islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

ТОШКЕНТ ИСЛОМ ИНСТИТУТИ ЖАМОАСИ “TASHKENT BOOK FEST – 2019” КЎРГАЗМАСИДА

Мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуcнинг тўртинчи ташаббуси доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бир қатор манфаатдор вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда 2-4 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида юртимизда илк бора “Tashkent book fest – 2019” биринчи халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ташкил қилинди.2019 йил 4 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устозлари ва талабалари Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев ва маънавият-маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов бошчилигида мазкур кўргазмада иштирок этдилар.Кўргазма-ярмаркада иштирок этаётган етти мамлакат — Буюк Британия, Германия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Туркия давлатларининг 16 та ноширлик ва китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлари, шунингдек, Ўзбекистондаги 30дан ортиқ давлат ва хусусий нашриётлар, босма нашрлар ва китоб дўконлари томонидан намойиш қилинаётган китоблар; маданий тадбир доирасида ўтказилган “Заковат” савол-жавоблар танлови; “Саҳҳофлик” (муқовасозлик) китобларни безаш санъати ва реставрация, хаттотлик, миниатюра санъати, Самарқанд ипак қоғозини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Бу кўргазма-ярмарка талабаларнинг китоб мутолаасига бўлган иштиёқлари янада ошишига катта ҳисса қўшади. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Нодиров Ҳумоюн 461

“Tashkent Book Fest” халқаро китоб ярмаркасига ташриф

2019 йил 3 октябр куни Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси кабинет мудири Юсупов Адҳамжон 404-гуруҳ талабалари билан UzExpoCenter марказида ташкил қилинган “Tashkent Book Fest” ҳалқаро китоб ярмаркасига ташриф буюрдилар. Унда юртимиз ва жаҳон нашриётларида нашр қилинган кўплаб адабиётлар билан танишдилар. Кўргазмани кузатиш давомида бугунги тезкор замонда китобнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти, замонавий исломий адабиётларнинг долзарблиги талабалар билан муҳокама қилинди. Дарҳақиқат, ҳикматларда айтиладики: “Китоб жонсиз варақлар тўплами эмас, токчаларда яшаётган ақлдир”.   Қанча кўп китоб тўпласак, бахт-саодат тўплаган бўламиз, қанча кўп китоб ўқисак, узоқни кўрамиз, бугун китоб ўқисак, эртага унинг ёғдусида яшаймиз! Қўлимизда китоб бўлса, ҳеч қачон ўзимизни ёлғиз ҳис қилмаймиз. Эдисондан ҳаётининг охирида «Муваффақиятларингизнинг сабаби нима?» деб сўрашганда: «Узлуксиз, бардавом китоб мутолаа қилиб, ноумид бўлмасдан ишлаганим», деб жавоб берган экан. Жамиятнинг ривожи, инсонларнинг ўзлигини, динини, инсонлигини англаши китоб орқали бўлади.“Tashkent Book Fest” ҳалқаро китоб ярмаркаси 2-4-октябръ кунлари давом этмоқда. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси кабинет мудири, “Фатҳ” жоме масжиди имом ноиби Адҳамжон Юсупов 418

“Дуо қабул бўлишида ҳалол луқманинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

