Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси Ассалому алайкум, азиз ватандошлар! Муҳтарам меҳмонлар! Хонимлар ва жаноблар! Аввало, барчангизни, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллик байрами билан самимий табриклаб, эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз. Ҳурматли дўстлар! Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради. Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз. Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди. Мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур. Ҳурматли юртдошлар! Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади. Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқ. Қонун устуворлиги – бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт, деганидир. Шу боисдан ҳам барча бўғиндаги кадрлар, у хоҳ вазир, ҳоким ёки оддий фуқаро бўлсин, Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши ҳамда биринчи навбатда бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳит яратишимиз зарур. “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайман. Биринчидан, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш айниқса долзарбдир. Афсуски, ушбу талаблар бизда ҳали тўлиқ бажарилмоқда, деб айта олмаймиз. Шу йилнинг ўзида 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармони ва қарорлари қабул қилинди. Бу қонун ҳужжатлари ким учун ва нима мақсадда қабул қилинмоқда? Албатта, халқимиз фаровонлиги учун. Масалан, иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришнинг муҳим шарти бўлган “Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилганимизга 7 ой бўлди. Кўпдан буён кутилган, ҳаётнинг ўзи талаб этаётган бу қонун лойиҳаси устида биз узоқ вақт ишладик. Ушбу ҳужжат фуқароларнинг давлат ва жамият вазифаларини бажаришга доир конституциявий ҳуқуқини амалга оширишнинг таъсирчан механизмидир. Ҳозирги вақтда айрим тармоқларда давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Аммо соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, йўл қурилиши,...