“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилганларида Кисро[1] Ануширвоннинг мустаҳкам саройи зилзила ва момоқалдироқ туфайли ёрилиб ўн тўртта айвони қулаб тушган, Форс империясидаги мажусийларнинг минг йилдан бери ўчмай келаётган “муқаддас олов”лари ўчиб қолган ва Сова[2] кўлининг суви ерга сингиб кетиб, унинг атрофидаги черковлар қулаган”, деган ривоят бор. Бу ривоятнинг исноди ҳақида уламоларимиз нима дейишади? Имом Заҳабий “Ас-сийратун набавия” китобида (1/12) бу ривоятни: “Мункар, ғариб”, деган. Ибн Асокир: “Бу ривоят ғарибдир, ҳужжатга ярамайди”, деган. Аллома Ибн Касир “Ал-бидоя ван ниҳоя” китобида (2/329): “Бу ривоятнинг асли-асоси йўқ”, деган. Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда Мулла Али Қорининг “Ал-маснуъ фи маърифатил ҳадисил мавзуъ” китоби таҳқиқида (18-бет) ва доктор Абдул Муътий Қалъажий Имом Байҳақийнинг “Далоилун нубувваҳ” китоби таълиқи-изоҳида (1/129): “Бу ривоят саҳиҳ эмас”, дейишган. Доктор Маҳдий Ризқуллоҳ “Ас-сийратун набавия фи зовъил масодирил аслия диросатан таҳлилия” китобида (112-бет): “Бу ривоят саҳиҳ йўллар билан собит бўлмаган”, дейди. Шайх Холид Абду Раҳмон имом Мовардийнинг “Аъломун нубувваҳ” китоби изоҳида (271-бет): “Кучсиз-қониқарсиздир, ҳужжатга ярамайди”, деган. Шайх Муҳаммад Ғаззолий: “Фиқҳус сийра” китобида: “Кучсиз-қониқарсиз”, дейиш билан мазкур маълумотни тасдиқламаган. Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий “Ар-раҳиқул махтум” китобида (61-бет): “Бу ривоятларнинг бирорта ҳам собит исноди йўқ. Ўша халқларда тарихнавеслик кучли бўлганига қарамасдан, уларнинг тарихида бу воқеалар тилга олинмаган”, дейди. Доктор Акрам Зиё Умарий “Ас-сийратун набавия ас-саҳиҳа” китобида: “Мазкур ривоятнинг ровийлари ичида Яъло ибн Имрон Бажаллий ва Махзум ибн Ҳониъ Махзумий каби мажҳул-номаълум шахслар бор бўлиб, уларнинг таржимаи ҳолларини топа олмадим”, деган. [1] Кисро, кисров, хисрав – қадимги Эрон шоҳларининг унвони. [2] Сова – Форс империясининг Ҳамадон ва Рай шаҳарлари ўртасидаги қишлоқ. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин 489
Самарқанд шаҳрининг жанубий томонидаги Миёнқол оролида жойлашган Даҳбед қўрғонида бир табаррук зиёратгоҳ борки, бу жой бугунги кунда кўпчилик сайёҳлар учун серқатнов манзилга айланган. Бу ерда, Нақшбандия тариқатини ривожлантиришда ва такомиллаштиришда катта хизматлар қилган – ахлоқшунос, фақиҳ ва илоҳиётчи олим Саййид Аҳмад ибн Мавлоно Жалолиддин Косонийнинг қабри бор. Бу улуғ зот 1461 йили Ахсикент вилояти (ҳозирги Фарғона вилояти)нинг Косон шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигиданоқ илмга чанқоқ бўлган Косоний дастлабки илмни ўз юртида олган, сўнгра, Самарқандга келиб ўқишни давом эттирган ва мавлоно Муҳаммад Қозидан илм – маърифат сирларини ўрганган. Саййид Аҳмад Косонийнинг насаблари пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларига бориб тақалади. Шу сабаб, у кишининг сулоласи халқ ўртасида мавқейи баланд эди. Косоний Самарқанд ва Тошкентда ўз билимини оширгач ўз юртига қайтиб боради ва илм-маърифат билан машғул бўлади. Шайбоний Жонибек Султон Косонийга элчи юбориб катта ҳурмат билан ўз саройига чорлайди. Косоний Султоннинг таклифига рози бўлиб, дастлаб, Самарқандга келади