2019 йил 2 октябрь куни Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Аҳмадхон Рашидов ҳамда кафедранинг талабалар турар жойидаги “104”, “204”, “304”, “306”, “404” гуруҳ талабалари иштирокида “Дуо қабул бўлишида ҳалол луқманинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда дуо қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири-ҳалол луқма эканлиги, кўпчилик дуо қилишда айни шу шартга бепарво бўлиши ҳақида айтилди. Дарҳақиқат, ҳалол луқма дуолар қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири саналади. У билан вужуди озиқланган мўмин кишининг қалби ёруғ, юзи нурли бўлади. Ҳаром луқма қалбни қорайтиради, фикрни чалғитади, Аллоҳдан узоқлаштиради, ҳатто Аллоҳни унуттиради. Ҳалол луқма инсоннинг ичкарисини гўзаллаштиради, поклайди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг дуолари ижобат бўлмаётгани хусусидаги саволига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, ҳаромдан сақлан, чунки қоринга бир луқма ҳаром кирса, банданинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди”, дея жавоб берганлар. Абу Исҳоқ ҳазратларидан дуо қилишларини сўрашди. Дуо қилдилар, дуолари қабул бўлганини кўрган бир талаба “Устоз, бу дуони менга ҳам ўргатинг, эҳтиёж туғилганда дуо қилай”, деди. Абу Исҳоқ “Дуойимнинг қабул бўлиш сабаби ўттиз йил ўқиган намозим, қилган дуоларим ва ҳаромлардан сақланганимдир”, деб жавоб берди. Дуоларнинг ижобат бўлиши хусусида Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул-Қофилин” китобида қуйидаги танбеҳлар келади: Бир ҳаким зотдан сўрашди: “Биз дуо қиламиз, лекин дуоларимиз ижобат бўлмайди. Аллоҳ таоло: “Менга илтижо — дуо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман”, деб айтган-ку?!” Ҳаким айтибди: “Сиздаги етти хислат дуоларингизнинг ижобатини ман қилади”. “Қайси хислатлар?” Ҳаким жавоб берибди: “Сизлар Роббингизни ғазаблантирасизлар, аммо Унинг ризосини талаб қилмайсизлар, яъни, Аллоҳнинг ғазаби вожиб бўладиган ишларингиз учун пушаймон қилмайсизлар. Бизлар Аллоҳнинг бандаларимиз, дейсизлар, аммо банданинг ишини қилмайсизлар, яъни, банда хўжаси буюрганини бажаради ва Унинг амридан чиқмайди. Сизлар Қуръонни ўқийсизлар, лекин унга эргашмайсизлар, яъни, тафаккур ва таъзим билан ўқимайсизлар, буйруқларига амал қилмайсизлар. Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  умматимиз, дейсизлар-у, у зотнинг суннатига амал қилмайсизлар, яъни, сизлар одатларга ва расм-русумларга амал қилиб, суннатга эргашмайсизлар. Сизлар дунёни яланғоч деб айтасизлар, аммо унга ишониб қолгансизлар. Сизлар ҳаром ва шубҳали луқма ейсизлар. У икковидан қайтмайсизлар. Охират дунёдан яхшироқ, дейсизлар, лекин охират талабида ҳаракат қилмайсизлар ва охиратдан кўра дунёни кўпроқ хоҳлайсизлар”. Давра суҳбати очиқ ва самимий руҳда ўтди. Талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси, Ҳалқаро ислом академияси магистранти, “Юнусобод Оқ-тепа” жоме масжиди имом ноиби Аҳмадхон Рашидов 410

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони орасида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатидан жой олдилар. Бу ҳақда ЎМИ Матбуот хизмати хабар берди. Уммонда жойлашган Султонлик Исломий cтратегик тадқиқотлар маркази томонидан шу йилнинг 30 сентябрь куни “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхати эълон қилинди. Ушбу рўйхат 2009 йилдан бери Американинг George Town университети қошидаги Шаҳзода Ал-Валид бин Талал маркази билан ҳамкорликда мунтазам равишда чоп этиб келинади. Дунёнинг энг қудратли мусулмонлари рўйхатини покистонлик Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний бошлаб беради. Иккинчи ўринда Эрон Oлий диний руҳонийси Оятуллоҳ Саид Али Ҳoмaнаий келади. Абу Даби валиаҳди Зайд Ал-Наҳён учинчи ўринда. Юқори бешликдан Иордания подшоҳи Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн ва Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул Азиз ол Сауд жой олганлар. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон олтинчи ўринда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бир неча йиллардан буён ушбу рўйхатдан жой олиб келмоқдалар. Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам энг нуфузли мусулмонлар қаторидан жой олган. Амалдаги UFC чемпиони Хабиб Нурмагомедов ҳам таниқли мусулмонлар ичида. Рўйхатда мусулмон лидерлари ёки уламоларининг сиёсатдан тортиб дин, матбуотдан тортиб, санъат, илм-фан ва тараққиётга қўшган ҳиссалари ҳам инобатга олинган. “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхати муаллифлари билдиришича, бу каби тадқиқотлар Ислом оламининг дунёга ижобий таъсирига хизмат қилади, одамларнинг Ислом динини яқиндан англашларига кўмаклашади ва Исломнинг мақсади тинчлик ва тарaққиёт эканини таъкидлайди. 433
1 444 445 446 447 448 694