islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 29, 2018

Day

Бидъат тушунчасига ислом уламоларининг берган таърифлари

Бидъат янги пайдо қилинган иш бўлиб, дин камолига етгандан сўнг унга янги иш киритишдир. Бидъат бу шариатда унга ишора қиладиган асоси бўлмаган бирон ишни биринчи бўлиб янгидан пайдо қилинган ишдир. Шариатда унга далолат қиладиган асоси бўлса, у луғат жиҳатдан бидъат дейилсада, шаръий бидъат бўлмайди . Бидъат таърифи ва тушунчасини чегараси борасида уламолар кўплаб фикрлар билдирганлар: Ибн Ражаб айтади: “Бирор инсон олдин содир бўлмаган янги ишни яратиб уни динга боғласа ва динда бу иши учун бирон асос бўлмаса, у залолатдир. Диннинг бу ишга алоқаси йўқдир» . Имом Молик айтади: “Бу уммат ичидан олдин бўлмаган янги ишни яратган кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динга хиёнат қилди деб ҳисоблаган бўлади. Чунки Аллоҳ Таоло Моида сурасининг 3-оятида шундай дейди: “Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим”. Ўша вақтларда дин бўлмаган иш, бугун ҳам дин бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло шариат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан олдин мукаммаллик даражасига етказилганлигини хабар бермоқда. Шу сабаб бир инсон келиб шариатда бирон иш ўйлаб топса унинг бу иши тасаввурга сиғмайди. Динга қўшимча (бидъат) киргизиш Аллоҳ Таолонинг ишига тўғирлаш киритиш ҳисобланади. У шариат ноқис (мукаммал эмас) деб даъво қилаётган бўлади. Бу эса Аллоҳ Таолонинг Китобида келган нарсага зид келмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Барча бидъат залолатдир. Гарчи инсонлар уни яхши деб ҳисобласаларда”. Байҳақий ривояти. Хасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Бидъатчи фосиқ билан ўтирма, акс ҳолда, қалбинг унинг гапига мойил бўлади ва натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда, қалбингга мараз киради” деганлар. Яҳё ибн Касир эса: “Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет!” деб айтганлар. Имом Аҳмад: “Бизнинг наздимизда суннатнинг асли Расулуллоҳнинг саҳобалари юрган йўлни маҳкам ушлаш, уларга эргашиш ва бидъатни тарк қилишдир. Ҳар бир бидъат залолатдир”. “Таблису иблис” китобининг муаллифи айтади: “Оиша розияллоҳу анҳудан баъзи сўзлар марфуъ тарзда ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтади: “Ким бидъатчини ҳурматини жойига қўйса, исломни бузилишига ёрдам берибди”. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ривоят қилади. У Саид ал-Каририйдан ривоят қилади: “Сулаймон Таймий касалга чалинди. Касал ҳолида ётар экан қаттиқ йиғлади. Унга: “Сизни нима йиғлатмоқда? Ўлимдан қўрқяпсизми?”-дейишди. У: “Йўқ. Лекин мен бир қадарийни олдидан ўтаётиб унга салом бергандим. Шу сабаб Аллоҳим мени шу ишим учун ҳисоб сўрашидан қўрқмоқдаман”. Айюб ас-Сахтаёнийдан Ҳишом бин Ҳассон ривоят қилади: “Бидъатчи бир бидъатни кўпайтирар экан, Аллоҳдан янада узоқлашаверади”. Ворид бўлган ҳадис ва ривоятлар шариатдаги бидъат қораланганига ишора қилади. Шу сабаб мусулмонлар улардан сақланишлари лозим. Чунки янги пайдо бўлган эътиқодларни динга боғлиқ жойи йўқ. Динга боғлиқ бўлмаган нарсани динга кириши динга зарар етказади. Бу ниҳоятда хатарли ва Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи ишдир. Шу сабаб бу ишни қилганлардан ислом уламолари юқоридаги каби муносабатда бўлишган. Инсон бу каби эътиқодлардан узоқ бўлиши ва атрофдагиларни огоҳ этиши лозим.  4–курс талабаси  Сайфуддинова Маҳфуза 502

