islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Ислом молиявий ташкилотлари, уларнинг фаолият услублари ва тартиблари

Тошкент ислом институтида 2019 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Илҳом Бердияров “Ислом ва ҳозирги замон” фанидан биринчи курс талабаларига “Ислом молиявий ташкилотлари, уларнинг фаолият услублари ва тартиблари“ мавзусида маъруза қилиб берди. Маъруза сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О. Тангиров 430

Мусулмон мамлакатларида илм-фан, маданият, туризм каби соҳалардаги тараққиёт

Тошкент ислом институтида 2019 йилнинг 28 март куни Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси Маркази бўлим бошлиғи Муҳиддин Тўйчиев “Мусулмон мамлакатлар янги тарихи” фанидан биринчи курс талабаларига “Мусулмон мамлакатларида илм-фан, маданият, туризм каби соҳалардаги тараққиёт“ мавзусида маъруза қилиб берди. Маъруза сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О. Тангиров 362

Имом Қудурий

“Ким Қудурий матнини ўқимаган бўлса ҳанафий  фиқҳидан кўп нарсани қўлдан бой берибди”. Машойихлар. Бу кишининг тўлиқ исмлари Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Жаъфар ибн Хамадон бўлиб, Бағдоднинг Ҳанафий фақиҳларидан ҳисобланади. Бу улуғ олим ҳижрий 362-санада туғилиб, ҳижрий 428-санада вафот этган. Касблари қозон ясаб сотиш бўлганлиги учун “Қудурий” деган ном билан машхур бўлган. Бу эса ҳар бир инсон ўзига кифоя қиладиган даражада ҳалол касб билан тирикчилик қилиши лозим эканлигига далолат қилади. Гарчи ўша касби қозон ясаб сотиш каби содда оддий бир касб бўлса ҳам. Имом Қудурий ушбу касби машаққатли бўлишига қарамасдан ўз ҳунарини моҳир устаси эди. Шу билан бирга илм олишга ва шогирдларига дарс беришга ҳамда китоб ёзишга алоҳида вақт ажратар эди. Ушбу имом бизга буюк китобларни тақдим қилди. Шулардан бири ҳанафий мазҳабининг энг ишончли асарларидан бири ҳисобланган матн бўлиб, кўпчилик илм аҳллари узра қўлма-қўл бўлган. Ҳатто аср машойихлари “Ким Қудурий матнини ўқимаган бўлса ҳанафий фиқҳидан кўп нарсани қўлдан бой берибди”, деганлар. Улғайишлари Имом Қудурийнинг оталари олим ва муҳаддис эди. Ёшлик даврларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олди ва уни доимо тиловат қилиб юрадиган бўлди. Шунингдек, турли шаръий илмларни ўрганди. Сўнгра Ироқдаги таълим даргоҳида илм олди. Ўша давр Аббосийлар ҳалифалиги даври бўлиб, Бағдод шахри илм пойтахти ҳисобланар эди. Илм даргоҳида имомнинг қадр-қиммати юксалди. Бунга сабаб у киши фикрларини чиройли ифода қилишлари ва гапга уста эканлиги ҳамда доимий равишда Қуръони каримни тиловат қилиб юришлари эди. Имом Қудурий ўз даврларида бир қанча китоблар таълиф қилдилар. Шулардан энг машхури ҳанафий мазҳабига асосланган “Мухтасари Қудурий” бўлиб, бу китоб уламолар орасида катта эътиборга сазовор бўлган. “Мисбаҳу-л-анвор фий адъияти-л-лайли ва-н-наҳар” китобининг соҳиблари Зайниддин Антокий ал-Ҳанафийайтади: “Ҳанафийлар вабо тарқаган кунларда ушбу китобни табаррукан ўқишар эди. Бу муборак китоб бўлиб, уни ёдлаган киши фақирликдан омонда бўлади. Ҳаттоки, агар бирор киши солиҳ устоздан ушбу китобни таълим олса ва унинг ҳаққига устози барака тилаб дуо қилса, ўша одам китобдаги масалаларни ададича дирҳамга эга бўлади, дейишган”. Ушбу китоб ўн икки минг масалани ўз ичига олган бўлиб, унга ёзилган шархлар жудаям кўп. Улардан машҳурлари: “Ал-жавоҳиру-л-музийя” ва “Кашфу-з-зунун” асарлари ҳисобланади. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини ҳам “Мухтасари Қудурий”нинг шарҳларидан бири дейиш мумкин. Чунки Имом Марғиноний ўз китобига “Мухтасари Қудурий” ни ва “Жомеъу-с-сағийр”ни асос қилиб олган. Устозлари 1-Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яҳё ибн Маҳдий Журжоний. 2-Абу Ҳусайн Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Шайбоний. 3-Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Сувайд ал-Муъаддаб. Шогирдлари 1-Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Бағдодий. 2-Қозию-қузот Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ад-Дамғоний ал-Кабир. 3-Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Ақтоъ. 4-Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Сарахсий. Асарлари 1-Ал-мухтасар. 2-Шархи мухтасари Кархий. 3-Жузъун фи-л-ҳадис. 4-Адабу-л-қозий ъала мазҳаби Абу Ҳанифа. 5-Ат-тажрид. Имом Қудурий тўртинчи табақадаги таржийҳ аҳлидан, яъни, мазҳабимиз масалаларининг баъзисини баъзисидан афзал ва авлога ажрата оладиган уламолардан ҳисобланади. Имом Қудурий ҳижрий 428 санада ражаб ойининг бешинчиси, душанба куни (мил. 1036 йил 25 октябр) Абу Халаф йўли бўйидаги уйида вафот этади ва ўша ерга дафн қилинади. Ибн Халликоннинг таъкидлашича, кейинчалик унинг жасади Мансура кўчасидаги қабристонга, ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Абу Бакр Хоразмий қабри ёнига кўчирилган. Андижон шахар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби Авазбек Мўминов 749