ва сўнгра Карманада яшай бошлайди. Сўнгра Жонибек Султон Миёнқолдаги (ҳозирги Даҳбед қишлоғидаги) ер-сувларни унга мулк қилиб беради. Шундан сўнг Саййид Аҳмад Косоний то умрининг охиригача шу ерда яшаб, 1542 йилда вафот этади. Жалолиддин Косоний тариқат илмига қўшган катта ҳиссаси учун ислом оламидаги энг улуғ унвонлардан бири Маҳдуми Аъзам унвонига сазовор бўлди. Бу улуғ зот тинмай сермазмун ижод қилди ва тасаввуф, ахлоқ ва илоҳиёт масалаларига оид 30 дан ортиқ рисолалар ёзди. Шунингдек, Маҳдуми Аъзам тоат-ибодатда камтарликни афзал билган, зикр ва намознинг хуфия шакли, яъни, ортиқча дабдабасиз ва намойишкорона бўлмаган шаклини маъқул кўрган. Бу улуғ зот бағоят камтарона яшаб, то умрларини охиригача ўз меҳнатлари билан кун кечирган. Ўз даврининг жуда кўплаб етук олимлари, шоирлари ва давлат арбоблари Маҳдуми Аъзамга қўл беришиб мурид бўлганлар. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жўйборий хожалардан Муҳаммад Ислом, Шайбоний ҳукмдорлардан Убайдуллахон, Абдулазизхон ва Жонибек Султон ва шу кабилар. Махдуми Аъзамнинг обру-эътибори нафақат Мовароуннаҳр, балки, Хуросон ва Ҳиндистонда ҳам жуда баланд эди. Шу сабабли бу мамлакатларда минг-минглаб мусулмонлар Махдуми Аъзамни ўзларига пир деб билганлар. Шу ўринда Махдуми Аъзам яшаган Даҳбед қўрғони ҳақида ҳам гапириб ўтмоқ лозим. Тарихий манбаларда айтилишича, Даҳбеднинг тупроғи серунум, ҳавоси тоза ва суви мўл бўлган. Дастлабки Шайбоний ҳукмдорлар давридаёқ Даҳбеднинг атрофи баланд девор билан ўралиб қўрғон қилинган ва бир неча дарвозалар ўрнатилган эди. Аштархонийлар даврида Даҳбеднинг мавқеи ошиб борди ва у туман марказига айланди. Самарқанд ҳукмдори Ялантўшбий Баҳодир Даҳбеднинг ободончилиги борасида катта хизматлар қилганлиги маълум. Ялангтўшбий Бойхўжабийнинг ўғли бўлиб, ўзбекларнинг олчин уруғидан чиққан ва Махдуми Аъзамнинг набираси Хожа Ҳошим Даҳбедийга қўл бериб, унинг муриди бўлган. Ялангтўшбий ўз пирининг бобоси Махдуми Аъзамнинг қабри устида даҳма қурдирган ва йирик масжид барпо қилган. Бу масжид олти устунли ва ўн икки қуббали хонақоҳ, таҳоратхона ҳамда қўшимча хоналардан иборат йирик иншоот бўлган. Шунингдек, Ялангтўшбий бу ерда илми толиблар учун ҳашаматли мадраса ҳам қурдирган. Топган мол-мулкини хайрли мақсадлар ва илм маърифатга сарфлаган Ялангтўшбий милодий 1656 йили Самарқандда вафот этган ва ўз васиятига кўра Даҳбедда пири-устози Ҳожа Ҳошим (Махдуми Аъзамнинг невараси)нинг оёқ томонларига дафн этилган. Шунингдек, у ерга Ялангтушбийнинг қизи Ойбиби хоним ҳам дафн қилинган. Даҳбеддаги Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳида бугунги кунгача жами 47 та қабртош сақланган бўлиб уларни кўпчилигининг шахсиятлари аниқланган. Ҳозирги кунда Маҳдуми Аъзам тарихий зиёратгоҳига кирувчи даҳма, масжид ва хонақоҳлар таъмирланиб, атрофлари ободонлаштирилди. Маҳдуми Аъзам қолдирган бой маънавий мерос бугунги кунда кенг миқёсда ўрганилмоқда ва бу улуғ зотнинг айрим асарлари катта нусхада чоп этилмоқда. Тошкент Ислом институти битирувчиси Худоёров Инъомжон 529
