Мусулмон инсон мол-дунёга ҳирс қўймайди ва кишилар қўлидаги бойликка тамагирлик қилмайди. У зарур нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади. Тамагирлик арабча “тамаъа” сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. “Тамаъ қилди” билан “ҳирс қўйди” бир хил маънони англатади. Агар тамаъ Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамалари мисол бўлади: “Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан таъма қилганим – умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи”. Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тама билан дуо қиладиганларни мадҳ этган: “Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар“. Аммо тамаъ дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир”, деган. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаъларнинг чақмоғидандир”. Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумолар бирга бўлишганда Каъб розияллоҳу анҳу: — Эй, Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар? — деди. — Унга амал қилувчилар, — деди. — Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима? — деди. — Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш, — деб жавоб берди. Тамагирликнинг зарарлари: 1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир. 2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир. 3. Тамагирлик Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир. 4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади. 5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади. Шунда у зот: “Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган”, – дедилар” (Бешовлари ривоят қилишган). Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун, ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас. Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда. Мусулмон одам унга Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган бўлар экан. Ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўклигидадир. Абу Ҳозим: “Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса”, деган. Баъзи ҳукамолар шундай дейдилар: Агар тамагирликка: — Отанг ким? — дейилса, — Қадарга шак келтириш, — дейди. — Ҳунаринг нима ? — дейилса, — Хорликни касб қилиш. — Ғоянг нима? — дейилса, — Маҳрумлик, — дейди. Тамагирлик азизни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 745
Шогирднинг устози ҳузуридаги одоблари қуйидагилардан иборат: Шогирд устоз ёнида керакли гапни гапириши; Устози сўрамаган масалалардан сўз очиб очиб, мавзудан чалғитмаслиги; Талаба устозидан изн олмагунча савол сўрамаслиги; Шогирд устоз ўртага қўйган масалада уни мулзам қилиш учун: “Фалон киши бу масалада бошқа фикрда, унинг фикри сизникидан устун кўриняпти”, деган гаплар қилмаслиги; Устозининг ҳузунли ва сукутли дамларида ўринсиз саволарга тутиб, безовта қилмаслиги; Талаба устози айтмоқчи бўлган сўзни ёҳуд саволни ярмидан олиб, оғзидан олиб давомини айтишга одатланмаслиги лозим. Шунингдек, талабалар устозини ғийбат қилиш каби гуноҳлардан жуда ҳам эҳтиёт бўлишлари керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: Эй мўминлар, кўп гумондан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир. (Ҳужурот,12). Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 774
