Мавзуъ арабча (الموضوع) шаклида бўлиб, луғатда – қўйилган, тўқилган, даражаси паст бўлган маъноларини англатади. Истилоҳда эса, тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хабардир. Бундай нарсанинг “мавзуъ” деб номланишининг сабаби шуки, ким шу ишни қилса, мартабаси албатта пасаяди[1]. Мавзуъ ҳадис тўқиш тобеъинлар давридан бошланган. Бу даврда илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши баъзи мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Лекин, ўша вақтда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган. Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши, ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш натижасида турли соҳаларга оид мавзуъ ҳадислар кўпайиб кетди[2]. Бундан кўриниб турибдики, саҳобаи киромлар ҳадисга нисбатан жуда жиддий муносабатда бўлганлар. Аммо саҳобалардан кейинги даврларда пайғамбаримиз ҳадисларига бўлган муносабатлар турлича бўлди. Мусулмонлар орасида ҳадисларни ёдлаш, уни англаб етиш, асл матнлари ва иснодларидан воқиф бўлувчилар камайди. Шу пайт ҳадислар шаънини топтагувчилар ҳам вужудга кела бошлади. Буларнинг натижаси ўлароқ, турли ботил оқим ва мазҳаблар, нотўғри ақидаларнинг вужудга келганини кўришимиз мумкин. Шундан сўнг уламолар соф шариъатни, суннатни юзага чиқарадиган, ҳадисларни нуқсон ва зиёдаликдан сақлайдиган буюк ишга бел боғладилар. Натижада, саҳиҳ ҳадислардан ёлғони, тўқималари ажратила бошланди. Саҳиҳ ҳадислар ичидан мавзуъсини ажратиб олиш осон иш эмас, албатта. Абдуллоҳ ибн Муборак разиёллоҳу анҳуга: Мавзуъ ҳадисларни ким ажратиб беради дейилганда у зот: “Ўз ҳаётини ҳадис илмига бағишлаган моҳир олимларгина”, деб жавоб берганлар[3]. Бундан кўринадики, будай ишга фақат ҳадис илмида етук бўлган зотларгина қўл урганлар. Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда шундай дейдилар: Айримлар китобларида келтираётганидек, “طلب العلم من المهد إلي اللحد ” ёки “اطلبوا العلم من المهد إلي اللحد” кўринишидаги бу гап набавий ҳадис эмас, балки инсонларнинг илм олиш ҳақидаги айтган сўзларидир. Айримлар бундай сўзларни Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат беришмоқда. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган, бажармаган, иқрор бўлмаган ҳеч бир сўз ёки феълни у зотга нисбат бериш мумкин эмас. Мазкур сўзларнинг маъноси тўғри, ундаётган феъли мақсадга мувофиқ бўлсада, уни у зотга нисбат бериш имконини бермайди. Ҳофиз Абул Ҳажжож Ҳалабий шундай дейди: Ер юзида инсон зоти борки, гарчи маъноси тўғри бўлсада Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ҳатто бир ҳарфни ҳам ёлғон тўқишга ҳаққи йўқ. Чунки, ҳар бир ҳақ сўз Росулуллоҳ айтган бўлавермайди. Аммо, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳар бир сўз ҳақдир[4]. Мавзуъ ҳадиснинг “Мавзуъ” сўзи ортидан “ҳадис” сўзини ҳам қўшиб, “Мавзуъ ҳадис”, деб айтиш ҳақида уламолардан турли фикрлар келган. Жумладан, Ҳофиз Ибн Ҳажар мавзуъ ҳадис ҳақида шундай дейди: “Мавзуъга “ҳадис”ни қўшиб аташни маъқулламайман, чунки у ҳадиси набавийдан эмас, баъзи олимларнинг мавзуъни заиф ҳадисларнинг ёмонроғи дейишлари, уни ҳадислар қаторида ҳисоблашни ифодаламайди”. Доктор Моҳир Мансур Абдураззоқ шундай дейди: Ҳақиқатдан ҳам, мавзуъни “ҳадис” деб аташ тўғри эмас, аммо кўпчилик уламоларнинг уни “ҳадис” деб номлашларига қуйидаги уч сабабни келтирадилар: Ҳадис дейишлик билан унинг луғавий маъноси назарда тутилади. Мавзуъ ҳадис тўқувчиларнинг наздидаги эътибор билан шундай дейилади. Мавзуъни таниб, ажратишда ҳадисга, унинг усулларига[5] мурожат қилинганлиги сабаби шундай дейилади[6]. Маълумки, мавзуъ заиф ҳадис бўлиши учун Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтган ҳадис бўлиши керак. Бироқ, унда ривоят қилувчилар ичида камчиликлар юз берган бўлади. Шунинг учун, заиф ҳадис банданинг фикридан устун туради. Аммо, мавзуъ ҳадис эса ровийлар силсиласи ичидаги кишилардан бўлмаган мутлақо бошқа...
