом маданиятига, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослаштирилган Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусни барча катта мамнуният билан кутиб олди. – Таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан бўлиб, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди, – дейди Ислом ҳуқуқи мактаби раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили Т.Эрбўтаев. – Буюк боболаримизнинг бой меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб этиш биз, диний уламолар, имом-хатиблар зиммасига улкан масъулият юклайди. Янги иш бошлаган мазкур Ислом ҳуқуқи мактабида вилоятимиздаги имом-хатиблар, ноибларга Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимизнинг асарлари чуқур ўргатилади. Мактабда тингловчилар учун барча шароит яратилган. muslim.uz 895
Ҳар биримиз атроф-муҳитга меъёрий муносабатда бўлсак, табиат инсонга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, турмушимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади. Атрофимиздаги жонли ва жонсиз жисмнинг ҳеч бири боқий эмас. Кўзимизга ҳеч қачон тугамайдигандек кўринган ер ости ва ер усти хазиналарининг чекланмаганини бугунги кунда йўқолиб бораётган ўсимликлар, жониворлар, тугаб бораётган фойдали қазилма конлари мисолида кўришимиз мумкин. Борлиқдаги ҳар бир махлуқотни Аллоҳ таоло фазли карами ва ҳикмати билан яратди: «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия сураси, 17-20 оятлар). Ушбу ояти карима замирида Аллоҳ таоло яратган ҳар бир неъматни тафаккур қилиш, уларга шукр қилиш маъноси мужассамлашган. Ер юзида атроф-муҳитнинг кескин бузилиши бугуннинг энг долзарб муаммоларидан биридир. Табиатга шафқатсиз муносабатда бўлиш жониворлар ва ўсимликлар дунёсининг қирилиб битишига сабаб бўлмоқда. Биосферани турли чиқиндилар билан заҳарлаш натижасида инсон ўз ҳаётига болта урмоқда. Сувга ахлат ташлаш, чиқинди ва хазонларни ёқиш, жониворларни ноқонуний овлаш, ўрмонларни тартибсиз кесиш оқибатида юзага келган экологик муаммолар давримизнинг глобал муаммосига айланди. Инсон Аллоҳ таоло ато қилган ақл, билим ва тафаккурни ишга солиб бу муаммоларнинг олдини олмас экан, ўзини ва келажагини боши берк кўчага олиб кириб қўйиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, келажак авлодга биздан қақраган чўл эмас, обод манзиллар қолиши даркор. Ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ҳаракат қилса шунга яраша ажр олади. Тураржойларимизни, кўча-кўйларимизни покиза сақлашимиз, ободонлаштиришимиз, жонли табиатга, ўсимликлар оламига нисбатан ижобий муносабатда бўлишимизда ҳам Аллоҳнинг розилигини топишга интилиш бўлиши даркор. Шунда хайрли амалларимиз туфайли жамият равнақ топиб, охиратда нажотга муяссар бўлишимиз, шубҳасиз. Ҳозир айни куз фасли эканини ҳисобга олсак, хазонларни бартараф қилишнинг бир қанча йўллари бўла туриб, уни ёқиб ўзи ва атрофдагиларни заҳарлашига жим қараб туриш табиатга нисбатан ноҳақлик. Чунки бошқаларга зиёни тегадиган амални бамайлихотир бажариш, инсон хулқининг яхши эмаслигига далил бўлади. Шундай экан, жамиятга нисбатан ҳам, табиатга нисбатан ҳам ижобий муносабатда бўлишимизни насиб этсин. Исомиддин МУҲИДДИНОВ, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби (muslim.uz) 674