Интернет маълумотлари чексиз ахборот манбаи саналади. Бироқ, ундан ҳам яхшилик ва ҳам ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин. Маърифатли, ақлан баркамол инсон ундан тўғри мақсадда фойдаланса, жоҳил, бузуқ эътиқодли кишилар ундан турли ғаразли мақсадларини амалга ошириш йўлида истифода этиши ҳеч кимга сир эмас. Агар манфур кимсаларни ўз эркига қўйиб берсангиз, ҳавойи нафсига эргашиб, разолат ботқоғига ботиши, тубанлик чоҳига қулаши тайин. Унинг гирдобига тушиб қолган киши осонликча қутулиши даргумон. Интернет тўрига илинганлар фитналар қурбони бўлади. Ҳам руҳан ва ҳам жисмонан унга мутеъ бўлиб қолади. Натижада улар орасида фаҳш, зулм, мункар ёйилади, ҳар хил миш-миш ва тўқималар, туҳмат, ғийбат, бўҳтон, бировларнинг иззат-нафсониятига тегиш ва бир-бирларига қарши гиж-гижлашлар авж олади. Маълумки, интернет тармоғида гуруҳ очганлар ўзларини ошкора қилмайдилар. Турли лақаб ва номлар билан атайдилар. Воҳаланки, биз уларнинг кимлигини билмаймиз. Билмаган, танимаган кишиларнинг маълумотини кўр-кўрона қабул қилиб олиш эса исломда қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: “Бу очиқ бўҳтон-ку!” десалар бўлмасмиди?!” (Нур сураси, 12-оят). Шунингдек, эшитган ҳар бир сўзни унинг ростлигини аниқламасдан гапиравериш ҳам мусулмонга хос иш эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларнинг бирида: “Ҳар бир эшитган сўзини айтишлиги кишининг ёлғон гапириб қўйишига кифоя қилади”, деганлар (Муслим ривояти). Иғволарга учиб фитна тарқатувчилар шайтон янглиғ турли шакл-шамойилга кириб инсонларни тўғри йўлдан оздирмоқчи бўлишади. Шайтоннинг инсон учун азалдан очиқ-ойдин душман экани ояти карима ва ҳадиси шарифларда айтиб ўтилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир” деб огоҳлантирган. Мўмин киши буни тўғри англаб етади, ҳеч қачон душманига ишониб қолмайди, билиб туриб ўзини фитналар домига ташламайди, ақл-идрок билан иш юритади. Фитна энг разил, ҳатто қотилликдан ҳам тубанроқ эканини доимо ҳис этади. Бу борада доимо зийрак ва ҳушёр бўлади. Эътиборсизликка асло йўл қўймайди. Эътиборсизлик ва лоқайдликнинг охири вой бўлишини тушунади. Шундай экан, интернетдан тўғри фойдаланишни ўзимизга мақсад қилиб олайлик. Акс ҳолда, сўнгги пушаймон – ўзингга душман бўлиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин. Мир Араб олий мадрасаси Қироат ва тажвид фани мударриси Абдулбосит Раҳимов 717
Инсон дунёга келган экан, ҳаётда турли воқеа-ҳодисалар ва турли ҳолатларга рўбарў бўлади.Уларнинг инсонга таъсири ҳам турлича, баъзан ҳаётдан мамнун, баъзан эса маҳзун бўлади. Ана шу ҳаёт тўлқинларида сузиб бораётган инсон умри давомида жуда кўп бора кўз ёш тўкади, йиғлайди. Лекин, инсон йиғисининг сабаблари ҳам турлича бўлар экан. Баъзилари таҳсинга лойиқ, баъзилари эса аксинча, Аллоҳ ундан паноҳ берсин. Уламолар йиғини бир неча турга бўлган эканлар. Улар қуйидагилар: 1. Меҳрибонлик ва юмшоқ кўнгиллик йиғиси; 2. Хавфсираш ва қўрқув йиғиси; 3. Муҳаббат ва шавқ йиғиси; 4. Шод-хуррамлик йиғиси; 5. Оғриқдан йиғлаш; 6. Маҳзунлик йиғиси; 7. Заифлик ва руҳий беқарорлик йиғиси; 8. Мунофиқлик йиғиси; 9. Бошқалар учун йиғлаб бериш; 10. Мувофиқлаштирилган йиғи. Энди ушбу йиғи турларига қисқача шарҳ бериб, мисоллар билан ёритсак: Меҳрибонлик ва юмшоқ кўнгиллик йиғиси. Кишининг юмшоқ кўнгиллигидан, бировга раҳми келиб йиғлаши бунга мисол бўлади. Уларнинг кўнгиллари нозик бўлгани боис атрофдаги воқеа ҳодисадан тез таъсирланиб кўз ёш тўкадилар. Ўз ўрнида буни фазилат деб аташ ҳам мумкин деб ўйлайман. Чунки бундай юмшоқ кўнгилли инсонлар ҳар доим ҳам топилавермайди. Хавфсираш ва қўрқув йиғиси – инсон энди бўладиган кўнгилсизликдан хавфсираб йиғлаши мумкин. У қўрққан нарса ҳали содир бўлмаган бўлса-да инсон қўрқиб йиғлайди. Аммо, ҳамиша