islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 25, 2018

Day

Талабалар «Президент қароргоҳи»да бўлдилар

Бугун 25 январь Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони – йирик давлат ва сиёсат арбоби, Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасига бағишлаб, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 2-3 курс талабалари “Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” услубчиси Ш.Чўлпонов, мураббийлар А.Абдуллаев, Ж.Рўзиевлар бошчилигида «Оқсарой» қароргоҳи Ислом Каримов музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи Давлат музейига ташриф буюрдилар. Ислом Каримов музейинининг расмий очиш маросими шу йилнинг 30 январига белгиланганлигига қарамай тайёргарлик ишлари кўтаринкилик билан олиб борилмоқда. «Оқсарой» қароргоҳи ҳамюртларимиз, талаба ва ўқувчилар билан гавжум. Талабалар ташриф жараёнида Оқсаройнинг баъзи хоналари музей келганлар учун тайёрланаётганлиги, у ерга Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ турли буюм, альбом ва бошқа ашёлар қўйилиши ҳақида маълумотларга эга бўлиб қайтдилар. Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров 345

Динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган инсон ёди

2018 йил 25 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам Ислом Каримовнинг 80 йиллигини нишонлаш мақсадида талаба қизлар иштирокида “Ислом Каримовнинг динимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари сифатида хизмат қилиб келаётган улуғ устоз Шайх Абдулазиз Мансур иштирок этди. Дастлаб тадбир Қуръон тиловати билан бошланди ва унинг савоби Биринчи Президентимиз Ислом Каримов руҳи покларига бағишланиб, дуои хайрлар қилинди. Сўнг Шайх Абдулазиз Мансур мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат арбоби бўлган Ислом Каримов раҳбарлиги остида дин соҳасида, хусусан, ислом дини ривожи йўлида амалга оширган ишлар ҳақида батафсил сўзлаб бердилар. Дарҳақиқат, истиқлол шарофати ва Биринчи Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муқаддас ислом дини таълимоти, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, бебаҳо тарихий меросимизнинг тикланиши ва ривожланиши учун барча шарт-шароит яратилди. Мустақиллик йилларида мўмин-мусулмонлар ўз кундалик диний ибодатларини бехавотир ва эмин-эркин адо этиш имкониятга эга бўлдилар. Бу борада тегишли қонун ва фармонлар қабул қилинди. Диний байрамларни нишонлаш, муқаддас жойларни зиёрат қилиш анъанаси қайта тикланиб, бу борада зиёратчиларга қулайлик ва шарт-шароитлар яратилди. Конституциямизга биноан халқимиз ўз диний эътиқодларини яширмайдиган, миллий удумларини бамайлихотир амалга оширадиган бўлди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Абу Мансур Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб алломаларнинг таваллуд айёмлари кенг нишонланди. Истиқлол исломий илм масканлари эшикларини ёшларга кенг очиб берди. Мустабид тузум даврида фақатгина иккита – Тошкент ислом институти ва Бухорода «Мир Араб» мадрасаси чекланган шароитларда фаолият юритишига рухсат этилган бўлса, истиқлол шарофати ва Биринчи Президентимиз раҳнамолигида пойтахтимизда «Кўкалдош» ва «Хадичаи Кубро», Китоб шаҳрида «Хожа Бухорий», Наманганда «Ҳидоя», Андижонда «Саййид Муҳйиддин махдум», Урганчда «Имом Фахриддин Розий», Нукусда «Муҳаммад ал-Беруний», Бухорода «Мир Араб» ва «Жўйбори калон» ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият кўрсатишни бошлади. Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан 1999 йили Тошкент ислом университети ташкил этилиб, бу олий таълим муассасасида талабаларга диний ва дунёвий билимлардан сабоқ берилмоқда. Қайд этиш лозимки, биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йилдаги икки ҳайит байрами кунларини дам олиш кунлари деб эълон қилиш ҳақидаги фармонлари асосида мана йигирма беш йилдирки, икки ҳайитнинг биринчи кунлари диний байрам – дам олиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Суҳбат якунида Шайх Абдулазиз Мансур Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди» деб марҳамат қилган ҳадиси шарифни эслатиб ўтдилар. Шу билан бирга, тадбир давомида савол-жавоблар ҳам бўлиб ўтди. Умуман олганда, учрашув барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва таассуротларга эга бўлди. ЎМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Тошкент ислом институтида Ислом Каримов асарларига бағишланган “Ислом Каримов – мустақиллигимиз асосчиси” мавзусида ўтказилаётган кўргазма билан ҳам танишдилар. З.Суярова, ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи 372

