Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳеч шубҳа йўқ, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Ислом динининг ўзига хос хулқи ҳаёдир”. Ҳаё – кишини инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган ҳар қандай нарсадан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё хижолат чекиш, истиҳоладан фарқ қилади. Чунки хижолат чекиш ҳамиша ҳам ижобий хислат ҳисобланмайди. Баъзан у салбий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ҳаё бир вақтнинг ўзида жоиз бўлмаган иш ва сўзлардан қайтаргани каби, яхши ишларга ундовчи ҳамдир. Бу гўзал хислат одамлар орасида ҳам, ўзи ёлғиз қолганида ҳам эгасининг иккиюзламачилик қилишига йўл қўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир”, деганлар. Ҳаё инсоннинг икки дунёси, шунингдек, атрофидагилар учун ҳам фойдали фазилат. Уламоларимиз ҳаё ҳақида: “Ҳаё ёмон, қабиҳ иш ва қилиқларни тарк этишга ундайдиган, ҳақдор кишининг ҳақига путур етказишдан қайтарадиган яхши сифатдир”, дейишган. Имонимизнинг бир бўлаги – ҳаё биздан узоқлашиб, бегонасираб кетишига йўл қўймайлик. “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Ёрмуҳаммад Эшназаров Манба 917
Толиби илмларга қилинадиган насиҳатлардан энг муҳими – бу устозни, унинг билимини ва илм мажлисларини ғанимат билиш, пайтида улардан фойдаланиб қолишдир. Қанчадан-қанча шахслар замондошлари бўлмиш уламоларга етиша олмаганлари, бунинг учун ҳасрат-надоматда қолганлари тарихдан маълум. Хатиб Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Риҳлат” номли китобининг сўнггида бир боб қилиб, уни “Бирор шайх томон унинг олий санадини талаб қилиб йўлга чиққанлар ва ўша шайхлар ўлиб қолиб, муродига ета олмаган талабгорлар зикри” деб атаган. Абдуллоҳ ибн Довуд Ҳарибий айтади: “Басрага Ибн Авн билан учрашиш учун кирган эдим. Бани Доро кўпригига келганимда Ибн Авннинг вафот этгани хабари келди. Менга нима етганини Аллоҳ билади”. Қаранг, мазкур кишилар бирор-бир дунё матоҳи, бойлик, қаср ё бошқаси учун надомат қилаётганлари йўқ. Чунки булар топиладиган нарсалар. Аммо уламоларнинг ўринларини ҳеч ким боса олмайди. Ўтмишдан биламизки, биргина ҳадис ривояти, биргина фиқҳий масала ечими учун кишилар узоқ масофали жойларга йўлга тушганлар. Ваҳоланки, ўша пайтларда шароитлар оғир эди. Олимларнинг, илмнинг қадрини билганларидан оғир машаққатларга ҳам рози бўлганлар. Аммо ҳозирги кунда қулайлик ва кенг имкониятлар бўла туриб биз устозларимиздан фойдаланишни билмаяпмиз. Уламолар ғанимат экани ҳадиси шарифда очиқдан-очиқ баён қилинган. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан суғуриб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар”, деганларини эшитдим” (Имом Бухорий ривоят қилган). Қаранг, илм уламоларнинг вафоти сабаб кўтарилар экан. Яъни, илмни ушлаб, сақлаб турадиганлар уламолардир. Уларнинг заволлари илм заволи экан. Имом Заҳабий уламолардан уч киши бир вақтда вафот топганларида: “Шаҳар бир йил ичида ана ўша уч киши кабилардан холи қолса, унда нуқсон зоҳир бўлибди”, деган экан. Емак ва ичимлик бадан озуқаси бўлса, қалб озуқаси илмдир. Қалбларни тирилтирадиганлар олимлардир. Нафақат қалбларни, балки оламни тирик тутадиганлар олимлардир. Мана шунинг учун ҳам: “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими”, дейилган. Олим оламнинг руҳи, нури ва ҳаётидир. Узоққа бормай, яқин даврдан мисол келтирадиган бўлсак, раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафот этганларидан кейин у кишининг илмларидан, ақалли у зотни бир кўришдан, дуоларини олишдан баҳраманд бўлмай, ҳасратда қолганларнинг саноғи йўқ. У кишига етиша олмаганлар