Ижтимоий тармоқ ҳамда турли ахборот сайтларида юртимизда диний таълим муассасалари қошида пуллик курслар ташкил этилиши юзасидан хабарлар тарқалди. Бунга нисбатан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муносабати қуйидагича. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий ҳайъатининг қарорига асосан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қошида пуллик ўқув курсларини ташкил этиш кўзда тутилган эди. Ушбу масала юзасидан 2017 йил 13 ноябрда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари буйруқни имзоладилар. Унга кўра, ЎМИ тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тили фанларини ўргатувчи пуллик ўқув курслари маҳаллий ҳокимиятлар билан келишган ҳолда ташкил этилиши белгиланган. Бунда кўпи билан тўртта гуруҳ ташкил этиши ва ҳар бир гуруҳда 15 нафардан тингловчи қабул қилиниши мақсадга мувофиқ экани таъкидланган. Ўқув курсларида ўқишни хоҳлаган фуқаролар аризалари навбатга қўйилиб, ушбу асосда гуруҳлар ташкил этилиши белгиланган. Ўқув курсларини ташкил этиш 1 декабрдан йўлга қўйилиши ва курснинг давомийлиги 6 ой этиб белгиланган. Ўқув курслари учун тўлов 1,5 миллион сўм қилиб ўрнатилди. Буйруқ имзоланган кундан бошлаб ЎМИнинг тегишли бўлимлари томонидан курсларнинг ўқув дастурлари ишлаб чиқилади. Ўқув курслари таълим муассасаларининг имкониятидан келиб чиқиб ташкил этилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати 920
Улуғ аллома, нафақат Ҳиндистонда балки бутун дунёда шуҳрат қозонган, “Уммат ҳакими” деган улуғ номга сазовар бўлган бу зотнинг тўлиқ исмлари Ашраф Али Таҳонавий ибн Мунший Абдулҳақ ибн Ҳофиз Файз Али ибн Ғулом Фарид Шаҳид ибн Жалол ибн Раҳматуллоҳ ибн Омонуллоҳ ибн Атийқуллоҳ Хатиб ибн Ҳофиз Ҳабибуллоҳ ибн Одам ибн Муҳаммад Жалол ибн Содржаҳондир. У кишининг насаблари ота томонидан иккинчи халифа ва буюк саҳобий ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Она томондан эса саҳоба ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Аллома Ашраф Али Таҳонавий ҳижрий 1280 йил (милодий 1863) Таҳона қишлоғида дунёга келганлар. Таҳона қишлоғи Ҳиндистонннг шимолида жойлашган бўлиб у ердан кўплаб уламолар етишиб чиққан. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини устозлари аллома Маҳмуд Ҳасан Девбандийдан ўрганганлар. Зафар Аҳмад Усмоний у киши ҳақида бундай деганлар: “Шайх Таҳонавий мазҳабда ўртаҳоллиги ва мўътадиллиги, шунингдек, ихтилофли масалаларда кенгбағрлиги ва кенг фикрлиги билан ажаралиб турган”. Шу билан бирга Таҳонавий муомалот масалаларида муаммо бўлмаслиги учун тўртта мазҳабнинг бирортасига тўғри келса одамлар бутунлай шариатни ташлаб кетмасликлари учун ўша мазҳаб бўйича фатво берар эдилар. Ҳар бир етук инсон юқори даражага этишида, албатта, унга устоз лозим. Шунингдек, Имом Таҳонавийнинг мана шундай етук даражага етишларида у кишининг устозларининг ўрни жуда катта. Устозлари: Шайх Набил Муҳаммад Яъқуб ибн Мамлук Али Наънутий. У