Муносабат: нотўғри ахборот тарқатиш – оғир гуноҳ

Оёғингизга ботаётган тикон сиз излаб бораётган гулнинг хабарчисидир”. Мавлоно Румий (қ.с.) Бугун Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар нафақат юртимиз одамларини, балки ён-атрофимиздаги ҳамда узоқлардаги барча дўсту ёрларимизни ҳайратга солмоқда. Бу ҳайрат ичида олиб борилаётган ислоҳотларга хайрихоҳлик, қўллаб-қувватлаш, ҳар доим бирга бўлиш каби эзгу ниятларнинг мужассамлиги шундоқ билиниб турибди. Давлатимиз раҳбарининг сўнги бир йил ичида Республикамиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз йўлида бошлаган саъй-ҳаракатлари Марказий Осиё геосиёсий ҳолатини ҳам ўзгартириб юборди. Айниқса, қўшнилар билан иқтисодий, савдо-сотиқ, илмий-маърифий каби барча соҳаларга қаратилган тенг ва очиқ ҳамкорликни йўлга қўйилиши кутилмаган ҳодиса бўлди. Бу ўзгаришлар орасида диний соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш керак. Бу бир йил бир асрга татигулик йил бўлди десак муболаға бўлмайди. Шу бир йил ичида қаранг қанча ўзгаришлар содир бўлди. – Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази ва 2 та халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Вилоятларда калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларини ўрганишга ихтисослашган 5 та илмий мактаб иш бошлади. – Исломий таълим муассасалари сони 11 тага етказилди. Бухорода Олий мадраса ташкил этилди. Тошкент ислом институтида 3 йиллик махсус сиртқи бўлим очилди, диний ўқув юртлари қошида ўқув курслари юритилди, Қуръони карим қироати бўйича “Таҳфизул Қуръон” гуруҳлари фаолият бошлади, қабул квоталари 150 фоизга оширилди. – Мамлакатимиз бўйича 15 та масжид қайтадан барпо этилди, 55 та масжид капитал таъмирланди. – Интернет сайтларида диний фанлардан онлайн дарслар ташкил этилди, тўғридан-тўғри саволлар-жавоблар рукни мунтазам ишлаб турибди, сайтлар ва ижтимоий тармоқларда диний-маърифий тарғибот жадал олиб борилмоқда. – Ўтган йил охирида Президентимиз “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекдилар. Унга кўра, академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланади. – Яна шуни қайд этиш керакки, оммавий ахборот воситаларида диний ходимлар чиқишлари кескин кўпайтирилди. “Ҳидоят сари” ва “Зиё” кўрсатувлари эфир сони икки бараварга оширилди. “Ўзбекистон-24” телеканалида имом-хатиблар иштирокида давра суҳбати қилинмоқда. “Маданият ва маърифат” телеканалида уламолар иштирокида кўрсатувлар эфирга узатилмоқда. Шунингдек, “Зиё чашмаси” номли радио эшиттириш ва 50 га яқин диний маърифий веб-сайтлар иш олиб бормоқда. – Яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш зарур. Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан турли диний оқимларга аъзолар рўйхатида бўлган 16 минг нафардан зиёд киши рўйхатдан чиқарилди. – Яна фахр билан айтиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлиги остида Мисрдаги “Дорус-салом” нашриёти ва Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия билан Қуръони каримни чоп этиш бўйича келишувга эришилиб, ўзимизда Қуръони карим чоп этилмоқда. Шу ўринда қайд этиш керакки, кўзи ожиз мўмин-мусулмонлар учун брайль ёзувидаги Қуръони карим нусхасини чоп этиш бўйича Ўзбекистон дунёдаги учинчи давлат ҳисобланади. – Ҳаж квотаси икки мингтага, умра квотаси 4 мингтага ошди, биринчи марта Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бир гуруҳи бепул ҳажга юборилди. Шу кунга қадар жами 120 мингдан зиёд фуқаро ҳаж ибодатини, 92 мингдан ортиғи умра амалини адо этди. Бу расмий кўзга ташланган рақамлар ва сонлардир. Энди одамларнинг шоду хуррамлигини, қувончини айтмайсизми. Уларнинг руҳониятида рўй бераётган ўзгаришларни, ҳаяжонларини ифодалашга тил ожиз. Бутун республикамиз бўйлаб давом этаётган қорилар мусобақаси ҳаммасидан ошиб тушмоқда, десак ҳеч қандайига мубоғала қилмаган бўламиз. Чунки бу бир мусобақа дегани билан унинг таровати, файзу баракаси ҳеч бир кишини четлаб ўтмаяпти. Мусобақа ўтаётган ҳар бир вилоят ўзгача қиёфа касб этаётгандек гўё. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Қуръони...

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу 350 йил яшаганми?

