Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналар бўлсинки, истиқлолимиз шарофати билан миллий қадриятларимиз ҳамда муқаддас динимиз юксак эътибор ва ҳурматга сазовор бўлди. Ўтган тарихга назар солсак, мустабид советлар тузумида динимиз, миллий қадриятларимиз, масжиду мадрасаларимиз оёқости бўлиб, аксари бузиб ташланди. Қолганлари экин-тикинлар сақланадиган омборхоналарга айлантирилди. Алҳамдулиллаҳ, истиқлол шарофати билан диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан тикланди. Кўплаб масжид-мадрасалар ва олийгоҳлар қурилди.
Ҳозирги кунда икки мингдан зиёд масжидлар фаолият кўрсатиб, халқимизга маърифат ва ислом нурларини таратиб келмоқда. Яна юртимизда ўндан зиёд замонавий-исломий мадраса ва олийгоҳлар қурилди. Ушбу олийгоҳларда толиби илмларимиз диний ва дунёвий билимларни чуқур ўрганиб келмоқдалар.
Динимиз асоси бўлган Қуръони Карим устозлар тарафидан ўз она тилимизга таржима қилинди. Бундан ташқари ҳадиси шарифлар ва фиқҳ китоблари ўзбек тилига ўгирилди. Ватандошларимиз томонидан ушбу китоблар севиб мутолаа қилинмоқда. Натижада халқимизнинг асосий қисми Ҳанафий мазҳабини маҳкам тутиб, гўзал хулқ ва одоблари зиёдалашиб бормоқда.
Ҳозирги кунда бошқа олийгоҳлар қаторида Имом Бухорий номидаги Ислом институти ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ушбу олий даргоҳда устозлар ўзларининг олган чуқур билимларини талабаларга ўргатиб келмоқдалар. Ушбу даргоҳда улуғ аждодларимиз ёзиб қолдириб кетган ақоид, тафсир, ҳадис, фиқҳ, мерос ва балоғатга оид китоблар ўқиб, ўрганиб келинмоқда.
Ушбу даргоҳни битирган толиби илмларимиз ўзларининг олган билимлари ва одоб-ахлоқлари билан масжид, мадраса ва олийгоҳларда намунали хизмат қилмоқдалар.
Аллоҳ таолодан бу жаннатмакон юртимизни тинчлик, омонлик, хотиржамликда асрашини, мустақиллигимизни узоқ йиллар бардавом қилишини сўраб қоламиз!
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
талабаси Муҳаммаджон Хомиджонов