у ёқда турсин, гарчи шогирдлик бахтига муяссар бўлган бўлсалар-да, маърифат булоғидан айрилиб қолганлари учун қанчалар ўксинишди. Қалбимиздан у зотдан кейинги катта бир кемтикни, ўрни тўлмас бир бўшлиқни ҳис қилганимизда “Биргина инсон дунёни шунчалар мунаввар қилиб турганмиди?!” деймиз бехосдан. Ҳа, биргина инсон дунёни хайрга тўлдириб турган эдилар. Мана шу хайр илм нури, илм барокати эди. Аммо олим кетди, деб буткул ноумидликка тушиш нотўғри. Олимлар аслида барҳаётлар. Улар нариги дунёга ўтишган бўлса-да, халафларини, яъни ўринбосарларини қолдиришган. Биз энди улар қолдирган мерослари ва меросхўрларини ғанимат билайлик. Одинахон Муҳаммад Юсуф Манба 705
Одамларда кўп учрайдиган қалб касалликларидан бири ёмон гумон қилишдир. Қуръони каримда бадгумонликдан қайтарилган. Зеро, бир одам қалбида қандай ният борлигини – қалб сирларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Кўзи билан кўрмагунча биров ҳақида ёмон гумон қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунончи, гумонга суяниб иш тутиш, ўзгалар ҳақида юзаки хулоса чиқариш тўғри эмас. Қуръони каримда шундай хитоб қилинган: “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан сақланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилиб юрманг, бир-бирингизни ғийбат қилманг! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродари гўштини ейишни яхши кўрадими?! Ахир ёмон кўрасизлар-ку! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, Меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 12-оят). Бу ердаги “гумон”дан мурод – бир одам ҳақида ҳеч қандай ҳужжат-далили бўлмай туриб шубҳаланиш. Кўринишдан салоҳиятли, туппа-тузук инсон ҳақида ёмон гумон қилинмайди. Чунки бу туҳмат саналади. Туҳмат қилган, биродаридан шубҳаланган одам гуноҳга ботади. Гоҳида инсон хотирига кимдир ҳақида кутилмаган ўйлар, баъзи иккиланишлар келиб қолади. Буни бадгумонлик билан аралаштирмаслик керак. Ёмон гумонга нафс суянади, қалб мойил бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлар бадгумонликдан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, бадгумонлик энг ёлғон сўздир. Жосуслик қилманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингизни ёмон кўриб қолманг, душманлик қилманг, Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлинглар”. Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон банда биродаридан шубҳаланса, Парвардигоридан шубҳаланибди. Чунки Аллоҳ “кўп гумонлардан сақланинглар”, деган”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Каъбани тавоф қилдилар. Кейин Каъбатуллоҳга юзланиб: “Сен нақадар поксан, ҳидинг нақадар хушбўй! Қанчалик улуғсан, ҳурматинг қанчалик баланд! Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасамки, бир мўмин банда ҳурмати Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан улуғроқдир. Моли, қони, фақат яхши гумонда бўлиш (ҳурмати ҳам сеникидан улуғроқдир)”, дедилар. Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: – Умматим орасида учта иллат: шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик бўлади, – дедилар. Шунда бир киши сўради: – Ё Расулуллоҳ, улардан қандай қутулиш мумкин? – Агар (қалбингда биродарингга нисбатан) ҳасад пайдо бўлса, (Аллоҳга) истиғфор айт. Бировдан ёмон гумон қилсанг, (унга суяниб) иш тутма. Агар шумлансанг, (қилмоқчи бўлган ишингни тўхтатиб қўйма,) уни амалга ошир. Мусулмон одам биродари ҳақида яхши гумон қилади, ҳеч қандай далили бўлмай туриб ҳар хил ёмон хаёлларга бормайди. Зеро, яхши гумон қилиш Аллоҳга итоат этиш саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши гумон қилиш (Аллоҳга) чиройли ибодат қилиш сирасидандир”, деганлар. Ёмон гумон – маъсият, яхши гумон эса ибодатдир. Мўмин ака-укаларидан яхши гумон қилган инсон Аллоҳнинг амрига чиройли итоат этган бўлади, Парвардигорига қурбат ҳосил қилади. Кўнглида кири йўқ, шубҳа-гумонлардан холи инсонни Аллоҳ яхши кўради. