Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббуси ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Эслатиб ўтамиз, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидладилар. Дарҳақиқат, китоб тўпласак, бахт-саодат тўплаган бўламиз, қанча кўп китоб ўқисак, узоқни кўрамиз, бугун китоб ўқисак, эртага унинг ёғдусида яшаймиз! Зеро, китоб зулматда нур, ёлғизликда ҳамроҳ, энг содиқ дўст ва энг яхши суҳбатдошдир. Шу муносабат билан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров ўзи таълим олган Олмазор туманида жойлашган 1-сонли мактабга диний-маърифий мазмундаги китобларни совға қилди. Ушбу ташаббус ўсиб келаётган ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини, меҳрини ва интилишини ошириш, китобхонликни оммавийлаштириш, улуғ боболаримизга муносиб авлодни вояга етказишда муҳим ҳаётий аҳамиятга эгадир. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 560
Президент Шавкат Мирзиёев 29 март куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташриф буюрди, хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб сайти. Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.Давлатимиз раҳбари мақбарада амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирди. Бу ерга имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини тўғри ва чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берди. – Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев. Ўтган йил 16 февраль куни вилоятга ташриф чоғида Президентимиз «Етти пир» мақбараларини обод қилиш, уларни боғловчи туризм йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Абдухолиқ Ғиждувоний мазкур етти пирнинг биринчиси саналиб, Хожагон тариқати асосчисидир. Кейинчалик Ориф Ревгарий, Маҳмуд Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Саййид Амир Кулол бу маънавий йўналишни давом эттириб, Баҳоуддин Нақшбанд уни юксак босқичга олиб чиққан. Шу боис бу тариқат Нақшбандия номи остида танилган. Қўшни мамлакатлар, ғарбий ва жанубий Шарқ давлатлари, ҳатто бутун дунёда бу азиз авлиёлар қадамжоларини келиб кўриш истагидагилар кўп. Шу ерда мазкур зиёратгоҳларда амалга оширилган ва давом этаётган таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади. – Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз – ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин.Мамлакатимизда маърифий исломни ривожлантириш, буюк алломалар мақбараларини обод қилишга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда тан олинмоқда. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Президентимиз бу санага юқори даражада тайёргарлик кўриш, унинг доирасидаги тадбирларни Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги билан ҳамоҳанг нишонлаш, халқаро илмий конференция ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди. 357
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббуси ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона мудири, ҳамда Тошкент ислом институти ўқитувчиси Камолиддин Маҳкамов Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 122-сонли мактабга диний-маърифий китоблар жамланмасини тақдим этди. Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 март куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини яхшилаш ва китобхонликни тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинган эди. Мактаб маъмурияти совғалар учун чуқур миннатдорчилик билдирди, қилинган мурувват ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга катта туртки бўлишини таъкидланди. 857
“Ўзбекистон” нашриёт матбаа-ижодий уйи томонидан “Қуръони карим маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ва тафсири” китоби 8000 нусхада нашр этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ахборот хизмати шу ҳақида хабар бермоқда. “Қуръони карим маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ва тафсири” китоби – таржимон Шамсуддин Баҳоуддиновнинг ижодий меҳнати маҳсули. Китобдан муқаддас Ислом дини асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг қорақалпоқ тилидаги илк таржимаси жой олган. Шунингдек, Шайх Абдулазиз Мансурнинг тафсир китоби ва араб тилидаги тафсир китоблар ҳам манба сифатида олинган. 340