islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Беморга уланган жиҳозлардан биронтасини ўчириш унинг ўлимига олиб келишини била туриб муолажа тўхтатилса, бунинг шаръий ҳукми қандай бўлади? ( Шайх Бутий)

Савол: – Мен ғарб давлатларининг бирида докторман. Шифоҳонамизнинг жонлантириш бўлимида оғир оҳвалдаги суриялик мусулмон бемор бор. У қон саратони касаллигига йўлиққан бўлиб, жигар ва буйраги яроқсиз ҳолга келган. Нафас олиши, қонни ювиб туриши учун беморга махсус жиҳоз улаб қўйилган. Докторлар муолажани тўхтатишни истаяптилар, чунки беморнинг тузалишига умид йўқ. Муҳтарам Шайх, эвтаназия ва муолажани тўхатиш ўртасидаги фарқни тушунтириб беришингизни сўрайман. Беморга уланган жиҳозлардан биронтасини ўчириш унинг ўлимига олиб келишини била туриб муолажа тўхтатилса, бунинг шаръий ҳукми қандай бўлади? Жавоб: – Агар беморнинг умри тугаб бораётганини аниқ бўлса, докторлар ҳам, унинг яқинлари ҳам вентилятор  қўйишлари ёки давомли ушлаб туришлари вожиб эмас. Бу иш эвтаназия ҳисобланмайди. Чунки вентилятор бемор ҳаётини узайтирмайди, балки юрагини ғайрихтиёрий ҳаракатда ушлаб туради. Бу маййитни жиҳозлар ёрдамида икки оёқда турғазиб қўйган кабидир. Жиҳозлар танага жон бахш эта олмайди. Эвтанизия эса беморни давомли оғриқлардан “халос этиш” учун бирон восита ёрдамида ўлдиришдир. Бу эса ҳаром Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий “Сараланган фатволар” МАНБАА: Аzon.uz 343

СУЛТОН СУЛАЙМОННИ ЙИҒЛАТГАН ЖАВОБ

Усмонли турк султонларидан бўлмиш Султон Сулаймон Қонунийни жуда кўп ўйлантирадиган бир савол бор эди: давлатларни таназзулга учратувчи сабаблар нима? Султон бу саволга ўзининг «ақл устози» – етук олим Шайх Яҳё ҳазратларидан жавоб олмоқ истаб унга мактуб ёзади ва уни бош вазири орқали юборади. Вазир мактубга жавоб келтирмайди. – Яҳё ҳазратлари мактубингизни ўқидилар ва биргина гап айтдилар, холос, – дейди вазир Султонга. – Нима дедилар? – «Менга не ғам», дейилган замон… – дедилар. Султон Сулаймон бу жавобнинг мағзини чақмоқ учун кўп ўйланади. Орадан бир неча кун ўтгач, Шайхга яна бир мактуб ёзиб, айтган жумласини шарҳлаб беришини илтимос қилади. «Мен бу жумланинг мағзини чақишга кўп уриндим, ўзимча баъзи хулосаларга ҳам келдим. Лекин мақсадим – Сизнинг фикрингизни билмоқдир. Илтимос, менга очиқ-ойдин англатинг» – дейди. Шайх Яҳё ҳазратлари мактубга шундай жавоб ёзади: «Қайси бир давлатда зулм кучайса; қатор-қатор ҳақсизликлар юз бера бошласа; адолат оёқости қилинса ва буни кўриб турганлар «менга нима» дея сукут сақласа; арбоблар етим-есирларнинг, бева-бечораларнинг, камбағалларнинг аҳволи билан қизиқмаса; муҳтожларнинг оҳини тошлар эшитса-ю, одамлар эшитмаса; амалдору уламо буларнинг барини англаб, билиб турса-ю, «менга не ғам» дея ўз нафси билан овора бўлса; ҳокимлар ҳукмдорни алдаш йўлига ўтса… Ана ўшандай давлатда фуқароларнинг ҳукуматга ишончи ва ҳурмати йўқолади. Халқда осойишталик қолмайди. Бундай давлатлар таназзулга маҳкумдир!» Султон Сулаймон Қонуний бу жавобни ўқиб, йиғлаб юборган экан… Шайх Яҳё ҳазратларининг бу мактуби ҳозирда Истанбулдаги Тўпкапи саройи музейида сақланмоқда.   Манбаа: www.mspressa.uz 547

БОЛАНГИЗНИ СЕРИАЛЛАРГА БОЙ БЕРМАНГ!