Ҳар бир ақли расо ва балоғатга етган мусулмон учун Аллоҳ таолонинг барча мавжудотларга азалдан тақдир тайин қилганига иймон келтириш фарздир. Шу ўринда бир нечта саволлар пайдо бўлади: – Модомики қиладиган аммаларимиз аввалдан белгилаб қўйилган экан, унда амаллар нима учун? – Инсонлар аввалдан белгилаб қўйилган амалларни қилаётган бўлсалар, қилаётган ишларини хоҳласа-хоҳламаса мажбуран амалга оширадиларми? – Унда ёмон амалларни қиладиганлар тақдирларида белгилаб қўйилган ишларни қилганлари учун охиратда жазоланишлари адолатсизлик эмасми? Бу саволларга қадария ва мўътазилия фирқалари: “Инсон қиладиган амалини ўзи пайдо қилади, Аллоҳ бунга аралашмайди”, дейишган. Аҳли сунна уламолари бу қарашга раддия қилиб: “Бу мутлақо нотўғри қарашдир! Чунки бундай дейишда банданинг хоҳиши Аллоҳнинг иродасидан ғолиб бўлади, деган маъно чиқиб қолади. Шунинг учун инсонни ҳам унинг амалини ҳам Аллоҳ яратади деб эътиқод қилиш лозим”, деганлар. Жабрия фирқаси эса: “Инсон денгизга ташланган чўпдек гап, у бирор ишни ҳам ўз хоҳишига кўра қилмайди, балки Аллоҳ таоло белгилаб қўйгани учун мажбуран амалга оширади”, дейишган. Аҳли сунна уламолари бу қарашга раддия қилиб: “Бу мутлақо нотўғри қарашдир! Агар бундай дейиладиган бўлса,Аллоҳ таолонинг адолат сифатини рад этиш ва Уни жабр қилувчи сифати билан сифатлаш маъноси чиқиб қолади. Чунки, бирор ишни қилишга мажбур қилиб, сўнг ўша иш учун сўроқ қилиш жабр қилиш ва адолатсизлик ҳисобланади. Аллоҳ таоло эса адолатли Зотдир”, деганлар. Шу ўринда унда бу масалани қандай тушунамиз деган табий савол пайдо бўлади. Бу саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар: “Банда бирор амални амалга ошириши учун унга ички ва ташқи омиллар таъсир қилади, бу омилларни Аллоҳ таоло банданинг хоҳишига кўра яратади. Банда ана шу хоҳишга масъул бўлади”. Бандага ихтиёр берилгани ҳақида кўплаб ояти карималарда хабар берилган: وَقُلِ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ ۖ فَمَن شَاءَ فَلْيُؤْمِن وَمَن شَاءَ فَلْيَكْفُرْ Сен: «Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфркелтирсин», дегин” (Каҳф сураси, 29- оят). Бошқа бир оятда шундай хабар берилган: قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمُ الْحَقُّ مِن رَّبِّكُمْ ۖ فَمَنِ اهْتَدَىٰ فَإِنَّمَا يَهْتَدِي لِنَفْسِهِ ۖ وَمَن ضَلَّ فَإِنَّمَا يَضِلُّ عَلَيْهَا ۖ وَمَا أَنَا عَلَيْكُم بِوَكِيلٍ “Сен: «Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман», деб айт” (Юнус сураси, 108 – оят). Хулоса шуки, бандага Аллоҳ таоло амал қилиши учунтанлаш ихтиёрини берган. У ана шу ихтиёрини шариатда яхши саналган ишларга боғласа, савоб олади, агар қайтарилган ишларга боғласа, ман қилинган ишни ихтиёр қилгани учун масъул бўлиб қолади. Шунга кўра ким шариат белгилаган йўлдан юрса савобга эришади,нафси хоҳлаган йўлдан юрса шариат кўрсатмасига бўйинсунмагани учун жазога жазога гирифтор бўлади. Яъни банда унга берилган жузъий ихтиёрига кўра қилган амалларига масъул бўлади. Аллоҳ таоло бизларни ҳақ йўлда қоим қилиб, солиҳ амалларни қилишда бардавом қилсин! Тошкент Ислом институти талабаси Нигматова Моҳира 699