Улуғ муфассир ва машҳур тафсирга бағишланган семинар

Жорий йилнинг 27 март куни Самарқанд вилоятида “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги диний соҳа ходимларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Тадбир Қуръони карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари илмий-амалий семинарни кириш сўзи билан очиб, шундай сўзларни айтдилар: – муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий ва илмий-ижодий соҳаларда катта тарихий воқеалар юз бермоқда. Жумладан, қўлёзма асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Миср, Туркия ва Татаристон каби мамлакатларда хизмат сафарларида бўлишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан бири – Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асаридир. Ушбу асарни ҳар томонлама ўрганиш ва аҳамиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида, ушбу илмий-амалий сайёр семинар ташкил этилди. Илмий-амалий семинарда Диний идора Котибият бўлими мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов Маҳмуд аз-Замахшарий улуғ муфассир, Ислом илмларининг деярли барча соҳаларида чуқур илмга эга бўлган олим, араб тили грамматикасини ишлаб чиққан ва илм-фаннинг кўплаб соҳаларида шуҳрат қозонган забардаст уламо экани тўғрисидаги маълумотларни келтирди. – Маҳмуд аз-Замахшарий тафсир, фиқҳ, қироат, тилшунослик, адабиёт, жўғрофияга оид олтмишга яқин асар таълиф этган. Унинг энг машҳур асари “ал-Кашшоф”китобидир. Имом Замахшарий ижодларининг энг мўътабари “ал-Кашшоф” номли тафсир ҳисобланади. Ушбу асарнинг тўлиқ номи “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқит-танзийл фи вужуҳит-таъвил” деб номланади, дея ушбу асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида нутқ қилди Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков. Шунингдек, илмий-амалий семинарда Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов “Маҳмуд аз-Замахшарийнинг маънавий мерослари”, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Пардаев “Имом аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши” мавзуларида маърузалар ўқишди. Семинар якунида мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 402

Тўғри эътиқод – саодат калитидир

Аҳли сунна вал жамоанинг икки имомидан бири бўлган улуғ бобомиз Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар, тоифалар кўпайиб, бир-бирлари билан тортишган, ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солиб турган бир пайтда, Аҳли сунна ҳимоясига бел боғлаб, ақида масалаларини тўғри баён қилиб берганлар. У зот Мотуридия мазҳабига асос солганлар. Бу мазҳабнинг ривожланиб, тараққий этишига жуда кўплаб уламолар хизмат қилганлар. Камол ибн Ҳумом, Нуриддин Собуний Бухорий, Абу Ҳафс Нажмидин Умар Насафий, Абул Юср Паздавий ва бошқалар шулар жумласидандир. “Март ойи – Ақоид фани ойлиги” муносабати билан 2019 йил 27 март куни соат 13:30да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти аёл-қиз талабалари ўртасида “Тўғри эътиқод – саодат калитидир” мавзуcида мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари З.Тўраев, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедра ўқитувчилари Я.Раззақов, Ф.Жўраев, Қ.Сидиқметов, С.Жўраев, Ҳ.Зойирова, Н.Усмонова ҳамда институтнинг аёл-қиз талабалари иштирок этдилар. Мусобақа 5 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шартда талабаларнинг чиқишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Мусобақада “Имом Таҳовий давомчилари”, “Имом Мотуридий шогирдлари”, “Имом Насафий авлодлари”, “Имом Абу Ҳанифа ворислари” гуруҳлари иштирок этишди. Ҳар бир гуруҳда 6 тадан иштирокчи қатнашди. 1-шартда иштирокчилар Мотуридия таълимоти уламолари таржимаи ҳоли, илмий мерослари ҳақида жавоб беришди. 2-шартда эса “Бадъул амолий” матнидан ёддан байтларни айтиб, белгиланган жойларни маъноларини айтиб, шарҳлаб беришди. 3-шартда Ашраф Али Таҳонавийнинг “ал-Интибоҳотул муфида” асарида келган ақлий эътиқодий қоидалардан бирини ёддан айтиб, шарҳлаб бердилар. 4-шартда Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг “Саботул ожизин” асаридан билет асосида ёддан айтиб беришди. 5-шарт эса, иштирокчиларга аввалдан мавзулар бериб қўйилганди. Улар мавзу юзасидан мақолалар ёзишган. Мақолаларни кафедра ақоид фани устозлари баҳоладилар. Иштирокчилар ҳар бир шартда ўзларининг илм ва иқтидорларини намоён қилдилар. Мусобақа натижаларига кўра, “Имом Мотуридий шогирдлари” гуруҳи 196,6 балл билан биринчи ўринни, “Имом Таҳовий давомчилари” гуруҳи 175,6 балл билан иккинчи ўринни, “Имом Абу Ҳанифа ворислари” гуруҳи 175,2 балл билан учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб гуруҳларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ва институт раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва китоблар топширилди. Илм олиш, илм улашиш ва айниқса, бу соҳада мусобақалашишдек ҳақиқий байрам, ҳақиқий тантана бўлмаса керак аслида. Зеро, хайрли амалларда мусобақалашиш – Аллоҳ розилиги йўлидаги мусобақа бўлиб, бу мусобақада мағлуб асло бўлмайди, иншааллоҳ. Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти, У зотни танишнинг асоси ақоид илмида баён қилинади. Шу боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ш.Ибрагимов 329
1 511 512 513 514 515 688