Телеэкранларимизда мунтазам айлантирилаётган, маиший мавзудаги турк сериалларининг ғўр ёшлар онгига сингдираётган «хулосалари»: 1. Агар ўзинг истамаган одам билан турмуш қурсанг, унга хиёнат қилишга ҳақлисан. 2. Севгилинг бошқасига турмушга чиқиб кетган бўлса, уларнинг оиласини бузишга ҳаққинг бор. 3. Ёшларнинг севгилиси бўлиши шарт. Ҳатто коллеж ёки лицей ёшида бўлса ҳам, севишиш ва ишқий муносабатларга киришиш мумкин. 4. Зўравонларнинг, жанжалкашларнинг, дўстларини чув туширадиганларнинг, ўз мақсади йўлида одам ўлдиришдан ҳам тоймайдиганларнинг, бировнинг хасмига кўз олайтирадиганларнинг ҳаётда ҳамиша ошиғи олчи (ва улар сериалларда ҳамиша қимматбаҳо кийимлар кийиб, ажабтовур автомобиллар ҳайдайдиган, кошоналарда яшайдиган, келишган, хушрўй одамлар тарзида гавдалантирилади). 5. Болалар ҳамиша ҳақдирлар ва уларга ота-она билан ҳар қандай масалада бемалол тортишиш, жанжаллашиш, яқинларига аччиқ қилиб уйдан чиқиб кетиш мумкин. 6. Синглисининг ёки қайинсинглисининг эри – почча билан севишиш, ҳатто ундан никоҳсиз бола туғиш мумкин. 7. Ўз қайноғасини севиб қолган аёлларни ҳам тушуниш керак. 8. Қизларнингбир нечта йигит билан навбатма-навбат «севишишлари» ва… ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўргач, боланинг ҳақиқий отасини аниқлаштириш учун елиб-югуришлари табиий ҳол ва улар «жабрдийда». 9. Келинлар қайнонани ҳурмат қилмасликка ва ҳеч бир масалада у билан ҳисоблашмасликка ҳақлидирлар. 10. Бировларнинг оила ишларига бемалол аралашиш ва уларнинг шахсий муаммоларини омма муҳокамасига олиб чиқиш мумкин. 11. Ҳатто бир тийин пул топмайдиган, ҳаёт ва рўзғор ҳақида ҳеч нима тушунмайдиган ўсмир ёшида бўлсанг ҳам, севган қизинг ёки йигитинг билан қочиб кетиб, яширинча турмуш қуришинг; яқинларингнинг юзига бемалол оёқ босишинг мумкин. 12. Агар турмуш ўртоғингга кўнгилсиз бўлсанг, эски хушторларинг билан кўнгилхушлик қилишга ҳақлисан (бунга монеълик қиладиган одамлар сериалларда ғирт жоҳил – салбий образлар тарзида гавдалантирилади). Бу рўйхатни ҳали яна анча давом эттириш мумкин. Муҳтарам ота-оналар! Агар фарзандингиз айни хулосаларга келишини ва аслида ғараз мақсадларда ишланган сериаллар таъсирида ўз ҳаётини ўзи барбод этишини истамасангиз, уларнинг телеэкранлар орқали нималарни берилиб кўраётганига эътиборсиз бўлманг. Фаразандингиз тарбиясини дилбузарга топширманг. Манбаа: www.mspressa.uz 352

Aгар зулм биздан бўлса, мен бизлардан эмасман!

Рейчел Керри! Уни ўлдиришганида 23 ёшда эди. 16 йил аввал… 16 йил аввал худди бугунгидек Ғазонинг гўдаклари ўлдириларкан, Рейчел дунёнинг у чеккасидан – Вашингтондан Ғазо халқининг ёнида бўлмоқ учун йўлга чиқди. Фаластинликлар билан унинг на тили айни эди, на дини. Аммо ҳақсизлик қаршисига чиққан инсон учун буларнинг аҳамияти йўқ. Олов қалбли америкалик қиз ҳақсизликлардан изтироб чекаётган, бошига балолар ёғилаётган ғазоликлар билан етти ҳафта яшади. Уларнинг бошига тушаётган мусибатларни ўз кўзлари билан кўрди. Бирга азоб тортди, бирга йиғлади… Онасига юборган сўнгги мактубида шундай ёзган эди: «Тан оламан, онажон, яна дугоналарим билан илгаригидек ҳазиллашиб, кулишиб, хиёбонларда яйраб юришни истайман. Рақс кечаларига боришни хоҳлайман. Кечқурунлари қорним тўқ, юмшоқ ўринларда хотиржам ухлашни истайман. Лекин қилган ишимдан асло пушаймон эмасман. Мен ҳозир бўлишим керак бўлган жойда ҳозирман. Мен бу ҳақсизликларга чек қўйилиши учун қўлимдан келган ишни қилишим керак… Балки қўлимдан ҳеч нарса келмас, лекин ҳарқалай виждоним олдида юзим ёруғ бўлади. Онажон, мен бу ерда кўрган даҳшатларимни айтсам, ҳаётингизнинг қолган қисмини тинч яшаб ўтолмайсиз. Кўзларимга ишонолмаяпман, даҳшатдан кечалари ухлолмаяпман. Дунёмизнинг асл юзи мана шундай эканини ва бу ҳақсизликларга, бу зулмга индамай қараб турган ёки кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олаётган миллиардлаб одамлар борлигини ўйласам, юрагимдаги нафрат, исён бўғзимга тошиб кела бошлайди. Бу зулмни тўхтатолсам қани эди! Она, мени қайтишга мажбурламанг. Фаластиндан қайтганим билан энди аввалги Рейчел бўлолмайман… Қорнини снаряд парчаси ёриб юборган, оғзидан ҳозиргина эмган оппоқ сути аралаш қип-қизил қон келиб, кўзчалари косасидан чиқиб кетган бир ёшли гўдагини қучоқлаб додлаётган онани кўрган Рейчел… Икки гўдагининг мажақланган жасадини кўриб, ақл-ҳушидан айрилган, бир онда телба бўлиб қолган тенгдошини кўрган Рейчел… Ўттиз ёшида сочлари изтиробдан оппоқ оқариб кетган йигитларни кўрган Рейчел… «Художон, мени жаннатга олиб кет. Бу ерда жуда қўрқяпман. Укамни олиб кетдинг-ку! Жаннатга олиб кетсанг, ҳечам тўполон қилмайман, яхши қиз бўлиб юраман», дея қўлчаларини дуога очиб ўтирган митти қизчанинг азобларини кўрган Рейчел… қандай хотиржам яшай олади?! Бу ерга келганим – ҳаётимдаги энг тўғри қарорим бўлди. Онажон, агар зулм биздан бўлса, мен бизлардан эмасман! Менинг сўнгги сўзим шу! Мен бизлардан эмасман!..». Таржимон: 3-курс талабаси Нодира Эркинжон   346

