Шрифт ўлчами Аввалроқ, Самарқанд вилоятидаги “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактабларининг очилиш маросими ўтказилиб, унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этишгани ҳақида хабар берган эдик. 2017 йил 10 ноябрь куни эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Самарқанд вилоятида ташкил этилган Калом ва Ҳадис мактабларининг устоз ва талабалари билан учрашди. Устозга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлик қилди. Шайх ҳазратлари ушбу мактаблар фаолияти ва дарслик адабиётлари билан танишар экан, ушбу ишдан ниҳоятда мамнун экани ва келажакда бу мактаблардан калом ва ҳадис фанлари бўйича етук олимлар етишиб чиқишига ишонч билдирди. Абдулазиз Мансур дастлаб калом мактаби ўқитувчи ва талабаларининг дарс жараёнини кузатиб, ўзининг қимматли маслаҳат ва таклифларини айтиб ўтди. Жумладан, Шайх ҳазратлари: “Калом мактабида аввало, буюк мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул Акбар” китобини асл манбадан ўқиётганларингиз ва уни ёдлашни бошлаганларингиз мени жуда ҳам хурсанд қилди. Бизнинг мазҳабимиз ва ақидамизга энг мос ва мўътабар китоб манашу китобдир. Дарсларингиз давомида ушбу китобнинг улуғ алломалар Алийюл Қорий ва Тафтазонийлар томонидан ёзилган шарҳларини ҳам ўқиб боришларингизни маслаҳат бераман. Чунки китобнинг шарҳида жуда кўп масалалар баён этилган. Шунингдек, ушбу китоблар соф араб тилида ёзилган бўлиб, бу сизларга араб тилини энг чиройли услубда ўқиш ва талаффуз қилишингизда катта ёрдам беради” дедилар. Шайх Абдулазиз Мансуров Ҳадис мактаби ўқитувчи ва талабалари билан ҳам учрашиб, ҳадис китобларини ўқишда ва ҳадис турларини яхши ўзлаштириб боришларини таъкидлади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан талабалар учун тайёрлаб нашр қилинган буюк бобомиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “ал-Адаб ал-Муфрад” китобини ёд олишларини тавсия қилди. Ҳадислар маъносига жиддий эътибор қаратиб, унга амал қилишда ҳушёр бўлишга чақирди. Чунки, ҳадислардан фиқҳий, эътиқодий масалаларда ҳукм олишда мазҳаблар ўртасида турли қарашлар мавжудлигини эслатиб ўтди. Бугунги кунда айрим ақидапарст оқимлар, оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилганликлари сабабли ҳам нотўғри йўлларга тушиб қолганлигини айтиб ўтди. Шайх Абдулазиз Мансуров азалий аждодларимизнинг устоз-шогирд анъанасига мувофиқ, дарс ўтиб, яратгандан ушбу мактаб ривожи учун, уни ташкил қилишда хизмат қилган раҳбарларимиз ва барча устоз ва талабар ҳақларига дуойи хайр қилди. Тоҳир Эвадуллаев (muslim.uz) Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг! 715
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу мажмуа қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилмоқда. Президентимиз Имом Бухорий мажмуаси, халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳудудда жойлашадиган бошқа инфратузилма иншоотлари концепцияси билан танишди. Мажмуа ҳудудида чойхона, савдо шохобчалари, фаввора ва бошқа зарур объектлар қуриш режалаштирилган. Икки ён томонда ландшафт дизайни асосида маҳаллий шароитга мос бутазор ва гулзорлар ташкил этиш мўлжалланган. Давлатимиз раҳбари марказ концепциясида зиёратчиларга қулайликлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу марказ ҳажга отланган зиёратчилар келиб, буюк алломаларимиз меросидан баҳраманд бўладиган илмий-маърифий маскан бўлиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг учун зиёратчиларга ҳамма қулайликларни яратиш, хусусий меҳмонхоналар барпо этиш лозим. Бу ерга зиёратга келган одамларнинг ибодат қилиши билан бирга, ҳадис илмини ўрганиши учун ҳам барча шароит яратилади. Лойиҳани амалга оширишда буни алоҳида ҳисобга олиш зарур. Келажакда ушбу марказ муқаддас динимизни, аждодларимизнинг ҳадисшунослик ривожига қўшган беназир ҳиссасини тарғиб қиладиган маскан бўлиши лозим. Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бугунги кунда мазкур марказ қурилиши жадал давом этмоқда. 6 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда ҳадисшунослик олий мактаби ҳам барпо этилмоқда. Марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилади. Давлатимиз раҳбари марказ қурилишини замонавий ва миллий меъморлик анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда амалга ошириш, бунёдкорлик ишларида сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш, ҳудудда зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга тавсиялар берди. uza.uz Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг! 844
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2017 йил 10 ноябрь куни “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси М.Жангировнинг 1-в гуруҳга ҳадис фанидан “Қайнатилган ёки қовурилган таомларни ейиш билан таҳорат синмаслиги” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди. Жангиров Муҳаммад домла очиқ дарсда янги мавзуни “Шарҳу маонил осор” асари асосида ёритиб берди. Асарда имом Таҳовий мавзуга доир ҳадисларни келтириб, ундан ҳанафий олимлари қандай истифода қилганларини кўрсатиб ўтган. Айни вақтда бошқа мазҳаб соҳибларнинг далилларини ҳам келтириб, уларнинг қарашлари кучсиз эканлигини ақлий ва нақлий далиллар билан баён қилиб берган. Ўқитувчи талабаларнинг мавзуга оид саволларига ҳам батафсил жавоб берди ҳамда очиқ дарсда баъзи педагогик усуллардан фойдаланиб, дарсни самарали ташкил қила олди ва қўйилган мақсадга эришди. Мазкур очиқ дарсга “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов, “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ф.Жўраев, Б.Аъзамов, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Ж.Неъматов, “Диний фанлар” кафедраси кабинет мудири У.Мустоновлар қатнашиб, дарсни таҳлил қилишди ва уни юқори баҳолашди. “Диний фанлар” кафедраси мудири Соатмурод Примов 835