Банда учун Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашдан ҳам оғирроқ мусибат бўлмаса керак. Ҳа, Аллоҳнинг раҳмати қай даража олий бахт бўлса, лаънатланиб раҳматидан мосуво бўлмоқ шу даража ачинарли бахтсизликдир. Аллоҳ ҳеч бир мўминни раҳматидан маҳрум қилмасин, лаънатига дуч келиб бадбахт бўлишдан асрасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёви, аҳли байт аъзоси Али розияллоҳу анҳудан баъзи асҳоблари бир кун шундай савол сўради: Ҳазрат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтга бошқа одамларга ўргатмаган нарсаларни ўргатганми? Биз билмаган нарсалар ҳам бормики хоссатан сизларга ўргатилган. Агар бўлса биз билан бўлишсангиз? Али розияллоҳу анҳу жавоб берди: Йўқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ўзимизга алоҳида бирор нарса ўргатмаганлар. Оммага нимани етказган бўлса, биз ҳам ўшани биламиз холос. Илло, мана бу қиличим қинида сақлаб юрган бир саҳифа бор. Ўшанда ёзилган нарсаларни сизларга айтиб бераман: عن الله من ذبح لغير الله، لعن الله من سرق منار الارض، لعن الله من لعن والديه، لعن الله من آوى محدثا Аллоҳ таолодан бошқасига атаб жонлиқ сўйганларни Аллоҳ лаънатлади! Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олганларни Аллоҳ лаънатлади! Ота-онасини лаънатлаганларни Аллоҳ лаънатлади! Динда янгилик пайдо қилганга жой берганни Аллоҳ лаънатлади! Имом Бухорий ривояти. Изоҳ: Лаънат деб Аллоҳ таолонинг раҳматидан мосуволикка айтилади. Ислом жонлиқни фақат Аллоҳнинг номи ила ва фақат унинг ризолиги йўлида қурбон қилишга буюради. Аллоҳдан ўзгасига аталган қурбонлик ҳам, унинг гўшти ҳам ҳаром бўлади. Бу ишни қилганлар эса тавба қилмаса лаънатга гирифтор бўлишади. Шунингдек, Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олиш ҳам ҳаром саналади. Ҳадисларда ер ўғриларини қабр қаттиқ қисиши ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳам жуда оғир гуноҳ. Ҳаттоки, Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алай ноқонуний ўзлаштирилган ерда яшовчи инсоннинг уйига мутлақо кириш мумкин эмаслигига алоҳида урғу беради. Касаллигида зиёрат учун ҳам кириш гуноҳ. Тўй қилса, таклиф этилганлар тўйига бориб уйида меҳмон бўлиши ҳам гуноҳ бўлади. Ота-онани лаънатлаш икки хил бўлиши мумкин. Тўғрида тўғри ўз оғзи билан ота-онасини ҳақоратлаб лаънатлаганлар ёки кимнингдир ота-онасини ҳақорат қилади, у ҳам жавоб тариқасида бунинг ота-онасини ҳақорат қилади. Натижада бировнинг ота-онасини ҳақоратлаш билан ўз ота-онасига ҳам лаънат олади. Қиёмат куни булар ҳам тавбасиз кетишса Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишар экан. Динда янгилик пайдо қилган одамни бидъатчи дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир бидъат залолат, залолат эса жаҳаннамга олиб бориши тўғрисида куюниб гапирганлар. Ислом уламолари бидъатчилар билан илиқ муносабатда бўлишдан қайтарадилар. Юқоридаги ҳадисда ҳам бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатлади деб бекорга айтилмаган. Салафи солиҳлар йўлини лозим тутган ҳар бир содиқ мўмин, бидъат аҳлидан иложи борича нарида юриши керак. Жазоирлик шайх Абдулазиз ибн Рийс ҳижрий 1429 ражаб ойининг 8 санасидаги илмий анжумандаги чиқишида сукутий ижмоъ ҳақида гапириб, унинг мисоли тариқасида икки масалани кўрсатиб ўтган эди: 1- Қуръонни махлуқ – яратилган, деган киши кофирдир, деган масалага боғланган ижмоъ; 2- Аҳли бидъатни ҳажр қилишлик ва у билан муносабатларни узишлик лозим эканига боғланган ижмоъ. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби Авазбек Мўминов 331