Масжид – Аллоҳнинг уйи. Унинг деворлари ва устунлари, Аллоҳ номи билан қурилган. Унда ибодат қилинади, Аллоҳ улуғланади, мақталади, Унга руку ва саждалар қилинади. Бу борада, Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”( Жин сураси, 18 оят). Аллоҳ таоло масжидларни қуришга, обод қилишга ва уни асраб- авайлашга чақиради: “(У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дир” (Нур сураси, 36 оят). Дарҳақиқат, масжидларни пок тутиш, тозалаш ва хушбўйлантириш борасида бир қанча шаръий кўрсатмалар мавжуд. Масжидлар қанчалик шарафли жой эканидан келиб чиқиб, шариатимизда намозхонлар учун одоблар, суннатлар ва аҳкомлардан иборат кўрсатмалар бор. Уларнинг ҳурматини сақлаш, ҳуқуқини муҳофаза қилиш ва намознинг шаънини улуғлаш учун мана шу кўрсатмаларга эътибор бериб юриш гўзал амалдир. Қуйида мазкур кўрсатмаларни зикр қилиб ўтамиз: 1) Зийнатланмоқ – Масжидга боришни қасд қилган киши, намоз учун имкони борича безаниши лозим яъни, тоза кийим кийиши, хушбўйланиши ва мисвок тутиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло: “Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз!” (Аъроф сураси, 31оят), дейди. Масжидга тоза, хушбўй ифор билан кирган киши иззат-икромда бўлади. Шундай экан, намозхон кийим-кечагида ва емак-ичмагида ёқимсиз ҳидлардан узоқ бўлиши, бадани ёки кийимидан келадиган ҳар қандай ёмон ҳидлар билан намозхонларга озор бермаслиги зарур. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким пиёз, саримсоқ ва (кўк пиёз каби) ўсимликлардан истеъмол қилган бўлса, бас, масжидимизга яқинлашмасин! Чунки фаришталар одам фарзанди озор чекадиган нарсалардан озорланади”-дедилар (Имом Муслим ривояти). 2) Оҳиста юрмоқ – Намозга келаётган мусулмон шошмасдан сокинлик ва виқор билан юриши керак, ҳатто намозга иқомат такбири айтилса ҳам шошмаслиги даркор, балки қадамини қисқа қилиб майдалаштириши лозим. Чунки китобларда, масжид сари кўп қадам босган киши учун буюк ажр-савоблар борлиги зикр қилинади. Набий алайҳиссалом: “Намозга иқомат такбири айтилса (ҳам) ўзингизга сакинатни лозим тутган ҳолда юрингиз! Бас, улгурганингизча (имомга эргашиб) намоз ўқинг, (улгурмай) ўтказиб юборганингизни қазосини ўқинг!”, деганлар. Масжидга кираётганда айримларнинг шошилиши ва намоз ўқиётганларни безовта қилиши, айниқса имом руку қилган пайтда (тезлашиш) хато саналади, айрим ҳолларда баъзилар овозини кўтариб юборади ва намозхонларни чалғитади. Яна бир гап, масжидга кирган киши имомни ўтирган ёки сажда ҳолатда топса, намозга қўшилмасдан имомни тик туришини кутиб турмасдан, балки имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, яъни қиёмдами, рукудами, саждадами ёки жалсадами, фарқи йўқ, қулоқ қоқиб намозга қўшилиб имомга эргашмоғи лозим. Имом Термизий “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” китобида Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бирингиз намозга келса, имом қайси ҳолатда бўлса ҳам, у қилганидек қилсин! (яъни, рукуъда бўлса рукуъ қилсин, саждада бўлса сажда қилсин ва ҳоказо)”. Яна Абдуллоҳ ибн Мағфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имомни сажда қилган ҳолатида топсангиз, сажда қилинг, ёки рукуъ қилган ҳолатда топсангиз, рукуъ қилинг, ёки қоим (тик турган) ҳолатда топсангиз, қоим бўлинг! Агар рукуъга улгурмасангиз саждани (бир ракъат) ҳисобламанг!”- деганлар. Шу ҳадисга биноан айтиладики, ким масжидга кирса ва имом намозни тугатай деб турган бўлса ҳам намозга қўшилиш афзалдир. Орқада кечикиб келганлар билан алоҳида жамоат бўлиб ўқиш ниятида кутиб туриш яхши эмас. Чунки катта фазилат у учун азон айтилган биринчи жамоатдир. 3) Намозга азон...
Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ишларни алоҳида зикр қилиб уларга риоя қилиш ҳақида мусулмонлардан аҳд олганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: Убода ибн Сомитрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобалардан бир жамоа турганида: «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўқиган бўхтон келтирмаслигингиз ва маъруф (яхши) ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг. Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйса-ю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа уни авф қилади, хоҳласа жазолайди», дедилар. Бас, биз У Зотга ана шу ҳақида байъат қилдик». Бухорий ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифда мазкур ишларга “байъат қилинг”, дейилган. Бу ҳақида уламолар шундай деганлар: “Байъатсўзи луғатда «олди-сотди» деган маънони билдиради. Шариатда эса кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатлари ҳақида берган аҳдларидир. Бунда иккинчи томон, яъни байъат берувчи шахс ўз итоати сабаб номаи аъмолига савоб «сотиб олиш» маъноси борлиги учун ушбу сўз ишлатилади”. Ушбу ҳадиси шарифдан кўплаб фойдалар олинади: Саҳобалар берган ваъдаларига амал қилишни фахр, устиларидаги масъулиятни эса шараф, деб билганлари; Мусулмон одам ёмонликлардан қайтиб, яхшиликларни қилишга аҳд бериши кераклиги; Ширкдан эҳтиёт бўлиш зарур экани; Ўғирлик, зино, ёлғон-бўҳтон, осийлик энг ёмон гуноҳлар экани; Гуноҳига яраша шаръий жазо олган одамнинг гуноҳи ювилиши; Гуноҳи беркилиб, шаръий жазо олмаган одамнинг ишини Аллоҳга ҳавола қилиш кераклиги. Ушбу аҳдларга мусулмонлар доимо амал қилишлари зарурдир. Зеро, ҳар бир берилган аҳд инсон ахлоқи ва унинг камолоти учун ижобий натижа беради. Унга амал қилувчилар дунё ва охират саодатини топадилар. Аллоҳ таоло барчамизга олаётган илмларимизни манфаатли қилсин! Тошкент Ислом институти талабаси Юсупова Феруза 861
Исломда илм Жаброил алайҳиссалом Пайғамбарга илк ваҳий олиб келгандаёқ Ислом илм дини экани аён бўлди. Чунки у олиб келган илк калом Алақ сурасининг беш ояти эди: “(Эй, Муҳаммад, бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз номи билан ўқинг! У инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамли Зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатган Зотдир. У инсонга билмаган нарсаларини ўргатди”. Илк даъватдаёқ ушбу оятларнинг нозил қилиниши ҳайрон қоладиган мўъжизадир. Биринчидан, Аллоҳ таоло минглаб мавзулар ичидан “ўқиш” мавзусини танлади, ваҳоланки, Пайғамбар ўқиш, ёзишни билмайдиган “уммий” эдилар. Демак, дину диёнатни, дунё ва охиратни англаш учун ўқиш керак! Иккинчидан, араблар “ўқиш” мавзусига эътибор бермасди, улар умри давомида хурофотларга ишонар, ҳар соҳада илмга муҳтож бўлиб, фақат шеър ва адабиётда моҳир эдилар. Қуръон арабларни ожиз қолдириб, уларни адабиётда беллашувга чақириб нозил бўлди ва Ислом илм дини эканини