«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади» (Моида, 27). Бу икки ака-ука, Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил бўлиб, яҳудий ва насронийлар уларни Каэн ва Авил деб атайдилар. Икковлари ҳам Аллоҳга қурбонлик қилдилар, лекин улардан биттасидан қабул қилинди ва у биродарини ўлдиришга қарор қилди. «Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди” (Моида, 30). Ҳобил вафот этди, шайтон эса мақсадига эришиб, Қобилни тарк этди ва ғойиб бўлди. Қотил зиёнкорлардан бўлди. У биродарининг жасадини кўтариб юрди ва бу оғир юкдан қандай қутулишни билмай ғамга ботди. Сўнгра, Аллоҳ унга қарғани белги-аломат қилиб юборди. Қарға бир ўлик қушни дафн қилиш учун ерни тумшуғи билан ковлай бошлади. Қобил қушнинг ўзидан кўра раҳмдил эканлигини кўрди, чунки Қобил марҳумни дафн қилишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Қарға қушни ерга кўмди ва буни кўрган Қобил: «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» деди (Моида, 31). Энди, бир ўйлаб кўрсак, йигит ўз туғишганига нисбатан бундай разиллик қилишга уни нима мажбур қилди? Уни қотиллик қилишга ундаган нарсалар кибр, ҳасад ва ғазаб эмасми?! Ҳар биримиз доимо қалбимизга назар ташлаб Қобилнинг руҳини заҳарлаган ёмонликларни ўзимизда ҳам кўриниш беришини вақтида аниқлаб унга қарши курашишимиз лозим. Агар бу ёмонликлар бўлса, кейинги қадам тавба бўлиши керак. Ахир, Қодир Аллоҳ буюради: “Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур, 31). Ҳамма жаннатга киришни хоҳлайди, лекин кўпчилик бунинг учун ҳеч нарса қилмайди, ҳеч қандай ҳаракат қилмайди. Баъзилар, ҳатто намозга ва рўза тутишга аҳамият бермайдилар, садақани-ку тамоман унутадилар. Агар биз ибодат қилсак ва унда собит турсак, бошқаларга ёрдам берсак, ота-онамизга ҳурмат билан муносабатда бўлсак ва Ҳобилнинг мана бу сўзларига мувофиқ биздан ҳам Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул қилади: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир” (Моида, 27). Агар биз Аллоҳга яқинлашишни, яхши ишларимиз ва ибодатларимиз Раббимиз томонидан қабул қилинишини истасак, агар Қодир Аллоҳнинг севгисини ва ҳимоясини олишга интилсак, ҳар бир ҳаракатларимизни самимийлик билан тўйинтиришимиз керак. Ҳар куни эрталаб уйғониб, ўзимизга савол бериб тергасак, шунда ҳаётимиз ва туйғуларимизни тартибга солишга эришамиз. Биз ўзимиздан, Аллоҳ менинг ибодатларимни, рўзамни, дуоларимни қабул қиляптими, деб сўрашимиз керак. Қабул қилиши учун бизда қандай хислат бўлиши керак?! Аллоҳ Таолонинг ҳикмати шундаки, биз Унга қилаётган ибодатларимиз қабулми ёки йўқми, билмаймиз. Бу нарса бизни доимо хушёр тортиради, янада ғайрат қилишга ундайди. Шунинг учун Унинг чексиз марҳаматига эришиш учун шукр қилишимиз ва ибодатларимиз қанчалик самимийлиги тўғрисида фикр юритишимиз лозим. Ё Аллоҳ, бизга фойдали илм ва эзгу амаллар ато эт! Омин. Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев Манба: http://yaumma.ru/prophets-histories/2016/03/19/kabil-i-habil.html 1 264
Жорий йилнинг 2-4 октябрь кунлари «TASHKENT BOOK FEST – 2019» — I Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтади. Бугун мазкур анжуман ўз ишини бошлади.Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган ушбу йирик маданий тадбирда етти мамлакат — Буюк Британия, Германия, Қозоғистон, Корея, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Туркия давлатдан 16 та нашриёт ва китоб савдо ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.Шунингдек, Ўзбекистондаги элчихона ва хорижий компаниялар, хусусан, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази, Хитой Халқ Республикаси элчихонаси, Корея Республикаси элчихонаси, Тошкент шаҳридаги Гёте институти вакиллари ҳам кўргазма-ярмаркага ташриф буюриши кутилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги 30дан ортиқ давлат ва хусусий нашриёт ҳамда китоб савдо ташкилотлари ҳам маҳсулотларини намойиш эта бошладилар. Кўргазма доирасида қизиқарли китоблар тақдимотлари, мушоиралар, интелектуал ўйинлар, адиблар билан ижодий учрашувлар, адабий викториналар, давра суҳбатлари ҳамда маҳорат дарслари ташкил этиш режалаштирилган. Кўргазманинг бугунги дастуридан қуйидаги тақдимоқ ва тадбирлар ўрин олган: «O’tkan kunlar» аудио-романи ва «NOVDA» болалар журнали, О.Маҳмудовнинг «Фарзанднома», Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби И.Ғафуровнинг «Меҳр қуёши», профессор Хуррам Рахимовнинг Ака-ука Гриммлар «Олтин сочли болалар» , Темур Пўлатов қаламига мансуб «Бухоро хонадони кечмишлари», «Тарозий тошбақаси», «Ғойибнинг иккинчи сафари” (тарж. Х.Дўстмухаммад) ва бошқа китобларнинг тақдимоти, шунингдек, «Мен китобхонман» танловининг ғолибларини тақдирлаш, Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган мушоира, «Ақлли китоблар саволларингизга жавоб беради» интеллектуал викторинаси, ёзувчи Темур Малик билан ижодий учрашув. Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси «Ўзэкспомарказ» (Атриум)да бўлиб ўтади. Кириш — бепул. Манба: Azon.uz 530