Имом Заҳабий: “Мен Салмон розияллоҳу анҳунинг ёшлари ҳақида изландим, аммо Баҳронийнинг гапидан бошқа нарса топа олмадим. Ҳолбуки, унинг ривояти “мунқатиъ” (санади узилган) бўлиб, ишончли эмасдир..."

Фақирлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фахри эдими?!

Савол: “Халқ орасида тарқалган “Ал фақру фахрий” яъни, фақирлик менинг фахримдир, деган гап ҳадисми ёки йўқми? Жавоб: Мазкур ривоятнинг тўлиқ матни “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру”дир. Яъни, фақирлик (камбағаллик, қашшоқлик) менинг фахримдир ва мен у билан фахрланаман”. Муҳаққиқ олим Мулла Али Қори Ҳанафий ўзларининг “Мирқотул мафотийҳ шарҳу Мишкотил масобийҳ” номли машҳур асарларида (14-жуз, 356-бет) шундай деганлар: “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” ривояти Пайғамбаримиз номларидан айтилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ва бошқа олимлар айтганларидек, бу ривоятнинг исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима) ва “ботил”дир”. Мазкур китобнинг 15-жузи, 150-бетида: “Ҳофиз Асқалоний ва бошқа ҳофизлик даражасига етган олимлар очиқ-ойдин (равшан, аниқ) баён қилганларидек, бу ривоятнинг асли-асоси йўқ, ботилдир”, дейилган. Муҳаққиқ муфассир Олусий “Руҳул маъоний” тафсирида (7-жуз, 267-бет): “Ал фақру фахрий” хабари асли-асоси йўқ, кизб (ёлғон)дир”, деган. Мазкур тафсирнинг 20-жузи, 422-бетида: “Халқ орасида тарқалган бу ривоятнинг асли-асоси йўқ”, дейилган. Мазкур тафсирнинг яна 23-жузи, 13-бетида: “Халқ орасида тарқалган “Ал фақру фахрий” ривояти Ибн Ҳажар Асқалоний айтганидек, исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима), “ботил”дир”, дейилган. Шайх Бакр Абу Зайд “Мўъжамул маноҳил лафзийя” китобида (21-жуз, 21-бет): “Халқ орасида тарқалаётган “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” лафзини Ҳофиз Ироқий  ва Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийлар: “Исноди “мавзуъ” (сохта, тўқима), “ботил”дир”, дейишган”, дейди. “Ат талхийсул ҳабийр фий тахрийжи аҳодийсир Рофеъиййил-кабийр” китобида (4-жуз, 156-бет): “Имом Санъоний мазкур ҳадиснинг “мавзуъ” (сохта, тўқима) эканига жазм қилган яъни, аниқ ишонч ҳосил қилган”, дейилади. “Тафсири Нисобурий” муаллифи (7-жуз, 151-бет): “Агар бу ривоят саҳиҳ бўлганида эди, бу “фақирлик” бошқа маънодадир, масалан: “Аллоҳ таолога бўлган муҳтожлик” деб, таъвил қилган бўлар эдик”, деганлар. Мазкур ривоятнинг исноди “мавзуъ” бўлиши билан бир қаторда яна “ботил” дейилишининг сабаби, бу ривоят мазмун жиҳатидан қуйидаги саҳиҳ ҳадисга зиддир. Абу Бакра (ра) айтадилар: “Пайғамбаримиз ҳар намоздан сўнг: “Эй Аллоҳ, мен куфр, фақирлик ва қабр азобидан паноҳ беришингни сўраб илтижо қилурман”, деб дуо қилардилар” (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ҳокимлар ривояти). Муҳаққиқ уламолар айтадилар: “Ал фақру фахрий ва биҳи афтахиру” ривояти “кизб” (ёлғон), “мавзуъ” (сохта, тўқима), асли йўқ бўлиб, ҳадис билимдонларининг бирортаси Пайғамбаримиздан ривоят қилмаган. Қолаверса, маъноси ҳам ботил. Зеро, Пайғамбаримиз ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган фазилатлар билан асло фахрланмаганлар. Балки, кўп ҳадисларида: “Мен қиёмат куни Одам болаларининг саййидиман, аммо бундан фахрланмайман. Қиёмат куни биринчи бўлиб менинг қабрим очилади, аммо бундан фахрланмайман. Биринчи шафоат қилувчи ҳам, биринчи шафоат қилингувчи ҳам мен бўламан, аммо бундан фахрланмайман. Қиёмат кунида менга “Ливоул ҳамд” (мақтов байроғи) берилади, аммо бундан фахрланмайман. Жаннатга ҳам биринчи бўлиб кираман, аммо бундан фахрланмайман…”, деганлар” (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин тайёрлади 562