Тошкент ислом институтида 2018-2019 ўқув йили давомида ўтказиладиган “Маънавият соати” режасига мувофиқ, 11 сентябрь куни “Диний таълим муассасалари олидида турган долзарб вазифалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудир ўринбосари А.Дўсматов, котибият мудири М.Хомидов, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев, “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти мудираси Н.Ибрагимова, ҳамда институтнинг 85 нафар ўқитувчи ва ходимлари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқ манфаатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани айниқса, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ислоҳотлар хусусан, ислом динини кенг тарғиб этиш, бу борада қулайликлар яратишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Бугун диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик даврида айрим ноўрин фикрларнинг пайдо бўлиши, жамиятда баъзир бир шахсларнинг диний фаолиятга нисбатан нохолис фикрларни билдириши, ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакилларига нисбатан уйдирма ва салбий муносабат оқибатида оддий аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келаётганини ҳам назардан четта қолдирмаслик зарур. Чунки ҳар бир ишда, ҳатто эътиқод масалаларида ҳам мўътадиллик тамойилларига риоя этиш ислом динининг асослари ҳисобланади. Дарҳақиқат, инсон доимо огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Айни пайтда мамлакатимизда фаолият юритаётган диний таълим муассасалари ўқитувчи ходимларининг жамиятда бўлаётган бу каби воқеаларга ўзининг мўътадил муносабатини билдиши баробарида, талабалар ўртасида дин ва давлат муносабатларида холис фикр юритиш, кечаётган жараёнларга жамият, юрт ва дин равнақи йўлида мушоҳада юритиб, шундан сўнгина ўзиниг фикрини тўғри ва самимий баён этишига, қолаверса, талабанинг олдида турган энг муҳим вазифа – бу илм, таълим олишга эътибор қаратиш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтиш зарур. Бугун жамиятда чуқур диний билимларнинг етишмаслиги, сўзнинг туб моҳиятини англаб етмаслик яъни, зоҳирий ва ботиний маъноларини ажрата олмаслик, дин ҳақида ҳоҳлаган одам ўз фикрини эътироф этиши, илмсизлик, жоҳилликнинг оқибатида баъзи бир инсонлар билиб билмай фитна чиқишига сабаб бўлиб қолмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида бугун дунёда бўлаётган ва бўладиган турли хил фитналардан огоҳлантирган эдилар. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидир. Унда тик турган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Ким унга қизиқса ўзига тортади. Ким ундан паноҳгоҳ ёки қўрғон топса, у ила ўзини асрасин”, дедилар. Демак, фитнани сезган киши иложи борича ундан узоқда бўлишга ҳаракат қилмоғи керак. Мусулмонлар орасида фитна чиққанда ҳар бир инсон жуда ҳам хушёр бўлиш керак бўлади. Иложи борича фитнага аралашмаслик керак. Агар бировни шу фитнага мажбур қилиб аралаштирган одам ҳам ўзининг, ҳам ўша мажбур қилинган одамнинг гуноҳига қолади. Фитнада фаоллик кўрсатиб бошқаларни унга тортган одам ҳам гуноҳкор бўлади. Аҳмаднинг ривоятида: “Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Албатта, фитналардан четда бўлган саодатмандир. Ким мубтало бўлсаю сабр қилса, ҳасратдадир”, дейилган. Демак, мусулмонлар орасида оммавий фитна бошланганда четда қолган киши бахтли киши бўлар экан. Фитнага аралашган одам ҳасратсиз қолмас экан. Яна бир ривоятда: Эй Аллоҳнинг расули Фитна...