яхши гумонли бўлган яхши. Шунингдек, охират қайғусида, амалларининг озлиги ва нуқсонли экани, гуноҳлари борлигини ва кўплигини ўйлаб, эртаси учун қайғуриб йиғлаши ҳам йиғининг ушбу турига мисол бўлади. Бундай қўрқув инсон ўзини ислоҳ қилишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, охиратини ўйлаб йиғлаш таҳсинга лойиқ. Зеро, Аллоҳ истаса уни ана шу кўз ёшлари туфайли уни мағфират қилади. Мана шу кўз ёшлари эса қиёмат кунида унинг юзидаги нур бўлади. Муҳаббат ва шавқ йиғиси – Инсон қалби муҳаббат билан тўлганда кўзларига ёш олади. Мана шу муҳаббат ва шавқ йиғиси бўлади. Шод-хуррамлик йиғиси – инсон бир нарсадан қаттиқ севинганида кўз ёш қилиши йиғининг ушбу турига киради. Бунга ҳожатманд кишининг ҳожати раво бўлганида севинчдан йиғлаши ва абитуриентларнинг ўқишга қабул қилинганларидаги йиғиларини мисол қилиш мумкин. Оғриқдан йиғлаш – инсон тана аъзоларидан бирортасида оғриқ кучли бўлганидан йиғлаши оғриқдан йиғлашга киради. Бунда ҳиссиётлар рол ўйнамайди, балки инсон оғриқдан азоб чекканидан йиғлайди. Маҳзунлик йиғиси – содир бўлган кўнгилсизликдан йиғлаш демакдир. Йиғининг ушбу тури билан хавфсираб, қўрқиб йиғлаш ўртасидаги фарқ-маҳзунлик йиғиси содир бўлган, амалга ошган кўнгилсизлик таъсирида бўлади, хавфсираб, қўрқиб йиғлаш эса энди келиши мумкин бўлган ёмонликдан қўрқиб, унинг амалга ошишини хоҳламасдан, ундан омонда бўлишидан ҳотиржам бўлмасдан хавфдан йиғлашдир. Заифлик ва руҳий беқарорлик йиғиси – кайфият тушганда йиғлаш ҳам йиғининг ушбу турига киради. Чунки инсон муаммога йўлиққанда уни бартараф этишга уриниши керак. Акс ҳолда унинг ўтириб йиғлаши заифлик йиғиси бўлади. Яқин инсони вафот этиши каби ҳоллардаги йиғи эса маҳзунлик йиғисига киради. Чунки, бунда инсоннинг сайъ-ҳаракати билан боғлиқ натижа йўқ. Мунофиқлик йиғиси – буни йиғининг энг ёмон тури дейиш мумкин. Қалби қотган ҳолда, сиртида кўздан ёш тўкиб йиғлаш мунофиқлик йиғисидир. Бундай кўз ёш тўкувчи инсон ўзи инсонлар ичида энг қалби қаттиғи бўла туриб ён-атрофдагиларга ўзининг камтарлиги ва тавозесини кўз-кўз қилади. Аллоҳ ундан паноҳ берсин. Бошқалар учун йиғлаб бериш – жаноза маросимларида аёллар пул эвазига йиғлаб беришлари бунга мисол бўлади. Улар Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: “Бировнинг ғами учун йиғлаб кўз ёшини сотади”. Мувофиқлаштирилган йиғи – Инсонлар бошларига тушган нарса учун йиғлаб ўтирганларини кўриб, улар нега йиғлаётганларини билмаган ҳолда уларга қўшилиб йиғлаш йиғининг ушбу турига киради. Бунда инсон бошқаларни йиғлаётганларини кўради ва қўшилиб йиғлайверади, сабаб эса аҳамиятсиз. Хулоса қилиб айтганда, йиғининг ҳам турлари бор бўлиб, уларнинг баъзиларидан сақланиш, баъзиларини эса ўзимизда шакллантиришимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Интернет манбалари асосида Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта-махсус ислом билим юрти мударрисаси Г. Кенжабой 1 000
Ўзини қутқарган дунёни қутқаради ўзингизни тўғриламагунингизча, Аллоҳ сизни тўғриламайди Олиймас, оддий математика… Тинч турган ҳовуз сувига тош отиб кўрганмисиз… Чўлп… аввалига битта ҳалқа ҳосил бўлади… аммо бир неча сонияда ҳалқалар сони жуда кўпайиб, кенгайиб кетади. Ҳалқалар кенгайгани сари, янгилари пайдо бўлаверади. Буни қарангки, бу ҳалқаларнинг маркази битта, у ҳам бўлса, ўша, тош тушган жой. Бу ҳалқаларни, яъни айланаларни мактаб математикасида “концентрик айланалар”, яъни “бир марказли айланалар” дейилади. Уларнинг маркази битта бўлиб, радиуси, диаметри турлича. Марказдан айлананинг узоқлиги, доиранинг кенглиги турлича. Буни қарангки, бутун коинотда бу ҳол намоён: Қуёш галактикаси атрофида айланиб юрган сайёралардан тортиб, атомнинг ядроси билан электрон булутлари муносабатига қадар. Уммон узра отилган тош: Инсоннинг яшаш муҳити Барчамиз инсонмиз. Шу жумладан, ҳар биримиз ўзимизга яраша жамиятда, одамлар орасида, яъни Ер шарининг қайсидир қитъаси, қайсидир мамлакатининг қанақадир вилоятининг маълум бир ҳудуди, аниқ бир кўчасининг ўзгармас бир манзилида яшаб, истиқомат қиламиз… Қаранг, бундай ўйлаб қарасак, бизнинг аниқ манзил маконимиз ва яқинларимиз бор экан. Яъни, мана шу санаб ўтилган силсила бўйича, жамики башар аҳли билан робитамиз, яқинлигимиз бор. Аммо, бу яқинлик доира кенгайган сари заифлашиб боради. Доира масаласига келсак, унинг энг энг энг марказий нуқтасида ўзимиз жойлашганмиз. Не ажабки, унинг ҳам марказини руҳимиз эгаллаб олган, десак, ҳеч муболаға қилмаган бўламиз. Келинг фикр ва тасаввур оламида доирани кенгайтириб борамиз: Марказда МЕН, яъни РУҲ, ундан кенгроғи ЖОН, кейин ТАН, сўнг ОИЛА, сўнгра ҚАРИНДОШЛАР, кейинга ҳалқада дўстлар ва ЯҚИНЛАР, навбатдаги майдонда ТАНИШЛАР, сўнг ЮРТДОШЛАР, кейин МИЛЛАТДОШЛАР, ҚИТЪАДОШЛАР ва ниҳоят БАНИ БАШАР аҳли, яъни бир ота бир онадан тарқаган қариндошлар доираси. Воажаб, Ер уммонига отилган бир жуфт тош – Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво ҳосил қилган ҳалқанинг нечанчи поғонасида эканмиз-а? Ёки, МЕН қайси бир сокин сой бағрига отилдим экан? وَقُل رَّبِّ أَنزِلْنِي مُنزَلاً مُّبَارَكاً وَأَنتَ خَيْرُ الْمُنزِلِينَ Ва: “Эй Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен, Ўзинг манзилга туширгувчиларнинг энг яхшисисан”, дегин”, дедик (Мўминун, 29). Мутаносиблик сири (пропорционаллик) Хўш, МЕНинг юқорида саналганлар билан алоқам қай даражада? Аслини олиб қарасак, инсон фақат ўзи ҳақида 100 фоиз ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга. Иккита одам бўлганида эса, ҳукми 50 фоизга тушади. 4 та одам бўлганида, 25 фоиз. 100 та одам бор жойда менинг овозим 1% ни ташкил этади. Кетма-кетликни шундай давом эттирадиган бўлсак, Ўзбекистонда менинг ҳиссам 32000000 дан 1 та, бутун дунёда эса 7000000000 дан 1 тага тенг экан. Буни қарангки, мени ўраб турган муҳит қанчалик каттаргани сари, ундаги робитам ва масъуллигим кичрайиб, камайиб кетяпти. Аксинча, яшаш доирам қанчалик торайса, масъуллигим шунчалик ортиб бормоқда. Дейлик, оилам ва фарзандларим олдидаги бурчим ҳамда жавобгарлигим, туман ва вилоятдаги жавобгарлигим олдида ақл бовар қилмас даражада катта. Ушбу боғлиқликни тескари мутаносиблик дейилади. Демак, ақлан ва мантиқан масалага ёндашадиган бўлсак, яримта хурмо бериб бўлса ҳам ЎЗимизни (бошқаларни эмас) жаҳаннам оловидан қутқаришга чақирилганимизнинг мағзини янада яхшироқ чақа бошлаймиз. Ички муҳосаба: кел сен билан бир ҳисоблашиб олайлик! Айтишларича, осмонда қора булут кўринса, Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ “Менинг дастимдан шаҳарга бало келмасин” деган хавфда шаҳарни тез тарк этар эканлар. Имом Қушайрий эса, бир иқрорида “Мана йигирма йиллик тавба тазарру ва ибодатдан кейин, бугун биринчи марта Аллоҳдан Жаннатни сўрашга журъат қилдим” деган эканлар. Бу каби фактларни яна узоқ давом эттиришимиз мумкин… лекин не ҳожат, тарбиячи ва ислоҳотчиларнинг энг буюги Устози Акмал соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир умрлик ўрнак ҳаётида ҳам доим ўзини тарбиялаш ва нафсини паст кўриш намунаси… Эътибор...