Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари юксалиб боради. Китоб мутолаа қилмаган инсоннинг онги ривожланмай маънавий қашшоқликка олиб боради. Шундай экан инсон ҳаётида маънавиятини юксалтириб бориши лозим. Бунинг учун эса илм ўрганиб, китоб ўқиб, билмли бўлиши даркор. Юқоридаги фикрларга мувофиқ, талабаларнинг диний-маърифий ва маънавий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2018 йил 22 сентябрь куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриётида чоп этилган китоблар ҳамда ТИИ АРМга июль-сентябрь ойларида келган янги китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада 58 номдаги жами 160 дона китоб намойиш қилиниб улардан Айман Рушдий Сувайднинг “Ҳилятут тилава”, Имом Муҳаммад бин ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг “ал-Асл”, Али ал-Қорийнинг “Тафсирул Мулла Али ал-Қорий”, Акмалуддин ал-Ҳанафийнинг “ал-Иная шарҳул ҳидая”, Фахруддин ал-Ҳанафийнинг “Табйинул ҳақоиқ шарҳу канзид дақоиқ”, Муҳаммад Абдулҳақ ал-Ҳанафийнинг “ал-Иклил”, Ш.Воҳидов, А.Қодировларнинг “Қуръони каримдаги сўзлар ва ибораларнинг арабча-ўзбекча кўрсаткичли луғати”, Ж.Тошқулов, Н.Юсупова ва И.Бекмирзаевларнинг “Ислом ҳуқуқшунослиги” ҳамда М.Султонова, Н.Аббосхоноваларнинг “Саййидлар шажараси” каби кўплаб турли диний-маърифий мавзуларга оид китоблар институт жамоасига ҳавола этилди. Китоб – энг яқин дўст, мутолаа – завқ. Шунинг учун бўлса керак, кўргазма илмга интилувчан китобхонлар билан гавжум бўлди. Бу эса улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир. Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази мудири Камолиддин Маҳкамов 661
XIX аср охири ХХ аср биринчи ярмида Наманган шаҳридан етишиб чиққан улуғ уламолардан бири Саййид Собитхон тўра Абул Маонийдир. У киши ҳақида маълумотлар жуда кам. Чунки Собитхон тўра яшаган давр мустамлакачилик сиёсатининг ватанпарварлар ва зиёлиларга қарши кураши авж олган вақтга тўғри келади. Собитхон тўра 1866 йил Наманганда таниқли олим Саййид Файзхон тўра хонадонида туғилди. У илмий муҳитда ўсиб улғайди, илк устози отаси бўлди. Сўнг Наманган мадрасасида ўқиб, шаҳарнинг кўзга кўринган олимлари, жумладан, Ҳазрат Иноятхон Лангарийдан сабоқ олди. Сўнг илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Ҳўқанди латифга борди. Бу ерда бир неча йил туриб, “Мадрасаи Хон”да илм сирларидан воқиф бўлди, мадрасани муваффақиятли битириб, она шаҳрига қайтди. Ёши улғайгач, ҳажга борди. Мадинада уч йил муқим яшаб қолди. Бир кеча тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради. У зот олимга “ватанга қайтинг” ишорасини қиладилар. Шундан сўнг у ота юртига қайтиб, қолган бутун умрини Наманганда ўтказди. XIX асрнинг сўнгги йилларида Намангандан етишиб чиққан олимларнинг кўпи ундан сабоқ олишган. Собитхон тўра очиқ чеҳрали, ширинсўз ва тақволи инсон бўлган. У илм бобида улкан муваффақиятга эришган эди. У мадрасадан қайтиб келиши билан китоб варақлар, ёзаётган асарларига қимматли маълумотлар тўплар эди. “Тафсири Жалолайн”ни кўп ўқир эди. Собитхон тўра тасаввуф, тафсир, ҳадис, тил ва адабиёт, тарих, жуғрофия, мантиқ ва бошқа илмлардан яхши хабардор эди. Ўзи ҳам араб, форс ва ўзбек тилларида ижод қилди. Олимнинг “Башорат ан нажот фи ишорат ас-салот” китобида диний амаллар, ибодатларга оид турли фиқҳий масалалар жамланган. Ушбу асарнинг 52 бетдан иборат қўлёзма нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Ушбу даргоҳда унинг қаламига мансуб “Тажҳиз ал амвот” асари қўлёзмаси ва бу китобнинг 1907 йили Бухорода нашр этилган тошбосма нусхаси ҳам бор. Ушбу асарда ўлим ва дафн маросими билан боғлиқ масалалар батафсил ёритилган. У хурофий тушунчалар авжига чиққан бир даврда ёзилгани боис катта аҳамият касб этган ва одамларни ҳидоят йўлига бошловчи муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган. Бундан ташқари, олим фиқҳ илмига оид яна бир нечта асарлар ёзган. Собитхон тўра тафсир ва ҳадис илмлари тарғиботчиси сифатида ҳам танилган. Ўша даврда Туркистон аҳолисида ушбу илмларга эътибор сусайиб кетгани учун ҳам шу йўналишга алоҳида эътибор берган. Саййид Собитхон тўра турмуши ҳашамсиз яшаган, дунё лаззатларига парвосиз эканидан мол-дунё орттирмаган. Тушган совға-саломларни камбағалларга, илм толибларига эҳсон қилиб юборган. Саййид Собитхон тўра юртимизни жуда ҳам севар, шу боис чоризм мустамлакасига айланиб қолган муқаддас Ватанини озод ва ҳур кўришни орзу қилар эди. Талабаларига Ватан озодлиги учун ҳаракат қилиш, керак бўлса, бу йўлда жон бериш кераклигини таъкидлар эди. Болшевиклар инқилоби бошлангач, Собитхон тўра шогирдларини Ватан мустақиллиги йўлида бирлашишга руҳлантирар эди. Собитхон тўранинг халқ ўртасидаги нуфузини яхши билган болшевиклар уни зимдан кузатиб, назорат қилиб туради. Собитхон тўра Абул Маоний 1927 йили 63 ёшда оламдан ўтди, Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонига дафн этилди. Аллоҳ таоло ул зотни раҳматига олсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Исломхон Убайдуллаев Манба 402