Бир вақтлар катта бир олим ва валий зот яшаган эканлар. У киши кўплаб олимларни тарбия қилганлар. Шундай олим шогирдларидан бири ҳийлагина ўзига бино қўйган, илм йўлида амалга оширган баъзи катта ишлари билан манмансираб, фахрланадиган бўлиб қолибди. Лекин устозининг ҳузурида унинг изҳори фазли тавозе ва камтарликнинг ҳарир либосига ўралган шаклда бўй кўрсатарди. Бир куни у ўзининг қилган ишлари ҳақида устозига гапира туриб, ўзимиз ҳеч ким бўлмасак ҳам, Аллоҳ бизнинг қўлимиз орқали ўз динига нусрат бермоқда, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Аллоҳ бу динни фожир кишининг қўли билан ҳам азиз қилур!”, деганлар-ку, дея юқоридагидек “камтарлик” қилибди. Лекин, қалбининг туб-тубида бу сўзлари учун устозидан лутф, мақтов ва эътироф кутиш истаги тинмай типирчиларди. Шу вақт кутилмаганда устози унга шундай хитоб қилди: “сен ҳали ўзингни бу ҳадиси шарифда тилга олинган фожир кимсага тенглаштиряпсанми?! Валлоҳи, сен ҳали бу ҳадиси шарифдаги фожир кимсачалик бўлганинг йўқ. Бу қадар хомтама бўлма! Ўзингни алдама. Бугундан бошлаб, фақат камчилик ва гуноҳларинг ҳақида ўйла, тақсиротингни тўғрилаш ҳақида бош қотир. Дин номига қилган бирорта ишингни эслама. Аллоҳни муроқаба қил!”. Бу сўзлар шогирднинг бошига гурзи мисол тушди. Ва бир онда унинг оламини остин-устун этди, ларзага солди. Унинг уфқини беркитиб қўйган нарцисизм булутларини ҳар томон тарқатиб юборди. Ортиқ, шогирднинг қалб самосида махофатуллоҳ, маърифатуллоҳ ва муҳаббатуллоҳ қуёши қайта порлади. Устоз биргина таважжуҳи билан шогирднинг қалб кўзини очиб, унга етиб келган асл воқеълигини кўрсатган эди. Қараса, кўзига жаннат осмонлари бўлиб кўринаётган нарсалар ботқоқлик узра ёйилган оқ туманлар экан. Шогирднинг кўзларидан шашқатор қуйилувчи ёшлар унинг қалб ойнасини ювди, жилолади. Энди у ҳаммадан камсуқум, ҳаммадан мутавозе, ҳаммадан гўзал хулқли ва фақат ўз камчиликларини ислоҳ қилиш йўлини тутган инсонлардан бўлди. Кундузлари соиму тунлари эса қоим бўла бошлади. Ортиқ у кимни кўрса албатта ўзидан афзал деб билар ва ҳавас қиларди. У шу тобда Аллоҳ томонга олиб борадиган ҳақиқий йўлга сулук этганди. Устози кеча кундуз унинг ҳаққига дуои хайр қилар, мудом яхшилик соғинарди унга. Йиллар ўтди, шогирд аввалгидан кўпроқ ишларни амалга оширди, китоблар битди, донғи чор-атрофга ёйилди. Ўзи ҳам чин валийлардан бўлди. “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси А.Султонхўжаев Манба 318
Мусулмон инсон мол-дунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади. Тамагирлик арабча “тамаъа” сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. “Тамаъ қилди” билан “ҳирс қўйди” бир хил маънони англатади. Агар тамаъ Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамалари мисол бўлади: “Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан таъма қилганим – умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи”. Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тама билан дуо қиладиганларни мадҳ этган: “Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар“. Аммо тамаъ дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаъларнинг чақмоғидандир”. Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумолар бирга бўлишганда Каъб розияллоҳу анҳу: — Эй, Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар? — деди. — Унга амал қилувчилар, — деди. — Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима? — деди. — Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш, — деб жавоб берди. Тамагирликнинг зарарлари: 1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир. 2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир. 3. Тамагирлик Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир. 4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади. 5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот: “Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган”, – дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган). Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун, ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас. Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда. Мусулмон одам унга Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган бўлар экан. Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўклигидадир. Абу Ҳозим: “Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса”, деган. Баъзи ҳукамолар шундай дейдилар: Агар тамагирликка: — Отанг ким? — дейилса, — Қадарга шак келтириш, — дейди. — Ҳунаринг нима ? — дейилса, — Хорликни касб қилиш. — Ғоянг нима? — дейилса, — Маҳрумлик, — дейди. Тамагирлик азизни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 183
