“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, аҳолининг кўмакка муҳтож, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган қатламини ҳимоя қилиш мақсадида кўплаб лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этиб келинмоқда. 23 июль куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” маҳалласи ҳудудида “Вақфмед” дорихонаси иш бошлади. Ушбу вақф мулки бўлган дорихонанинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Искандар Халиловлар иштирок этдилар. Муфтий ҳазратлари дорихона фаолияти билан танишиб, уни ҳар томонлама ривожлантириш, дори-дармонлар хилма-хиллигини ошириш, нарх-навосини арзон қилиш ва тушган фойдани бемор ётганларнинг холидан хабар олишга йўналтириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Якунда шундай хайрли ишларнинг янада бардавом бўлишини тилаб дуо қилдилар. Ушбу дорихонадан ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимиз учун бепул дори-дармон тақдим этилади. Бунинг учун фуқаролар кўмакка муҳтожлигини тасдиқловчи ҳужжатларни Фонднинг ҳудудий филиалига тақдим этишлари талаб этилади. Ҳужжатлар Фонд ходимлари томонидан ўрганилиб ҳақдор бўлганликлари тасдиқлангач уларга дорихонадан бепул ёрдам бериш бўйича йўлланма берилади. Вақф дорихонасида юздан ортиқ номдаги дори маҳсулотлари келтирилган бўлиб, уларнинг тури кундан кунга кўпайишда давом этади. Дорихона замонавий ҳисоб-китоб техникаси билан таъминланган бўлиб, савдо жараёнини аниқликда олиб боришда муҳим аҳамиятга эга. “Вақфмед” дорихоналар тармоғи мамлакатимиз бўйлаб барча ҳудудларда ташкил этилиши Фонд томонидан режалаштирилган бўлиб, ушбу тармоқлардаги савдо-сотиқдан тушган маблағ вақф мулкини тасарруф этиш ва хайрия ишларига йўналтирилади. Дорихоналар “Ислом қуввати. Ватан равнақи. Халқ манфаатлари учун” шиори остида ўз фаолиятини юритади. “Вақф” хайрия жамоат фонди юртимиз мўмин-мусулмонларини Аллоҳ таоло розилиги учун кўпроқ саҳоват кўрсатишга чақиради. Эҳсонлар минглаб инсонларнинг оғирини енгил қилишда муҳим ўринга эгадир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Каломида эҳсон қилувчиларга ваъда беради: “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят). Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин. Манбаа:http://muslim.uz 329
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан келажагимиз ворисларини ҳар тарафлама етук қилиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, имконияти чекланган (кар-соқовлар) шахсларга зарур шарт-шароитлар яратиб бериляпти. «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Олмазор тумани кенгаши, 24-Сағбон сайлов округи депутати Луиза Ҳикматова ҳамда хусусий тадбиркор Муҳаммадбобур Ходжаев билан ҳамкорликда Ўзбекистон «VETERAN» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси қошидаги «IT-ASIA» МЧЖ «Surdo online Uzbekistan» дастури орқали пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги «Ат-Термизий» жомъе масжидида имконияти чекланган (кар-соқовлар) инсонларга намоз ўқишлари учун шароит яратиб берилди. Улар учун алоҳида хона ажратилиб, мониторга «Surdo online Uzbekistan» дастури ўрнатилди. Сурдо-таржимон масжид имом хатибининг маърузасини сурдо онлайн тарзда имконияти чекланган инсонларга етказиб берди. Ўз ўрнида 12 июль кунги жума номозида «Ат-Термизий» имом хатиби Роббимқул Муҳаммадиев ва жума намозига йиғилган юртдошларимиз мазкур лойиҳани жорий этган саҳоватпеша инсонлар ҳақига дуо қилишди. Манбаа: Хabar.uz 421
Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг ишчи гуруҳ ходимлари бу йилги ҳаж мавсумига қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган. Зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда. Зиёратчилар Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Ушбу меҳмонхона жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради. Ўзбекистонлик зиёратчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мазкур меҳмонхонадан барча ҳожиларимизга яхлит жой ҳозирланган. Меҳмонхонанинг пештоқига илинган давлатимизнинг 16 метрлик байроғи бу бинога ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашишидан далолат бериб турибди Эслатиб ўтамиз, янги қуриб битказилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси 2016 йилги Ҳаж мавсумида, биринчи бўлиб, юртимиз ҳожиларига хизмат кўрсатган эди. “Ҳаж – 2016” мавсумида Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси томонидан тақдим этилган хизматлардан юртимиз ҳожилари жуда ҳам мамнун бўлишган. Ушбу меҳмонхона қулайликлари ҳақида гапирганда, аввало, барча хоналар тўрт кишилик қилиб тайёрлангани, ҳар бир хонада ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак. Яна шуни айтиш керакки, меҳмонхона ошхонасида бир пайтда 2200 киши таомланиши учун мўлжалланган ўринлар ҳозирланган. Шунингдек, тиббиёт маркази, ишчи гуруҳи штаби, мажлислар зали ҳамда 2000 киши сиғадиган эркак ва аёллар намозхонасига алоҳида жойлар ажратилган. Қолаверса, меҳмонхонада ҳар бири 20 кишилик бўлган 21 та лифт мунтазам ишлайди. Меҳмонхонанинг яна бир қулайлиги шуки, битта асосий йўл бўйлаб “Ҳарами шариф” масжидига бориш мумкин. Шунингдек, меҳмонхона Мино водийси ҳудудига яқин жойлашгани сабабли зиёратчиларни у ерга олиб чиқиш ва қайтариб олиб келишда кўп енгилликлар бўлади. Хавфсизлик нуқтаи назардан ҳам меҳмонхона яхши қурилган. Меҳмонхона атрофидан серқатнов, катта йўл трассаси бўлмагани сабабли ҳожилар эркин ҳаракат қилиши мумкин. Меҳмонхона раҳбарлари ва ишчи-хизматчилари ҳожиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатганларини алоҳида қайд этиш керак. Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин! Манбалар: www.voiz.uz. www.muslim.uz, www.muxlis.uz, www.nasihat.uz. Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ 430
Тошкент ислом институтида 2019-2020 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш бўйича қабул ҳайъати 2019 йил 15 июндан 15 июль кунига қадар фаолият олиб борди. Қабул жараёнларида 226 та абитуриентдан (шундан 184 нафари ўғил болалар, 42 нафари аёл-қизлар) аризалар қабул қилинди. 419
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг дастлабки пилот лойиҳасида биринчи 25,000 зиёратчилар юқори технологик электрон карточкаларга эга бўлишади. Карталар зиёратчиларнинг шахсий маълумотларини, уларнинг соғлиғини, ҳаж мавсумининг жойи ва санаси ҳақида маълумот беради. Бундан ташқари, улар зиёратчиларнинг муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида мусулмонларнинг оқимини кузатиб бориш учун кузатув қурилмаси билан жиҳозланади. Бу ҳақда Саудия Арабистони ахборот агентлиги Asharq Al-Awsat хабар бермоқда. Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлигининг бош режалаштириш ходими Амр ал-Мадд бу лойиҳа “ақлли” ҳажни ташаббускорлигини тадбиқ этишнинг тажриба босқичи эканлигини ва дастурни ишга туширишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, яқин орада ушбу маълумотни сақлаш технологияси билан жиҳозланган карталар 200 мингга яқин зиёратчилар учун ишлаб чиқарилишини эълон қилди, аммо уларда жойни кузатиш функцияси бӯлмайди, деб хабар беради islam.ru Таржимон: 2-курс талабаси Хамидуллаева Фаридахон Шухрат қизи 410