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Биродаринг оғзидан чиққан сўзни яхшиликка йўйиш имкони бўлса, ундан ёмон гумон қилма”. Шунга кўра, мусулмон одам биродари қилаётган ишни, гапираётган гапини имкон қадар яхшиликка йўяди, “Бу билан нима демоқчи”, “Гап бу ёқда экан-да, мен билмай юрганаканман”, деб бўлар-бўлмас гапларни айтиб мусулмон биродари ҳақида гап тарқатиш яхши эмас. Салафи солиҳлар тавсиясига кўра, мўмин биродари сиртдан номаъқул иш қилаётганини кўриб қолса, унга етмишта узр қидирилади. “Мен билмаган бирон сабаби бордир”, “Бекорга бундай қилмаётгандир”, деб яхши гумонда бўлинади. Бадгумонликдан йироқ инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Чунки бировнинг кетидан тушиб, хатосини қидириш, ғийбат қилиш билан киши ҳаёти пароканда бўлади, тинчи бузилади. Одамлардан яхши гумон қиладиган инсоннинг кўнгли тоза, ҳаёти осуда бўлади. Зиёвуддин РАҲИМ, “Қуръон – қалблар шифоси” китобидан Манба 872
Банда учун Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашдан ҳам оғирроқ мусибат бўлмаса керак. Ҳа, Аллоҳнинг раҳмати қай даража олий бахт бўлса, лаънатланиб раҳматидан мосуво бўлмоқ шу даража ачинарли бахтсизликдир. Аллоҳ ҳеч бир мўминни раҳматидан маҳрум қилмасин, лаънатига дуч келиб бадбахт бўлишдан асрасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёви, аҳли байт аъзоси Али розияллоҳу анҳудан баъзи асҳоблари бир кун шундай савол сўради: Ҳазрат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтга бошқа одамларга ўргатмаган нарсаларни ўргатганми? Биз билмаган нарсалар ҳам бормики хоссатан сизларга ўргатилган. Агар бўлса биз билан бўлишсангиз? Али розияллоҳу анҳу жавоб берди: Йўқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ўзимизга алоҳида бирор нарса ўргатмаганлар. Оммага нимани етказган бўлса, биз ҳам ўшани биламиз холос. Илло, мана бу қиличим қинида сақлаб юрган бир саҳифа бор. Ўшанда ёзилган нарсаларни сизларга айтиб бераман: عن الله من ذبح لغير الله، لعن الله من سرق منار الارض، لعن الله من لعن والديه، لعن الله من آوى محدثا Аллоҳ таолодан бошқасига атаб жонлиқ сўйганларни Аллоҳ лаънатлади! Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олганларни Аллоҳ лаънатлади! Ота-онасини лаънатлаганларни Аллоҳ лаънатлади! Динда янгилик пайдо қилганга жой берганни Аллоҳ лаънатлади! Имом Бухорий ривояти. Изоҳ: Лаънат деб Аллоҳ таолонинг раҳматидан мосуволикка айтилади. Ислом жонлиқни фақат Аллоҳнинг номи ила ва фақат унинг ризолиги йўлида қурбон қилишга буюради. Аллоҳдан ўзгасига аталган қурбонлик ҳам, унинг гўшти ҳам ҳаром бўлади. Бу ишни қилганлар эса тавба қилмаса лаънатга гирифтор бўлишади. Шунингдек, Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олиш ҳам ҳаром саналади. Ҳадисларда ер ўғриларини қабр қаттиқ қисиши ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳам жуда оғир гуноҳ. Ҳаттоки, Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алай ноқонуний ўзлаштирилган ерда яшовчи инсоннинг уйига мутлақо кириш мумкин эмаслигига алоҳида урғу беради. Касаллигида зиёрат учун ҳам кириш гуноҳ. Тўй қилса, таклиф этилганлар тўйига бориб уйида меҳмон бўлиши ҳам гуноҳ бўлади. Ота-онани лаънатлаш икки хил бўлиши мумкин. Тўғрида тўғри ўз оғзи билан ота-онасини ҳақоратлаб лаънатлаганлар ёки кимнингдир ота-онасини ҳақорат қилади, у ҳам жавоб