киши Ҳиндистоннинг машҳур уламоларидан бўлиб ҳижрий 1249 йил (милодий 1833) Нанота шаҳрида дунёга келган ва шу ерда ҳижрий 1302 йил (милодий 1984) вафот қилган. Илмни оталари шайх Мамлук Алидан ўрганган. Шунингдек, кейинчалик Девбандда ўқиганлар. Шайх Маҳмуд Ҳасан Девбандий тариқатда етук устозлардан бўлиб, ҳижрий 1268 йилда (милодий 1851) Барилий шаҳрида дунёга келган. Манфаъат Али Девбандий. У киши машҳур фақиҳлардан бўлиб Девбандда туғилиб ўсган. Устозлари Яъқуб ибн Мамук Али Нанутий ва Аҳмад Деҳлавий каби Девбанд устозларидан илм олишган, 1327 йил Конфурда вафот қилган. Абдулали ибн Насиб Али Ҳанафий Миртаҳий. Машҳур уламоларидан саналади. У киши Мерта қишлоғида дунёга келганлар. Муҳаммад Қосим Нанутий, Аҳмад Али Саҳоранфурий Файз Ҳасан Саҳоранфурий ва бошқа кўплаб уламолардан дарс олган. Шайх Мулла Маҳмуд. Таҳонавий у кишидан Ҳадис китобларини ўрганган. Таҳонавий ўз асридаги турли илм соҳаларини мукаммал эгаллаган машҳур олим бўлиб, масалаларни аниқлашда ва далилларни чуқур ўрганишда илм толиблари орасида шуҳрати кенг тарқалган. Таҳонавийнинг етук илми ва маърифатидан фойдаланиш учун мусулмон ўлкаларнинг турли чеккаларидан илм талабидагилар жамоа-жамоа бўлиб ёғилиб келар эди. Улар Таҳонавийнинг илмидан ҳайратланиб, уни қаттиқ ҳурмат қилишарди. Шогирдлари кўп бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий. У киши 1310 ҳижрий йил дунёга келган. Дастлаб Девбандда таҳсил олган. 3 ёшларида оналаридан ажраган. Ҳижрий 1394 йил зулқада ойида вафот қилган. Шайх Ишоқ ибн Латиф Ҳанафий Бардавоний. У зот Бардавон шаҳрида ҳижрий 1283 йилда дунёга келган. Дастлаб устози Мавлавий Муҳаммад Ҳанифдан илм олган. Ҳижрий 1357 йилда Калкуттада вафот қилган. Шайх Аҳмад Али Фатҳфурий. Катта мударрис уламолардан бўлиб ҳижрий 1292 йилда Фатҳфурда дунёга келган. Фатҳфур Лакнао шаҳри яқинида жойлашган. Ибн Сирож Яқин Ҳанафий Курсавий. У киши фиқҳ ва ҳадис илмида катта олим саналади. Лакнао шаҳридаги Курсий қишлоғида дунёга келган. Дастлаб ўз шаҳрида илм олиб сўнгра Девбандга бориб ўқиган. Ҳижрий 1324 йилда Маккада вафот қилган. Шайх Муҳаммад Мустафо Бажнурий. Табобат илмида машҳур бўлган. Дастлаб илмни оталари Саййид Марвон...
Тошкент шаҳрида жойлашган Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропорт терминалида намозгоҳ пайдо бўлди. Бу хабарни Kun.uz’нинг бир нечта манбаси тасдиқлади. Аниқланишича, аэропорт терминалининг Б8 бўлимига яқин жойда намоз учун алоҳида жой яратилган. Шунингдек, унинг олдида таҳоратхона ҳам бор. Аэропорт терминалидаги намозгоҳ очилганига эндигина икки кун бўлган. Энди чегара назорат пунктидан ўтган йўловчилар одатдаги ибодатларини аэропорт терминалида ҳам бажариши мумкин. Бундай шароит қўшни мамлакатлардаги халқаро аэропортларда ҳам мавжуд бўлган. Йўловчилардан бирининг айтишича, бундай қулайлик аввалари Умра ва Ҳаж сафарида давомида мавсумий ташкил қилинган. Эндиликда Тошкент аэропортидаги намозгоҳ доимий равишда фаолият олиб боради. Маълумот учун, АҚШдаги 30та йирик аэропортдан 7тасида ана шундай намоз ўқиш учун махсус хоналар ташкил қилинган. kun.uz 764