islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исо ибн Марям алайҳиссалом “саҳоба” бўлганми?

“Саҳоба” атамаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашган, у зотга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб вафот этган кишини билдиради.

Саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан иймон келтирган ҳолда учрашган ёки кўрган ва шу ҳолатда вафот этган кишидир.

Кимки Пайғамбар алайҳиссаломни кофир бўлганларида кўрса, сўнгра Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин Исломни қабул қилса, саҳоба ҳисобланмайди.

Худди шунингдек, ким у зотни мўмин бўлганда кўрса, лекин шундан кейин муртад бўлиб, Исломга қайтмаса, саҳоба ҳисобланмайди. Манба: Ибн Ҳажарнинг “Нузҳатун назар” (88-98 бетлар), Имом Ироқийнинг “Фатҳул муғийс” (343-бет), Имом Суютийнинг “Ровийни тарбиялаш” (191-бет) китоблари.

Уламолар Исо ибн Марям алайҳиссаломни саҳоба эканлиги борасида ихтилоф қилганлар. Улардан баъзилари у зотни саҳобалар қаторига қўшадилар, чунки Исо алайҳиссалом вафот этмаганлар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни меърож кечасида кўрганлар. Имом Заҳабий ҳам Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ каби у зотни саҳоба деб ҳисоблаганлар.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Исаба фий тамйизи саҳоба” китобида айтади:

“Исо Масиҳ ибн Марям Сиддиқа бинти Имрон ибн Маҳан ибн Фар Аллоҳнинг пайғамбари ва Марямга “илқо” қилинган калимасидир”.

Исо алайҳиссалом:

➤ тириклайин осмонга кўтарилган;

➤ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан исро ва меърож кечасида учрашган;

➤ охирзамонда ерга тушади ва Ислом қонунлари, шариъати асосида халққа ҳукмронлик қилади.

Ибн Ҳажар: “Мана шу уч аломат туфайли пайғамбар Исо алайҳиссалом саҳобий таърифига кўра Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобаси ҳисобланади”, деганлар.

Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Исо ибн Марям ҳам пайғамбар, ҳам саҳобадир. Исо ибн Марям Аллоҳнинг Расули Исро кечада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдилар ва салом бердилар. Шундай экан, Исо алайҳиссалом пайғамбар ва саҳобадир ҳамда у зот саҳобаларнинг охиргисидир”. Манба: “Тажрид асмоус саҳоба”, 432-бет.

Исо алайҳиссаломни саҳоба эмас деган уламолар, меърожда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган Исо каби Одам, Идрис, Мусо ва бошқа пайғамбар алаҳимуссаломлар ҳам саҳоба саналар эди, деган фикрни илгари сурадилар. Яна пайғамбарлик барча мақомлардан энг юқориси ҳисобланади. Шундай экан Исо алайҳиссаломни ҳолатлари саҳоба таърифига тушса-да, лекин у зотни саҳоба сифатида эмас Аллоҳнинг пайғамбари деган мақом билан сифатлаймиз, дейдилар.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев

416410cookie-checkИсо ибн Марям алайҳиссалом “саҳоба” бўлганми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: