Жорий йилнинг 27 март куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабига замонавий автобусни топшириш маросими бўлиб ўтди, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов замонавий автобусни Ҳадис илми мактабига топшириш чоғида давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ушбу таълим даргоҳини ташкил қилиниши мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этиши, келгусида ушбу мактабдан ҳадис олимлари етишиб чиқишига тилак билдирди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маросимда олий мактабдаги жуда кўп қулайликлар билан бирга ушбу замонавий автобус Ҳадис илми мактаби фаолиятида катта хизмат қилиши, энг замонавий ва қулай шароитлардан унумли фойдаланган талаба-ёшлар келгусида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримий каби улуғ муҳаддислар бўлиб етишишларига умид боғладилар. Шунингдек, Аллоҳ таборака ва таолонинг берган неъматларига шукр қилиш, неъматларни янада зиёда бўлишига асосий омил эканини шарҳладилар. Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам мазкур олий мактабга муносиб совға топширилишини билдирдилар. Маросимда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, мадрасалар мудирлари ва тажрибали имом-хатиблар иштирок этди. 350
Жорий йилнинг 26-март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом: моҳият ва талқин” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Али, аёл устоз-ходимлар ва институтнинг барча талаба қизлари иштирок этди. Тадбирда устоз сўзга чиқиб, ҳозирги кунгача давом этиб келаётган турли оқимлар, уларнинг зарарлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек интернетдан оқиб келаётган турли хил ахборот ва маълумотларни таҳлил қилиш, уларга муносабат билдириш, оқибатда ҳар хил фитналарга сабаб бўлиб қолишини таъкидлаб ўтди. Диний саводсизликка барҳам бериш лозимлиги айтди. Ҳамма вақт билмаган мавзусига аралашган одам ютқазади, биз бугунги кундаги турли ихтилофларга барҳам беришимиз, бидъатларга қарши қаттиқ туришимиз лозим. Бу борада сиз талаба қизларнинг вазифангиз улкандир…”, деди устоз. Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбатда талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга устоз томонидан жавоб олдилар. Тадбир сўнгида Янги Зеландиядаги террористик ҳуруж туфайли ҳалок бўлган мусулмонлар ҳақларига бағишланган хатми Қуръон дуоси ўқилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 380
Президент ташаббуси ўлароқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўзлари таълим олган Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтига китоблар совға қилдилар. Ушбу китоблар институт талабалари янада чуқур билим олиши, дунёқарашини кенгайтириши, маънавиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим. Эслатиб ўтамиз, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидладилар. Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва барчани унда иштирок этишга даъват этади. Тошкент ислом институти матбуот хизмати 355
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифининг асосий тадбирлари бошланди. Давлатимиз раҳбари, таомилга кўра, дастлаб Абу-Даби шаҳридаги Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён мақбараси ҳамда масжидини зиёрат қилди. Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён Бирлашган Араб Амирликларининг биринчи Президенти бўлган. У 2004 йили ўзи қурдирган мазкур масжид ёнида дафн этилган. Бугунги кунда ушбу масжид ва мақбара мамлакат аҳолиси учун табаррук масканга, хорижий делегациялар раҳбарлари ташриф буюрадиган мажмуага айланган.Бу масжид дунёдаги энг катта масжидлардан бири бўлиб, қурилиш ишлари 1996 йилдан 2007 йилгача давом этган. Унда бир вақтнинг ўзида 40 минг киши намоз ўқиши мумкин.Мажмуага ташриф асносида Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён руҳига Қуръон тиловат қилинди. Президентимизга масжиднинг қурилиш тарихи, ўзига хос хусусиятлари, сайёҳлар ва зиёратчилар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берилди. Шавкат Мирзиёев мақбаранинг Зиёратчилар китобида дастхат қолдирди. Давлатимиз раҳбари “Ваҳат ал-Карама” ёдгорлигига гулчамбар қўйди. “Қадр-қиммат воҳаси” маъносини англатувчи ушбу мемориал Бирлашган Араб Амирликлари озодлиги ва бирдамлиги учун қурбон бўлганлар шарафига бунёд этилган. Ёдгорлик бир-бирига таяниб турган 31 блокдан иборат бўлиб, раҳбарлар, ҳарбийлар ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш рамзи ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ёдгорликнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қолдирди. 366