тариқасида бунинг ота-онасини ҳақорат қилади. Натижада бировнинг ота-онасини ҳақоратлаш билан ўз ота-онасига ҳам лаънат олади. Қиёмат куни булар ҳам тавбасиз кетишса Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишар экан. Динда янгилик пайдо қилган одамни бидъатчи дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир бидъат залолат, залолат эса жаҳаннамга олиб бориши тўғрисида куюниб гапирганлар. Ислом уламолари бидъатчилар билан илиқ муносабатда бўлишдан қайтарадилар. Юқоридаги ҳадисда ҳам бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатлади деб бекорга айтилмаган. Салафи солиҳлар йўлини лозим тутган ҳар бир содиқ мўмин, бидъат аҳлидан иложи борича нарида юриши керак. Жазоирлик шайх Абдулазиз ибн Рийс ҳижрий 1429 ражаб ойининг 8 санасидаги илмий анжумандаги чиқишида сукутий ижмоъ ҳақида гапириб, унинг мисоли тариқасида икки масалани кўрсатиб ўтган эди: 1- Қуръонни махлуқ – яратилган, деган киши кофирдир, деган масалага боғланган ижмоъ; 2- Аҳли бидъатни ҳажр қилишлик ва у билан муносабатларни узишлик лозим эканига боғланган ижмоъ. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом хатиби Авазбек Мўминов 657
Бир вақтлар катта бир олим ва валий зот яшаган эканлар. У киши кўплаб олимларни тарбия қилганлар. Шундай олим шогирдларидан бири ҳийлагина ўзига бино қўйган, илм йўлида амалга оширган баъзи катта ишлари билан манмансираб, фахрланадиган бўлиб қолибди. Лекин устозининг ҳузурида унинг изҳори фазли тавозе ва камтарликнинг ҳарир либосига ўралган шаклда бўй кўрсатарди. Бир куни у ўзининг қилган ишлари ҳақида устозига гапира туриб, ўзимиз ҳеч ким бўлмасак ҳам, Аллоҳ бизнинг қўлимиз орқали ўз динига нусрат бермоқда, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Аллоҳ бу динни фожир кишининг қўли билан ҳам азиз қилур!”, деганлар-ку, дея юқоридагидек “камтарлик” қилибди. Лекин, қалбининг туб-тубида бу сўзлари учун устозидан лутф, мақтов ва эътироф кутиш истаги тинмай типирчиларди. Шу вақт кутилмаганда устози унга шундай хитоб қилди: “сен ҳали ўзингни бу ҳадиси шарифда тилга олинган фожир кимсага тенглаштиряпсанми?! Валлоҳи, сен ҳали бу ҳадиси шарифдаги фожир кимсачалик бўлганинг йўқ. Бу қадар хомтама бўлма! Ўзингни алдама. Бугундан бошлаб, фақат камчилик ва гуноҳларинг ҳақида ўйла, тақсиротингни тўғрилаш ҳақида бош қотир. Дин номига қилган бирорта ишингни эслама. Аллоҳни муроқаба қил!”. Бу сўзлар шогирднинг бошига гурзи мисол тушди. Ва бир онда унинг оламини остин-устун этди, ларзага солди. Унинг уфқини беркитиб қўйган нарцисизм булутларини ҳар томон тарқатиб юборди. Ортиқ, шогирднинг қалб самосида махофатуллоҳ, маърифатуллоҳ ва муҳаббатуллоҳ қуёши қайта порлади. Устоз биргина таважжуҳи билан шогирднинг қалб кўзини очиб, унга етиб келган асл воқеълигини кўрсатган эди. Қараса, кўзига жаннат осмонлари бўлиб кўринаётган нарсалар ботқоқлик узра ёйилган оқ туманлар экан. Шогирднинг кўзларидан шашқатор қуйилувчи ёшлар унинг қалб ойнасини ювди, жилолади. Энди у ҳаммадан камсуқум, ҳаммадан мутавозе, ҳаммадан гўзал хулқли ва фақат ўз камчиликларини ислоҳ қилиш йўлини тутган инсонлардан бўлди. Кундузлари соиму тунлари эса қоим бўла бошлади. Ортиқ у кимни кўрса албатта ўзидан афзал деб билар ва ҳавас қиларди. У шу тобда Аллоҳ томонга олиб борадиган ҳақиқий йўлга сулук этганди. Устози кеча кундуз унинг ҳаққига дуои хайр қилар, мудом яхшилик соғинарди унга. Йиллар ўтди, шогирд аввалгидан кўпроқ ишларни амалга оширди, китоблар битди, донғи чор-атрофга ёйилди. Ўзи ҳам чин валийлардан бўлди. “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси А.Султонхўжаев Манба 699