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ОРТИҚЧА ЮМУШЛАР БИЛАН ҚИЙНАБ ҚЎЙМАНГ

Қиз фарзанд ҳотиржам оилада ўзини эркин ҳис қилади. Ўғил фарзандлар эса, меҳнатда янада очилади. Қиз болани ҳимоя остида катта қилиш муҳим ва кичкина маликалардай парваришлаш, қилган иши учун эмас, қиз бўлиб туғилгани учун мақташ керак. Ўғил фарзанд эса – натижага жавоб беради. Яъни бола ақлини таниши билан уни мардлиги, жасурлиги, полвонлигини таъкидлаб бирон бир юмуш, қўлидан келадиган даражада вазифа бериб шу ишни бажаргани учун кўкларга кўтариб мақташ керак. Айнан қилган иши учун!!! Қиз болани эса, бу дунёга келганини ўзи бахтлиги, унинг ўзи севги эканлигини айтиб мақташ керак. Чунки, агар қиз болани қилган иши учун мақтаб ўргатиб қўйсак, келажакда бундай қиз фарзандларда: “Aгар бирон бир юмуш билан ўзимни кўрсатсамгина, мени яхши кўрадилар. Бўлмаса, мени қабул қилишмайди, уларнинг севгисига арзимайман” деган ўй-ҳаёл онгостига ўрнашиб қолади. Бу эса турмуш қурган қизларимизда ҳаётларида қийинчиликларга сабаб бўлади. Ўғил болаларни албатта ёшлик пайтидан спорт билан чиниқтирган афзал. Чунки уларни шу йўл билан чиниқтириш, кучлилигини сезиши учун, ғалабага эришишни ўрганиши эркаклик сифатини оширади. Қиз болаларда сал бошқачароқ, спорт билан шуғуллангани яхши фақат шу спорт туридан завқ олса, мазза қилиб ҳузурланса бу бошқа гап, титул ёки ғалабага эришиш учун қилинган ҳаракат бу ўғил болаларга кўпроқ ҳос. Қиз болаларда эса, машғулотларда шуғулланиш, қийин ишларни бажариш жараёнида оғриққа, машаққатга ўрганиб қолиш натижасида – уларда кучли сабр шаклланади. Бу сифатлар эса эркакларники. Ҳар бир вазиятга чидаш, азобланиш, қачон ўзи ўзгаради дея кутиш… охир оқибат ҳамма юкни бўйнига олиши ҳам аёлларда шу ердан бошланади. Бу ерда гап қиз фарзандларимизни ортиқча оғирлик қиладиган ҳолатлардан асраб авайлаш ҳақида. Лекин, ёшлигидан айниқса, қизларимизга оғриқларга ҳам “Чида ўтиб кетади” деб уларнинг зиммасига тўғри келмайдиган ишлар билан ўраб қўйиш мумкин эмас. Оқибатда келажак учун қалби оғриганда ҳам чидашга мажбур, лекин айтишга тили бормайдиган аёлга айланиб қолиши мумкин… Ҳар бир фарзанд севгида яралган. Улар бизга Яратган томонидан берилган ҳадя. Шундай экан, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмайлик. Ҳар бир ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик. Шунда Сиз ва сизнинг ёнингиздаги ИНСОНЛАР бахтли бўладилар. Психолог  Гавхар Абдурахмонова 399
1 461 462 463 464 465 693