Рамазон – ойлар султони

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ниҳоят ойларнинг султони, Қуръон ойи бўлмиш муборак Рамазони шариф ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан ташриф буюрди, қувончдан бошимиз кўкларга етди. Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан афзал қилди. Уни кўплаб фазилат ва имтиёзлар билан хослади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир”, – дедилар» (Имом Табароний ривояти). Бу ойда олам шодликка тўлади, фаришталар ер юзига тушади, хайр-барака, фазилат ва баракалар ёғилади. Мўминларнинг қалбида сурур, кўзида қувонч балқийди. Ҳамма бир-бири билан ширинсўз бўлиб, меҳр-муҳаббат ошади, савоб тўплаш илинжи ортади, ибодатга бўлган иштиёқ кучаяди. Қуръони каримнинг тиловати ва хатмига бўлган муҳаббат жилоси ҳар бир қалбда намоён бўлади. Масжидларда таровеҳ намозида ҳамма бир сафда туриб ибодат қилади. Элу юртнинг равнақи, осойишталиги, барқарорлигини сўраб дуога қўл очилади. Рўзадор борки, эзгуликка интилади, ўзини ислоҳ этади, хатоларини тузатади. Гинаю кудурат, зулм, адоват, ғийбат каби разил иллатларга барҳам берилади. Фазилатда тенги йўқ бу муборак ойда жаннат эшиклари, раҳмат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар бериб: “Сизга муборак Рамазон ойи кириб келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди”, – дердилар» (Аҳмад ривояти). Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», – дейилган. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишганидан, ҳатто ойлар давомида «Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!» дея Яратганга илтижо қилишган. Унинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, савоблар тўплашга қизиқишган. Тиловат, зикр, истиғфор ва ибодатда бардавом бўлишган. Бу яхшиликни оила аъзоларига ҳам илинган. «Саҳиҳ Муслим»да қуйидаги ҳадис келтириб ўтилган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар». Бу ойда бандаларнинг гуноҳи кечирилади. Аллоҳ таоло чин ихлос ила рўза тутганларнинг тоғдек хатоларини ҳам афв этиб юборади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”, –дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”– деб сўрашди. У зот: “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри тўла қилиб берилади”, – дедилар» (Аҳмад ривояти). Парвардигори олам бу йилги Рамазонда кўплаб хайр-баракаларни ёғдирсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин. Бандаларнинг гуноҳини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин. Эркин ҚУДРАТОВ, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти Ҳадиси шариф фани мударриси 475

“Глобал тармоқда диний-маърифий мавзуларни ёритишга қаратилган таҳлилий қарашлар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди

Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Пойтахт” бизнес марказида марказий ОАВда ҳамда интернет сайтларида фаолият олиб бораётган журналистлар учун “Глобал тармоқда диний-маърифий мавзуларни ёритишга қаратилган таҳлилий қарашлар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Мазкур семинарни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда буюк аллома аждодларимиз меросини ўрганиш, миллий-диний қадриятларимизни тиклаш, динлараро бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини оммалаштириш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод онгида ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишдан иборат. Ушбу семинар-тренингда Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, Ахборот ва техник таъминот бўлими бошлиғи Т.Азимов ва ходим А.Авлаёров иштирок этдилар. Унда институт ректори У.Ғафуров “Диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш борасида Давлатимиз томонидан белгиланган вазифалар” мавзусида маъруза қилди. 359

Тошкент ислом институтида битирув аттестацияси

“Имом Бухорий” номидаги Тошкент ислом институти 4-курс битирувчилари тўрт йиллик талабалик даврини тугатиб катта ҳаётга қадам қўйиш олдида турибдилар. Битирув арафаси талабалар охирги синовлардан ўтиш жараёнларини бошдан кечирмоқда. Бугун май ойининг 29 кунида Тошкент ислом институти бакалавриат битирувчилари учун “Араб тили” фанидан давлат аттестацияси бўлиб ўтди. Институтнинг ахборот ресурс маркази залида бўлиб ўтган имтиҳонга талабалар бирма-бир қатъий назорат асосида текшириб киритилди. Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғофуров очиб берди ва талабаларга тавсия, йўл-йўриқлар кўрсатиб, муваффақиятлар тилади. Тадбирда институт проректорлари, “Тиллар” кафедраси мудири, ўқитувчилари ва тўла 41 нафар 4-курс битирувчилари иштирок этди. Имтиҳон соат 10:00 да бошланди. Талабалардан иккита вакил чиқиб билетлар солинган конвертни очишди ва ҳар бир талаба учун алоҳида тайёрланган билетлар тарқатилди. Билетлар учта саволдан иборат бўлиб, араб тилида тақдим қилинган матнни таржима қилиш, наҳв қоидаларидан берилганини тўла ёритиш ва танлаб қўйилган мавзу доирасида араб тилида матн тузиш каби шартлар белгилаб қўйилган. Имтиҳон 12:30гача икки ярим соат давом этди. Қатъий назорат остида бўлиб ўтган имтиҳонда талабалар тўрт йил мобайнида ўзлаштирган илмларини синовдан ўтказди. Тадбир сўнгида устозлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, яхши дуолар билан якунланди. 368

«Вақф» хайрия жамоат фондига Payme тўлов тизими орқали пул ўтказиш имконияти яратилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фондига Payme тўлов тизими орқали пул ўтказиш имконияти яратилди. Бу ҳақда KUN.UZ’ga фонд матбуот хизмати хабар бермоқда. «Вақф» хайрия жамоат фонди халқимизга қулайлик яратиш мақсадида, Payme тўлов тизими орқали хайрия қилиш имконини тақдим қилади. Сиз Payme орқали хайрия, закот фитр, ушр ёки вақф учун маблағ ўтказишингиз мумкин. Шуни алоҳида қайд этишни истардик-ки, юқорида зикр қилинган хайрия турларининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ҳисоб-рақам очилган бўлиб, келиб тушган маблағлар шариат кўрсатмасида айтилган ўринларга етказилиши таъминланади. Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади. Пул ўтказмасини амалга ошириш учун Payme иловасидан «Хизматга тўлов» тугмаси босилади. Сўнгра «Хайрия» бўлимидан «Вақф» хайрия жамоат фонди белгиланади. Тўлов турларидан бири танланади. Керакли сумма киритилади. «Олдинга» тугмасини босиш орқали тўлов тасдиқланади Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, фондга ҳозирги кунда «Новза» масжидининг имом-хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов раҳбарлик қилади. Манба: Kun.uz 394
1 2