1526 йилда ташкил топган Бобурийлар[1] (Ҳиндистон) салтанати XVI-XVII асрларда жуда катта давлатга айланди.[2] Айниқса, Аврангзебнинг ҳукмронлик даври (1658-1707) Ҳиндистонда бобурийлар салтанати қуёшининг қиёмга чиққан даври бўлди. Агар бошқачароқ қилиб ифодалайдиган бўлсак, том маънода бу давр Бобурийлар салтанатининг 14 кунлик тўлин ойига айланган эди. Султон Аврангзеб Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлодидан бўлиб, Шоҳ Жаҳоннинг учинчи ўғлидир. Аврангзеб 1619 йил 24 сентябрда (ҳижрий1028 йил 15 зулқаъда ойида) Ҳиндистоннинг Гужурот вилоятидаги Давҳад шаҳрида туғилган. Онаси Мумтоз Маҳал бегимдир. Шоҳ Жаҳон тахтни эгаллагандан сўнг ёш Аврангзебни имом Раббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсум Сарҳандий тарбиясига олади ва унга бор эътиборини қаратади. Натижада Қуръони каримни ёд олади, ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганади ва етук олим бўлиб етишади. У хаттотлик илмини ҳам мукаммал эгаллайди. У араб, форс ва турк тилини ҳам билимдони эди. Аврангзеб ёшлигиданоқ ака-укаларига нисбатан анча қобилиятли, совуққон, уддабуронлиги билан ажралиб турарди. Аврангзеб ўқимишли ва билимдон киши бўлиб, талайгина ғазалларни ёддан ўқир, ўзи ҳам ғазаллар ёзарди. Аммо қаттиққўл, кучли, иродали киши эди. У шу билан бирга кучли саркарда ҳам эди. У ёшлигиданоқ уруш сирларини, жумладан камон отиш, қиличбозлик ва филлар билан жанг қилиш маҳоратини мустаҳкам эгаллади. У хулқ-атвори жиҳатдан жуда ажойиб инсон сифатида ҳар доим кишиларни қойил қолдириб турарди. Унинг қатъиятлилиги, жасурлиги, ниятлари ҳалоллиги ва тўғрилиги, бурчига садоқати, Исломга муҳаббати, камтаринлиги ва билимдонлиги барча томонидан эътироф этилган. Декан подшоҳига вазир бўлган пайтидаёқ у ўзининг маъмурий қобилиятини кўрсата билди. Тартиб-интизомли ва синчковлигидан ташқари у жуда кўп нарсага қизиқарди. Бу ниҳоятда адолатли инсон ўзини ҳам, ўғилларини ва қарамоғидаги кишиларни ҳам аямасди. У давлат бошлиғи сифатида ўз идорасининг юксак ҳурматига сазовор эди, қонунга адолатли риоя этилишига ҳеч қандай монелик қилмасди. Унинг ҳукмронлиги даврида мадрасалар, масжидлар, карвонсаройлар ва кўзи ожизлар (мискинлар) учун уйлар сони кўпайди. Авлиёлар ва мутасаввифларни ўз қарамоғига олиб уларга ҳомийлик қилди. Шу сабабли у олим ва илмига амал қилган подшоҳ эди. У маърифат ва мурувватни кенг ёйди. У ислом оламида энг катта масжидлардан бири ҳисобланадиган Лоҳурдаги Подшоҳ масжидини қурдирди.[5] Аврангзеб даврида олимлардан Зафихон “Мутаҳаб ул-лубоб“ асарини ёзиб тугатади. Мирзо Муҳаммад Козим “Оламгирнома“, Муҳаммад Соқий “Маосири Оламгирий“, Сужан Рай Хатри “Хулосот ул-таворих“, Бхемсен “Нушкаи дилкушо“, Ишвар Дас “Футуҳоти Оламгирий“ асарларини ёзганлар. Уларда Аврангзеб даври билан бирга Бобурийлар салтанати тарихига оид қизиқарли маълумотлар берилган. Устозлари. Шоҳ Аврангзеб ўз даврининг буюк уламолари қўлида таълим олди ва илмига амал қилувчи олим бўлиб етишди.