эълон қилди. Учинчидан, илм олиш воситаларининг энг машаққатлиси бўлган ўқишга амр бўлди. Чунки ўқиш, мулоҳаза қилиш ва ўйлаб кўриш – риёзатни талаб этади. Бу илоҳий амр замирида, “Ким бу дин билан Аллоҳга боғланмоқчи бўлса, илм олиш машаққатига чидасин”, деган яна бир ҳикмат бор. Исломнинг нозил этилиши илмга одатланмаган, маърифий муҳитга кўникмаган жамиятда ҳақиқий инқилоб бўлди. Исломдан олдинги давр – “жоҳилият” (илмсизлик) даври дейилади. Ваҳий нозил бўлиши билан илм бошланди, дунёга ҳидоят нури тушди. Аллоҳ мусулмонларга жоҳилиятни эслатиб айтади: “Жоҳилият (даври) ҳукмини қўмсаяптиларми?! Чин ишончли кишилар учун Аллоҳдан кўра кимнинг ҳукми чиройлироқ экан?!” (Моида сураси, 50-оят). Бу динда жоҳиллик, шубҳа, ёмон гумонга ўрин йўқ. Аллоҳ ўз Пайғамбарини жоҳилликни севиб, илмни суймайдиганлардан юз ўгиришга буюради: “Афвни ихтиёр этинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят). Бу дин шубҳа-гумонга асосланган қадриятларни инкор қилди. Ислом шариати, фақат аниқ, ишончли илмга асосланади. Аллоҳ бу диндан юз ўгирган кофирлар ҳақида айтади: “Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда бирор билим (ҳужжат) йўқдир. Улар фақат гумон(тахмин)га эргашурлар, холос. Гумон эса, асло ҳақиқат ўрнига ўтмас” (Нажм сураси, 28-оят). Аллоҳ мўминлар билан кофирларни ажратувчи асосий омил илм деб эълон қилди: мўмин билади, кофир эса гумон қилади. Мўмин аниқ ишонч билан яшайди, кофир эса шубҳа-гумонлар билан. Аллоҳ кофирларни ёмонлаб айтади: “Қачонки, (сизларга): “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, Қиёмат шубҳасиз (келувчи)дир”, дейилса, сизлар: “Биз Қиёмат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат бўлишига) аниқ ишонувчи эмасмиз”, дедингизлар” (Жосия сураси, 32-оят). Қуръони Каримнинг ҳар сурасида очиқ ёки ишора билан илмнинг қадр-қиммати, аҳамияти ҳақида сўз боради. Илм – Абадий Дастурнинг собит йўналишидир. “Илм” ўзаги ва ундан ясалган сўзларни ҳисоблаш жараёнида мен лол қолдим: улар 779 марта келган эди, Қуръон сураларидан салкам етти маротаба кўп эди! Мен фақат “илм” сўзи ва ундан ясалган сўзларни ҳисобладим, бунга маъноси яқин сўзлар кўп. Пайғамбар суннатида келган “илм” сўзини санаб адоғига етиш мушкул. Илм сўзи “Саҳиҳул Бухорий”да 300 мартадан кўп келган. Ваҳоланки, бу асар ҳажми унча катта эмас, бошқа китоблар ундан бир неча баробар кўп ҳадисларни ўз ичига олади. Агар яхши мулоҳаза қилсак, илмга эътибор Қуръон нозил бўлишидан ҳам аввал, Одам яратилишидан бурун бошланган. Қуръон оятлари фаришталар Одамга сажда қилиш воқеасини ҳикоя қилади. Қиссада Аллоҳ Одамга илм бергани, шу илм билан фаришталардан афзал бўлгани айтилади. Эътибор беринг: Одам алайҳиссалом фаришталардан тасбеҳ, зикр, намоз билан эмас, балки илм билан афзал бўлди. Илм сабаб фаришталарни Одамга сажда қилдирди. Қисса қуйидагича бўлган эди: “Эсланг, (эй, Муҳаммад,)...