Шогирднинг устози ҳузуридаги одоблари қуйидагилардан иборат: Шогирд устоз ёнида керакли гапни гапириши; Устози сўрамаган масалалардан сўз очиб очиб, мавзудан чалғитмаслиги; Талаба устозидан изн олмагунча савол сўрамаслиги; Шогирд устоз ўртага қўйган масалада уни мулзам қилиш учун: “Фалон киши бу масалада бошқа фикрда, унинг фикри сизникидан устун кўриняпти”, деган гаплар қилмаслиги; Устозининг ҳузунли ва сукутли дамларида ўринсиз саволарга тутиб, безовта қилмаслиги; Талаба устози айтмоқчи бўлган сўзни ёҳуд саволни ярмидан олиб, оғзидан олиб давомини айтишга одатланмаслиги лозим. Шунингдек, талабалар устозини ғийбат қилиш каби гуноҳлардан жуда ҳам эҳтиёт бўлишлари керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: Эй мўминлар, кўп гумондан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. (Ҳужурот,12). Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 412
Интернет маълумотлари чексиз ахборот манбаи саналади. Бироқ, ундан ҳам яхшилик ва ҳам ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин. Маърифатли, ақлан баркамол инсон ундан тўғри мақсадда фойдаланса, жоҳил, бузуқ эътиқодли кишилар ундан турли ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида истифода этиши ҳеч кимга сир эмас. Агар манфур кимсаларни ўз эркига қўйиб берсангиз, ҳавойи нафсига эргашиб, разолат ботқоғига ботиши, тубанлик чоҳига қулаши тайин. Унинг гирдобига тушиб қолган киши осонликча қутулиши даргумон. Интернет тўрига илинганлар фитналар қурбони бўлади. Ҳам руҳан ва ҳам жисмонан унга мутеъ бўлиб қолади. Натижада улар орасида фаҳш, зулм, мункар ёйилади, ҳар хил миш-миш ва тўқималар, туҳмат, ғийбат, бўҳтон, бировларнинг иззат-нафсониятига тегиш ва бир-бирларига қарши гиж-гижлашлар авж олади. Маълумки, интернет тармоғида гуруҳ очганлар ўзларини ошкора қилмайдилар. Турли лақаб ва номлар билан атайдилар. Воҳаланки, биз уларнинг кимлигини билмаймиз. Билмаган, танимаган кишиларнинг маълумотини кўр-кўрона қабул қилиб олиш эса исломда қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: “Бу очиқ бўҳтон-ку!” десалар бўлмасмиди?!” (Нур сураси, 12-оят). Шунингдек, эшитган ҳар бир сўзни унинг ростлигини аниқламасдан гапиравериш ҳам мусулмонга хос иш эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларнинг бирида: “Ҳар бир эшитган сўзини айтишлиги кишининг ёлғон гапириб қўйишига кифоя қилади”, деганлар (Муслим ривояти). Иғволарга учиб фитна тарқатувчилар шайтон янглиғ турли шакл-шамойилга кириб инсонларни тўғри йўлдан оздирмоқчи бўлишади. Шайтоннинг инсон учун азалдан очиқ-ойдин душман экани ояти карима ва ҳадиси шарифларда айтиб ўтилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир” деб огоҳлантирган. Мўмин киши буни тўғри англаб етади, ҳеч қачон душманига ишониб қолмайди, билиб туриб ўзини фитналар домига ташламайди, ақл-идрок билан иш юритади. Фитна энг разил, ҳатто қотилликдан ҳам тубанроқ эканини доимо ҳис этади. Бу борада доимо зийрак ва ҳушёр бўлади. Эътиборсизликка асло йўл қўймайди. Эътиборсизлик ва лоқайдликнинг охири вой бўлишини тушунади. Шундай экан, интернетдан тўғри фойдаланишни ўзимизга мақсад қилиб олайлик. Акс ҳолда, сўнгги пушаймон – ўзингга душман бўлиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин. Мир Араб олий мадрасаси Қироат ва тажвид фани мударриси Абдулбосит Раҳимов 368