Бундан беш йил аввал 2015 йил, 10 март куни. Ислом оламида ўз мавқеига эга бўлган етук аллома, кўплаб шогирдлар етиштирган буюк олим, бутун умрини илмга бахшида этган ва илм улашишга бағишлаган, уммат ғамида яшаб ўтган, кўплаб асарлар ва илмий мерос қолдириб кетган фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини эсламасликнинг иложи йўқ, албатта. Шу куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар. Шу ўринда ҳазратимизнинг ҳаёт йўллари билан қисқагина танишиб чиқсак. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижрий 1371 йил 21 ражаб, милодий 1952 йил 15 апрель куни Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида, Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ етук аллома, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, муршид, ўз замонасидаги Ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, Мовароуннаҳр халқларининг диний раҳнамоси эдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ бутун умрини “Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, бағрикенглик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш” шиори остида Аллоҳ таолонинг ҳақ динига, У Зотнинг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган рисолатни тарғиб қилишга бахшида қилиб ўтган саодатманд инсон эдилар. – 1971 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ўқишга қабул қилиниб, 1975 йили биринчи қалдирғочлар сафида ўқишни муваффақиятли битирди. – 1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректор муовини; – 1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори вазифаларида ишлади. – 1981–89 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, Қуръон илмлари, ақийда фанларидан дарс берди. У киши 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади. Муфтийлик вазифасида фаолият юритаётган вақтларида кўплаб мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш каби масалалар кўтарилган махсус баённома тақдим этган. Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди. Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа бўлган. У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган. Шайх ҳазратлари диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Ҳазратнинг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқиши, кўплаб китоблари, жумладан, аудио-китоблари...
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги вакилларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари – отинойилар томонидан аҳоли ўртасида ижтимоий ва маънавий барқарорликни таъминлаш, жамиятда аёлларнинг тутган ўрни ва мавқеи, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш бўйича турли тадбирлар ўтказилмоқда. Шу муносабат билан, жорий йилнинг 10 март куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Отинойиларнинг жамиятдаги роли” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти бош имом-хатибининг аёл-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Н.Имомова ташриф буюрди. Қарийиб 15 йиллик фаолиятига эга отинойи: “Шукрки, фаровон юртда, маърифатли эл орасида яшаяпмиз. Бундай шароитда жамиятга, ислоҳотларга, динга хизмат қилиш ота-боболаримизнинг орзуси бўлган”, дея гап бошлади. “Отин-аёл-қизлар муаллими, дин ва шариат билимдони, шунингдек аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёлдир. Ҳатто “отин” сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб айтилган. Улар Қуръони карим, тафсир, пайғамбарлар тарихи, фиқҳ ва миллий урф-одатларни яхши билган. Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайган. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозимлигини таъкидлади. Анбар Отин, Жаҳон Отин Увайсий, Зебунисо, Нодирабегимлар зукко аёллар бўлишган. Улар дин, дунё, сиёсат ва маданият соҳасида маърифатли отинлар бўлиб, замонасининг аёл-қизларига фиқҳий, ижти-моий масалада йўл-йўриқ кўрсатишган. Бугунги кунда жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган, динимиз таълимотига зид бўлган фолбинлик, сеҳр-жоду, мушкулкушод, бибисешанба ва бошқа бидъат-хурофотларга барҳам бериш сиз талаба қизларнинг муҳим вазифаларидан эканлигин айтиб ўтдилар. Жамиятнинг ярмидан кўпи аёл-қизлардир. Улар фарзандлар тарбияси билан бевосита шуғулланадилар. Отинойи номига муносиб бўлиш учун халқ ишончини оқлаши, маънавий ёрдамга муҳтож инсонларга ҳусни хулқда бўлиши, турли маросимларга борганда риё, манманлик ва таъмагирлик қилмаслиги керак. Отинойилар барчани ҳурмат қилиши, турли масалаларда маслакдош бўлиб иш олиб боришлари лозимдир. Ўз маҳалласи ва ҳар бир оилада барқарор маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш чораларини кўриши керак.Сизлар келажакда мурожаат қилган оилаларга тўғри йўл кўрсатиб, бахтли оилалар сонини кўпайтирсангиз жамиятимиз, динимиз ва давлатимиз ривожига катта ҳисса қўшган бўласизлар. Бунинг учун ҳозирда сизлар яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда устиларингизда тинмай ишлаб, яхши ўқиб, маданиятли, маърифатли, имон-эътиқодли, ҳар томонлама бошқаларга ибрат, намуна бўлмоғингиз лозим. Суҳбат қизғин савол-жавобларга айланиб кетди. Талаба қизлар бу улкан ва масъулиятлик вазифани астойдил бажариш билан жамият тараққиётига улкан ҳисса қўшишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 311
2020 йил 10 март куни Тошкент ислом институтига Туркиянинг Муҳаммад Фотиҳ Султон университети ўқитувчиси, мотуридийшунос олим, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ташриф буюрди. Институтнинг устоз ва талабалари билан учрашиб, суҳбат ташкил қилинди. Олим суҳбат давомида имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари, устоз ва шогирдлари, илмий фаолиятлари ҳақида батафсил маълумот бериб, Мотуридийлик эътиқодий мазҳаби келиб чиқиши, ривожланиб бориши ҳақида қимматли маълумотлар берди. Жумладан олим ўз маърузасида “Мотуридий Афлотундан кейинги иккинчи файласуф” деган фикрни билдириб ўтди. Шунингдек, олим Ўзбекистонга келишдан аввал мамлакатдаги диний соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида эшитганини ва бундан хурсанд эканини таъкидлади. Сўнгги йилларда юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва фаолияти, уларнинг маънавий меросини ўрганишга қаратилган алоҳида эътибор туфайли имом Мотуридий ва унинг мотуридия таълимоти ҳам кенг ўрганилмоқда. Хусусан, бир неча кун олдин Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтиб, унда дунёнинг 70 га яқин давлатидан кўзга кўринган уламолар, етакчи олий таълим муассасалари олимлари иштирок этишди. Соатмурод Примов Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар”кафедраси мудири 333