Ҳар йили юртимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан турли байрам тадбирлари ўтказиш анана тусига кирган. Ушбу касб байрамни муносиб ўтказиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча таълим муассасаларида ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 30 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан “Устозлар сизга таъзим” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда ТИИда бир неча йиллар давомида ректорлик лавозимида фаолият юритган Абдуқаҳҳор Шоший, Абдуқаюм домла Азимов, Ўмида фатво бўлими мудири сифатида ишлаган Абдулҳамид домла Турсунов, Ўзбекистон Вақф хайрия жамоат фонди раиси И.Халилов, ЎМИ ташқи алоқалар бўлими мудири Акмалхон домла Шокиров, фахрий устозлардан Аҳмаджон домла Бобомуродзода, ҳамда институтмизнинг ўқитувчи-мураббийлари ва талабалари иштирок этди. Тадбир аввалида муборак Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди. Сўнг тадбирни Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров кириш сўзи билан очиб, ўқитувчилик касби нақадар шарафли эканлиги, унинг машаққатлари ҳақида, юртимизда устоз ва мураббийларнинг қадрини ошириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтди. Сўнг ЎМИ раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ўқитувчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. 1 курс талабалари томонидан тайёрлаб келинган саҳнавий кўриниш йиғилганларга ўқитувчилик шарафли ва ўта масъулиятли вазифа эканлигини ёдга солди. Модул таълим тизими 1 курс талабалари сўзга чиқиб устоз ва мураббийларни келаётган касб байрами билан табриклаб, ўзининг дил изҳорларини билдириб ўтди. Шундан сўнг Президантимиз ташаббуси билан ташкил қилинган Вақф хайрия жамоат фонди ҳомийлигида институтнинг собиқ ректорлари: Абдуқаҳҳор Шоший домла, Баҳодир домла Муртазоев, Абдуқаюм домла Азимов; фахрий устозлар: Аҳмаджон домла Бобомуродзода, Абдулҳамид домла Турсунов, Муҳаммад Акмалхон домла Шокиров, Салоҳиддин домла Шерхонов; институтда узоқ йиллар мобайнида хизмат қилган устозлар: А.Хомидов, А.Абдуллаев, И.Аҳроров, М.Сайдалиев, С.Рустамов, С.Масаитов ҳамда ТИИда 2018-2019 ўқув йили давомида фидокорона меҳнати, диний-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, жамоат тадбирларида фаол иштироки, ёш авлоднинг онгу шуурида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини уйғотиш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматлари учун Ф. Жураев, Ж. Неъматов, П. Каттаев, А.Олимов ва М.Мамаюсуповлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.Тадбир сўнгида йиғилган устоз ва талабаларга Абуқаҳҳор Шоший домла ҳамда Абдулҳамид домла Турсунов ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришди. 642
2019 йилнинг 27-сентябрь куни Тошкент ислом институтининг “101”, “102” ҳамда “105” гуруҳ талабалари “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О.Тангиров, кафедра ўқитувчиси А.Тошмирзаев ҳамда талабалар куратори А.Олимовлар раҳбарлигида Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси”га ташриф буюрдилар. Талабаларни галерея директори Жаҳонгир Темирходжаев кутиб олди ва кўргазма билан таништирди. Унинг айтишича, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси 2004 йил Мустақиллик куни арафасида очилган бўлиб, ХХ аср Ўзбекистон тасвирий санъатининг барча даврлари, мактаблари, йўналишлари ва етук рассомлар ижодини ўзида акс эттирган бой тўпламга эга. Таъкидлаш жоизки, шу кунларда галереяда “Замонлар оша маданият” номли Туркия маданиятини ўзида акс эттирган кўргазма бўлиб ўтди. Кўргазмада хаттотлик, ёғоч ўймакорлик санъатининг ноёб намуналари ўрин олган. Талабалар музейни томоша қилишар экан, айниқса, галереянинг нумизматика тўпламидан жой олган Ўрта Осиё ҳудудида қадимдан то ҳозирги давргача муомалада бўлган тангалар намойиш этилиши уларда катта таассурот қолдирди. Эслатиб ўтамиз, экскурсия “Сентябрь – маънавият асослари” фан ойлиги доирасида ташкил этилди. “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ҳ.Нажмиддинов 1 319