Хоссатан, “Мужаддиду алфис сони” номи билан машҳур имом Раббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсум Сарҳандий ва “Нур ал-анвор” асари муаллифи Мулло Жийван номи билан машҳур Аҳмад ибн Абу Саид сингари олимлар унинг устозларидан эди. Жумладан, Аҳмад ибн Абу Саид Мулло Жийван Аврангзеб ҳақида ўзининг “Ат-Тафсийрот ал-аҳмадиййа фи байан ал-айат аш-шаръийя маъа таърифат ал-масаил ал-фиқҳийя” асарининг муқаддимасида шундай деган: “Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб фазилат ва неъматларга ҳирс қўймаган кишидир. У ислом динини ҳимоя қилувчи зотдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишиниинг аҳли оилаларига салом бўлсин. Бизнинг бу мақтовимиз дунёга эришиш ёки тамаъ ва бойликни қўлга киритиш учун эмас, балки динни ривожи учундир”[6]. Абулҳасан Надавий ўзининг “Маза хосаро ал-алам бинҳитотил муслимин” китобида Шоҳ Аврангзеб ҳақида: “У темурий подшоҳларнинг энг кучлиларидан бири эди. Уларнинг ичида кўплаб фатҳларни амалга оширгани, мамлакати кенгроғи, диёнатдорроғи ва Китоб ва Суннатни билувчироғи эди”,[7]-деб ёзади. Аврангзеб иниси Муродбахш билан иттифоқ тузиб, 1658 йил Деҳлида тахтни эгаллаган[8]. Аврангзеб “Тахт зийнати”, “Тахт безаги” ва Оламгир эса “Оламнинг Саййиди”, “Оламни ислоҳ қилувчи” дегани.[9] Иккаласи ҳам унинг лақаби ҳисобланади. Аврангзеб 49 йил ҳукмронликдан сўнг, 1707 йилда 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида вафот этади. У ҳаёти давомида жуда тақволи бўлганидан ўлими ҳозир бўлган вақтда яқинларига ўзини мусулмонларнинг энг яқин қабристонига олиб бориб кўмишларини ва бу борада ҳаддан ошмай, кафанига кетадиган сарф-харажатларни беш рупиядан зиёда қилмасликларини васият қилади. Асарларда ёзилишича Аврангзебнинг беш ўғли ва беш қизи бўлган. Ўғиллари-Муҳаммад Султон, Муаззам Шоҳ (кейинчалик Баҳодиршоҳ), Аъзам Шоҳ, Муҳаммад Акбар ва Ком Бахш, қизлари-Зубдатуннисо, Зебуннисо, Зийнатнисо, Бадриннисо ва Меҳринисолардир....
Пайғамбаримиз туғилишларидан салгина олдин баъзи ҳижозлик[1] араблар тижорат сафарларида аҳли китобларнинг холис олимларидан ҳамда ўша пайтда жинлари орқали осмондаги фаришталардан хабар ўғирлайдиган айрим коҳинлардан “Муҳаммад исмли охирзамон пайғамбарининг Ҳижоз ўлкасидан чиқиш вақти яқинлашди”, деган хабарларни эшитадилар ва ўша пайтда туғилган ўғил болаларга, ажабмас мана шу фарзандимиз пайғамбар бўлса, деган умид билан “Муҳаммад” исмини қўядилар. Бу ҳақда Абду Раҳмон Суҳайлий[2], Ибн Қутайба[3] ва Ибн Халиккон[4]лар ўша пайтда Муҳаммад исмли одамларни: “Учта бўлган”, дейишган. Қози Иёз “Аш-шифо” (1/287), Ибн Касир “Ас-сийратун набавия” (1/299), “Ал-бидоя ван ниҳоя” (2/259), Имом Саолибий “Ат-тафсир” (4/297), Исмоил Ҳаққий Ҳанафий “Руҳул баён” (9/404) ва Муҳйиддин Дарвеш “Эъробул Қуръон ва баёнуҳу” (9/197)да: “Олтита бўлган”, дейишган. Бироқ Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий” (6/556)да: “Уларни учта ёки олтита бўлган деб чеклаш тўғри эмас. Мен бу ҳақдаги барча маълумотларни жамлаганимда, уларнинг сони йигирматага етди. Ўша маълумотларни умумлаштирганимда эса, ўн беш ёки ўн олтита қолди”, дея таъкидлаган. Дарвоқе, ўша “Муҳаммад”ларнинг пайғамбарликни даъво қилиб чиқишларига Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила йўл бермаган. Чунки “Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни (яъни, кимга беришни) яхшироқ Билувчидир”[5]. [1] Ҳижоз – шимолдан жанубга қараб Табук, Мадина, Жидда, Макка ва Тоиф каби катта шаҳарлар жойлашган ҳудуд. [2] “Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибн Ҳишом” (2/95). [3] “Ал-маъориф” (1/556). [4] Камол Думайрий, “Ҳаётул ҳаявон ал-кубро” (1/9). [5] Анъом сураси 124-оят. “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин 402