Арбун ёки урбан (ўзбек тилида “байбоши”, “закалат”, рус тилида “заклад”. Таржимон)га “Лисонул араб” луғатида шундай таъриф берилган: “Ҳаридор бир товарни[1] сотиб олиб, сотувчига маълум миқдорда пул беради, шундай шарт биланки, агар ҳаридор савдони юргазиб, амалга оширса, бу пул товарга берилиши керак бўлган баҳонинг бир қисми сифатида эътиборга олинади, агар ҳаридор айниб қолса, берилган пул сотувчида қолаверади, ҳаридор уни қайтариб олмайди”[2]. Бу сўз ушбу кўринишдаги келишувнинг номидир. Баъзан эса, “арбун” сўзи мазкур савдо турида сотувчига бериладиган пул маблағига нисбатан ҳам ишлатилади. Ибн Қудома айтадилар: “Савдодаги арбун бу – ҳаридор товарни сотиб олиб, агар товарни олса, баҳодан ҳисобланиши, агар олмаса, сотувчига қолавериши шарти билан сотувчига қанчадир дирҳам беришидир”[3]. Юқоридаги таърифлардан кўриниб турибдики, арбун асосида тузилган келишув бу – савдо ақди (шартномаси) бўлиб, ҳаридорга хиёри шартни собит қилади, агар савдони амалга оширса, арбун маблағи товар учун берилиши керак бўлган баҳонинг бир қисми сифатида ҳисобга олинади, агар ҳаридор савдони бузса, арбун сифатида берилган маблағ сотувчида қолаверади. Демак, бу ҳаридорнинг фойдасига бўлган хиёри шарт турларидан бири бўлиб, бу хиёри эвазига савдони бузган пайтда маълум пул бериши керак бўлади, сотувчида эса, савдони бузишга ҳеч қандай ихтиёр йўқ. Бу савдо турини жоиз деганлар хиёри шартни маълум муддат билан чекламаганлар, демак муддатни таъйин қилиш савдолашувчиларнинг ўзаро келишувига боғлиқдир. Уламолар арбуннинг жоизлигида ихтилоф қилганлар: Ҳанафийлар, Шофеъийлар, Моликийлар ва Ҳанбалийлардан Абул Хаттоб уни жоиз эмас дейишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳидан ҳам арбундан қайтарганлари ривоят қилинган[4]. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ арбунни жоиз деганлар. Арбуннинг жоизлиги Умар ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан, шунингдек Мужоҳид, Ибн Сийрин, Нофеъ ибн Абдулҳорис ва Зайд ибн Аслам роҳимаҳумуллоҳ каби тобеинлардан ривоят қилинган. Жоиз эмас деганларнинг далиллари: Имом Молик “Муватто”да бир сиқа (ишончли) ровийдан, у Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арбун савдосидан қайтардилар”[5]. Шунингдек, бу савдо – ғарар (хавф-хатари юқори) бўлган савдо турларидан бири ҳисобланиб, ҳаридор товарни сотиб олмаган тақдирда унинг арбун учун берган пули ҳеч қандай эвазсиз зоеъ бўлади. Арбунни жоиз деганларнинг далиллари: Абдурраззоқ “Мусаннаф”да Зайд ибн Асламдан ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан арбун ҳақида сўралганда уни ҳалол дедилар”[6]. Ибн Қудома айтадилар: Имом Аҳмад унинг жоизлигига Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинган ушбу воқеани далил қилганлар: “Нофеъ ибн Абдулҳорис Умар розияллоҳу анҳу қамоқхона қуришлари учун Савфон ибн Умайядан ҳовли сотиб олдилар, агар Умар рози бўлсалар, савдо амалга оширилади, агар рози бўлмасалар, Сафвонга шунча, шунча пул”. Асрам Имом Аҳмаддан: “Буни жоиз деб биласизми?” деб сўраганларида, Имом Аҳмад: “Мен нима ҳам дейишим мумкин, ахир бу Умар розияллоҳу анҳуку!” деганлар ҳамда арбундан наҳий қилинган ҳадисни заиф деб эътибор қилганлар. Бу қиссани Асрам ўз исноди билан ривоят қилган[7]. Арбундан наҳий қилинган ҳадисни Имом Аҳмад заиф деганлар, чунки Имом Молик санадда ўз шайхларининг исмини зикр қилмаганлар, унинг кимлигиҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Байҳақийнинг ривоятида: Ҳубайб ибн Абу Ҳубайб Моликдан, у киши айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Омир Асламий Амр ибн Шуайбдан ривоят қилди”[8]. Бу ривоятга кўра Имом Молик ҳадисни Абдуллоҳ ибн Омир Асламийдан эшитганлар, уни эса аксар муҳаддислар заиф ровий дейишган[9]. Ибн Можанинг ривоятида Ҳубайб ибн Абу Ҳубайб Абдуллоҳ ибн Омир Асламийдан тўғридан-тўғри, Имом Моликнинг воситасисиз ривоят қилади. Ҳубайб эса...