islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Кундузги таълим йўналиши бўйича мандат натижалари эълон қилинди

Аввал хабар берганимиздек, 24-25 июль кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Кундузги таълим бўлимига 2018-2019 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Унга кўра, жами 202 нафар абитуриент ҳужжат топширган эди. Жорий йилнинг 26 июль куни натижалар эълон қилиниб, унда 50 нафар абитуриент шулардан 8 нафар аёл-қизлар ижодий ва тест имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлдилар. Эслатиб ўтамиз, 24 июль куни абитуриентлар Араб тилидан ижодий, ҳамда 25 июль куни Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанидан тест имтиҳонлари бўйича баҳоландилар.   469

Тошкент Ислом институтида тест синовлари бўлиб ўтмоқда

Бугун 25 июль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида тест синовлари бўлиб ўтмоқда. Абитуриентлар Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан ўз билимларини синовдан ўтказмоқдалар. Унда жами 202 нафар абитуриент иштирок этади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи асосида институтда тест синовлари юқори савияда ўтказилиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Қабул имтиҳонлари жараёни адолатлилиги, ҳаққонийлиги ва шаффофлигини тўла таъминлаш мақсадида жами абитуриентлар “Ҳазрати Имом” масжидида тест синовларини топширадилар. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “muslim.uz” портали жамоаси томонидан https://www.facebook.com/muslimuzportal саҳифасида тўғридан-тўғри (онлайн режимда) интернет орқали эфирга узатиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 24 июль куни Араб тили фанидан ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтган эди. 529

LIVE. Тошкент Ислом институтида тест синовлари бошланди

Бугун 25 июль куни Тошкент Ислом институтида тест синовлари бошланди. Қуйидаги линк орқали онлайн кузатишингиз мумкин. https://www.facebook.com/muslimuzportal/videos/2095065530731362/   417

Тошкент Ислом институтида кириш имтиҳонлари бошланди

Бугун 24 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар бошланди. Имтиҳон Қуръон тиловати ва дуо билан бошланди. Сўнгра институт ректори Уйғун Ғафуров абитуриентларга имтиҳон жараёни ва тартибини тушунтириб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Муфтий ҳазратларининг табрикларини абитуриентларга етказдилар ва Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов омад тилаб, дуо қилдилар. Ижодий имтиҳон материаллари солинган конверт имтиҳон бошланиши олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кузатувчиси, Тошкент Ислом институти қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ҳамда ота-оналар иштирокида очилиб, бу ҳақда далолатнома тузилди. Кузатувчилар, ота-оналар имтиҳон учун ажратилган хоналар ва имтиҳон топширувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Фарзандларига руҳий далда бўлиб, улар билан ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва меҳмонлар учун институт ҳудудида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди. Имтиҳонларни талаб даражасида ўтказиш мақсадида ички ишлар ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинди. Абитуриентлар ижодий имтиҳонда Араб тили фанидан синовдан ўтишмоқда. Тошкент Ислом институтига абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари эртага 25 июль куни бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, 2018-2019 ўқув йили учун жами 202 абитуриентлардан аризалар қабул қилинган бўлиб, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 50 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 8 нафари аёл-қизлардан иборат. 768

Суффа эгалари кимлар?

“Суффа” сўзи луғатда “тепаси соябонли қилинган жой” маъносини англатади. У ерда эҳтиёж юзасидан маълум вақт давомида тунаган инсонларга нисбатан “эгалари” сўзи ишлатилган. Бундай инсонлар “Асҳабус-суффа” номи билан тарихдан муносиб ўрин эгаллаганлар.  Истилоҳда эса асҳобус-суффа деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қоладиган бирор бошпанаси ҳам, мол-мулки ҳам бўлмаган фақир саҳобалар тушунилган. “Асҳабус-суффа” баъзи ривоятларда “Аҳли суффа” деб ҳам аталган. “Асҳабус-суффа” ва уларнинг яшаш тарзи ҳақида жуда кўплаб ривоятлар келган. Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзини ривоят қилган: “Асҳабус-суффа”дан етмиш кишини кўрганман. Уларнинг эгниларида фақатгина ридо (баданнинг фақат тепа қисмини тўсадиган кийим), ёки изор (баданнинг пастки қисмини тўсадиган кийим), ё бўйинларига ўраб олишган бирор кийим бўларди. Баъзиларининг кийими болдирларининг яримига етса, баъзилариники тўпиқларигача етарди. Аврати кўриниб кетишидан хавфсираб, кийимини қўли билан чангаллаб турарди”. Бадриддин Айний “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳи Бухорий” асарида шундай ёзади: “Баъзилар “Асҳабус-суффа” деб номланиш сабаби ҳақида шундай дейишган: Бошпаналари йўқ ғариб кишилар масжид эшиги ёнида саф бўлиб туришар эди. Шу сабабли улар “Асҳабус-суффа” (сафланиб турувчилар) деб номланган”. Имом Нававий “Шарҳу саҳиҳи Муслим” асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидан бошпана топган фақир кишилар бўлиб, улар масжид ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қолишар эди”. Имом Термизий “Сунани Термизий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Аҳли суффа Ислом аҳлининг меҳмонлари эдилар”, – деганларини ривоят қилган. Имом Байҳақий Усмон ибн Ямон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: “Мадинада муҳожирлар кўпайиб кетди. Уларнинг туришлари учун бирор ҳовли жой ҳам, бошпана ҳам йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга жойлаштирдилар ва “Асҳабус-суффа” деб атадилар. У зот улар билан бирга ўтирар ва уларга дўстона муносабатда бўлар эдилар”. Муҳаммад Абдурраҳмон Муборакфурий “Туҳфатул Аҳвазий би шарҳи жомеъит-Термизий” асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа етмиш нафар атрофидаги уй-жойи ҳам, мол-мулки ҳам, бола-чақаси ҳам бўлмаган фақир саҳобалар бўлган. Уларнинг сони гоҳ камайиб, гоҳ ортиб турган. Улар, асосан, ўзларига садақа қилинган нарсалар билан кун кечирганлар”. Муновий  “Файзул Қодийр шарҳу Жомеъис-сағир”да қуйидагиларни ёзган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга намоз ўқиб берганларида очликдан намозда тик тура олмай қоладиган кишилар ҳам бўларди. Улар Асҳабус-суффа” эдилар. Ҳатто араблар: “Анавилар мажнунлардир”, – дейишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг уларга юзланиб шундай деган эдилар: “Агар Аллоҳ ҳузурида сизларга қандай яхши нарсалар борлигини билганингизда, албатта, янада фақир ва эҳтиёжманд бўлишни яхши кўрган бўлар эдингиз”. Ҳа, саҳобаи киромларнинг ҳаётлари билан яқиндан танишган сайин уларнинг улуғ мақомлари ҳақида айтилган сўзларнинг ҳақиқати янада яққол намоён бўлиб бораверади. Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба: Azon.uz 622
1 580 581 582 583 584 686